15. ТАНБИҲ PDF Босма E-mail
24.06.2024 15:14

Вафо билан боғланган ҳаё тўғрисида
Қарам ва мурувват ота ва онадирлар; вафо билан ҳаё эса буларнинг икки эгизак фарзандларидир. У икковида қанча равшанлик ва софлик булса, бу икковида ҳам шунчалик жипслик ва бирлик бор. Ҳар бир юракда вафо бўлса, у ерда ҳаё ҳам бор ва ҳар масканда у топилса, бу ҳам барҳарор. Вафосизда ҳаё йўқ; ҳаёсизда вафо йўқ. Агар, кимда бу икки сифат бўлмаса — унда имон ҳам йўқ. Ва агар кимда имон булмаса, унда одамийлик ҳам йўқ...
Камолга етган одамлар — ҳаёли; камол топмаганлар — нуҳсонли ва ҳаёсиз.
Вафо билан ҳаё оламнинг қоронғи жойидан ўтиб, йўқлик (ломакон) оламидан ўрин олганлар. Шундай қилиб, улар ўзларини бир-бирлари бнлан овутибдилар. Қолган вафосиз беҳаёлар эса уларни унутибдилар.
Ҳар кимга бир вафо кўрсатдим, ундан юз бевафолик кўрмагунча қутилмадим; ҳар ким билан бир меҳр-муҳаббат муомаласида бўлдим, минг жабру жафо тортма гунча халос бўлмадим.
Байт:
Кимга қилдим бир вафоким — юз жафосин кўрмадим?
Кўргузуб юз меҳр, минг дарду балосин кўрмадим?
Давр бевафоларининг жабридан дод! Ва замон беҳаёлари зулмидан фиғон ва фарёд! То олам пайдо бўлгандан бери бу ўтда ҳеч ким менчалик ўртанмаган; то бевафолик бошлангандан бери ҳеч ким мен каби бу алангада ёнмаган. Замон кишилари бевафолигидан бағримда тиконлар бор ва давр халқи беҳаёлигидан кўксимда яралар бор. Булар ҳақида ёзай десам, катта чи-дам менга вафо қилмайди ва барчасини қаламга олай десам, узоқ умр давомида ҳам тугатиб бўлмайди.
Ҳақ уларга ннсоф ва раҳм бергай ва ёки бу махрум жафокашга сабру чидам ато қилгай!
Байт:
Ё у жабру ситамкорларга марҳамат бергил,
Ё мен бечорага сабру бардош бергил.