Харобот аҳли тўғрисида PDF Босма E-mail
21.06.2024 11:50

Харобат риндларининг бутун вақти майхонада ўтади; бошида май ҳаваси; бош қўяр жойи эса, май идишидек қадаҳнинг оғзи. У майхонанинг қай бурчагида базм кўрса, май ташиш баҳонаси билан ўзини ўша ерга уради. Майпараст ўз бошидан ор-номус салласини олади; олиб уни бир қултум май учун майфурушнинг оёғи остига солади. У майхона туфайли, уй-жойидан ажрайди. Майхўрликка берилганлиги учун бош-оёқсиз юпундир.
У ҳар бир май қуювчидан қадаҳ олса, ўзини Жамшиддан ҳам шавкатли ва бахтлироқ сезади. У муғбачалар ҳуснига бутпарастдек сажда қилади, майхоначи оёғига туфроқдек бош қўяди. Унинг ёҳаси майпараст шўхлар қўлидан чок; кўнгли эса улар ишқининг тиғи билан тилинган. Унинг майхонадаги иши — май тиламчилиги; қўлида эса майхонанинг синиқ сополи. Оёғи расволик кўчасида, боши яланг; бадмастларнинг муштларидан пешонаси чақа, қош-қабоғи ҳам. Ўз вужудини ўзи ерга қоради; мажлисларда энг қуйидан жой олади. Агар нафслари тупроқ билан тенг бўлса-да, лекин ҳимматлари олдида баланд осмон гўё пастдек. Замон қайғуларидан кўнгли ғамсиз; фалак ташвишларидан хотири аламсиз. На ҳаётдан, на ўлимдан қўрқади; ҳиммати олдида бор-йўқ бирдай. Май идишидек аччиқ-аччиқ йиғлашдан унга шодлик юзланади; қадаҳга қуйилган майдек тубанга тушишдан хурсанд бўлади. Майхонада бир дам ҳушёр бўлмайди, дунёнинг яхши-ёмонлигига кўз солмайди. Замоннинг яхши-ёмони билан иши йўқ, айтиш мумкинки, оламда бундай беғам киши йўқ. Майпараст балки даврон зўровонлари зулмидан шундай кун кечиришга ҳақлидир; агар шундай бўл-са, у ҳақнинг авф ва марҳаматига лойиқдир. Вужуди майхона тупроғида фоний; умиди ҳақнинг карамидан абадий ҳаёт. Ринд ва гадолар етишган давлат ва саодатга шоҳлар ҳам орзу ва хасрат билан қарайдилар.
Рубоий:
Йўқлик жомини пайдар-пай кўтарган ринднинг
Дунё ва охиратга майли йўқ.
Ҳақ раҳмати умиди билан у тун-кун маст,
У фирибгар зоҳиддан кўп ортиқдир.