017. ЎН ЕТТИНЧИ СЎЗ PDF Босма E-mail

Ғайрат, ақл, юрак ўз ҳунарларининг керак- лиги юзасидан талашиб, илмга юкинибди(Ўтинч билан юзланибди).
Ғайрат айтибди: «Эй, илм, дунёда ҳеч нарса менсиз камолотга етмаслигини ўзинг ҳам биласан-ку! Аввали, ўзингни билишга эринмай-толиқмай, ўрганиш керак, бу – менинг ишим. Худонинг даргоҳида қабул бўлишга лойиқ ибодат қилиш ҳам, эринмай-зерикмай ўрнига келтириш ҳам – менинг ишим. Дунёга керакли ҳунар, мол-давлат, обрў-мансабни меҳнатсиз топиб бўлмайди. Ўринсиз, бўлмағур нарсаларга қизиқмай, танани тоза сақлайдиган, гуноҳкорликдан, кўрсақўпар енгилликдан, шайтон нафсининг оздиришидан қутқарадиган, янглиш йўлга бораётган вужудни қайта йиғиштириб оладиган мен эмасми? Шундай бўлгач, манови иккаласи мен билан қалай талашади?» – дебди.
Ақл дебди: «Хоҳ дунёга, хоҳ охиратга, хоҳ фойдали бўлса, хоҳ зарарли бўлса, биладиган – мен, сенинг сўзингни уқадиган – мен, менсиз фойдани излай олмайди экан, илмни уқиб ўргана олмайди экан, бу иккови мен билан қалай талашади? Менсиз ўзлари нимага ярайди?» – дебди.
Бундан сўнг юрак айтибди: «Мен – одам танасининг подшосиман, қон мендан таралади, жон менда макон қилади, менсиз тириклик йўқ. Юмшоқ тўшакда, иссиқ уйда қорни тўқ ётган кишига тўшаксиз қашшоқнинг, совуқда тўниб юрган юпуннинг, емаксиз очнинг уй-жойи қандай бўлиб ётир экан деб ўйлатиб, жонини ачитиб, уйқусини очтириб, тўшагида безовта қиладиган – мен. Каттадан уят сақлаб, кичикка раҳм қилдирадирган – мен, бироқ одам мени тоза сақлай олмайди, охирида хор бўлади. Мен тоза бўлсам, одам боласини олалаб айирмайман: яхшиликдан ҳилвираб, эриб кетадиган, ёмонликдан жирка- ниб, ғазабга минадиган – мен, адолат, инсоф, уят, раҳм, меҳрибончилик дейдиган нарсаларнинг бари мендан чиқади. Улар менсиз кун кўра олармиди? Манови иккови мен билан қалай талашади?» – дебди.
Шунда  илм  бу  учовининг  сўзларини тинглаб  бўлиб  айтибди: – Эй, ғайрат, сенинг айтганларингнинг бариям рост. Бу айтганларингдан бошқа кўп ҳунарларинг борлиги ҳам рост, сенсиз ҳеч нарсанинг бўлмаслиги ҳам рост, бироқ қа- риганинг сари қаҳринг қаттиқлиги ҳам мўл, фойданг ҳам мўл, бироқ зараринг ҳам мўл, гоҳ яхшиликни беркитиб, гоҳо ёмонликни берки- тиб кетасан, шунинг ёмон,- дебди. – Эй, ақл! Сенинг айтганларингнинг ҳам бари рост. Яратган Тангрини-да сен танитасан, яралган икки дунёнинг жойинида сен биласан. Бироқ шу билан туриб қолмайсан, амал ҳам, ҳийла ҳам – сендан чиқади. Яхши- нинг ҳам, ёмоннинг ҳам суянгани, ишонгани – сен; икковининг излаганини ҳам топиб бериб юрасан, шунинг ёмон,- дебди. – Сен учовингнинг бошингни қўшмоқ – менинг ишим,- дебди илм. Бироқ бунда бошқарувчи, амр берувчи юрак бўлгани маъқул. Ақл, сенинг қирранг кўп, юрак сенинг ўша кўп қиррангга юрмайди.
Яхшилик айтганига жони-дили билан хумор бўлади. Кўнмак тугул қувонади(Кўнибгина қолмай, қувонади ҳам).
Ёмонликнинг айтганига эргашмайди. Эргашмак тугул жирканиб, уйдан қувиб чиқаради. Ғайрат, сенинг қуролинг кўп, кучинг мўл, лекин юрак сенида ўз эркингга қўймайди. Ўринли ишга кучингни аятмайди.
Ўринсиз ерга қўлингни бўшатмайди. Шу учовинг бошингни қўш, баринг ҳам юракка бўйсун, – деб уқтириб айтувчининг оти илм экан.
Бир кишида шу учовинг менинг айтганимдай топилсанглар, товонининг тупроғини кўзга суртарлик хосиятли одам – шу.
Учовинг ола бўлсанг, мен юракни ёқлайман.
Худойлик шунда, аслингни тоза сақла, Худо таоло аслингга ҳар доим қарайди, деб китобнинг айтгани шу, – дебди.

1893