Мунажжимлар туғрисида PDF Босма E-mail
20.06.2024 19:23

Сайёра ва юлдузларни кузатиб, ҳукм чиқарадиган мунажжимлар нуқталарни ҳисоблаб, лоф урадиган фолбинга ўхшайди. Унинг ўлчов жадвали — булмаган нарса. Тушунтиришлари ва осмон жисмлари ҳаракатига оид гапларининг ҳаммаси хато. Устурлоби узоқроққа улоқтирилиши керак бўлган асбоб. Ойни кузатувчи анжоми бутунлай бефойда, натижа бермайдигандир. Бу асбоб-анжомларга асосланиб, сўз юритувчи мунажжимлар ҳақнинг қазо ва тақдир ҳақндаги сўзини унутган ғофиллардир.
Бу мунажжимлар шундай кишиларки, қўлида битта анор бўлса, унинг пўсти ичида нечта парда, нечта хона бор ва ҳар парда ва хонада нечта анор донаси борлигини билмайдилар; у доналар аччиғми, нордонми, чучукми эканини айта олмайдилар. Бовужудки, одамлар неча марталаб анорни сўйиб еган, хосияти қанақалигини айтиб ҳам берган, думалоқ осмон, ундаги юлдузлар ва буржлар ҳақида афсона айтадилар ҳамда уларнинг шарофатли, хосиятсиз таъсирлари ҳақида сафсата сотадилар. Ҳолбуки, буларнинг ўн сўзидан биттаси тасодифан ҳам тўғри чиқмайди. Ишларининг қабоҳат эканини улар ё тушунмайди ва ёки тушунишни истамайди. «Мунажжим — каззоб» дегандек буларнинг сўзи ёлғондир, Ўзлари ростлик дунёсидан йироқ тушгандир, ўткир кўзларини ғафлат пардаси ўраб олгандир .
Байт:
Фалак, юлдузлар ҳолати фойда ва зарардан холи эмас,
Лекин уни билади, мунажжим билиши мумкин эмас.