Home icon Бош саҳифа»Бош саҳифа»Хабарлар»Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" романи Америкада мутолаада
Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" романи Америкада мутолаада PDF Босма E-mail

"Кеча ва кундуз" шу кунгача инглиз, франсуз ва рус тилларига таржима қилинган

 

 

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1936-йилда ёзган "Кеча ва кундуз" романи 2019-йилда АҚШда инглиз тилида чоп этилган. Таржимон - 2015-2016 йилларда Ўзбекистонда изланган америкалик адабиётшунос Кристофер Форт.
22-ноябр куни Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида ўтган бадиий кечада Форт бу лойиҳа ҳақида бафуржа сўзлаб берди.
Чўлпон 1897-йилда Андижонда туғилган. Рус империяси ҳукмронлигидаги Туркистонда таълим олиб, маърифат тарғиботчиси, жадид шоир ва ёзувчи сифатида тарихга кирган. Ўнлаб сафдошлари қаторида Сталин қатағони қурбони бўлган. Тошкентда 1938-йилда қатл этилган.
Унинг асарлари Америка университетлари ва илмий марказларида Марказий Осиё адабиёти, тарихи ва маданиятини ўрганаётган авлодга бегона эмас. Чунки 20-асрнинг биринчи ярмидаги таҳликали даврни ўқиётган талабалар жадидлар, хусусан Чўлпонга алоҳида назар ташлайди.
Бадиий кеча ташкилотчиларидан бири, "Охус" Марказий Осиё тадқиқот жамияти раҳбари Эдвард Лемон сўзларига кўра, Ғарбда Чўлпоннинг шайдолари талай.
Форт таҳлилича, жадидлар халқни ғафлатдан уйғонишга ундаган, бунинг учун эса илмга урғу бериш керак эди. Аммо бу жараён қаерда қай ёъсинда бошланар эди? Мана шу мураккаб савол, замон жумбоғи, "Кеча ва кундуз" мазмунидир, дея мушоҳада юритади у.
Форт узоқ танаффусдан кейин Ўзбекистон ва АҚШ орасидаги "Фулбригҳт" таълимий алмашинув дастури доирасида республикага бориб, миллий адабиётни ўрганган; ҳамкасблар билан боғланиб, профессионал ҳамкорликни ёълга қўйган.
Форт ҳозирда Бишкекда жойлашган Марказий Осиёдаги Америка университетида дарс беради. Ўзбек ва рус тилларида бемалол гаплашадиган мутахассис дейдики, замонавий ўзбек адабиёти ҳам унга бағоят қизиқ.
Америкалик китобхонлар учун уларни инглиз тилига ўғириш юксак аҳамият касб этади, дейди у, "Америка Овози" билан суҳбатда.
Форт ҳозирда Абдулла Қаҳҳорнинг асарларини инглизчага таржима қилиш билан банд. Бу лойиҳалар вақт, ресурс ҳамда Ўзбекистондаги адиблар ва олимлар билан яқиндан ишлашни талаб этади.
Суҳбатда таржимон "Кеча ва кундуз" ва Чўлпон ҳақидаги ўзига хос таҳлили билан ўртоқлашди.

Навбаҳор Имамова