Ўткир, қонсираған ханжарини белига осиб, ойболтасини кўтарган жаллод қушбегининг ҳукмига мунтазир эди. Қушбегининг ўнг томонида қўрбошидан тортиб шаҳар аъёнлари, қаршисида Отабек, қутидор, Зиё шоҳичи ва унинг ўғли Раҳмат — гуноҳкорлар ва уларнинг орқасида муҳофиз йигитлар. Отабек билан қутидорнинг гуноҳлари улуғ бўлған-лиқдан қўлларида кишан, Зиё ака билан Раҳматнинг қўлларида бу нарса йўқ эди. Қутидорнинг юзига ўлик туси кирган, Отабек бўлса гарангсиган қиёфатда. Ановилар ўзларини бир мунча тетик тутмоқда эдилар. Қушбеги ўзининг ёзилиб қўйилган ҳукмномасини қўлиға олиб ўқишға ҳозирланди. Ҳамма тип-тинч, ерга қараған эди: «Менким Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги ўз ҳукмимни хоқон ибни хоқон жаноби олий Худоёрхон исми шарифларидан эшитдираман...» Худоёр исмини эшиткучи аъён унинг таъзими учун ўринларидан туриб яна ўлтурдилар. Қушбеги ҳукмини ўқуди: «Еътимодлик бир кишининг шаҳодатига биноан тошкандлик Юсуфбек ҳожининг ўғли— Отабек, бу кунда хонимизға қарши бош кўтарган Азиз парвоначи ва ўз отасининг ваколатлари билан Марғилон келиб, бу ердаги фуқароларни ҳам хон жанобиға қарши оёқландирмоқчи бўлған Отабекнинг бу ҳаракати улуламир бўлған жанобга боғийлиқ бўлиб, уни, яъни Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлини ўлим жазоси билан жазолаш тақозо этадир. Иккинчи, Отабекка йўлда кўмакчи бўлиб юрган Марғилон фуқароси Мирзакарим қутидор ҳам шу жазога сазовор тутиладир. Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳмат бу боғийлиқдан хабардор бўлатуриб, вақтида ҳукуматка маълум қилмағанлари учун бир йилдан зиндон жазосига маҳкум бўлурлар!» — Ҳақсиз жазо, — деб Отабек кулимсираб қўйди... Қутидор бўлса чин ўлик тусига кирган эди. Зиё ака билан ўғли зиндонға жўнатилдилар ва Отабек билан қутидор жаллод қўлиға топширилдиларда, шунинг ила ҳукм мажлиси тамом бўлди. Орадан ўн дақиқа чамаси фурсат кечкан эди, қушбегининг аъёнга сўзлаб ўлтурган ҳикоясини тезроқ битишини кутмакда бўлган қўрбоши ниҳоят чидалмай ўрнидан турди ва: — Дор остиға бориб ҳукм ижроси вақтида ҳозир ту-ришимға ижозатлари бўладирми? — деб сўради. Ул бу сўзни тугатар-тугатмас ўрда қоровули Пирмат кўринди-да, қушбегига қуллуқ қилди: — Бир хотин киши арзим бор дейдир, кирсинми? Қушбеги қўрбошиға рухсат ишорасини бериб, Пирматка деди: — Кирсин. Ўхшамаған ерда бир хотиннинг арзга келиши қўр-бошининг кўнглига шубҳа солди. Мажҳула хотиннинг қандай арзи бўлғанлиғини билиб кетишка тиласа ҳам қушбегидан рухсат олиб қўйғани учун маҳкамадан чиқишга мажбур эди. Қўрбоши маҳкама эшигидан даҳлизга чиқар экан, эскигина паранжига ўралған бир хотин қушбеги тўғрисиға тўхтаб, букилиб таъзим қилди. Хотинда ҳаяжон ва энтикиш ҳолатлари бор эди. Шунинг учун қўрбошининг бояғи шубҳаси яна кучайди, қушбегининг кўзидан йўқолиб туриш мақсадида ўзини эшикнинг орқасига олиб кетмай тўхтади. Хотин шошилиб кавшини ешдида, эшик остида ниманидир паранжи ичидан охтаринди. Хотиннинг бу ҳаракатига тушунолмай ажабланган қушбеги: — Ичкарига кириб арзингизни сўзланг, опа, — деди. Хотин ичкарига кирди ва қушбеги олдиға бориб унга нимадир бердида, орқасиға қайтиб эшик ёниға келиб турди. Хотиннинг бериб кеткан нарсаси уч, тўрт букланган бир қоғоз эди. Қушбеги секин-секин қоғоз тахтла-рини оча бошлади... — Худо ризоси учун тезроқ. Йўқса... икки гуноҳ-сизнинг қонлариға ботарсиз! Хотиннинг бу сўзидан аъён бир-бирларига қараш-дилар. Қушбеги тез-тез қоғоз тахларини очиб битирди ва йўғон қалам билан ёзилган узун бир мактубни ўқумоққа олди. Мактубни ўқуб чиқиш узоққа чўзилғанлиқдан ниҳоятда тоқатсизлашган эди. Охирда қушбеги мактубнинг сўнгроғиға келиб тўхтади-да, чақирди: — Пирмат, Пирмат! Пирмат югуриб кирди. — Лаббай, тақсир! Қушбегининг товшида шу чоқғача эшитилмаган бир ҳолат бор эди: — Дарров ҳалиги осилиш учун юборилған гуноҳ-корларнинг орқасидан от билан югир! Дор остидан бўлса ҳам қайтариб кел! Буйруғимни қўрбошиға айтсанг унар! Пирмат қуллиқ қилиб даҳлиз томонға қаради: — Қўрбоши ҳам шу ердалар, — деди. — Чақир! Даҳлиздан қўрбоши кириб қуллиқ қилди. — Хизмат, тақсир. — Яхши, сиз кетмаган экансиз, — деди қушбеги, — Пирмат билан бориб, дарҳол бояғи гуноҳкорларни қайтариб келингиз. Шубҳасини бекорга бўлмағанини сезган қўрбоши ёнида тик турғучи хотинға қараб олди: — Сабаб, тақсир? — Сабабини суриштирадиган вақт эмас, чоп дедим, чоп! Қўрбоши қуллиқ қилиб Пирмат билан чиқди. Унинг кейинидан қушбеги «падар лаънат» деб сўкиниб аъёнларга қаради. Энди хотиннинг ҳаяжони бир оз босила тушкан эди. Қушбеги қўлидағи хатни яна ўқушға тутинди. Аъёни шаҳар бунчалик ишка яраган қушбегининг қўлидаги мактубга ва уни келтиргучи хотинга қарашмоқда эдилар. Қушбеги мактубни иккинчи мартаба ўқуб чиқиб хотинга қаради: — Ўлтурингиз, синглим, — деди. Хотин ўлтирмакчи бўлған эди паранжи ичидан унинг атлас кўйлаклари ва нафис оқ қўллари кўриниб кетди. Қушбеги ер остидан хотинни кузатдида, қўлидағи мактубнинг орқа, ўнгини текшириб қаради. Мактуб анчагина уринған, қоғози шалоқланған эди. Сўнгра хотиндан сўради: — Қутидор билан Отабекнинг кими бўласиз, синглим? — Қутидорнинг қизи, Отабекнинг хотини. Бу сўзни эшиткучи аъён бир-бирларига қарашиб қўйдилар. — Буни нега илгарироқ олиб келмадингиз? Қушбегининг бу саволидан Кумушбиби қўрқунч бир маънони онглади. Гўё «иш ўткан сўнг келибсан» дегандек тушунган эди. Шунинг учун ул титроқ бир овоз билан сўради: — Энди ярамайдими? — Йўқ, йўқ, қизим, — деди қушбеги, — мен нега кеча ва ўткан кунларда олиб келмадингиз демакчиман. Кумушбиби бир энтикиб қўйди ва ўзини тўхтатиб: — Ўзим ҳам бу мактубни шу букун кўрдим, — деди. — Мактубни илгари кўрмаган эдингизми? — Кўрмаган эдим. — Мактуб қаерда экан? — Унинг эски камзулининг чўнтагида экан. Шу гапдан кейин қушбеги мактубни ўзига яқин ўлтурған Азим понсад бошиға узатди: — Сиз ҳам ўқуб кўринг-чи, понсад, — деди ва Кумушдан сўради, — ўқуғанмисиз? — Ўқуғанман. — Эрингизнинг ҳукуматка қарши ҳаракатини илгари ҳам билар эдингизми? — Қанақа ҳаракатини? — Масалан, биз отангиз билан эрингизни нима учун осмоқчи бўлдиқ? — Ҳақсиз, гуноҳсиз! — Бу мактуб билан эрингизни ўлимдан қутила олишини сизга ким айтди? — Ўзим билдим. — Бўлмаса илгаридан эрингизнинг ўша ҳаракатини ҳам билар экансиз-да? — Йўқ, тақсир, — деди Кумуш. Қушбегининг мақсадиға энди тушуниб олган эди, — мен онам билан то шу кунгача уларнинг нима гуноҳ билан қамалған-ларини билалмай ҳасратда эдик. Фақат бу кун кишиларнинг оғзидан эшитиб билдикки, сиз уни Тошканддан исён чиқарғали келгучи, деб гуноҳкор қилур экансиз. Онам билан маним бахтимга кутмаган жойдан мўъжизадек бу мактуб топилди-да, мен хизматингизга югирдим... — Кумуш сўзини тугата олмади, чопишидан ҳаллослаган Пирмат даҳлиздан кўриниб, бекка қуллуқ қилди: — Дор ёнидан қайтишдилар! Кумушбиби сачраб Пирматнинг юзига қаради ва узоқ тин олиб қўйди. Шу чоқғача хат ўқуб ўлтурган понсадбоши мактубдан яхши асарланган эди. Мактубни ёнидағиға берар экан, қушбегига деди: — Бу хат тошкандлик Юсуфбек тўғрисидаги фикри-мизни тамом ўзгартадир, тақсир! Унинг Азизбек томонлиқ бир киши эканлиги Фарғонанинг ҳар бир хос ва оми оғзида нақл қилинса ҳам аммо ҳеч бир кимса унинг ичига кириб чиқмагандир. Ҳар кимнинг кўнг-лидагини ёлғиз бир худодан бошқа ким билсин! «Ёв қочса ботир кўпаяр» қабилидан шу чоқғача лом демай ўлтурган шаҳар аъёнлари ҳам масалани онглаб, сўзга аралаша кетдилар: — Худо ҳақни ноҳақ қилмади, бечора ёш йигитнинг ҳақсизга қони тўкилмади. — Қутидордек қўймизож бир одамнинг бундай зўр ишка оралашқанлиғига ақл ҳам бовар қилмас эди. Гўё бу сўзлар Кумушбибининг ўчкан чароғини қайтадан ёқарлар, умид осмонининг йўқолиб, яши-риниб кеткан юлдузлари яна қайтадан ўз ўринларига келиб қўнғандек бўлурлар, унинг кўз ўнгида жой олган қоралиқлар шу ёқила бошлаған нажот шамълари партави билан ўз- ўзларидан йўқолғандек кўринарлар эди. Даҳлиз эшиги остида бир дуркум оёқ товушлари эшитилиб қўрбоши кўринди. — Келишдилар, тақсир, кирсинларми? Қушбеги жавоб бериш ўрнига мактубни олиб кўрпача остиға яширди ва Кумушбибини танбиҳлади: «Мажлисда маним рухсатимдан бошқа сўзлашингиз отангиз билан эрингизнинг ўлимларини тилашингиздир, тушундингизми?» Кумуш қабул ифодасини бергандан сўнг қушбеги даҳлизда қараб турған қўрбошиға «Кирсинлар» деди. Кумушбиби уларни боя йўл устида, йигитлар орасида кўрган бўлса ҳам бироқ даҳшат ичида фақат ўрдага қараб югира берган эди. Энди «Кирсинлар» жумласини эшитгач, юраги ортиқча шо-пириниб кетди, унинг истиқболиға туришни ва бўйниға осилиб йиғлашни тиласа-да, қаршисидаги «олабўжилар» бунга мониъ эдилар. Шу вақт йигитлар олдида, қўлларида кишан бўлғани ҳолда Отабек билан қутидор кирдилар. — Йигитлар, сиз чиқингиз! Қўрбоши, сиз кишанларни ешингиз! — деб буюрди қушбеги. Ўзининг мундан кейинги кўргуликларини фожиъалар водийсида кўрган қўрбоши бошлаб кишан калидини қутидор қўлиға солди. Калидни бурар экан, унинг қўли дирдир қалтирамоқда эди. Ҳомиднинг номаълум бир ғарази йўлида қурбон қилинаёзған ва бу ғаразда ўзининг ҳам иштирокининг борлиғиға қойил бўлған қўрбоши ишни бу янглиғ аксланишидан сирнинг очилғанини муқаррар билиб, ўзини шу соат жаллод қўлиға топширилишини аниқ кутмакда эди. Минг бало билан қутидор қўлини бўшатиб, гал Отабекка етди. Отабек қўлларини бўшатғучи қўрбошининг бунчалик титраб, қалтирашидан ўз рақибларидан биттаси шу киши бўлғанини ўйлади. Гарчи ўзининг нажоти ҳали қоронғу эрса-да, қўрбошини бир синаб кўриш учун ҳамма кучини икки кўзига йиғдида, унга қаради. Фавқулодда даҳшат касб эткан унинг кўзлари қаршисида қўрбошининг гуноҳкор кўзлари чидай олмадилар-да, ерга боқдилар, Отабекнинг бу синаши ўз фикрининг тўғри бўлиши билан натижаланди. Қушбегининг буйруғи билан икки гуноҳкор тиз букиб ўлтурдилар. Қўрбоши ҳам тўрбасини йўқотқан гадойдек қушбегининг чап ёниға, Кумушбибининг юқорисиға бориб ўлтурди. Отабек ва қутидорнинг кўзлари Кумушбибига тушкан бўлса ҳам ўз қайғулари билан бўлиб унга илтифот қилмағанлар, ҳоким маҳкамасида паранжилик хотиннинг нима қилиб юрганлиғидаги фавқулоддалик ҳам эсларига келмаган эди. Дор остидан қайтиш сирри, қўлдан кишанларни олиниш сабаби уларни жуда шоширған, шунинг учун қушбегининг оғзиға қараған эдилар. Қушбеги бўлса негадир узоқ ўйлаб ўлтурар, тезда гап очмас эди. Бу ҳолда бутун мажлис аҳли қабзиятда, қирқ қулоқ бўлиб унинг оғзиға тикилган эдилар. Аммо бу ҳолга қўрбоши жону дилдан тарафдор, шу ҳолда бир неча кунлаб эмас, йиллаб сўзсиз қолишни тилар эди. — Отабек, — деди қушбеги сўз бошлаб, — қўлға олинған кунингиз менга ўзингиз билан отангизнинг қандай кишилар бўлғанингизни, яъни маслакингизни сўзлаған эдингиз. Аммо биз ўшал сўзларингизга далил ва исботсиз ишона олмаймиз. Сизни дор остидан қайтариб келишимиз ҳам ўшал даъвонигизга бирар исботингиз борми ёки қуруқ бир гапми, деб ҳукмнинг ижросини бир оз фурсатка тўхтатишдир. Энди сиз ўшал даъвонгизни исбот қила оласизми? — Ўшал кунги маним сўзлағанларим, отам билан маним ички сирларимиз эди, — деди бек, — албатта бунга гувоҳ ва исбот топиш қийиндир. Агарда отам келиб маним сўзимни қувватлағанда ҳам бари бир сиз, ўғлини қутқазиш учун сўзлайдир, дер эдингиз-да, иғвогарлар- нинг гапига ишониб ўз ҳукмингизни қила берар эдингиз. Яшиндек сўққан унинг бу сўзларидан қушбеги ўзини аранг тўхтатди: — Демак, ўша сўзларингизни исбот қилиш учун ҳужжатингиз йўқ? — Йўқ... Исбот учун виждонимдан бошқа шоҳидим йўқ. — Яқин орада Тошканддан бирар нарса олғанми-дингиз? — Яъни нима? — Масалан хат. Отабек кўб ўйлай олмади, бутун борлиғи билан ҳаракат қилиб қичқирди: — Олдим, олдим! Исботим ҳам бор! Аъёни шаҳар унинг бу ҳолига чидаб туролмай кўзларига ёш олдилар. Отабек яна деди: — Одам қўшсангиз мен келтирай гувоҳимни! — Тинчланингиз, Отабек, — деди қушбеги, Отабек бир оз ўзини йиғиб олғандан кейин сўради, — нима олған эдингиз? — Мактуб. — Кимдан? — Отамдан. — Қачон? — Тошкандда исён бошланиш олдидан. — Ундан кейин-чи? — Олмадим. — Отангиз ўша хатида нималардан баҳс қилар эди? — Тушунмаган Тошканд халқини Азизбекнинг макрига учканидан, энг охирда... — асарланиб тўхтаб олди, — маним шу ҳолга тушмоғимни каромат қабилидан сўзлаб, менга бир мунча насиҳатлар ҳам қилган эди. Отабекнинг бу сўзидан кейин понсадбоши — «енди бўлар» дегандек қилиб қушбегига қаради. Қўрбоши эрса Отабекнинг устида ҳали бунчалик тергашлар борлиғи учун ўзини бир оз тўхтатиб қолди. Қушбеги кўрпача остидан хатни олиб Отабекка кўрсатди. — Бу қанақа мактуб, танийсизми? Отабек кўргучи кўзларига ишонмағандек: — Танийман, — деди, — таърифини сизга сўзлаға-ним, отам мактуби! Таажжуб, буни сизга ким келтирди, тақсир? Қушбеги енгилгина илжайиб Кумушбибига ишорат қилди: — Нажот фариштаси, — деди. Қутидор билан бек ялт этиб Кумушка қарадилар. Энди Кумуш ортиқ чидаб туролмади: — Отажон, мен қизингиз! Отабекнинг қулоғиға эшитилган бу товуш унинг юрагини ингичка ерига бориб теккан эди. Эсини йўқотиб турған қайин отасиға қарамай: — Сизми, Кумушми? — деб сўради. — Мен, мен! Бу савол-жавоб ила икки вужуднинг ҳамма ҳасратлари, аламлари бир-бирларига онглашилған, икки товушнинг бир-бирисига келиб қўшилишидан иккисига ҳам тил билан онгла-тиб бўлмаслиқ бир ҳол юз берган эди. — Бу сенми, қизим? — Мен, отажон! Бу ўрингача бошқа бир мулоҳазада ўлтурган қушбеги уларнинг сўзларини бўлиб, Отабекдан сўради: — Қулингиз Ҳасаналини нега шу кунгача топиб бўлмади? — Қамалған кунимдан берига ундан хабарим йўқ, тақсир, — деди-да, Отабек Кумушка қаради. — Бу кун ўн икки кун; Ҳасанали ота Тошканд кетмишдир, шундан бери ундан дарак бўлмади, — деди Кумуш. — Тошканд кетишка уни нима мажбур қилди? — деб ўринсиз бир савол берган эди қушбеги, Кумушбиби унинг нима учун кетканлигини айтиб қаноатлантирди. Масала яна хат устига ўтиб, Отабек қушбегидан сўради: — Қўлингиздағи мактуб билан эҳтимол биз оқлан-ған чиқармиз? — Қушбегидан тасдиқ ишорасини олиб давом этди. — Ҳозир биз сизнинг адолатлик ҳукмингиздан бир нарсани сўраймиз: ул шулдурким, бизнинг тўғримизда ёмон мақсад билан сизга чақимчилиқ қилғучи иғвогар ва ғаразгўлар бу мажлиска ҳозирлансинларда, ўзларининг машъум кашфларини ва ё кўрган-ешитканларини исбот қилиб бизни қайта бошдан дор остиға юборсинлар. Билъакс исбот қилолмас эканлар, бизга қазиған чуқурлариға ўзлари йиқитилсинлар! Адо-латингиздан бизнинг талабимиз шул! — деди ва қўрбошиға қаради. Унинг юзида қўрқиш ва изтироб аломатлари кўрди. — Талабингиз ўринлик, — деди қушбеги, — аммо хасмингизни бу мажлиска ҳозирлаш учун вақтимиз оздир ва лекин бу кун уни қўлға олармиз ва бириси кун бешовингизни бир ерга жамълаб ўз ҳукмимизни берар-миз, — деди. Кумушбибига юзини ўгирди. — Қизим, сизнинг бунчалик заковат ва жасоратингизга отангиз билан эрингиз ҳар қанча ташаккур айтсалар ва ўзларининг мундан сўнгғи умрларини сизнинг бахшишингиз, деб билсалар арзир. Мен ҳам сизнинг бу хизматингиз эвазига эрингиз билан отангизни ҳозирдан бошлаб озод қилдим. Аммо Отабек иш бир тарафлик бўлғунча ўзининг қочмаслиғи учун кафил беришка мажбурдир. Ҳамма мол ва мулки билан қутидор Отабекка кафил бўлди ва қушбегининг ҳақиға дуо қилиб, учавлари маҳкамадан биргалашиб чиқдилар. — Зиё ака билан ўғли Раҳматни бўшатингиз, сўнгра ановини қўлға олингиз! — деган амрни олиб, қўрбоши ҳам силжиди. Шунинг ила бу кунги ҳукм мажлиси тамом бўлиб, шаҳар аъёнлари таажжуб ичида тарқала бошладилар.
|