Ишқ тўғрисида PDF Босма E-mail
23.06.2024 12:00

Ишқ — порлоқ юлдуздир, башарият кўзининг нуру зиёси шундан; ишқ — товланиб турувчи гавҳардир — инсоният тожининг зийнати ва баҳоси шундан. Ишқ — толеъ қуёшидир, қайғули диллар тиканзори ундак гулшан; ишқ балқиб турган тўлин ойдир, қоронғи кўнгиллар кечаси ундан равшан. Ишқ — кенг денгиздир, ҳар тўлқини юз ақлу ҳуш кемасини ғарқ қилади; у баланд тоғдир, ҳар чуққисининг ўткир қирраси минг зуҳд-тақво эгасининг бошини учиради. Ишқ — куйдирувчи шуъладир, кўпгина жон ва кўнгилларни хашакдек ёқади; алангали чақмоқдир, кўпгина жону дилларни ёлқини билан кул қилади. Ишқ — аждаҳодир, оламни дамига тортмоқ унинг тилаги; у қаҳрли подшодир, олам аҳлини ёппасига қирмоқ упинг мақсади; у ҳар қанча қон тўккани билан зерикмайди; у қанча одамни қон қилса ҳам қо-ниқмайди. Ишқ — яшиндир, ақлу дин хирмонини куйдиради; у бўрондир, куйганларнинг кулини кўкка совуради.
Ишқ — шунчалар қайсарки, унинг олдида подшоҳ ҳам, гадо ҳам тенг; у шундай зулмкорки, унинг қошида ифлос-фосиқ ҳам, покдил ошиқ ҳам бир.
Ошиқ кўнглига маъшуқ ҳавасини солувчи ҳам ишқ; бир жилваси билан киши жонини олувчи ҳам ишқ. Ошиқ — ишқ балосига гирифтор; унинг куйдирувчи офатига дучор. Ишқ тўфонида ғарқ бўлган ошиқ, шундай яшиннинг чақмоғида ўртанган — ошиқ; шу хоин қўлида эзилган ва шу шафқатсиз дастидан девона ошиқ, у шундай фитначининг мафтуни ва шундай қотилнинг аврашига берилган; ошиқ — шундай қон тўкувчининг қўлида ҳалок бўлувчи ва шундай бало қўзғатувчи йўлида дард тортувчидир.
Ишқ тоғи зулмининг ғамнокларидан бири — Фарҳоддир ва девоналик саҳросининг бечораларидан бири — Мажнундир. Қоронғи кеча девоналаридан бири — бетиним парвона ва гулистон ҳавосининг тўзимсизларидан бири — девона булбулдир. Юраги яхшилик ўти билан ёнувчилардан бирининг номи Хусрав ва ишқ майхонаси дардмандларининг намояндаларидан бири—Жомий бўлиб, буларнинг қабрлари нурли бўлғай. Улар тутган йўлни бизга ҳам насиб этгай; биз ҳам у зотларнинг орқаларидан борайлик.
Байт:
То абад булар бир-бирларига қалин бўлгайлар,
Самандарлар каби ишқ ўти ичра юргайлар.

Бу таъриф қилинган ишқ ва бу баён этилган ошиқлар маъшуқ туфайлигина тирик ва юқорида айтилган аҳволларга доимо мансубдирлар.
Маъшуқ ҳусндан иборатдир...
Ишқ унда эътибор ва улуғворлик, ирода ва ихтиёр мавжудлигига қарамай, ҳусннинг ҳашаматли, назокатли саройида ночор бир хизматкор ва заиф бир қулдир. Ҳусн султони қачонки гўзаллик ниқобларидан ва яширинлик пардаларидан чиқиш тараддуднни кўрса, ва ўз юзини очиб, жилва билан табассум айласа, ҳажр азобида қийналиб ётган ошиқнинг кўзи ёр нури акс этган ойнанинг шишаларидек чарақлаб, унга ҳайронлик билан боқиб қолади; ишқнинг жасур сеҳргари, у ойна орқали ўзини кўнгил уйига ташлайди, у хонани хароб эта бош-лайди ва бу билан ақлу хуш каби нарсаларга қўзголон солади.
Шуниси аниқ эмаски, ҳусн султонининг бу зулми бедодидан у мулк аҳлининг мазлумлари нима қилади-ю, уларнинг ҳоли бунинг шиддатли азобидан сунг қандай бўлади?
Шунга қарамай, ўша мамлакат асирлари ва у диёр-нинг ўлим ва торож кўрган халқи унинг гўзаллиги майидан ўзларидан кетиш даражасида масталаст ва унинг жамоли томошасидан вола-ю ҳайрон бўлиб, унинг завқи билан ақлдан озиб, мафтуну таслим бўлаверади-лар.
Энди, ҳусн шоҳи — у мамлакатни эгаллагач ва мулк аҳлини зулм ва талон-торож билан асир этгач, ҳусн султони ўзининг жилваланиб турган жаннат фазосидан қоронғи хилват ҳарамхонасига кирса, нур зулмат пардаларига томон юрса ва жамоли қуёшиин тун каби қора ниқоб булути билан яшнрса, яна талон-торож зўридан асир бўлмиш мамлакат аҳлининг ва ўлим азоби остида хароб бўлмиш мулк элининг уни кўриш ва томошо қилиш умиди барбод бўлса, улар шундай дод-вой соладилар ва тўполон кўтарадиларки, гўё қиёмат қўпгандек булади. Уларнинг дунёга сигмас оҳ-воҳлари золим фалаккача чиқади ва айланувчи осмонгача етади.
Бу даҳшатли аҳволнинг азобини сўз билан ифодалаб, ёзиш билан тасвирлаб бўлмайди. Бу азобни курмаган киши билмайди ва бу даражага етмаган одам ишонмайди. Ҳижрон ва фироқ деб шуни айтадилар.
Ишқ уч қисмга бўлинади:
Биринчи қисм — оддий одамлар ишқи бўлиб; халқ орасида машҳур ва кенг тарқалгандир. Айтадиларки, «фалон одам фалончига ошиқ бўлибди».— Бу хилдаги одамлар кимгадир ошиқ бўлиб, изтироб чекиб, шунинг хаёли билан юрадилар. Бу ишқ жисмоний лаззат ва шаҳвоний нафс билан чегараланадики, олий мартабаси — шаърий никоҳдир. Никоҳ — барча халқлар учун умумий ва зарурийдир. Қуйироқ мартабасида жанжал, ташвишлар, кўнгилсизлик ва шармандаликлар кўринадики, бу ҳақда сўзлаш — одобсизлик, баён этиш — ҳаёсизликдир.
Иккинчи қисм — алоҳида фазилат эгаларига хос ишқ бўлиб, бу хос ишққа мансуб шахслар пок кўзни пок ният билан пок юзга соладилар ва пок кўнгил у пок юзнинг шавқи-завқи билан беқарор бўлади. Ва бу пок юз воситаси билан пок ошиқ ҳақиқий маҳбубнинг жамолидан баҳра олади.
Ишқ аҳлининг покбозлари ва шавқ-завқ аҳлининг назм битувчи ва афсонага пардоз берувчилари қадимда ўтган назм-шеърият ўрмонининг арслони ва ишқ оташхонасининг самандари ва завқу ҳис водийсининг пок йўловчиси Амир Хусрав Деҳлавийдирким, унинг нафаси ҳам пок, гап-сўзи ҳам пок, ҳар бир лафзию ундаги маънолар ҳам пок. У ўзининг шеърлари билан ишқ аҳли орасига ғавғо, ҳиссу ҳол анжумани фазосига ҳаяжон ва можаро солган.
Яна ишқ аҳли орасида кам учрайдиган, беназир ва ягона, миллат ва диннинг фахри булмиш шайх Ироқийдирким, сўзларида маънолар, жумлаларида фикрлар порлаб турган асарлар эгасидир.
Ва, булардан кейин, икки дунёни бир дов билан ўйинга тиккан қиморбоз тахлит покбоз ва ишқнинг фонийлик майхонасида ҳақиқат майидан маст бўлган риндлар сирдоши, миллат ва диннинг қуёши Хожа Ҳофиз Шерозийдир.
Дунё ва охиратни бир оҳ билан ўртаган, пок ошиқлар бошлиғи, ерда фаришталар оламида яшовчиларнинг шайхулисломи, тўғри йўлга бошловчи улуғ зот, миллат ва диннинг нури Абдураҳмон Жомийдирким, гарчи у кишининг мақтови назмга нисбат беришдан юқорироқ бўлса ҳам, лекин шеъриятнинг ҳар бир услубида мислсиз эдилар ва назмларида ҳар бир шеър билан оламга ўт сочган эдилар ва шеърларида ҳар бир байт билан дард-аҳлларининг жонини ва кўнгил оламини куйдирган эдилар.
Яна у ҳазратнинг муҳаббат қадаҳидан юқ-юрум ичиб, тўғри йўл курсатишидан фонисифат булган, дард ва ишқни туркий тилида ҳарорат билан ифодалаб, турклар ўртасида уз ижоди билан ҳаяжон ва сортлар орасида офат ҳузғотган кимса ҳам бор.
Юқорида номлари зикр қилинганларнинг ҳаммасининг ижод қилиш ва шеърият устида бош қотиришдан мақсадлари — ишқни тасвирлашдир. Ҳаммасининг шавқи ва дард-ҳасратининг алангаси, ялиниш-ёлбориш ҳолати, ишқнинг дарду бало чақинидандир, ҳаммасининг куйиш-ёниш ҳақидаги ваҳимаси ҳам ўзининг ишққа мансублигнни изҳор қилмоқ, балки ишқ йўлида мағлуб бўлганини билдирмоқдир.
Буларнинг муддаоси, ишқ оламида ошиқликнинг оғир аҳволини, маъшуқнинг ортиқ даражада гузаллигини тавсифлашдан иборат. Ҳар бирида ошиқ ва маъшуқнинг ажиб ҳолатларига, ғариб хаёлларига, чегарасиз қизиқ воқеаларга, ниҳоясиз ранж-машаққатларга дуч келинадики, буни тасвирламоқ, албатта зарур. Масалан, маъшуқ ҳусни-жамолининг тенгсизлиги, ноз-истиғносининг беҳадлиги ва бошқа шунга ухшаш ҳолатлар.
Бундан сўнг, ошиқ дард-фироқининг авжга чиқиши, унинг маъшуққа ялиниб-ёлбориши ва куйиб-пишишининг бепоёнлиги ва шунга муносиб воқеаларни ҳам тасвирлаш лозим. Сўнгра, тағин, иккаласининг бир-бирига муносабати ва яқинлиги, касб-ҳунари, ихтисоси ва тар-биятидан юзага келган ҳолат натижаларини ҳамда юз кўрсатган қийинчиликларни ёзиш керак бўлиб, буларнинг ҳар бири учун китоблар ва жилд-жилд асарлар яратилганда ҳам уни тўла тасвирлаш ва бу хақдаги мақсадни бошдан-оёқ қаламга олиш ғайритабиий, балки узрли кўринади.
Дунё бозорининг ғавғоси ва дунёда бор ҳамма нарсаларнинг савдохонасидагн шовқин-сурони — ишқ туфайлидир. Бусиз инсон каломи жонсиз танага, башариятнинг лафзу иборалари гул ва райҳонсиз чаманга ўхшайди. Агар сўзнинг назм лаззатидан ҳарорати бўл-маса, ва шеърнинг ишқ ҳароратидан куйиши бўлмаса, уларни нурсиз шамъ ва бошлиқсиз тўда деб билинг.
Ҳулоса шуки, шеърий сўз — шу мазмунда тараннум қилиши лозим, бундан ўзгача бўлса, у афсонадир. Асл сўз — ишқ ҳақидаги сўздир. Қўнгилда ҳаёт нашъаси булса, бу — ишқнинг ўзидир.

Байт:
Сўзнинг маъносида ишқ ўтидан нишон бўлмаса,
Уни ҳаракатсиз қолган жонсиз бадан билгин.
Ҳикоят:
Нақл қилишларича, ишқнинг ҳажр ўти Мажнун жонига улашди; заиф баданига ҳароратли у ўтнинг алангаси туташди. Ҳар қанча муолажа қилсалар ҳам фойда қилмади; касал ортди, иситма тушмади. Бемор оғирла-шиб жон талвасасига тушганда, кимдир бу аҳволдан Лайлини хабардор қилди.
Паривашни у хабар ношод қилиб, ўз девонасининг ҳолини сўраш учун нома ёзди. Бир одам у хатни Мажнунга етказганида, унинг танида жон асари қолмаган эди. Шу пайтда меҳрибонлари Лайли номасини ўқиганларида беморнинг эшитаётгани ва таъсирланганини сездилар. Ҳар гал нома такрор ўқилганда, бемор танига жон қайта киргандек бўлар эди. Мажнун аҳволига ҳар ҳанақа дори-дармон, дуо ва тумор таъсири даври ўтган эди. Лекин унга Лайлининг хати тумор ва дуо ўрнини босди.
Бемор касалдан тузалиб, сиҳат-саломат бошини кўтаргунча бу хатни такрор-такрор ўқиди, соғайгач эса тумор қилиб бўйнига тақиб олди. Ишқ алангасидан Мажнуннинг касали тузалди ва у сўз такроридан бадани қувватга кирди.
Байт:
Агарчи ошиқнинг мижози заиф ва касалдир,
Аммо маъшуқни ёдлаши унинг касалига даводир
Учинчи қисм — сиддиқлар — ҳақгўйлар ишқи бўлиб, улар ҳақнинг жамолини очиқ кўриш умиди билан яшай-дилар ва шунинг билан матлубдирлар. Уларнинг ҳақни кўз билан мушоҳада қилиш умидлари ўзни унутиш даражасига етган ва бундан ҳам ўтиб, ҳалок бўлиш мақомига кўтарилган бўлади.
Агар ҳодисалар бўрони осмон гулшанининг бир қабатини учириб кетса — улар бехабар ва агар юлдузлар гул баргини ҳар томонга совурса, буларга асар қилмайди. Уларнинг ҳислари ҳақ жамолини кўриш ташвиши билан ишдан чиққан; шавқ-завқлари эса, унга бўлган ишқларининг ҳужуми остида йўқолиб битган...