Китоб эгаси ўз узрини айтади PDF Босма E-mail

Тилагим камолот, эй оқил, доно,

Мерос бўлиб қолгай сўзим ҳамоно.

Заковат айлагай ҳикматни баён:

Сўзинг бўлса хато - зарару зиён.

Улус тили ёмон, сени сўзлагай,

Ҳасадгўй кишилар ич-этинг егай.

Боқиб кўрсам, енгил ғаму ташвиш, юк,

Ўзим айтдим: Сўзла, сўзинг борин тўк.

Агар нечун десанг айтайин эшит,

Сўзимни айтайин, эй жўмард йигит:

Бандаи ожиз деб ном олган башар,

Билиб-билмай хато ҳам қилиб яшар.

Янглишмас киши ким, менга айтиб бер,

Янглишар зиёда туман минг бир эр.

Билимли оздан-оз, бисёр билимсиз,

Бисёр заковатсиз, ҳар зукко - азиз.


Билимлига жоҳил ёв-ғаним гумроҳ,

Билимсизлар қазир олимларга чоҳ.

Одамзод одамдан фарқи бор талай,

Боиси шубҳасиз билим, ҳарқалай.

Билимли учун мен сўзладим сўзим,

Тушунмасман нодон тилин мен ўзим.

Билимсизга айтар йўқ менда калом,

Доно, хизматингга шайман мен мудом.

Сўзим сўзлаганим учун ийманиб,

Кечирим сўрайман ўзим минг яниб.

Сўзидан янглишган йўлидан озар,

Закий тинглаб туриб ислоҳин тузар.

Жиловланган улов сўз ҳам бегумон,

Бошласанг эргашиб юрар ҳар томон.

Сўзни билиб сўзлар зотлар зиёда,

Ҳикматин англаган - азиз дунёда.

Барча эзгуликлар билим боис мўл,

Самовот сари ҳам билим очар йўл.

Билим билан сўзла ҳамма сўзни сен,

Азиз бил оқил ҳар қора кўзни сен.


Мовий самовотдан инган ерга сўз,

Бани башар калом билан равшан кўз.

Инсон кўнгли мисли туби йўқ уммон,

Инжу каби билим тубида пинҳон.

Инжуни олиб гар тутмаса қўлда,

Нафи йўқ тош каби ётарди йўлда.

Тоғ қаърида гавҳар фарқи йўқ тошдан,

Қазилса, не ажаб, жой олса бошдан.

Билимли билимин қилмаса баён,

Билими наф бермас ўтса ҳам замон.

Заковат ҳам билим тилло билан тенг,

Агар топсанг қўлла, кўкка учиб кенг.

Нелар дер, эшит, бу элу кент боши,

Зеҳну билим билан порлоқ қуёши:

Заковат туфайли юз юрт олинар,

Билим билан улус йўлга солинар.

Заковати билан юрт олар хоқон,

Билим билан халқни бошқарар шоён.

Олам ичра одам яралибди то,

Сиёсат юритар закий бехато.


Ўтган замонда ҳам бу пайтдан бурун,

Билимли мақоми сарбаланд ўрин.

Зеҳн билан барҳам топар бор иллат,

Билим билан ҳоли иллатдан миллат.

Буларсиз қилсанг иш, беҳуда билик,

Қиличга узатгил сен чандон илик.

Жумла эл сарвари билимдон киши,

Қилич билан битар билимсиз иши.

Заковати билан юрт соҳиби мард,

Билим билан элин бошқарар жўмард.

Иккиси билан шоҳ комил бўлади,

Булар бахти учун омил бўлади.

Азал-абад толе тилар бўлсанг сен,

Чораси эзгулик, қилар бўлсанг сен.

Беармон рўшнолик тиласанг ногоҳ,

Фақат эзгулик қил ҳамиша огоҳ.

Мангу яшай олмас ҳеч инсон зоти,

Қолар мангу фақат эзгулик оти.

Зотинг мангу эмас, отинг мангу, бас,

Отинг мангу бўлса, зотинг мангу, бас!