022. ЙИГИРМА ИККИНЧИ СЎЗ PDF Босма E-mail

Нақ шу кунларда қозоқнинг ичида кимни яхши кўриб, кимни қадрлайман, деб ўйлаб юрибман.
Бойни қадрлайин десанг, бой – йўқ. Бой бўлса, ўз бошининг, ўз молининг эрки ўзида бўлмасмиди? Ҳеч бир бой ўз молига ўзи эркли эмас. Қайси бир бой ўзи биров билан тирлашаман деб, қўриқлашга ялиниб, юз кишига молини бўлиб бериб юрибди. Аҳмоқлигидан молимни ялинтириб бердим, деб ўйлайди. Йўқ, ўзи ялиниб бериб юрибди.
Хайир ҳам эмас, мирзалик – молга нописанд кўзи тўқлик ҳам эмас, ўз эли билан, ўз ери билан ёвлашиб, ўйсизларга қўйнини очиб, молини сочиб юрибди. Қай бир бойлар, элдаги қўр-қути, қатиқ-сути борлари ўзаро бирлаша олмагандан сўнг, ишонадигани йўқ бу эрксиз мулкдорларни кейинги вақтда кўпайиб кетган ёқимсиз қув кимсалар ўзларига емит – ўлжа қилиб юрибди.
Мирзаларни – қўли очиқ жанобларни қадрлайин десанг, шу кунларда элда чинакам мирза йўқ, молбергич мирза итдан кўп.
Бирови ўзимга бирор фойда келтираман деб мирза кўриниб юрибди. Бировлари к... га туз солиб куйдирилган кигиз тиқилгандай, эсидан оғиб, ким чорасиз бўлса, ўшанга талтайиб, эмизиб юрибди.
Бўлис билан бийни ҳурматлайин десанг, элда Худонинг ўзи берган бўлислик билан бийлик йўқ. Сотиб олган, ялиниб, бош уриб олган бўлислик билан бийликнинг ҳеч бир хо- сияти йўқ.
Полвонларни ҳурматлайин десанг, ёмон- ликка элнинг бари полвон, яхшиликка полвон киши элда йўқ.
Эсли кишини топиб ҳурматлайин десанг, адолат, уят, инсофга эга эсли киши элда йўқ.
Қувлик, шумлик, ҳаромлик, амалпарастликда элнинг бариям эсли.
Ғариб, ночор бечорани ҳурматлайин десанг, ётган туяга мина олмаса-да, у мўминлар сафида эмас. Агар туяга минарлик мўлжали бўлса, бир нимани эплаб илиб кетарлик мўл- жали ҳам бор.
Энди қолди қув билан шум. Уларнинг ўзи сарғаймай, қуримай тинадиган эмас.
Бўлди энди, кимни суйдик, кимнинг тиловин тиладик? Ўзи қуртланиб сочилган бўлис-бийлар тура турсин. Энди, албатта, амал йўқ, мўминлигидан «Ризқ боққан, жанжал боқмас» деган мақол билан бўламан деб, бергани билан ёқа олмай, ярмини бериб, ярмини тинчлик билан боқа олмай, ўғри, золим, қувларга емит – ўлжа бўлиб юрган бойларни аямасанг ва уларнинг тилагини тиламасанг бўлмайди. Шулардан бошқани топа олмадим.

1894