Бу кунги кеч Отабек билан Ҳомиднинг ҳаёт ва мамот масалаларини ўзининг қора қучоғиға олған қоронғи бир тун эди ва булардан қайси бирларининг сўнг соатлари етканлиги шу қоронғи тун каби қоронғи эди. Отабек бу икки ҳолдан табиъий бирисини бу соат ўзининг кўз ўнгида кўрар ва шунга ҳозирланар эди эса-да, аммо Ҳомиднинг хаёли фақат гулгина искар, гул сайрига ошиқинар эди... Олти қарич кенгликда узундан-узоқ тор кўча, тор кўча бошида кичкинагина бир эшикча эди. Шом билан хуфтан ўртасида бу кўча бошиға бир йигит келиб тўхтади-да, теварагига киши билмас қилиб разм солди. Кўчада ҳеч ким қолмаған, йўл оёғи босилған эди эса-да, ул узоққина қаршисидағи дарбоза ичларини, том устларини, девор рахналарини кузатди ва қаноат ҳосил этиб тор кўчага оҳиста-оҳиста йўл олди. Тор кўчанинг ярмисиға еткач, тўсатдан орқасиға қайрилиб қаради... Унинг ҳаракати бир нарсадан шубҳаланиб эмас, аммо орқадан душман таъқиби бўлмадими учун эди. Кичкина эшикча ёниға етканда тағин ҳалигидек орқасиға қараб қўйди. Бир оз ўйлаб тўхтағач, эшик-нинг ўнг томонидағи деворнинг бузуқ еридан секин-гина кўтарилиб майдонға мўралади. Эшикнинг қулф ва занжири бўлмай юзига ёпиқ ҳолда турған бўлса ҳам ул эшикка тақилмади, машаққатланиб деворга минди. Ой шом еб яхшиғина қоронғи тушкан бўлса ҳам майдон ичининг дарахтсизлиги учун тиккайган чўб ҳам ажратурлиқ эди. Майдонни кишидан холи билгач, секингина девордан ўзини майдонга олди. Майдон икки таноб кенгликда бўлиб, жануби қутидор ва қўшнисининг иморатлари орқасидан ва бошқа уч жиҳати ҳам шунга ўхшаш бинолардан иборат эди. Майдонга ёзда нимадир экилган, чуқур-чуқур жўяклар тортилған ва ер ёмғур билан ивиб, бўкиб оёқ кўтариб босишға имкон бермас, ҳар бир оёқ узғанда уч чорак лой баробар кўтарилур эди. Қийнала- қийнала майдоннинг жанубига ўтди. Унинг чап қўли томонида бир уйнинг орқа девори бир бўйра эни кесиб туширилган бўлиб қорайиб кўринар эди. Ул бу кесилган ўринни ўткан кун кечаси келиб кўриб кеткани учун қайтадан қараб турмади эса-да, лекин унинг бу биноға илтифотсиз қараши мумкин эмас эди. Бу теги кесилган бино Кумушнинг ўз уйи бўлиб, бу уй ичида Отабекнинг саодатлик кунларининг ширин хотиралари сақланар ва шу дақиқада ҳам унинг ҳаёт тираги бўлған Кумушбиби ўлтурар эди. Отабек кўзини тўлдириб биноға қаради, гўё бу қарашда ул дунё малаки билан видолашар эди. Узоққина биноға қараб олғач, қўйниға қўл солиб бир қоғоз олди, хаёл ичида қоғознинг тахларини тузиклади-да, қайтариб яна қўйниға тиқди. Шундан сўнг биноға яна бир кўз ташлағач, майдоннинг кунботариға юриб, ўн беш адимлаб ҳалиги жойдан йироқлашди. Том шувоғиға лой олинған зовур шекиллик ўринни кечаги келишида биқиниш учун белгулаб кеткан эди, келиб шунга тушди-да, қўлини чаккасига қўйиб ёни билан ётиб олди. Гарчи ости кесилган бино билан Отабек тушиб ётқан лойхона бир- бирисига рўбарў эди. Аммо иморатларнинг кўлагаси ва кечанинг ўтача қоронғилиғи орқасида лойхонада киши бўлғанлиғини пайқаш қийин эди.
* * *
Тун ярим бўлиб, олдинғи ухлағанлар энди бир уйқуни олған эдилар. Майдон эшиги очилди. Бири орқасидан бири юриб икки кўлага майдонга кирди. Буни пайқаған Отабек ханжарини қинидан чиқариб қўлиға ушлағач, юз тубан ерга узанди... Икки кўлага сўзсизгина ости кесилган бино ёниға келиб тўхтадилар. Келгучиларнинг бири Содиқ ва иккинчиси Мутал эди. Тумшуғини ерга тираб ётқан мушукдек бўлиб Отабек уларни кузатар эди. Тўхтағач, шивирлаб Содиқ сўради: — Тешилаёзғанмикин? — Озғина қолғандир, деб ўйлайман, негаки, пахсанинг энидан бир газ чамаси жой очилған! Мутал товшини баралла қўйиб сўзлар эди, шунинг учун Содиқ деди: — Товшингни секинроқ чиқарсанг-чи! Мутал белидан тешасини олар экан, унга жавоб берди: — Ҳали шундан ҳам қўрқасанми, балки ҳали ашуламни ҳам айтиб юборарман! — Жиннилиғингни қўй, Мутал ака! Мен ҳам ёнингда турайми? — Турасанми, йўқми — ихтиёр ўзингда! Мутал ковакка кириб ковлашка тутинди. — Тешани қаттиғ солма, — деди Содиқ. — Менга ўргатма, ўзим биламан. Содиқ Муталнинг эҳтиётсизлигидан қўрқди шекиллик, бир оз Муталнинг ишига қараб турғач, деди: — Бўлмаса, мен эшик ёниға бориб турай, тешилди дегунча ҳуштак бер. — Тузик, ҳали Ҳомид куявинг қаёғда қолди? — Кўчанинг бошида пойлаб ўлтургандир. Ҳуш-тагингни эшиткач, уни ҳам чақирайми? — Чақир, — деди Мутал ва шитир-шитир кесак тушира берди. Содиқ эшикдан чиқған ҳам эди, Отабек секингина бошини кўтарди-да, Мутал сари шувий бошлади. Мутал эса емирилиб тушкан кесакларни ташқариға суриш билан овора эди... Шу вақт унинг қўлтуғи остидан узатилған қўл ҳиқилдоғидан омбир каби сиқиб олди... Мутал кучли эди, аммо Отабек ундан ҳам кучлик эди. Сапчиб ҳиқилдоғини ажратиш учун бўлған Муталнинг биринчи ҳаракати бўшка кетди-да, чап биқиниға ўткир ханжар ғачча ботирилди... Аммо ул ҳамон бўшалишға кучанар эди ва кучли қўл баттарроқ уни сиқар эди. Уч дақиқалик курашдан сўнг Мутал бўшашди, илгариги кучанишлардан қолди ва бир-икки дафъа тўлғаниб жимгина жон берди. Отабек эшик томондан кўзини узмағани ҳолда Мутални судраб ўзи биқинған лойхонаға олиб борди ва қўрқибқина ҳиқилдоқдан қўлини олди. Муталнинг боши шилқ этиб лойхонаға тушди-да, мангулик уйқуга кетканлиги маълум бўлди... Отабек битта-битта тешилган бино ёниға келиб эшик томонға ҳуштак берди, жавоб ҳуштаги эшитилгач, тешук ичига кириб ўлтурди. Тешукнинг юқорисидан бир оз туйнук очилган бўлғани учун ичкаридан қулоққа енгилча пишиллаш эшитилар эди... Содиқ яқин еткан эди, кесмадан узоқроқда туриб шивирлади: — Тешдингми, Мутал? — Тешдим, бери кел. Содиқ кесма ёниға келиб энгашди. Энгашиши ҳамоно қўл ҳиқилдоққа тўғри келган эди ва ханжар қорниға ботирилган эди... Содиқ қўлидағи ханжарини бир-икки қайта солиб кўрса ҳам тегдириш учун кесманинг тубанлиғи халал берди, лекин ўзи тетук эди. Отабек сапчиб кесмадан чиқди ва бор кучи билан Содиқни босиб тушди... Босиб тушиши ҳамоно аллақайси ери ачишкандек сезилди... Сўл қўли Содиқнинг ҳиқил-доғида, ханжарлик қўли Содиқнинг ханжарлик қўлида эди... Бир оз кучини йиғиб олғач, ҳиқилдоқни бор кучи билан сиқа бошлади. Содиқ хириллар, шундай бўлса ҳам қўлидағи ханжарни бўшатмас эди. Эшик томондан Ҳомид ҳам кўриниб қолди... Вақт танг келган эди... Содиқнинг кўкрагини қочириб ханжарлик қўлини бўшатди ва Содиқнинг кўкрагига солди. Содиқнинг ханжари бир-икки қайта унинг орқасига кучсиз-кучсиз келиб теккан эди. Ханжарини иккинчи уришда Содиқ бўшашди ва қўлидан ханжари тушди. — Ҳомид акангга жуда ҳам меҳрибон экансан, Содиқ! — деди босиб ётқан жойидан Отабек. — Жонинг-ни ҳам унга қурбон қилдинг! Содиқ инграниб қўйди. — Ким хириллайдир? — деди яқинлашиб келган Ҳомид. — Тезроқ келинг, Ҳомид ака, Отабекни ўлдирдик! — деди шошиб Отабек. — Аҳ! — деб юриб келди Ҳомид. Отабек Содиқни қолдириб, Ҳомиднинг ханжарлик қўлини ушлаб олди: — Мутал ўлди. Содиқ ҳам ўлим ёқасида. Энда сиз билан иккимизгина қолдиқ! Ҳомид қўлини бўшатишка тиришар экан, Отабек салмоққина қилиб деди: — Ортиқча ошиқмангиз, Ҳомидбой, мен сизнинг ханжарлик қўлингизни бўшатаман ҳозир, аммо шунгача сиз билан икки оғиз сўзим бор! Ҳомид ҳануз қўлини бўшатишға кучанар эди. — Кучанмангиз, Ҳомидбой! — Мард йигит бўлсанг, қўлимни қўй! — Ошиқма, қўяман, — деди Отабек. Шу чоқда оёғ остида ётқан Содиқ кўтарилиб-кўтарилиб ўзини от-моқда эди. Отабек Содиқдан нарироққа Ҳомидни бошлади. Ҳомид тиғизлиқ билан сурилди. Ханжарлик қўли билан туйнукка ишорат қилиб, Отабек сўз бошлади: — Сиз мендан ҳам яхшироқ биласизки, шу уйда сизни аллақанча машаққатларға солған, чексиз жони-ворлиқлар ишлаткан ва ҳисобсиз тиллалар тўкдирган, ниҳо-ят, шу дақиқаға келтириб тўхтатқан бирав ухлайдир. Агарда сизнинг маним тилимдан ёзиб берган талоқ хатингиз дуруст ҳисобланмаса, бу ухлағучи маним ҳалол рафиқам бўлиб, икки йилдан бери мен ҳам унинг кўйида саргардонман. Демак, сиз билан манинг орамизда шу бирав учун кураш борадир. Лекин сиз шу чоққача маним устимдан муваффақият қозониб келдингиз: қора чопончи, деб дор остилариғача олиб бордингиз, Мусулмонқул қўлиға топширдингиз, бу ишларингиз фойдасиз чиқғач, исмимдан талоқнома ёзиб, икки йиллаб рафиқамдан айириб туришка муваффақ бўлдингиз, бу орада гуноҳсиз бир йигитни ҳам ўлдирдингиз. Ниҳоят, ўғрилиқ йўлиға тушиб икки йигитингизни маним қўлимда ҳалок қилдингиз... Энди менга жавоб берингиз-чи: бу ёмонлиқларингизда сиз ҳақлими эдингиз? — Ҳақли эдим! — деди Ҳомид ва силтаб ханжарлик қўлини бўшатиб чалқанча йиқилди. Ул қўлини бўшатқан чоқдаёқ Отабек ишини тўғрилаған, яъни Ҳомиднинг қорнини шир этдириб ёриб юборған эди. Ҳомид ҳолсизланиб ётар экан, уни беш қадам наридан кузатиб тек турғучи Отабек заҳарханда ичида «ҳақлими эдинг?» деб сўради. Кучаниб «ҳақли эдим!» деди Ҳомид ва қўлидағи ханжарни Отабекка отди, ханжар Отабекнинг ёниға келиб тушди... Отабек кушхона ўрнидан эшикка қараб қўзғалған эди, Ҳомиддан беш-олти қадам нарида ётқан Содиқнинг «ҳммм» деган товши эшитилди. Отабек кўнгли алланечуклангани ҳолда майдондан чиқди...
|