Ўгдулмиш хоқонга дарвозабонлар боши қандай бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш чин дилдан деди: Эй Хоқон,

Давру даврон сургин мангу соғ-омон.

Дарбонлар бошлиғи меҳрли бўлгай,

Тани-жонин ишга бахшида қилгай.

Ўтказса дарбоза бошида тунин,

Ўтказса шу ерда бор равшан кунин.


Қоида билан иш тутса бағоят,

Равон бўлса феълу аъмоли ғоят.

Нону намаги мўл, саховатпеша,

Сочиб зар, мардларни йиғса ҳамиша.

Кечаси уйқуга ётишдан бурун,

Тайин қилса ҳар бир соқчига ўрин.

Мусофир дайдини тергаши лозим,

Оқилу ҳушёрни қилгай мулозим.

Ёпилса саройда ҳар эшик-дарча,

Тугал бўлар кунлик ишлари барча.

Тонг саҳардан яна хизматга тайёр,

Туну кун посбонлар сергаку ҳушёр.

Қабул пайти[1] етса, бош бўлиб кириб,

Дарбонларни турса бир сафга териб.

Ўзи чиқса дарҳол, узоқ турмаса,

Бошқалар ҳам султон қошига кирса.

Йигитлари берса бир-бир кўриниш,

Бирма-бир барчасин айласа тафтиш.

Қабул сўнгида ҳам сўзсиз бу кабир,

Йигитлар номидан киргай яна бир.


Тиласа, билдириб дарбонлар арзин,

Адо этса бошлиқ бурчию фарзин.

Улашса лашкарга олтин, кумуш, зар,

Кимга унвон, кимга мансаб мўътабар.

Жону жаҳди билан хизмат қилар ким,

Беҳуда саланглар қай бирови жим,

Маъқули қай бири, кимдан наф келар,

Ким самара бериб, югуриб-елар,

Бегига бирма-бир баён айласа,

Ёмону яхшини аён айласа;

Берса чин кўнгилдан амру фармонлар,

Соқчилар кўнглидан кетса армонлар.

Дарвозада жойлар тайин бўлса, хўш,

Барча жойда тартиб, ўрин йўқ ҳеч бўш.

Мусофир, ётларни кутиб росмана,

Азиз билса яқин қўлдошин яна.

Лаган-дастурхонни кечирса кўздан,

Ярамасин йироқ қилса тез ўздан.

Шарбат чиқаришни ҳушёр кузатгай,

Қўли эгриларни яниб, тузатгай.


Эшикдан чиқса гар лаган-дастурхон,

Султон неъматларин улашсин равон.

Нозу неъматларни соз тақсим этсин,

Ички-ташқи элга баравар етсин.

Бек топар жуфт омил билан шуҳрат-шон,

Бўсағада туғу тўкин дастурхон.

Икки омил даргоҳ ичра нур сочар,

Бек шаънин улуғлаб, бахт йўлин очар.

Улуғ Ҳожиб бўлса озод-ҳур киши,

Яна бир – серғайрат дарбон эл боши.

Ҳар икки мансабдор сарой чиройи,

Улуғлаб бек отин, алқар киройи.

Соқию, тўшакчи, ошпазларга ҳам,

Туғчиларга ҳам кўз солса дам-бадам.

Лочиндор, овчию ёйчини яна,

Тайин тутса сарой ичра ҳар сана.

Уйига отлангай олиб қўлдошин,

Бағрикенглик билан бергай нон-ошин.

Едирса-ичирса, тўйдириб қорин,

Қуруқ қайтармасдан ҳам берса борин.


Лойиқ от, кийиму яроғдан ортиқ,

Молу мулкин қилса баимкон тортиқ.

Хизматга ёллашда бир ёт кишини,

Синаб олса, сўраб уйи, ишини.

Хизматга киргунча билса бехато,

Жойи, ош-овқат, от, кийимин ҳатто.

Яна сўраб тургай аскарлар ҳолин,

Энгил-бошин, турмуш тарзин, аҳволин.

Қўли қисқаликдан чекса ким озор,

Ҳар мушкулин раво қилиши даркор.

Саройга келмаса аксар қай бири,

Суриштиргай-билгай не асрор-сири!

Агар бетоб бўлса, ҳол сўраш лозим,

Қилмасин бемаъни иш ҳам мулозим.

Бу барча бегига садоқат фарзи,

Севинчин тилаш ҳар мансабдор қарзи.

Нелар дер, эшитгил, хизмат қилган мард,

Хизмат билан бекдан қадр топган фард:

Мулозим бегига меҳрибон бўлгай,

Ширин жони ичра ширин жон бўлгай.


Содиқ, азиз билиб ҳатто соясин,

Яна мустаҳкамлар беклик моясин.

Ўз нафин кўзламас садоқатли эр,

Бек нафин кўзлагай кунда тўкиб тер.

Меҳрсиз дардисар ўғилдан кўра,

Садоқатли ходим қадрли, тўра.

Камина наф берар ҳар бутага қул,

Узарман илдизин зарар бўлса гул.

Фойдаси тегмаган қариндошдан кеч,

Фойдали инсондан айрилмагин ҳеч.

Тили юмшоқ, фақат айтсин ширин сўз,

Тавозели вазмин, равшан бўлсин юз.

Совуқ юз, аччиқ сўз дилни совутар,

То тириксан кетмас, кўнгилда ётар.

Баайни ушбу ҳол, бу байт ҳар сўзи,

Маънисин уққан, бас, очилар кўзи:

Сўкиб ҳар сўзида, заҳар сочса тил,

Суяк сирқиратар, оғритар кўнгил.

Битар эт яраси, эсдан ҳам чиқар,

Тил зарби ва лекин кетмас неча йил.


Агар отланса бек уруш-сўқишга,

Ё қуш ови, чавгон, ё эл кўришга,

Зарур авайлаши бегини ҳалол,

Ўринсиз етмагай ҳеч унга малол.

Беги боши узра хатар хавф солса,

Ҳоли ов, жанг ичра танг бўлиб қолса,

Нари сургай тезда ҳар сур нокасни,

Қочирмагай кўздан шубҳали касни.

Ишончли, меҳрибон, содиқ ҳар киши,

Ҳимоялаш бўлгай бекни, бас, иши.

Соқчилар сафин ҳам тартибга солса,

Жўмардлар ортидан шитоб йўл олса.

Кичик саф улуғлар аро кирмагай,

Четдаги бекка ҳеч яқин юрмагай.

Қай тартиб ҳукмрон бўлса саройда,

Ҳоким ҳар сафару ҳар турфа жойда.

Дарбонлар сарвари оқил, озода,

Садоқатли бўлгай, эй асилзода!

Ҳушёр бўлгани соз масъул ишда эр,

Ризқу рўзи ҳалол, дилдан ишлар шер.

 

Буларни мен айтдим, эшитди малик,

Етук зот истасанг, танлагай билик.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон айтди: Уқдим, ҳикмат ҳар бир байт,

Менга зарур яна бир сўзни ҳам айт.

Биларсан, даҳри дун барча беклари,

Элчилар юборар ҳар юртга бари.

Баён айла теран низом-ақида,

Йўлланар ялавоч - элчи ҳақида.

Муносиб элчи ким, айтиб бер холис,

Вакил бўлса пухта юртларга олис?



[1] Қабул пайти – подшо ҳузурига қабул кириш пайти.