Риёкор шайхлар тўғрисида PDF Босма E-mail
21.06.2024 11:48

Риёкор шайх ўзини яхши ва чиройли кўрсатишга уринади. У олтин қопланган мис кабидир: усти ялтироқ—ичи қалтироқ. Унинг кўриниши дарвешга ўхшайди; аммо ичи шундайин булғанч. У гўё ҳамма нарсадан қул силтагандек, аслида барчаси алдамчи-лик; кароматлари тамомила найрангбозлик. Дабдабали салласи салобат юки, бошидаги ҳар туки бузуқ хаёл аломати. Эгнидаги қуроқ тўн товламачилигидан нишона. «Ридо» номли кийими — айбпуши, пардаси; унинг ҳар бир ипи риё чархи билан йиғирилган тола-дир, мисвоки тама тишини ўткирлайдиган эговдир, Соқолтароғининг ғилофи кишиларни масхаралаш асбобига жой. Унинг тасбиҳ ўгириши — кўзбўямачилик; намозни чузиб ўқишдан мақсади — элга ўзини кўрсатиш. Кулоҳ номли чўққи тўпписи— салласи учун пардоз; бу айёрнииг узун салласининг печи эса тулки думидан нишонадир. Беҳуда ҳайқириғи—худди бемаҳал қичқирган хўроздек совуқ.
Ғофиллик билан ўқийдиган дуолари мастлар базмидаги қий-чув, ҳаралла-тараллага ўхшайди. Барча гап-сўзлари ҳийла-найранг; жамики ҳаракатлари ғараз аралаш; тушларининг барчаси уйдирма; уйғоқликда деганларининг ҳаммаси ёлғон. Зикр тушишлари усулдан ташқари; шавқу завқ жазаваси таърифдан нари. Шайхлар устки кўринишда шунчалик дабдаба-ю дахмазакор; ички маънавиётлари эса бутунлай бўшлик.
Бу ифлос шахснинг бунчалик зеб беришдан мақсади ўзини пок кишилардек қилиб кўрсатишдир.
Ҳайҳот — аттанг! Уят, юз минг уят!
Афсусланадиган жойи шундаки, бу ярамасларга ихлос қўйган муридлари ҳам бор; улар бунинг хизматида мухлису беқарор. Шайх бу дўконини тадбир билан юритади; алдов билан йиғин йиғади. Бунинг ишларидан шайтон ҳайратда; ҳатто лаънати девлар ҳам нафратда.
Шеър:
Фақирлик номи билан бунча макру найрангу риёкорлик
Шоҳи бўйра устидаги гадога ўхшайди.
Буниси ўзини дарвеш, униси ўзини шоҳ деса,
Ажабланадиган ери йўқ, хар иккаласида ҳам ақл ва ҳаё йўқ.