Дунё - қудуқ PDF Босма E-mail
31.05.2024 21:18

Фаридиддин Аттор бу маънони тушунтириш учун “Жав-ҳаруз зот” асарида бир неча мисоллар келтирган. Чунон-чи, у одамни кўза, илоҳиётни дарёга қиёслайди. Кўзани сувга бсугирганда, то ичи сувга тўлгунча қулдираб овоз чиқаради, аммо ичига сув тўлгандан кейин у овоз чиқар-май қўяди, дарёга қўшилиб кетади. Шоир бундан қуйидаги хулосани чиқарган: биз аслимиз илоҳга етгунча оҳнола қиламиз, илоҳга етгандан кейин эса, у билан бирлашиб кетамиз, ноламиз ҳам тугайди. Бундан ташқари, кўзанинг вужуди лойдан, инсоннинг вужуди ҳам шундай, унинг ичи ва тоши сувга, яъни руҳга тўлса, лойдан асар қолмайди. Дарё ичида қалбинг ҳам дарёга айланади, қалб кўзи очилади, шунда тахтинг сурайёда бўлади:

Агар ту ғарҳа ойи ҳам ба дарё,
Сари тахтат кужо бошад— сурайё!

(Агар сен ҳам дарёга ғарқ бўлсанг, тахтингнинг асоси қаерда бўлади, биласанми? — Сурайёда!)
Демак, илоҳиёт муҳитининг чексизлиги дарё ёки ден-гизга қиёсланган, инсон саҳрода қолган ташна каби шу денгизга интилади. Бироқ шу асарида Аттор яна бир ўхша-тишни қўллайди: дунё — қудуқ, моддият, вужуд — қудуқдаги сув. Инсон руҳи шу қудуқ зиндонида асир. Қудуқнинг суви кўзларимиз олдини парда бўлиб тўсиб олган:

Ту дар обию ҳол гашта надони,
Ки худро чун аз ин жо вораҳони,

Ту дар оби кунуну пардаат об,
Мамон охир чунин, эй дўст ғарқоб!

(Сен сув ичидасан ҳозир, аммо бундан қандай қилиб қутулишни билмайсан, сен ҳозир сувдасан ва парданг ҳам сувдир, эй дўст, бу сувда бундай ғарқ бўлиб қолма!)
Шундай қилиб, аввалги мисолда шоир чексиз сув муҳитини илоҳий чексизлик ва файз сифатида талқин этган бўлса, кейинги мисолда сув моддий жисм тимсоли сифатида қўлланилган. Атторнинг дунёни қудуқдеб оли-шида маъно кўп. Бу — инсон яшаётган муҳитнинг нисбатан ғоят кичиклиги, инсон фарзандининг шу кичик оламда ўз ташвишлари билан оворалиги, Буюк файзиёт олами борлигидан бехабарлиги ва ҳоказоларга ишора-дир. Тасаввур қилингки, одам бир уйда туғилиб, шу уйда катта бўлиб, ҳеч ташқарига чиқмаган бўлсин. Бундай одам кенг дунё борлигини, унда ҳисобсиз юлдузлару чегарасиз осмон, дарё ва денгизлар, дов-дарахт ва жонзотлар мавжудлигини қаердан билсин?! Қафасдаги қуш ёки Абдулла Орипов тасвирлаган кўлмакдаги митти балиқҳам шунақа, оламдан бехабар. Аттор тасвирига кўра, неча-неча минг йиллар қанчадан-қанча одамлар шу қудуқ ичида туғилиб, яшаб, ўзини ва оламни танимай ўлиб кетдилар.

Жаҳоне халқ буданду бирафтанд,
Ба дарду ғусса зери хок хуфтанд.
Зи чандоне касе огоҳ нагаштанд,
Ки чун пайдо шуданду чун гузаштанд.

(Жаҳонда кўп халқ бор эди, бари ўлиб кетдилар, дарду ғусса билан тупроқ остида ухладилар. Шунча одам қандай пайдо бўлиб, қандай ўтиб кетганини биров огоҳ бўлиб тушунтириб беролмайди).
Шоир нима демоқчи? Инсонга у қандай йўл тавсия этмоқда?
Аттор фикрича, инсон то ўзлигини ва ўз илоҳини танимаса, у чин инсон эмас. Ўзлигини танимаган киши қурт-қумурсқа, паррандаю даррандадай гап: туғилади, ейди, кўпаяди ва ўлади. Инсон эса бу дунёнинг қудуғидан қутулиши, оламни қучиши даркор. Бунга илоҳий маърифатни эгаллаш, ҳикмат ва билим орқали эриши-лади. Илоҳий маърифат эса кўнгил жомида тўлиб, кишини маст этади ва қаноатлантиради. Кўзингни очиб қарагин, деб таъкидлайди Фаридиддин Аттор, дунё худди қайнаб турган қозондай жўшиб-тошиб турибди, сен ҳам шу қозон ичида қайнаяпсан. Остингда олов ловиллаб турибди, шу сабабли тинмай қайнаб турибсан дунё билан бирга. Олов, деб шоир илоҳий руҳ қудратини назарда тутаяпти, бу қудрат бор экан, қайнаш давом этади, дей-ди у, аммо асосий мақсад бу қозонда пишиб етилиш ва “жонни жононга қўшиш”дир. Шунда қудуқдан қутулиб, “айнуляқин” бўласан, илоҳий саодат ўзлигини қайта аён этасан. Шунда киши: “Макон ва ломаконни бирликда кўрдим, жисм ва жонни ўзаро узвийликда кўрдим”, дея олади бемалол.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан