Кунтуғди хоқон тўғрисида сўзбоши |
Заковат қўш қанот, билим билдирар, Олам феъл-атворин сенга уқтирар.
Жафокору маккор бу кўҳна очун, Бебош қилмиши ёш, қисмати узун.
Гоҳо паривашдай ҳар иши равон, Этар ром, қўл берсанг тутмас ҳеч қачон. Шайдоларин севмас, кийикдек қочар, Бефарқу бепарво оёғин қучар.
Гоҳида безаниб минг бор интилар, Гоҳо кўрмагандек тағофил қилар.
Гоҳо кўрсанг яна ўгирар юзин, Тутқич бермай олиб қочар тез ўзин.
Неча бек қаритган, қаримас ўзи, Неча бек ўтказди, барқарор сўзи.
Хоқон-бек оламда доно, саркор, бош, Даврону давронида кўҳна жаҳон ёш.
Кундуғди аталар оти таниқли, Олам ичра машҳур қути таниқли.
Аъмоли равону рост феълу рафтор, Кўзи ҳам кўнгли бой, ҳақ шакаргуфтор.
Билимдон бекзода элга шарофат, Ёмонларга оташ, ёв учун офат.
Баҳодир, мағруру хизмат омили, Азиз айлаб уни феъли комили.
Донишманд шоҳ эди ғоят ҳар қалай, Элга яхшиликлар қилди бир талай. Сиёсат қиларди у ҳиммат билан, Ҳиммати сарбаланд сиёсат билан.
Бағоят мос бийрон шоир ҳақ сўзи, Ўқиган очилгай ҳатто қалб кўзи:
Барча эрга ҳиммат, мурувват зарур, Ёвни маҳв этмакка куч-қувват зарур.
Одамийлик ҳиммат, мурувват билан, Қадр учун ҳиммат, мурувват зарур.
Кунтуғди шаҳаншоҳ беназир таъби, Оламни мунаввар айлар кавкаби.
Заковат аҳлини чорлаб ёнига, Билим аҳлин аро кирди жонига.
Жаҳон султонлари содиқ ҳамдами, Донишмандлар билан кечар ҳар дами.
Ўзидан ортмаса ҳам даврон иши, Яна тилар доно ҳам оқил киши.
Холис мадад билан ҳар иш бошласа, Хоқонга мададкор, ҳалол ишласа. Алам билан деган қай куни ўзи: Машаққатли беклик иши ҳам сўзи. Офати жон минг бир юмуш шақоват, Азиз уддалаган аҳли заковат.
Қилолмам ҳеч ўзим бор эл ишини, Изларман мададкор оқил кишини.
Керак менга ғоят бир фозил киши, Донишманди замон, пухта ҳар иши.
Ишончли, меҳрибон, рост атвори ҳам, Улус бошқаришда беназир ҳамдам.
Қила берса эрди менинг ишимни, Кўра билса эрди ичу ташимни.
Нелар дер, эшит, бу синаган киши, Бошидан минг савдо, ўткарган ёши:
Мадад зарур эрга, қувватловчи ҳам, Билимдону закий эл бошловчи ҳам.
Мададкор керакдир ишни билар зот, Билиб ишлаган эр топар минг мурод.
Мадад билан бек ҳеч толишни билмас, Осон ҳар мушкул ҳам низом бузилмас.
Мададкор керакдир чиқса бирон иш, Бекликда минг бир иш, минг битта ташвиш. Гар топа олмаса Хоқон мададкор, Ҳар ишга қўл урар бир ўзи ночор.
Оқибат ҳар куни етар минг заҳмат, Машаққатсиз армон фароғат, раҳмат.
Назар солгин, бу сўз бағоят яхши, Уни айтмиш бахту саодат нақши:
Роҳат-фароғатга заҳмат эргашар, Севинч билан қайғу ёнма-ён яшар.
Зиёда кун сайин бошда минг ташвиш, Чўнг бошга катта бўрк ярашар демиш.
Жамиъ элга Хоқон мудом кўз-қулоқ, Қошида ҳар эшик очди кенг қучоқ.
Ёмонларни бўғди қўл билан уриб, Ёвузларни элдан чиқарди суриб.
Зийрак зеҳни билан элга бош бўлар, Сарбаланд мақоми, хазина тўлар.
Ҳар бир йигит бўлгай ҳамиша ҳушёр, Зийрак бўлиши шарт ҳар бир шаҳриёр.
Зийрак султон элнинг ғамин олади, Эзгу иши билан мангу қолади. Топиб айтган шоир ҳикматни ҳассос, Оташин каломи байтимга асос:
Азалдан зийракни алқар ҳар жўмард, Ғафлат боис забун ҳатто минг бир мард.
Ғофил бўлма, мудом ҳушёр, мард бўлгин, Аввал-охир ғофил бошида минг дард.
Беғам банда мудом ғофиллик қилар, Ёғий босса, аввал ғофиллар ўлар.
Нелар дер, эшитгин, жаҳонгир зобит, Ёвларин маҳв этган ҳар жангда собит:
Ҳушёр “Элим!” деган жаҳонгир киши, Ҳушёрлик, закийлик шариат иши.
Ғофил боши узра минг битта бало, Ғофил бўлма асло, эй феъли аъло!
Хоқон ҳушёрлиги эл учун фойда, Фаровон ободлик ҳоким ҳар жойда.
Элин йўлга солди, халқи фаровон, Бўри билан қўйлар сув ичар омон.
Холисона кимлар алқаб маошин, Ғанимлар эшитиб, эгдилар бошин. Қай бири бош уриб тилагай паноҳ, Бири сидқидилдан ҳамдаму ҳамроҳ.
Оқил-доно айтар ҳикмат сержаранг, Каломи камалак каби ранг-баранг:
Огоҳлик - бу беклик, ҳақ бекаму кўст, Рост бўлса йўриғи кифоя, эй дўст!
Сиёсат билан ҳар беклик барқарор, Одил сиёсатга ёр бахту барор.
Фаровон элу юрт ризқу рўзи мўл, Шоҳи холисона тутса тўғри йўл.
Не қутлуғ қут эрур эрга эзгу от, Саодат бахш этар мангу, қўш қанот.
Не чоғ бахтиёр бек, гар эзгу киши Одамийлик билан қилса эл ишин.
Хоқон шарофати қувват ҳар жонга, Ёйилар довруғи жумла жаҳонга.
Дуо олиб элда қадрли оти, Мукаррам кун сайин оти ҳам қути.
Хабардор эл-улус шамолдай елар, Минг бир умид билан қошига келар. Бахту саодатга етишди башар, Бўри билан қўйлар ҳамжиҳат яшар. |
Ислом адабиёти
- Низомий Ганжавий
- Манас — қирғиз халқининг афсонавий қаҳрамони
- “Девони луғотит турк” асарининг 950 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилмоқда
- Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида нашр этилди
- Пушкин негр бўлганми?
- «Саботул ожизин» китобининг ёзилиш сабаби
- Қандай қилиб лўттивоз ва бузуқи Фауст Гётенинг бош қаҳрамонига айлангани ҳақида
- Умар Ҳайём рубойилари
- Абдулла Қодирий динга қарши ёзганми?
- Мулла Абдураҳмонларни гапириш, динга қарши чиқиш ҳисобланадими?
- Адашганлар кўп. (Киноя. Фельетон)
- Мулла Абдураҳмон қандай олим?