Ойтўлди Ўгдулмишга васият қилишини айтади |
Тилу дилинг равон, қилгин ибодат, Пухта иш қилишни айлагин одат.
Барча яхши-ёмон Худо ҳукми, бил, Фақат унга инон, фарз амалин қил.
Не тиласанг бергай соҳиб мурувват, Худодан ўзга йўқ сен учун қувват. Эъзозла ҳар амрин қандай бўлса ҳам, Сени икки дунё то қилмагай кам.
Феълу атворинг соз, унутма ўзинг, Тилу дилинг ҳалим, камтар қил сўзинг.
Ўзинг ўтга отма, дунё бевафо, Киши молин олма ҳам қилма жафо.
Яшадим бир нафас, болам, қулоқ сол, Нелар қилди дунё менга, ибрат ол.
Тера билган бу жон ея билмади, Умрим барбод, афсус фойда қилмади.
Молим сенга қолди, мен учун малол, Роҳат-фароғатда кун кўргин ҳалол.
Тута билсанг, молу мулким тутгайсан, Надомат нелигин ҳам унутгайсан.
Тута билмасанг бор топган-тутганим, Ўзинг учун ўзинг бўларсан ғаним.
Феъл-атворинг ҳалол, фақат тўғри қил, Тўғрилик билан бахт-саодат аҳил.
Нелар дер, эшитгил, феъли тўғри эр, Саодатли аввал-охир жўмард шер: Роҳатим айлайин десанг гар таъмин, Роҳат-фароғатга тўғрилик замин.
Бўлай десанг хону бекдай сарбаланд, Насиб этгай ростлик билан, эй фарзанд.
Буюклик тиласанг халқ узра улуғ, Ҳалолликни танла ўзингга қутлуғ.
Феълу хулқи аъло, яхши бил шуни, У дунё, бу дунё равшан ҳар куни.
Яна Ойтўлди дер: Ўғлим, бегумон, Яхшилик дўзахдан сақлагай омон.
Фақат эзгулик қил, ёмондан йироқ, Маконинг яшнатар эзгулик чироқ.
Ёмонга ёндошма, етар минг зиён, Ёмонлик офати жон - чақар чаён.
Сирларинг билмасин мунофиқ бебош, Токи сирларингни айламасин фош.
Йўлатма ғийбатчи қавмин ҳеч қачон, Кўрган-билганларин қилади достон.
Синалган, танилган этагидан тут, Ундан сенга тегар туман минг бир қут. Барча сўзни тингла, ишонмагин тез, Сиру асроринг ҳам маҳкам тут ҳар кез.
Ҳасад қилма, ўзинг яхши тутгайсан, Бу икки қилмишдан ташвиш кутгайсан.
Хотининг бўш қўйма, мудом маҳкам тут, Бўшлик қилсанг, ундан минг бир алам кут.
Бегонадан асра уйинг, аёлинг, Синагин ҳар зотни йиғиб хаёлинг.
Хулқинг равон, ема ҳеч мол-мулк ғамин, Мўмин бўлсанг, Худо айлагай таъмин.
Бағоят мос мазкур каломни эшит, Тамал тоши қилу ҳар ишинг пишит:
Гўзал атвор билан ҳар бек азиз денг, Бисёр молу давлат топар кўнгли кенг.
Ёмонга не даркор туман молу мулк, Бой бўлса ҳам очкўз, қашшоқ билан тенг.
Уятсиздан йироқ бўлгайсан тоза, Уятсиз қилмиши элда овоза.
Барча ишда сабру тоқатга восил, Қаноатли ҳар зот муроди ҳосил. Қаёнда бўлмасин сўзинг қил ширин, Ширин сўз қаърида минг қут яширин.
Тилинг эҳтиёт қил, асра кўзинг ҳам, Нафсинг тий, ҳалол қил ризқу рўзинг ҳам.
Хиёнат аҳлидан ҳам олис бўлгин, Авом исёнидан ҳам холис бўлгин.
Айта кўрма беклар каломин зинҳор, Вале яхши сўзин қил минг бор такрор.
Зиён кўрма, бўлма зиёнкор басир, Холис элга, бўлма ҳавасга асир.
Қай бир ерга кирсанг, билгин чиқишинг, Чиқишни билмасанг, бисёр ташвишинг.
Ғазабинг қайнаса, сабру тоқат қил, Тоқатлини кутар бахт-саодат, бил.
Нелар дер, эшитгил, сабрли киши, Тоқат билан битар ҳар чала иши:
Тоқат қилган етар тилагига хуш, Сабру тоқатли зот тутар минг оққуш.
Машақққат, аламдан солмагин кўп дод, Тоқат қил, ортидан бўлар кўнглинг шод. Агар келса давлат, молу мулку қут, Ўзинг йўқотмасанг, бағринг бўлар бут.
Мўминдай тоқатли ҳам сабрли бўл, Топар сабр билан одам кўкка йўл.
Ўлимни унутма, ҳозирлан ҳар он, Унутма насабу наслинг ҳеч қачон.
Тилингдан чиқарма ҳеч ёлғон сўзинг, Ёлғон ҳар сўз билан бадномсан ўзинг.
Сўзлагин ҳамиша холингга қараб, Харажат қил фойда-молингга қараб.
Ёлғон сўзлама ҳеч, унга берсанг зўр, Ёлғончи қавмидай ҳўр бўларсан, ҳўр.
Қариндошлар билан аҳилу иноқ, Каттаю кичиккка фақат кулиб боқ.
Улусга дастурхон ёзишдан қочма, Киши айбин кўрсанг яширгин, очма.
Ибодат қил, сўра иқбол Оллоҳдан, Ўзинг эҳтиёт қил ҳар не гуноҳдан.
Давлат келса зиёд мағрур бўлма ҳеч, Холис бўл, ёмонлик қилишдан ҳам кеч. Озайиб-кўпаяр молу мулк - жафо, Ишонма, давлат-бахт қилмас ҳеч вафо.
Инонма ҳаётга тушдай кечар тез, Қувонма бахтга ҳам қушдай учар тез.
Совурма умрингни, яхшилик қилгин, Кечар кун ичидан керагин олгин.
Шароб ичма, фисқу фасод бегона, Зино қилма, бўлма фосиқ девона.
Икки қилмиш боис омад-бахт қочар, Қошида қашшоқлик йўлин кенг очар.
Нелар дер, эшитгин, синаган киши, Синаган кишилар пухта ҳар иши:
Шароб ичма, қилгин зинодан ҳазар, Нотавон ғариблик тўнин кийгизар.
Шаробхўрлик очар минг гуноҳга йўл, Саодат офати - зино, алҳазар!
Олиб тин Ойтўлди деди: Дилбандим, Булар барча сенга насиҳат-пандим.
Насиҳату пандим, бас, бўлгай тамал, Зиёда қувончинг гар қилсанг амал. Чин дилдан насиҳат айладим беҳад, Унутма сўзларим, болам, то абад! |
Ислом адабиёти
- Низомий Ганжавий
- Манас — қирғиз халқининг афсонавий қаҳрамони
- “Девони луғотит турк” асарининг 950 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилмоқда
- Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи илк марта араб тилида нашр этилди
- Пушкин негр бўлганми?
- «Саботул ожизин» китобининг ёзилиш сабаби
- Қандай қилиб лўттивоз ва бузуқи Фауст Гётенинг бош қаҳрамонига айлангани ҳақида
- Умар Ҳайём рубойилари
- Абдулла Қодирий динга қарши ёзганми?
- Мулла Абдураҳмонларни гапириш, динга қарши чиқиш ҳисобланадими?
- Адашганлар кўп. (Киноя. Фельетон)
- Мулла Абдураҳмон қандай олим?