Ўгдулмиш Ўзғурмишнинг ёнига борганини айтади PDF Босма E-mail

Уйидан чиқди тез эгарлаб отин,

Йўлга тушди излаб қариндош-зотин.

Қариндош уйига яқинроқ бориб,

Отидан тушдию етди у юриб.


Оҳиста дўстона эшигин қоқди,

Ўзғурмиш чиқдию самимий боқди.

Ошиқиб иккавлон, дафъатан қўпиб,

Сўрашди ҳол-аҳвол бир-бирин ўпиб.

Жону дили яйраб шодлик мўлидан,

Уйига бошлади тутиб қўлидан.

Қариндошин кўриб, қувончи тошиб,

Худога минг шукр ҳам айтди шошиб.

Не бахт, ахир неча замона жудо

Қариндош васлига етказса Худо.

Не бахту саодат айрилиқ бекор,

Насиб этса яна давлати дийдор.

Қариндош-уруғлар жуда меҳрибон,

Оқибатли бўлса, улар шод-хандон.

Улар бир-бирига қилсалар ҳиммат,

Ҳиммат боис топар қадр ва қиммат.

Нелар дер, эшитгил, меҳрибон қардош,

Яқиндан ҳам яқин мисли кўзу қош:

Топишса бир-бирдан айрилган узун,

Ғойиб дарду алам, саодат - фузун.


Не бахту саодат айрилиб яна

Саломат топишса икки жон мавзун.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

-Дўсту ёр омонми, - деди Ўзғурмиш,

-Худога шукур, соғ, - деди Ўгдулмиш.

Ўзғурмиш сўради: Қани айт менга,

Не боис келдингу не бўлди сенга?

Эшитдим сени мен султон билан деб,

Улусга наф берар ирфон билан деб.

Не боис келдинг, айт, неларга толиб,

Улус ташвишларин зиммангга олиб.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш самимий деди: Мен, ўзим

Сени кўргим келди, эй кўркли юзим.

Соғиниб келдим, бир кўрайин дедим,

Аламлардан озод бўлайин дедим.

Жуда истар эдим сени кўришни,

Ниҳоят бу айём қилдим бу ишни.

Ширин суҳбатингни нақд топмадим ҳеч,

Бир келиб кўргани вақт топмадим ҳеч.

Бугун ниятимга етдим мен ўзим,

Худога беадад шукрона сўзим.


Соғу омон бўлса бандаси ўзи,

Муродига етар, меҳрибон қўзи.

Нелар дер, эшит, ҳар интилар киши,

Дақиқа қадрин ҳам хўп билар киши:

Орзу ва умиддан боғлаб қўш қанот,

Ниятига етар ҳар бир тирик зот.

Тирик банда топар излаб бир-бирин,

Ўпар қош-кўзидан сизлаб бир-бирин.

Тириклик тилагил, тилама тилак,

Тилакка етишда тириклик йўлак.

Худо берди охир тилагим менга,

Соғу омон, мана, етишдим сенга.

Яна бир сўзим бор, иссиқ қош-кўзинг,

Айтайин уни ҳам тингласанг ўзинг.