Ҳожатхонани тозалаган икки шайх Абу Ҳафс Ҳаддодга бир неча дирҳам етиб эрди. Муридлар дедилар: - Бу дирҳамларни бировга берайлик, ҳожатхонани тозалаб қўйсин. Шайх деди: - Бу ишни ўзимиз қилганмиз, нега энди биров келиб тозалаши керак экан? Ўзимиз тозалаймиз. Дирҳамларни эса, дарвешларнинг ишига сарф қилмоқ керак. Ишга машғул эдиким, биров етиб, Шайхга деди: „ - Ўзингизни ювиб, хирқани кийиб олинг. Шайх Абу Музоҳим Форсдан келибди. Абу Ҳафс Ҳаддод деди: - Агар бу ўша мен билган Абу Музоҳим бўлса, мени шу ҳолатимда ҳам кўра олгай. Шайх Абу Музоҳим етиб келди. Бу ҳолни кўргач, салом берди ва кийимини ечиб, у ҳам ҳожатхона хандақига тушиб, тозалашга машғул бўлди.
|