Бизнинг қозоқни ўнгдирмай юрган бир қувонч, бир юпанч дегани бор. Унинг қувончи – элдаги бир ёмонни топиб ё бунинг ўзи қилмаган ёмончиликни бошқа одам қилганини билиб қолса, қувонади. Айтади: фалончидан Худо сақласин, у ҳам одамман деб юрибди-ку, унинг олдида биз нурли кишиларнинг бири эмасмизми? – деб. Унга Худо таоло айтибдимики, фалончидан тузукроқ бўлсанг бўлади деб? Ё билганлар айтибдими, ишқилиб, ўзингдан нодончилиги ошган, ёмончилиги ортган киши топилса, сен ёмонга қўшилмайсан деб? Одам ўзини ёмонга солиштириб яхши бўладими? Яхшига солиштириб яхши бўлинади-ку. Юз от пойгага қўшилса, мен ҳам пойгада қатнашдим деган сўз бўлса, олдинда неча от бор деб сўралар, ортда неча от бор эди деб сўрага- ни нимаси? Мен беш отдан, ўн отдан илгари эдим дейишнинг нимаси қувончли? Энди юпанчига келсак. Ёлғиз бизми, элнинг бари шундаёқ юрибди-ку, кўп билан кўрган катта тўй, кўп билан бирга бўлсак бўлди-да деган сўзни юпанч қилади. Унга Худо таоло айтибдимики, кўпдан қолмасанг, бўлади деб? Кўпга менинг қаҳрим ўтмайди деб. Кўпга тузоғим етмайди деб. Илм кўпга келганмиди? Ёлғиздан тараганмиди? Ҳикмат кўпдан тарайдими? Бирдан тарайдими? Кўпга хўрлик юрмайдими? Бир уй ичидагилар тугал оғриса, енгил бўладими? Жойини тополмай юрган кўп одам адашиб юрса, шу жойни биладиган бир кишининг кераги йўқмикан? Кўп йўловчиларнинг барининг оти ҳоригани яхшими? Ют1 келса, элнинг барини тугаллай ютгани яхшими? Ё ярим-ёртиси бўлса-да, омон қолгани яхшими? Кўп аҳмоқнинг бир аҳмоққа нимаси юпанч? Уруғимиз билан оғзимиз сассиқ бўлгувчи эди дейиш билан ёмон куёв қаллиғига ёқибдими? Шу сўзи қизнинг кўнглини рози қилишга ярабдими? Ундай бўлса, кўпчилигингдан қолма, сен ҳам оғзингни сасита бер дебдими?
1894
|