Баҳор фасли таърифи ва тавғоч улуғ Бурғохон мадҳини айтади |
Шарқдан эса келди навбаҳор ели, Оламга очилди жаннатнинг йўли.
Гўзал рўйи замин қору муз кетиб, Безади ер юзин жаннатдай этиб.
Қиш фаслин баҳорий ел ҳайдаб солиб, Яшил туғин тикди тўрт томон ғолиб.
Қуёш қайтди, яна келди ўрнига, Балиқ қуйруғидан Қўзи бурнига[1].
Замҳарир қаҳратон қаҳридан карахт, Безанди камалак каби дов-дарахт.
Чин карвонин Тавғоч ёйгани мисол Зумрад гилам замин узра бетимсол.
Адирлар баҳорий куй-жаранг билан, Қошу кўзин безар минг бир ранг билан.
Минглаб гул-чечаклар кулиб очилар, Равон ҳар томон минг атри сочилар.
Сабо оғушида чиннигул ҳиди, Ифор билан сармаст олам ҳудуди.
Ғозу бор парранда юксак парвози, Тарона-алёри – аҳли ишқ рози.
Бирови қўнар кўр, бирови учар, Бирови югурур, бири сув ичар.
Тизилиб саф тортган турналар вазмин, Бамисли тимсоли чўнг карвон азмин.
Гўзал қиз ошиғин чорлаган мисол, Нар каклик модасин чорлар бетимсол.
Каклик ҳам навозиш билан овора, Қизил оғзи қондек, қоши қоп-қора.
Ўзгача жаранглар қора зоғ сози, Жуда ҳам антиқа унинг овози.
Баҳор танга даво ҳавоси ширин, Чаман ичра булбул навоси ширин.
Оҳулар майсазор узра хиромон, Буғу, мароллар ҳам яйрар беармон. Само қовоқ уйиб, кўздан ёш сочар, Гулу ғунчалар бор чиройин очар.
Дунёнинг чиройи очилар мудом, Турфа ҳидлар ҳар ён сочилар мудом.
Таъна билан айтар дунё ўз сўзин, Наҳот ҳеч кўрмадинг сен Хоқон юзин?
Етар ухлаганинг, ниҳоят оч кўз, Эшитмаган бўлсанг, тингла мендан сўз:
Туман йил оҳ чекдим мен тулларга хос, Ниҳоят эгнимда беғубор либос.
Мен безандим бегим бўлди чин Хоқон, Ногоҳ истаса гар минг жоним қурбон.
Булут гумбурлади ногоҳ сержаранг, Яшин яшнаб гўё хон қиларди жанг.
Олам узра ўйнар чақмоқ яроғи, Довулидан титрар яқин-йироғи.
Жаҳон хони Тавғоч улуғ Буғрохон, Оти қутлуғ, мулки ҳар икки жаҳон.
Эй, дину диёнат, давлат таянчи, Эй, миллат бошида тожу қувончи. Раво қилмиш Тангри барча тилагин, Яна ҳам забардаст қилгай билагин.
Эй, дунё жамоли, улуғлик тожи, Эй, ўлка зийнати, бахт-иқбол божи.
Фалак амри сенга берди тожу тахт, То абад кетмагай ҳеч бу тахту бахт.
Олам омон, Хоқон амрида ортиқ, Нелар жондан бўлак айламас тортиқ.
Ҳур қушлар қуйилиб келди ҳаводан, Ҳинду ҳам Рум деган неча маъводан[2].
Таърифин оламда айлар овоза, Шаънига алёрлар айтдилар тоза.
Муанбар чечаклар, жаннатдай боғлар, Далаю адирлар, сарбаланд тоғлар.
Қаю таъзим билан бор атрин сочар, Қаю кўрки билан эшик кенг очар.
Қаю қўлин чўзар чилим тутгандай, Муаттар бўй билан олам кутгандай.
Бири Шарқдан келар минг инъом билан, Бири Ғарбдан келар эҳтиром билан, Камарбаста иқбол эшикда турар, Эшикда турганлар хизматда юрар.
Сидқидилдан қилар хизматин жаҳон, Ёвлар бўйин эгди, жони ҳам омон.
Довули титратар олам томин ҳам, Ғанимлар йўқотди бор оромин ҳам.
Адолат билан эл тинчу юрт обод, Адолатли хонни эл улуғлар шод.
Сахий дийдорига қай банда ташна, Хоқон билан бўлгай ҳамнафас, ошна.
Тиласанг жафосиз вафодор киши, Хоқон юзига боқ - вафо ҳар иши.
Зиёнсиз бўлсангу хуш бўлса аҳдинг, Хоқон хизматидан топарсан бахтинг.
Феъли мулойим ҳам меҳрибон, ҳалол, Яйрайин десанг кел, унга назар сол.
Эй, феъли аълою эй, асли улуғ, Олам қолмагай ҳеч васлингдан қуруғ.
Тангри берди давлат, бахтинг фикрин қил, Саною ҳамд билан унинг шукрин қил. Нечун қулоқ тутмай қадимий пандга: Ота ўрни, оти - мерос фарзандга.
Ота ўрни, оти – ғоят юксак тахт, Насиб этсин яна ҳам зиёда бахт.
Сенга минг бир ҳадя ортиқдан-ортиқ,, Мен “Қутадғу билиг” қиларман тортиқ.
Иноятлар минг бир, эмас безавол, Вале тортиғимга йўқ асло завол.
Неча терса дунё, тугар-йўқолар, Муқаддас сўз қолар, оламни олар.
Китобга битилди бу Хоқон оти, Мангу қолгай бу от, бахтли турк зоти.
Ё Раб, давлат бергил яна беадад, Барча ишда бўлгил сен таянч-мадад.
Дўсту ёри омон, ёвлари йитгай, Севинчи зиёда, бор дарди кетгай.
Оби раҳмат билан гул-чечак қийғос, Дову дарахт кийиб ям-яшил либос.
Омаду бахт қанот фалак эврулиб, Саодат ёр, ғаним боши эгилиб. Бўз ер бўлмагунча мисдай қип-қизил[3], Ва ё унмагунча ўт-чечак яшил,
Зиёда турк қавмин иқбол, ризқ-рўзи, Кўролмас ғанимлар тешилгай кўзи.
Қай бир эзгу ният, не тилагинг бор, Қодир Парвардигор мангу мададкор.
Ҳаким Луқмон каби эл ёшин яшаб, Беармон яйрагай ризқ-рўзин ошаб. |
Ислом адабиёти
- Низомий Ганжавий
- Манас — қирғиз халқининг афсонавий қаҳрамони
- “Девони луғотит турк” асарининг 950 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилмоқда
- Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида нашр этилди
- Пушкин негр бўлганми?
- «Саботул ожизин» китобининг ёзилиш сабаби
- Қандай қилиб лўттивоз ва бузуқи Фауст Гётенинг бош қаҳрамонига айлангани ҳақида
- Умар Ҳайём рубойилари
- Абдулла Қодирий динга қарши ёзганми?
- Мулла Абдураҳмонларни гапириш, динга қарши чиқиш ҳисобланадими?
- Адашганлар кўп. (Киноя. Фельетон)
- Мулла Абдураҳмон қандай олим?