Навоийни дуо қилган Бобо Пирий Катта йўлнинг четида ўтириб олиб, халқни кўп шалоқ сўзлар билан сўкарди. Камина унинг олдидан ҳеч қачон ўтмасдим. Бир куни бир ҳамроҳ мендан сўради: - Шу жойга етганда йўлингни ўзгартириб, Бобо олдидан ўтмайдиган одатинг бор. Сабаби нима? Дедим: - Қўпол сўзлар билан сўкинади, унинг ҳақоратларини эшитишга тобим йўқ. Ҳамроҳим деди: - Бобонинг каромати бор, дейишади. Кел, бугун олдидан ўт. Агар каромати бўлса, сени сўкмагай. Агарчи имтиҳон эди, аммо ул дегандек олдидан ўтдим, сўкмади. Аксинча, одатига хилоф равишда дуо қилди.
|