Табиблар тўғрисида PDF Босма E-mail
20.06.2024 10:03

Табиб уз фанининг моҳир билимдони бўлиши; беморларга раҳм-шафқат билан муомала қилиши; асли тиб илмига табиати келишмоғи, донишмандлар сўзига риоя қилиб, уларга эргашмоғи; мулойим сўз ва бемор кўнглини кўтарувчи, андешали, хушфеъл булмоғи керак. Ўткир ва шафқатли табиб Исога ўхшайди. Исонинг иши чиққан жонни дуо билан танга киритиш булса, бунинг иши эса тандан чиқмоқчи бўлган жонни даво билан чиқармасликдир. Бундай табибнинг юзи хасталар кўнглида севимлидир; сўзи эса, беморлар жонига ёқимлидир. Унинг ҳар бир нафаси беморларга даво; ҳар қадами эса, хасталарга шифодир. Унинг юзи нажот келтирувчи Хизрни, берадиган шарбати эса тириклик сувини эслатади.
Табиб агар, ўз касбида моҳир бўлсаю, аммо ўзи бадфеъл, бепарво ва қўпол сўз булса, беморни ҳар қанча муолажа қилганда ҳам, бари бир унинг мизожида ўзгариш пайдо қила олмайди. Табобат фанидан саводсиз табиб худди жаллоднинг шогирди кабидир. У тиғ билан ўлдирса, бу заҳар билан азоблайди. Шубҳасиз, жаллод бундай табибдан яхшироқдир: зеро, у гуноҳкорларни ўл-диради, бу эса бегуноҳларни ҳалок қилади. Ҳеч гуноҳкор жаллод қўлида хор бўлмасин; ҳеч бир бегуноҳ касалманд бундай табибга зор бўлмасин.
Байт:
Ширин сўзли моҳир табиб тан хасталигига шифодир,
Бадфеъл, сержаҳл ва саводсиз табиб эса эл жонига балодир.