Дебоча |
У қодир Эгам бир, барчадин аъло, Унгадир мақтовлар ва ҳамду сано.
Улуғлик эгаси, қодир, зулжалол[1], Яратган борлиқни ва берган камол.
Халойиқ, замину само Раҳмони, Беармон егайсан, бисёр ош-нони.
Зиёда барчага ғоят ризқ-рўзи, Едирар ҳаммани, емас ҳеч ўзи.
Сира ҳам оч қўймас жонлини барча, Едирар, ичирар сонлини барча.
Унинг истагича бўлди бу борлиқ У кимни тиласа, айлагай улуғ.
Расули Акрамга дуруду салом, Чаҳорёрларга ҳам минг бир ассалом.
Муҳаммад пайғамбар барча эл боши, Барча аҳли муслим кўзию қоши.
Муаззам бу китоб бағоят азиз, Билимлига бўлгай билимдан денгиз.
Азалдан эъзозда билим негизи, Қаноат, шукрона - толе эгизи.
Барча аҳли дониш сўзи берилган, Шодага жавоҳир каби терилган.
Машриқ малигию Мочинлар хони, Оқилу донишманд, одамзот жони,
Барча бу китобни олиб ўқишган, Хазина ичида асраб уқишган.
Биридан бирига меросга қолиб, Нодонларга бермай ўзига олиб.
Зиёда фойдаси ҳеч зарар қилмас, Талай турклар теран маъносин билмас.
Китобдан эшитган билар тек уни, Ўқиган, битган ҳам уқмас ҳеч буни.
Ўқиса гар ихлос билан ҳар киши, Раво икки олам ичра ҳар иши.
Мочин ҳакимлари ҳам Чин бахшиси, Тан бериб деганлар: Битик яхшиси!
Машриқ элларида барча турк ичра Бу каби китоб йўқ жаҳонда сира.
Китоб қадрини ҳам билимли билар, Билимсиз кишилар жоҳиллик қилар.
Китобни ҳар кимга бериш нораво, Яқин дўстингга ҳам кўрма ҳеч раво.
Ахир қавми нодон билмас ҳеч буни, Фақат доно ўқиб, авайлар уни.
Буғрахон даврида китоб битилди, Яна хон тилича баён этилди.
Тенгсиз бундай китоб битган ким қадим? Кейин ҳам битарми? Қай зот? Билмадим.
Бирор кимса шундай битса гар китоб, Таърифин куйлашга тайёрман шитоб.
Қай бир жой – кент-овул, шаҳру қасрда, Китоб номи турфа айни асрда.
Олам улусларин ҳакимлари хос, Атар элин азал удумига мос.
“Адаб ул-мулук”[2] дер уни аҳли Чин, “Ойин ул-мамолик”[3] мочинлик учун.
Машриқ улуғлари айлагай хитоб, “Зийнат ул-умаро”[4] – бебаҳо китоб!
“Шоҳномаи турки”[5] дер аҳли Эрон, “Қутадғу билиг” дер бор аҳли Турон.
Жумла калому сўз забон-тилдаги, Китоб ичра ҳозир бори элдаги.
Китобга ном берган азиз бир одам, Тангри ёрлақагай бу қулни ҳар дам.
Неки туркий тилда ажиб-бебаҳо, Китоб шоҳ байтлари ичра жо-бажо.
Улусга ёғду-нур сочар нома бу, Соҳиби тахт учун зафарнома бу.
Соҳиби мулк киму ҳам камина ким, Керакли ҳар неки сўзлар ҳар ҳаким.
Маликлар қўрғони, асбоб-анжоми, Молу мулк тартибу қонун-низоми,
Мамлакат хароби, толе етиши, Ё юртнинг тинчлиги, қўлдан кетиши,
Қўшину лашкару аскарлар ботир, Сафар-зафарига оид асотир,
Китобда барчаси қилинган баён, Саралаб тизилган, эл учун аён.
Яна юртни маҳкам тутар ҳар киши, Омилкорлар билан битар ҳар иши.
Зарур заковатли ҳам латиф таъби, Чироққа мой ёғду бергани каби.
Элу юрт олдида масъул шоҳ-султон, Эли ҳам маликка бурчдор бегумон.
Улус адо этгай султон фармонин, Авайлагай шоҳ ҳам эл тану жонин.
Шоҳу султон учун уруш қилишни, Урушлар пайтида лашкар тузишни,
Қамал қилиб осон ўнгу сўлини, Баён этар ёвни енгиш йўлини.
Не бир тадбир билан подшоҳи азим, Элу юртин йўлга солиши лозим.
Омилкор шоҳ қадри эл ичра ошар, Висолин тилаб халқ, қошига шошар.
Тожу тахт пойида нияти холис, Ўзидан кимларни тутганча олис,
Садоқатли ҳар зот қадрига етгил, Ёвуз ётсирарлар баҳридан ўтгил.
Огоҳ бўл сиёсий ҳар найрангбоздан, Ўзинг йироқ тутма содиқ ҳамроздан.
Не соз шоҳ – донишманд ҳам ботир юрак, Хазина ҳам тўлиб-тошиши керак.
Раиятга бўлса тоғдек тоқати, Барча иш бобида тайин роҳати.
Насиҳат қиларман, бас, ўйлаб сени, Дуо бирла мудом ёд айла мени.
Назар сол синчиклаб, эй илмпарвар, Ҳунар аҳли ичра муаллиф сарвар.
Минг бир фазилату заковат билан, Мукаррам эл аро саховат билан.
Бутунлигу ҳурмат зуҳд билан баланд, Андиша, илму фан-покликка пайванд.
Қуз ўрду[6] ўлкаси аслида эли, Насаби-наслин ҳам куйлагай тили.
Туғилган юртимдан бош олиб кетдим, Минг машаққат билан китобим битдим.
Амру фармонимда минг битта калом, Кошғар диёрида битирдим тамом.
Маъқул султонга ҳам даврон достони, Тавғоч Қора Буғра хонлар Хоқони.
Тўрқа тўн устимга ёпган хилъати, Заковатим қалам ҳақи ҳурмати,
«Хос Ҳожиб[7] бу!» дея менга бериб ном, Ўзига ҳабиб ҳам этди субҳу шом.
Сарой аҳли ичра ҳатто ҳар азим, «Юсуф Хос Ҳожиб!» деб қилишар таъзим.
Бу достон битишда қанот хуш ният, Негизи табаррук тўртта қадрият.
Бириси – адолат, тўғрилик асос, Иккинчиси – давлат, қут, иқбол ҳассос.
Учинчи – улуғлик, тафаккур-ақл, Қаноат-офият – тўртинчи нақл.
Бу асно номладим улар ҳар бирин, Баён қилгум аста асрору сирин.
Адолат Кунтуғди Хоқон номланар, Юксаклик мавқеин шоҳ-султон санар.
Ойтўлди аталар достонда давлат, Уни вазир, дея англа, басавлат.
Ақлни атаган деб у Ўгдулмиш, Уни ул вазирнинг ўғлони демиш.
Қаноатга бермиш Ўзғурмиш деб от, Яқин туғишгандай вазирга бу зот.
Китоб қиммати тўрт қадрият билан, Битилди эзгу ҳам хуш ният билан.
Арабий ҳам форсий мўл бундай китоб, Яратдим туркийда шоҳ асар шитоб.
Билимли ҳеч дариғ тутмай ҳимматин, Доно ҳам сарбаланд билгай қимматин.
Бу туркий тарона иноят сенга, Ўқишда дуолар бахш айла менга.
Дунёдан ўтарман, эшит сен ўзинг, Сабоқ олиб очгил ҳар икки кўзинг.
Илоҳо, ёрлақа, қўлла ҳаммани, Зиёд эт ризқ-рўзин мўмин оммани. [1]Зулжалол – буюклик эгаси [2] “Адаб ул-мулук” – Ҳукмдорлар одоби. [3] “Ойин ул-мамолик” – Мамлакат тараққиётининг низоми. [4] “Зийнат ул-умаро” – Амалдорлар зийнати ёки дастри. [5] “Шоҳномаи турки” – туркий “Шоҳнома”. [6] Қуз ўрду – Боласоғун шаҳри, шоирнинг ватани. [7] Х о с Ҳ о ж и б – Улуғ Ҳожиб, сарой амалдорларидан бири, эшик оғаси, достон муаллифига хизматлари учун берилган унвон. |
Ислом адабиёти
- Низомий Ганжавий
- Манас — қирғиз халқининг афсонавий қаҳрамони
- “Девони луғотит турк” асарининг 950 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилмоқда
- Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида нашр этилди
- Пушкин негр бўлганми?
- «Саботул ожизин» китобининг ёзилиш сабаби
- Қандай қилиб лўттивоз ва бузуқи Фауст Гётенинг бош қаҳрамонига айлангани ҳақида
- Умар Ҳайём рубойилари
- Абдулла Қодирий динга қарши ёзганми?
- Мулла Абдураҳмонларни гапириш, динга қарши чиқиш ҳисобланадими?
- Адашганлар кўп. (Киноя. Фельетон)
- Мулла Абдураҳмон қандай олим?