Роҳат-фароғатга берилган дарвешнинг оқибати Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф дебдурки, бир куни Муъаммил Жассос менга деди: - Бориб, Жаъфар Ҳаззодан хабар олки, не ҳоли бор? Бориб кўрдим. Ҳашаматли бир саройда қимматбаҳо гиламлар устида нафис кийимлар кийган ҳолда эди. Сўрашдик. Деди: - Ўтир, бирга овқатланайлик! Мазали бир таом ҳозирлатди ва бирга едик. Чиқиб Муъаммил қошига келдим ва кўрган-кечирганимни сўзлаб бердим. Муъаммил дуо қилиб, деди: - Ё Раб, биздан саломатлик ва офиятни дариғ тутма! Неча вақт ўтгандан сўнг Муъаммил яна деди: - Бориб Жаъфар Ҳаззо ҳолини кўриб кел! Бориб бир вайронадан топдим. Бир бузуқ уйда йиғламокда эди. Уч кундан бери туз тотмаган экан. Атрофидагилари илтимос қилдиларки, унга бир нима едиринг! Ялиниб-ёлвориб, озгина суюқ овқат едирдим. Яна Муъаммилга келиб, кўрганимни айтиб бердим. Муъаммил деди: - Агар бошида роҳат-фароғатда яшамаса эди, охирида бу қадар хор бўлмасди.
|