Қўл остидаги кимсаларни (яъни хизматкорларни) эзгу тутмоқликни айтади |
Қулу чўрилардан кўп қилма тама, Едиргин, ичиргин, йиртиғин яма.
Кучига муносиб юклагайсан юк, Жазолар аксинча Яздони буюк.
Уларга етказсанг ортиқча заҳмат, Худо ҳам, улус ҳам демас ҳеч раҳмат.
Улар ҳам Яратган қули бегумон, Золимлик жазоси дўзах беомон. Улар кичик, улуғ соҳиби ҳиммат, Улуғлар кичикка қилар марҳамат.
Неча басавлату сарбаланд бўрки, Улуғвор акобир камтарлик кўрки.
Соҳиби заковат, қулоқ тут, не дер, Амал қил пандига, эй билимдон эр:
Амир бўлсанг ҳамки ғолиб тутган туғ, Камтарин бўлсанг гар, фойдаси улуғ.
Ўзингдан кетма ҳеч, чиқма рост йўлдан, Сотма ўтар қутга имонинг қутлуғ.
Хонадон-гўшанг гар тутсанг саришта, Келар давлат билан минг бир фаришта.
Обу ош, намагу нонинг ҳам кенг тут, Номинг эзгу бўлса, келар бахту қут.
Киримга яраша қилсанг гар чиқим, Бор оламга татир ҳатто бир сиқим.
Олишу беришда оқил, ҳушёр бўл, Ҳисоби пухтага очиқ барча йўл.
Қўлинг қисқалиги қилса ҳолинг танг, Ўзгага ялинма, қиларсан аттанг. Яқинларинг бермас ёнидан юлиб, Ғаним яйрагай холингга кулиб.
Назар солмас дўсту ёринг бир бора, Аламдан шикаста бағринг минг пора.
Нияти холисга ҳамдам, ҳамнафас, Элу улус билан бўлгин ҳар нафас.
Надомат чекмайсан, ҳар сўзим холис, Овуллардан яша йироғу олис.
Йирик йўлларга ҳам ҳеч турма яқин, Катта йўл балоси беомон чақин.
Пандимга тутгайсан қулоғу гўшни, Бўлма дарё, қалъа, зиқнага қўшни.
Бехосият қўшни асло нафи йўқ, Зиёну зарарин ҳеч бир дафъи йўқ.
Уй олсанг қўшнисин бил, эй жўмард эр, Сувин суриштиргин олай десанг ер.
Ёмонлардан олис юрган саломат, Феълинг соз бўлса бас, ёғмас маломат.
Қаноат бадавлат билан қилар тенг, Алам ҳам чекинар кўнглинг қилсанг кенг. Худо ёди билан очгил кўзинг ҳам, Ўлим ҳақ – босмасин ғафлат ўзинг ҳам.
Сўзинг ўйлаб сўзла, ҳолинг бўлмас танг, Совурма ҳаётинг - қилмайсан аттанг.
Қилар дучор кибр нафрат дўлига, Бахил бўлсанг - ғарқсан қарғиш кўлига.
Бамисли офтоб бўл элга баробар, Қулоқ тут, не дегай сенга диловар:
Қозонай десанг эл ичра яхши ном, Ҳотамдай сахий бўл, айла кўп инъом.
Минг мард ҳам асиринг гар сахий қўлинг, Қўлинг очиқ бўлса, очилар йўлинг.
Бошим кўкка етсин десанг гар туриб, Билим билан қилгин ҳар ишни кўриб.
Олам аҳли билгай десанг гар зотинг, Мусофирни қўлла, югургай отинг.
Фароғатим бўлсин десанг гар узун, Ғофилликдан кечгин, эй фазли фузун.
Қилайин десанг гар ибодат холис, Тамаю ҳирсдан ҳам бўлгайсан олис. Тиласанг гар икки олам бахтин ҳам, Нафсинг тий, тарк айла ҳавас рахтин ҳам.
Бежиз сўз айтмагай мулоҳазакор, Амал қил пандига, бўлма ҳеч бадкор:
Адо этма ҳирсу нафс хоҳишин ҳам, Аксинча тўкар мўл кўзинг ёшин ҳам.
Бошимни эгмасин десанг, ҳирсу нафс Зинҳор кўтармагай бебош бошин ҳам. Ўгдулмиш тугатди сўзин, эй қардош, Авомга азалдан шундай феъл йўлдош.
Ривоят айладим, эшитдинг ўзинг, Тушунган бўлсанг бас, ортиқ ҳар сўзинг.
Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи
Ўзғурмиш қониқиб деди: Айтдинг роз, Барчасин эшитдим, аё хулқи соз.
Яна бир саволим берайин сенга, Батафсил жавобин айтгайсан менга.
Улар билан қилиб ҳар битта ишни, Унутмаслик керак бориш-келишни.
Зиёфатга чорлар қай битта мезбон, Менинг ҳам уйимда бўлгайлар меҳмон. Мен нечук егайман зиёфатда ош, Меҳмонларни қандай чорлай, қариндош?
Буларни ҳам айла мен учун баён, Барча сир-асрори ҳам бўлгай аён. |
Ислом адабиёти
- Низомий Ганжавий
- Манас — қирғиз халқининг афсонавий қаҳрамони
- “Девони луғотит турк” асарининг 950 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилмоқда
- Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида нашр этилди
- Пушкин негр бўлганми?
- «Саботул ожизин» китобининг ёзилиш сабаби
- Қандай қилиб лўттивоз ва бузуқи Фауст Гётенинг бош қаҳрамонига айлангани ҳақида
- Умар Ҳайём рубойилари
- Абдулла Қодирий динга қарши ёзганми?
- Мулла Абдураҳмонларни гапириш, динга қарши чиқиш ҳисобланадими?
- Адашганлар кўп. (Киноя. Фельетон)
- Мулла Абдураҳмон қандай олим?