Хоним ойимлар PDF Босма E-mail

Гулшан эгнида мунсаги билан даҳлизга чиқиб, ундаги канизлар томонидан "илтифотга лойиқ кўрилгани" учун табрик қилинди. Кафшандозда кийинар экан, кўзи тўғридағи шаҳнишинда эди. Канизлар билан хўшлашиб ҳавлига тушди.
Юқорида сўзланганидек, бу ҳавлида хоннинг суюкли хотинлари ўзларига хос доя, чевар, канизлар ва қуллари билан турар эдилар.
Оғача ойимнинг қаторидағи иккинчи танобий хоннинг суюкли хотини Розия ойимға қарар эди. Розия ойим гарчи ўткан йиллардагина хонга никоҳланган бўлса ҳам, ўзининг хаёлий ҳусни билан "сайид"нинг илтифотини жалб этиб, ҳарамда биринчи мавқуъга минган хонимдир. Хизматига тўрт каниз ва икки қул ҳадя қилинған бу ойим асли кошғарлиқ бўлған Охунджонбой деганнинг қизидир. Розия хоним қизлик чоғида Қўқон бойларидан Жонбобо отлиғ бир кишига тегиб, бир бола туққандан кейин эри ўладир. Бундан сўнг қўқонлиқ Миён Фазл Ваҳҳоб ҳазратка эрга чиқадир. Гулшанбонуға ўхшаш хуфиялар "сайид"нинг қулоғиға еткирган бўлсалар керак, бир кун хон, тўсиндан арава юбориб, Розия хонимни "меҳмонға" чақиради...
Хоннинг ҳукмига қарши Миён Фазл Ваҳҳоб нима ҳам қила олсин. Розия хоним хон ҳарамида бир кеча қўниб, эртаси уйига қайтадир. Ул уйига қайтиб келганда Миён Фазл Ваҳҳоб Розия хонимнинг қўлиға талоқ хати топшириб, етти арава мол билан ўрдаға жўнатадир... Миён Фазл Ваҳҳоб бу ишни қўрққанидан қилғанми ёки хонға аччиғ тариқасидами, ҳар ҳолда буниси ҳатто Розия ойимнинг ўзига ҳам қоронғидир1.
Гулшан Розия ойимнинг даромадига етканда икки нафар каниз даҳлиздан чиқиб, бўсағанинг икки томонида ҳўл боғлаб ва бош букиб тўхтадилар. Шу ҳолда ичкаридан гўё юзи сут билан суғорилғандек оқ, қуралай кўзи ойсиз ва булутлиқ кечасидан ҳам қорароқ, қадди сарв каби мавзун, қора сочи тақимини ўпкан, уст-боши ипак ва олтинлар билан ғарқ бир хоним хиромон чиқиб келди. Бошидағи ҳисобсиз кокилларини санама тикилган оқ ҳарир рўймол билан озорсизғина боғлаған, ёқа ва этакларига нафис жияк бириктирган хонатлас кўйлак, бухоро кундалидан қирғоқлариға олтин уқа (қўр) тутулған енгсиз желатка кийиб, ёқут кўзлик олтин тугмаларни бўшқина солған, ҳуснда мисли оз бу нозанин хоннинг суюкли хотини — мазкура Розия хоним эди. Розия хоним орқасидан саккиз-тўққуз ёшлар чамалиқ, кўз ва тишидан бошқа аъзосида оқи йўқ бир бола кўриниб, хонимни таъқиб этди. Бу ёш югурдак қулча хонимнинг ҳар бир майда хизматларига тайёр каби оёғ олар эди   .
Розия хонимға қарши келгучи Гулшан букилиб салом қилди. Розия хоним ишорат билан жавоб бергач, "эсонми-сиз" деди ва унинг жавобини ҳам кутмай шаҳнишин то-монға қараб йўл солди.
Гулшан Розия ойимнинг қуйисидағи даҳлизга юзланиб, ундаги канизлардан Қурбон ойимнинг соғлиғини сўраб ўтди. Қурбон ойим танобийсидан сўнг ҳавлининг кун ботишиға мойил бино Шодмон ойимға қарашлиқ ва шу билан ҳарамнинг биринчи ҳавлисидаги ойимлар ҳисоби битадир   .
Гулшан ҳавлининг кун ботиши — ошхона ва бошқа рўзгор уйлари ёни билан бориб бир эшик орқали бизга маълум узун йўлакка чиқди. Йўлакда сув ҳавлисидан чиқиб келган бир каниз Гулшанни кўриши он қўлидағи сувлик кашкулни ерга қўйиб югурди:
— Эсонмисиз? Мунсак муборак, аямлар соғми?
Гулшан қўл учи билан кўришди:
— Ўзинг ўйнаб кулиб юрубсанми? Мунисхон пошша ойим саломатмилар? Биби пошша ойим ёзилиб кетдиларми?
— Шукур, шукур, бизнинг ҳавлига киринг.
— Кирарман, — деди Гулшан ва устидаги мунсакни еша берди. — Сен маним келганимни уларга айтма. Мен ўзим бир оздан кейин чиқарман.
Каниз орқасиға бурилиши билан йўлакнинг юқори эшикларидан бири тарақ-туруқ очилиб, ичкаридан икки ёш, оёғ ялан каниз қувлашиб чиқдилар. Гулшанни мунсак билан овора кўрган қизлар шу тарафка қараб югурдилар.
— Гулшанжон, Гулшанжон! Эсонмисиз, омонмисиз? Сарпа қутлуғ!
Шўх канизларнинг бири Гулшаннинг олдидан ва иккинчиси ёнидан ўрмалаб, бирининг оғзидан иккинчиси "Гулшанжон, эсонмисиз!" ни олиб эсанкиратдилар.
— Бўлди, бўлди! Шўх байтал ўлгурлар! — деди Гулшан, — ойимлар эшитса нима деган гап бўлади?
Қизлар Гулшаннинг сўзига қулоқ солмай, келган тарафларига қараб уни судрадилар.
— Тўқ байтал! Гулшанжон! Тўқ байтал!
Гулшан аччиғланса ҳам яна уларнинг сўз ва ҳаракатидан кулишка мажбур эди.
— Қуриб кеткурлар... Шунинг учун ҳам сенларнинг олдингға киргим келмайди-да!
Сўзга илтифотсиз, ўюн билан борған канизлардан бири Гулшаннинг қўлидағи мунсакни титкилаб ўзига тортди:
— Қайси гўрдан олдинг, менга берсанг-чи шуни!
— Ол, ол! — деди Гулшан мунсакни бўшатиб, — ўлимлик қиларсан!
— Албатта тобутимга ёпарлар!
Йўлакнинг бошидағи эшикка етдилар ва учиси бирдан сиқилишиб, ичкарига кирдилар.