Жавҳари зот инсон қалбида PDF Босма E-mail
01.06.2024 08:19

Шундай қилиб, тавҳид жисмнинг фоний бўлиши ва руҳнинг Мутлақиятга қўшилиши — васлнинг юз беришидир. Бу йўлдаги интилиш, риёзатни тафрид ва таждид сўзлари билан ифодалаганлар. Модомики, инсон нур ва соя, модда ва руҳ, гул ва тикан, тун ва кун хусусиятларини бирлаштирган хилқат бўлиб, илоҳийлик билан моддий-лик чегарасини белгилар экан (Аттор: инсон нур ва зулмат барзахи — чегарасидир, шу сабаб уни тонг ёруғига қиёслаганлар), инсон зоти моддиюндан, моддий дунё та-лаблари ва хусусиятларидан қутулмай Мутлақ руҳга етиши мумкин эмас. Руҳ билан модда, кўнгил билан ақл орасида кураш боради. Руҳбу курашда моддийликни — жисмни ўзига бўйсиндириб, илоҳий маърифатни таниш, ҳақ асрорига кошиф бўлиш учун хизмат қилдира олса, у буюклик мартабасини эгаллаган ва Поклик тахтида ўтирган Адолат ва Ҳикмат шоҳи — комил инсонга айланади. Фаридиддин Аттор инсоннинг ана шу даражага кўтарилишига ишонган мутафаккирдир. Унинг таълимотига кўра, Жавҳари зот, яъни Тангри таоло файзи, рози ганжинаси инсон қалбида жойлашган. У инсонга мурожаат қилиб, дейди:

Ту дори рози жавҳар дар дарунат,
Вале кас нест инжо раҳнамунат.
Ту дори он гум карди дар охир,
Фурў монда дар ин асрори зоҳир.
Ту дори жавҳари зоту сифоташ,
Вале дури ту аз дидори зоташ.
Ту дори жавҳаре аз жумла бартар,
Ба суйи жавҳари зоти ту раҳбар.
Зиҳи дийдори ту афлоку анжум,
Даруни дар бурун, пайдову ҳам гум.

(Сенинг ичингда жавҳар — Мутлақруҳнинг сири бор, аммо бу ерда сенга йўл кўрсатувчи йўқ. Охирида йўқотган нарсанг сенинг ўзингдадир, бу зоҳирий сирлар бандига гирифтор бўлгансан. Сен Холиқнинг зоти ва сифатлари жавҳарига эгасан, аммо зотининг дийдоридан узоқсан. Сенинг жавҳаринг барчаникидан афзал, шу жавҳар сен учун асл зотга олиб борадиган раҳбардир. Ажабки, фалак ва юлдузлар сенинг кўзларинг — дийдангдир, уйнинг ичидасану эшикдан ташқарисан, ҳам кўринасан, ҳам йўқсан).
Бу парчани бироз шарҳдамасак, Аттор муддаосини англаш қийин кечади. Инсон вужудида илоҳий жавҳар бор, лекин ушбу жавҳарни поклаб, аслиятга қўшиш инсоннинг ўзига боғлиқ, демоқчи шоир. “Бунда сенга йўл кўрсатувчи киши йўқ”, деганда шу маъно назарда тутилган. Чунки arap инсон ўзи интилмаса, ўзи ўзлигини таниб, холиқини ҳам танишга бел боғламаса (“Кимки ўзлигини таниса, раббини танийди” ҳадисини эсланг), ҳар қандай пири муршид раҳбарлик қилганда ҳам бирор-бир натижага эришолмайди. “Охирида йўқотган нарсанг” ибораси инсоннинг аслидан жудо бўлишига ишорадир. Аттор дейдики, аслингдан айрилиб қолдинг, шунинг учун қалбингда жав-ҳари зот бўлса-да, лекин Холиқдийдоридан узоқсан. Аммо ана шу қалбингдаги жавҳаринг барибир сени Холиқ томонга етаклайди, сенинг раҳбаринг шу қалбинг жавҳаридир. Фалаклару қуёш ва юлдузлар сен туфайли яратилган, сенда уларнинг барчасининг хусусияти бор, сен олами кубронинг мухтасар нусхасисан, лекин сенга шундай қудрат бағишлаган ана шу илоҳий куч гоҳ кўринади, гоҳ йўқ, гоҳ ичингда, гоҳ эса ташқарида. Бунда муаллиф илоҳий қудратнинг инсон билан биргалиги, аммо инсон уни кўрмасдан, сезмасдан юришига ишора қилмоқда.
Шундай қилиб, аслга қайтиб, у билан қўшилиш учун ичдаги жавҳарни ривожлантириш керак. Фаридиддин Attop назарида вужуд, моддий дунё — сурат, Жавҳари зот эса, маъно-моҳиятдир. Яъни чин ҳақиқат, ҳақиқий мавжудлик Мутлақ руҳнинг ўзи. Инсоннинг вазифаси сурат қайдидан қутулмоқ, аниқроғи, суратни синдириб, мавҳ этиш орқали маъни куллиятга эришиш. У ёзади:

Чарс дар дарди сурат мубталойи,
Чу ту сурат фиканди — кулл — худойи.
Туро сурат нахоҳад буд ҳамроҳ,
Зи маънии худо мебоши огоҳ.
Туро сурат ба коре менаёд,
Худо дийдорат андар жон намояд.
Дуйи шуд маҳву кулли, худ ҳақи ту,
Чу сурат бишкани, бешак ҳақи ту!
Балоеро кашидам ҳам зи сурат,
Аз он пайваст будам дар кудрат.

(Нега сурат дардида мубталосан, агар сен суратни таш-ласанг, кулл, яъни, худосан. Сен сурат ҳамроҳлигидан қутулсанг, худонинг маъносидан хабардор бўласан. Сурат сенинг ҳеч бир ишингга ярамайдц, худо дийдорини жонда (жонингда) кўрсатади. Агар суратни синдирсанг, шак-шубҳасиз сен ҳақсан, иккилик йўқолади ва кулл бўлиб, ҳақ-худога айланасан. Нима балоларни кўрган бўлсам, сурат туфайли кўрдим, кудрат-ғам ва зулматларим ҳам ўшандандир).
Бу Аттор фалсафасининг мағзи, унинг тафаккурининг жасоратидир. Чунки, худди мана шу нуқтада тасаввуф ҳали билан расмий дин арбоблари орасида кескин ихтилоф келиб чиққан. Бугина эмас, тасаввуф аҳлининг ўзи орасида ҳам мазкур масалада келишмовчиликлар, баҳс-мунозара давом этган. Аттор инсонни худо даражасига кўтаради, яъни унинг эътиқоди бўйича, агар инсон руҳи заминий алоиқлар, жисм қолипидан қутулса, қуш боласи тухумни ёриб чиққандай моддий қобиғни ёриб чиқса, Мутлақруҳга қўшилади. Мутлақруҳ — кулл, ваҳдат, инсон руҳи — жузъ, ундан ажралган шох. Жузъ куллга қўшилса, у ҳам кулл бўлади, ана шу маънода шоир: “Суратни ташласанг, кулл — худога айланасан”, “Суратни синдириб ташласанг, шаксиз Ҳақ бўласан”, деб айтади. Бундай фикрлар Атторгача ҳам баён этилган эди. Хусусан, Боязид Бистомий ва Мансур Ҳаллож тавҳидни худди шу маънода тавсиф этганлар. Аслида бу чуқур инсоний тафаккурнинг, шу тафаккур ва билим дарёси мавжида ҳосил бўлган шуур гавҳари, қалбларда порлаган фикру илҳом чақинларининг зуҳури эди. Ахир бу ваҳдатул вужуд таълимотининг ўзидан келиб чиқадиган хулоса: касрат олами Ваҳдатнинг беҳисоб сурат-лари экан, ҳар бир суратиинг (сифот, асмо) моҳияти Ваҳдат моҳиятининг давомидир, унга бегона эмас. Илоҳий қудрат, Жавҳари зот шаклларга кириб, аёнлашиб (“таай-юн”), оламларни, уларнинг хилма-хил ашёларини вужудга келтирган. Инсон ҳам ана шундай илоҳий суратланиш мўьжизаларидан бири ва шу боис унинг моҳияти илоҳий моҳият билан баробар. Уларни фақат суратмодда ажратиб туради. Сурат бартараф бўлгач, руҳ — моҳият қолади, ягоналик ҳосил бўлади. Боязид Бистомий ақидасига кўра, шундай даражагй кўтарилган инсонда худонинг сифатлари ҳам жамъ бўлиб, худога нисбатан қўлланилган таърифларни унга нисбатан қўллаш мумкин. “Субҳоний, субҳоний, аъно шоний” (“Шарафлиман, мақталганман, шаъну шараф менга”), деб айтади Боязид. Бу Аллоҳга нисбатан айтиладиган гаплар эди. Ўзлигини маҳв этолган, нафсу ҳирсга душман бўлиб, ҳаққули яқинга эришган инсон Боязидга жўр бўлиб: “Пўстиним ичида худодан ўзга нарса йўқ”, дея олади. Чунки вужуд маҳв бўлгач, руҳ келади, руҳ эса худодандир.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан