9. ТАНБИҲ PDF Босма E-mail
23.06.2024 17:02

Саховат ва ҳиммат туғрисида
Саховат — инсоният боғининг ҳосилдор дарахти, балки у дарахтнинг фойдали мевасидир. Саховат одамийлик мулкининг мавж уриб турган денгизидир, бал-ки у тўлқинли денгизнинг бебаҳо гавҳаридир. Саховатсиз одам — ёғинсиз баҳор булутига ва ҳиди йўқ мушк-анбарга ўхшайди. Мевасиз дарахт ҳам бир-у, ўтин ҳам бир; ёғинсиз булут ҳам бир-у, тутун ҳам бир. Саховатсиз одамдан ичида гавҳари бўлмаган садафнинг фарқи йўқ; дурсиз садаф билан қуриб қолган тошбақа чаноғининг фарҳи йўқ... Сахий булутдир, хирмон-хирмон дон ҳосили, балки хазина беради; бахил чумолидир, дон-дун, машоқ теради. Ҳиммат аҳлининг ихтисоси — саховатдир; бу улуғ сифат — покиза кишиларга хосдир. Одам — бир бадан бўлса, ҳиммат унинг жонидир; ҳимматлилар-дан олам аҳли учун юз минг шараф ва шукуҳ етишади. Ҳимматсиз киши — эр сонида эмас; жонсиз баданни ҳеч ким тирик демас. Олий ҳиммат одам — баланд пар-воз лочиндир; беҳиммат — сичқон овловчи калхатдир. Шунқорнинг маскани—шоҳнинг билагидир; калхатнинг жойи ўлнмтикнинг сассиқ бадани ва сўнгагндир.
Арслоннинг мақсади — ов қилиб, оч йиртқичларни тўйғазмоқ; сичқоннинг ҳаракати—дон ўғирлаб, тугун ахтармоқ. Ҳиммат эгаси — қашшоқ бўлса ҳам тубанлик қилмас; ҳимматсиз одам — хазина топса ҳам буюкларга тенг бўлмас. Чинор дарахти бўш қўлли бўлса-да, унинг юксаклигига нуқсон етмайди; ер тагида яшириниб ётган хазинанинг тупроққа фойдаси тегмайди, Ҳимматли кишиларнннг даражаси юксакдир; аммо сахийликнинг даражаси бир неча баробар юксакдир.
Исроф қилиш —- сахийлик эмас; ўринсиз совуришни ақлли одамлар сахийлик демяс. Ҳалол молни куйдир-ганни—девона дейдилар; ёруғ жойда шамъ ёққанни ақл дан бегона дейдилар. Мақтаниш учун мол бермоқ—ўзини кўз-кўз қилмоқ ва шундай қилиб ўзини «сахий» демоқ— беҳаёлик билан ном чиқармоқ. Кимки халққа кўрсатиб эҳсон берса, у пасткаш, сахий эмас. Тилагандан сўнг беришлик ҳам саховатдан йироқдир, қисташ натижасида бергандан — бермаган яхшироқдир. Битта кулчани икки бўлиб, ярмини оч одамга берганни — сахий деб, ўзи емай, ҳаммасини муқтож одамга берганни — ахий дўст деб бил.