Tавозеъ ва одоб тўғрисида PDF Босма E-mail
23.06.2024 11:58

Тавозеъ—кишига халқнинг муҳаббатини жалб қилади, одамларни у билан дўстлаштиради. Тавозеъ — дўстлик гулшанида тоза гуллар очади ва гулшандан ошналик ва улфатчилик базмига хилма-хил гуллар сочади. Тавозеъ — такаббур мухолифга мулойимлик ва камтарлик йўлини кўрсатади; гердайган душман кўнглида инсонийлик завқини қўзғатади. Қайта-қайта кўрсатилган тавозеъ — ҳаёсиз такаббурни уят чегарасига томон йўллайди ва ҳаддан ташқари инсофсиз душманни ёмонлик қилишдан қайтаради.
Одобли инсон барча одамларнинг яхшисидир ва бар-ча халқлар учун ёқимлидир. У мансабдор кишилардан гўзалроқ ва бадавлат одамлардан ҳурматлироқдир. Одобли одам уз тенгдошлари орасида ҳам таҳсинга лойиқ, ҳеч қандай эҳсон бермай каттадан-кичик, ҳаммани шод қилади; ҳеч қанақа ҳадя қилмай, кишиларнинг ғамини тарқатади.
Одоб — кичик ёшлиларни катталар дуосига сазовор этади; ёшлар у дуо баракасидан умрбод баҳраманд бўладилар. Одоб —- улуғлар кўнглида ёшларга меҳр уйғотади ва у одобли ёшга бўлган муҳаббат кўнгилда абадий қолади. Ёшларни кўзга улуғ қилиб кўрсатадиган феъл-атвори одобдир, одоблиларнинг юриш-туришида халқ улуғворлик кўради.
Одоб — кишилар тарафидан қилиниши мумкин бўлгн ҳурматсизлик эшигини бекитади ва одамни ҳазил-мазаҳдан, камситилишдан сақлайди. Одоб — одам табиатига инсонийлик бахш этади ва киши мизожига одамийлик манзилида ором беради.
Одобдан кичикларга шунчалик фойда етадиган бўл-са, катталарга не чоғлиқ эканини тасаввур қилинг. Одоб ва тавозеъ— меҳр-муҳаббатнинг зеб-зийнатидир; одобсизлик — дўстликка путур етказади. Одоб ва тавозеъ дўстлик ойнасига жило беради ва икки орага ёруғлик бағишлайди.
Тавозеъ ва одоб эгаларига ҳамма таъзим қилади ва ҳурмат билдиради. Одоб уруғини эккан одамнинг ҳосили жавоҳир булади. Одобли ва гўзал хулқли одамлар кўпаяверса, халқнинг дўстлиги, уларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати борган сари ривож топади. Агар кпши одоб ва тавозеъ каби яхши хулққа эга булса, ўзи ҳам халқнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлади. Дўстлар орасида шу каби суҳбат ва шу йўсунда ҳамжиҳатлик бўлса, қандай яхши! Бундай аҳл, иттифоқ, муҳаббатли, одобли бўлиш—дўстлар учун бахтиёрликдир.
Байт:
Бундай ҳаёт ақл ва ҳикмат эгалари насибасидир,
Нафспараст ва худбинлар унга эриша олмайдилар.

Ҳикоят:
Ривоят қилувчи ровийлар шундай ҳикоя қиладилар-ки, бир ов пайтида елдек от чоптириш даврида Хусрав Парвезнинг шоҳлик тожидан порлоқ гавҳар йўқолади. Ҳамманинг хаёли ов можароси билан банд бўлгани туфайли, буни ҳеч ким сезмай қолди. Овдан кейин Мадойинга қайтадилар. Шундан сўнг, тож гавҳари тушиб қолганини биладилар. Халойиққа жар соладилар, у ноёб гавҳарни қидира бошладилар. Чунки, подшоҳ тожининг у зийнати мамлакат хирожига тенг эди. Шунинг учун, уни топиб келтирган кимсага жуда катта инъом ва мукофот ваъда қилинди.
Халқ у биёбонда гавҳарни топиш ва инъомга эга бўлиш орзуси билан овора эди. Иттифоқо, бири ғофил ва бири огоҳ икки ҳамроҳга учрадилар. Ғофил — жоҳиллиги сабабли гердайган, огоҳ эса, тавозеъ ва одоб туфайли улуғвор эди. Булардан бирининг оти жаҳонгашта Мудбир, иккинчисининг оти йигитлар марди Муқбил эди. Улар шу биёбонни кечиб ўтиб, шаҳарга бориш ниятида даштда кезар эдилар. Булар, ниҳоят, ҳалиги инжу ахтариб юрган одамларга йўлиқдилар ва уларни бошлаб чиққан бошлиқ билан учрашдилар. Мудбир такаббурлик қилиб, у одам билан салом-алик қилмай, гердайиб ўтиб кетди. Муқбил эса инсонийлик юзасидан у одамга одоб ва тавозеъ билан энгашиб салом берди ва шу онда оёғи остида тушиб ётган гавҳарни кўрди ва дарҳол олиб, ўпиб, ҳурмат билан бошлиққа тақдим этди. У эса, ваъда қилинган мукофотнинг мутасаддиси эди. У Муқбилни ўзи билан олиб шаҳарга қайтди ва бўлиб ўтган воқеани Хусрав қошида баёп этди. Хусрав Парвез хушҳол ва шод бўлди. Муқбилга ташаккурлар изҳор қилгани ҳолда, ҳаддан зиёда эҳсон билан уни мукофотлади.
Мудбир такаббурлиги туфайли шаҳар ҳаммомига гўлоҳ бўлди, Муқбил эса одоб ва тавозеъ шарофатидан мақсад гавҳарини топди, шоҳ гулзоридан ўрин олди.
Байт:
Такаббур ва ғофил шаҳарда хор-зор кезади,
Тавозеълини эса мақсад гавҳари бадавлат қилади.