Қутидорнинг Тошканддан ёлғиз қайтиб келиши Кумушни анча энтикдирган эди. Аммо Отабекка воқиъ бўлған узр масаласи бир қадар уни тинчитди. Ишонар-ишонмас шубҳа ва васвасалардан бир оз ариди: «Ул мени унутмаган, ваъдалари чин, сўзлари тўғри... Ул ҳам мени суяр экан...» деб бурунғи одати билан гоҳи эри-нинг йўлиға чиқиб кутмакка ҳам бошлади. Отасининг келишининг саккизинчи куни эди. Ул бу кечаси кўрган баъзи бир тушларини унинг бу кун ке-лишига йўйди-да, эрталабдан туриб сочларини ешди. Сочлари орасидағи чигилларини диққат билан тараб, жом ёниға ўлтурди. Унинг нафис қора сочлари орқа-ўнгига тўзғиб ажиб бир манзара бердилар. Сочини қатиқлаб ва совунлаб ювгач, онасидан иккита қилиб ўрдирди. Офтоб ойимнинг: «Нега қирқ кокил қилмайсан?» деб сўрашиға: «Қизингиз энди қизлик давридан ўтиб, келинлик даврига кирди. Қизингизнинг мундан сўнг куявингиздан бошқа совчилари ҳам йўқ», деб кулди. Аммо бу икки ўрим соч қирқ кокилига қарағанда жуда ҳам ўзига келишиб тушиб, унга яна бир қайта улуғворлиқ ва олийлиқ бағишладилар. Сочини ўрдирғандан кейин уйига кирди-да, ки-йимлар тахланган тоқча ёниға тўхтади. Равоқлиқ тоқчада унинг ўн беш чамалиқ асл кўйнаклари уюлган эди. Сариқ рупоҳ атласини кийишка чоғлаб кўрган бўлсада, бироқ кўйнакни олған ерида бу фикридан қайтди. Қизилни... кўкни... олма гуллини... қисқаси қайси бирисини кийишка тараддудланди. Кўйнаклар ичида ўзига ярашмайдирғани йўқ: оқ олма учун барги ҳам, гули ҳам бир... Унинг ўзига сариқ атлас хуш келсада, бироқ ҳозир ўз хоҳишини бир ёққа қўятуриб Отабек кўнглича кийинишка қарор берди. Чунки Отабек кўпинча қора кўйнак кийишка қистар эди. Совсар гули қора атлас кўйнагини кийиб, бошиға зангор шоҳи рўймолини солди ва марварид кўзлик кичкина олтун ҳалқани қутидан олиб қулоғиға тақди. Шу соддагина ясанишдан сўнг, иккинчи тоқчада тироғлиқ турған кўзги ёниға борди. Кўзги ичидан тўзғиб, чувалиб кўринган соч толала-рини тўғрилаб ўзини кузатди. Кўзги ичидан кўринган малак ўз эгасини ҳам кайфландириб секингина илжайиб қўйган эди, нариги ёқдағи фитнаи даврон ҳам садафдек оқ тишларини ёқут каби иринлари орасидан кўрсаткандек бўлди. Бу ҳуснга оталиқ вазифасини ўтағандек кўринган латиф бурни ёнидағи қора холини табиийлиғиға ишонмағандек қашиб кўрди ва кўзги ёнидан жўнади. Жўнар экан, «...чиройлик бўлса ҳам меникидек холи йўқдир», деб кўнглидан кечирди. Кечки олов вақтида ташқари ҳовлисида у-буга овора бўлиб юрар эди. Бу кунги кўрган туши уни ортиқ ишонтирган, шунинг учун Тўйбеканинг ташқари ҳавли-да қиладирған юмишини ҳам ўзи бажармоқда, Тўйбекадан сув сепдириб ўзи ер супурар экан, қулоқ-лари йўлак томондан эшитиладирган оёқ товушларида эди. Ҳавлидаги икир-чикир ишларни тамомлағач, айвоннинг олдиға ўлтуриб тузатинди, тузатинар экан йўлакдан юриб келмакда бўлған бир оёқ товшини эшитиб юраги нима учундир ошиқиниб-шопириниб кетди. Оёқ товши ичкарига яқинлаған сайин ул ўзида титроқ аралаш бир ҳол сезар эди. Ниҳоят, йўлакдаги оёқ товши тугалиб, Кумуш кутмаган жойда паранжилик бир хотин келиб чиқди. Кумуш узоқ бир энтикиб қўйди. Хотин Кумушка қараб келар эди. Ул ердан бичиб олғандек пак-пакана, бурни юзи билан баробар деярлик теп-текис, кўзи қоққан қозиқ ўрнидек чуп-чуқур, оғзи қулоғи билан қошиқ солишар даражада жуда катта, юзи қирқ йиллик оғриқларникидек сап-сариқ, қирқ беш ёшлар чамасида бир хотин эди. Кумушбиби ўзига томон келгучи бу даҳшатлик хотинни умрида биринчи мартаба кўрар эди. «Нима қилиб юрибти бу оч арвоҳ!» деб ўйлади. Хотин ўн адимлаб узоқдан юзига совуқ ва тушда қўрқарлиқ бир кулги туси берди. Димоғи билан «қих» этиб қўйди. — Хи-хи-хи, айланай сиздан, пошша қиз! Мирзакаримбойнинг ҳавлилари шуми? — деб сўради. Кумуш «шу» жавобини бергандан сўнг ўзи билан кўришмакчи бўлған бу хотин олдиға икки адим юриб тилар-тиламас елкасини тутди. Унинг тўғри мавзун қоматига ердан бичиб олинған мудҳиш хотиннинг қўллари зўрға етди-да, «есонмисиз, пошша қиз» деб сўрашди. Хотин паранжаси билан айвоннинг олдиға ўлтуриб олғач, «уфф» деб чайқалди ва «анча йўл экан, тинкаларим қуриб кетди-я?» деб шикоятланди. — Мирзакаримбойнинг ҳавлилари аниқ шуми? — Шу. — Сиз кимлари бўласиз бойнинг? — Мен, қизлари. — Қих... сизга берсам ҳам бўлар экан, — деди хотин ва ёнчиғидан бир хат чиқарди. — Ўғлим Тошканд билан Марғилон орасида қатнаб олиқ-сотиқ қиладир. Бу гал Тошканддан қайтишида бирав унга шу хатни бериб, Мирзакаримбойнинг ҳавлиларига тез еткузиб берасиз, деб илтимос қилибдир. Қих, хи-хи, айланай сиздан пошша қиз, қих... Махтанғулиқ бўлмасин, ўғлим ҳам ўзимга ўхшаш биравнинг хизмати йўлида ўлиб қутиладир: бу кун туш вақтида Тошканддан келди-да, онаси билан сўрашишни ҳам билмай шу хатни қўлимға тутқизди. «Жон она, ўзим йўлда жуда уриниб келдим, санга адабсизлик бўлса ҳам даррав Мирзакаримбойникини сўроғлаб шуни элтиб бер, бергувчи тез берасиз деб ўтинган эди», деди. Мен ҳам кўнгилчангман, айланай пошша қиз, касалдан яқинда турганим учун бир қадам босишға тоқатим бўлмаса ҳам савобдан қуруқ қолмайин, деб сургала-сургала ҳавлингизни сўроғлай- сўроғлай топқунимча ўлиб бўлдим... қих... — деди. Кумуш хатни хотиннинг қўлидан олиб раҳмат айтди ва хатнинг унвонига кўз ташлади: «Марғилон шаҳрида сокин Мирзакарим қутидор ҳавлисиға». — Янглишмабсиз, ойи. — Нега янглишай айланай сиздан, пошша қиз. Улуғ даргоҳларингизни кўчадаги ҳар ким билар экан, — деди хотин ва ялтоқланиб ўрнидан турди. — Энди мен кетақолай, болағинам йўлдан оч келиб, бир қошиқ иссиққа зориқиб ўлтургандир. — Ичкарига киринг, чой қайнатайлиқ. — Раҳмат, пошша қиз. Анчон ичармиз чой бўлса... қих. Бир кўрган билиш, икки кўрган таниш, дейдирлар... Кумушбиби хотинни ортиқча қистаб ўлтурмадида, йўлаккача кузатиб борди. Хотин йўлакка бурилар экан қайрилиб тўхтади: — Бу дунёда шунақа ҳожат чиқаришлардан топқанмиз, агар Тошкандгами, Қўқонғами отан- гизнинг хат-патлари бўлса ўғлим бажонудил олиб кетади. Шу ўрталарға келиб қолсам хабар олиб ўтайми? — деб сўради. Кумушнинг «йўқ» дейишка оғзи бормай «майлингиз, оғир келмаса» деб жавоб берди. Хотин йўлакка бурилди. Кумуш айвон томонға қайтар экан ошиқиб хатни очти. Хат кичикроқ қоғозда ўлчавлик сўзлардан иборат эди. «Кумушбиби бинти Мирзакаримбойга — завжи тошкандлик Отабек Юсуфбек ҳожи ўғлидан. Отангиз Тошкандда экан вақтида мен бу ишни очмоққа оғирсинған, тўғриси уялған эдим. Маълумингиз Тошканддан уйланганимдан сўнг ёлғиз бошимға ҳам Тошканддан, ҳам Марғилондан икки хотин ушлаб туриш оғирлиқ қила бошлади. Шунинг учун бу икки хотиннинг бирисидан кечишка тўғри келиб, ниҳоят турмишим учун енгил ва орзумга мувофиқ бўлған бир нарсага қарор бердим. Ул ҳам тошкандлик хотиним билангина қолиб, сизни талоқ қилиш эди. Мактубни олған кунингиздан бошлаб ўзингизни мендан бегона ва никоҳимдан ташқари ҳисобласангиз бўладир. Маним бу талоқ хатимни албатта шариат пешволари шаръий ҳисоблаб иддангиз битиш билан сизга бошқа эр қилмоққа ихтиёр берсалар керак. Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли. 13-инчи жавзо, 1265-инчи йил, Тошканд». ...Ул бу мактубни ўзининг сўнг томчи кучи билан ўқуб тамом қилди-да, жонсўз бир товуш ила «уятсиз!» деб қичқирди ва ерга йиқилиб ўзидан кетди... Йиқилишда қўлидан чиқған қоғоз парчаси шамол билан учиб бориб боши ёниға тушди. Йўлак панасидан мудҳиш башара чиқиб бир-икки қайта унга кулиб қарағач, йўқолди... Бозордан қайтқан қутидор ерда ҳушсиз ётқан қизи устига даҳшат ичида югуриб келди. Чаккасини зах ерга бериб йиқилған ва кесак каби ҳиссиз қизини жон ҳолатда қучоғиға олди. «Қизим... Кумуш... кўзингни оч!» Аммо Кумушдан жавоб йўқ эди. Даҳшати юз даража ортқан ҳолда Кумушни кўтариб олиб ичкарига юрди. Уйда Офтоб ойим билан Тўйбека қийчув қўпордилар. Айвонға ётқизған бўлсалар ҳам Кумушни ўзига келтириш чорасини билмай, тўғриси нима чора кўришни эслари топмас эди. Баракат берсинки, эси ярим бўлса ҳам Тўйбека умрида биринчи иш қилди: совуқ сув келтириб Кумушнинг манглай ва кўксига сепкан эди, сесканиб ўзига келди. Ҳушдан ажралаёзған бечоралар бу ҳолдан сўнг бир оз жонланғандек бўлдилар. Кумушни совуқ тер босиб бир неча вақт жим ётди, шундан кейин оҳистағина ўнгланиб ётиб олғач, кўзини очди. — Нима бўлди қизим, кўзингга бир нарса кўрин-дими? Кумуш кўзини юмди-да, энтикиб қўйди. Жавоб бермади. Бу савол отаси томонидан ҳам берилгандан сўнг: — Мени ташқаридан ким олиб келди? — деб сўради. — Мен, қизим! — Ёнимда ҳеч нарса кўрмадингизми? Қутидор бу саволдан бошқа гап тушунди: — Йўқ, қизим, сен ўзинг ёлғиз ётар эдинг. — Шундоқ ё... — деди. Сўзининг сўнгғини айталмади. — Гапур, гапур, қизим. — Ёнимда бир хат бор эди... мени бу ҳолға қўйғучи шу хатдир, — деди, бу сўзни ниҳоятда кучланиб айтди. Вақт хуфтанга яқинлашған эди. Қизининг ҳалиги жавоби билан сабрсизликка тушкан қутидор қўлиға шамъ олиб ташқариға чиқди ва ердан хатни олди. Қизини бунчалик фалокатка солған хатни олған еридан қўзғалмаёқ ўқуб чиқди. Хат ҳақиқатан жонсўз эди. Қутидорнинг ҳам оз қолдиким, ҳуши бошидан учсин... Сўнг чекда хўрланған ва фавқулодда чайқалған юраги билан ихтиёрсиз «маккор, инсофсиз!» деди. Кўз ўнглари қоронғуланиб бир неча вақт серрайганча қолди. Яна «яхшилиқни билмаган ҳаромзода» деб қўйди. Боя бу хатдан хабарсиз эди. Энди қизининг олдиға кириб, унинг бетига қараш унга жуда ҳам оғирлашқан, чунки бу фожиъанинг бош омили деб ўзини таниған эди. Бориб айвоннинг олдиға ўлтурди ва бошини қўллари орасиға олди. Бу хўрлик, бу одатдан ташқари уятсизлик бечора қутидорни жуда эзган; нима қилмоқға, хўрланған, таҳқир этилган қизини не йўсунда юпатишка, бу қора кунларни қандоғ қилиб ўтказишка билмас эди. Шу ҳолда не вақтғачадир қолди. Эрининг кечикишидан хавфка тушиб, Офтоб ойим унинг ёниға чиққанда ҳам ул бояғи ҳолда эди. Еру хотин қизларининг ёниға кирдилар-да, унинг оёқ томониға ўтиб секин-секин ўлтуришдилар. Анчагина бир-биларига қарашиб қолғач, Офтоб ойим олған таассуротини ичига ютаберишка чидалмади-да, ёғмурдек кўз ёшини тўка берди. Қутидор ҳам хотинини кутиб тургандек кўз ёшлари билан соқолини ювмакка олди. Кўзи юмуқ бўлса ҳам уларнинг ҳозирги ҳолларини сезиб ётған Кумушнингда қайнаб чиқған кўз ёшлари икки чаккасидан ёстиқға оқиб туша бошлади. Шу чоқда на учундир тоқчада ёниб турған шамъ ҳам лип-лип қилди-да, ўчди... Шунинг ила бу ҳавлини чин маъноси билан қоронғулиқ босди.
* * *
Бу воқиъанинг учунчи куни Кумушбиби йиллаб ётғучи оғриқлардек сарғайиб озған, эндигина ғунчадан чиқаёзган бу ёсиман гулни хоин қўлларнинг заҳри сўлиткан, фасод ўчоғининг уятсиз муфсидлари ҳусн боғининг бу янги эркасини ишонған ва кўз тиккан жиҳати исмидан таҳқир қилдириб умидсиз бир вужуд ёки жонсиз бир ҳайкал ҳолиға қўйған эдилар. Унинг кўзларида доимий бир маъюсият, аримас бир ҳузн, ҳар онда бир энтикиб чайқалиш эди. Офтоб ойим ҳам сўнг чекда хўрланған эса-да, лекин унга бу хўрлиқдан бурун у-бу билан қизини овитиш, унинг кўнглини очиб бу совуқ, уят гапни унутдириш, ҳар ҳолда кўзининг оқу қораси бўлған Кумушни бирар касалга чалинмаслиғи йўлида тиришиш муҳимроқ эди. Ва икки гапнинг бирида «Ортиқ ўйлама, қизим... Эсингдан чиқар, энди хафа бўлғанинг билан сира фойдаси йўқ», дер эди. Кумуш бўлса ҳушсизларча онасининг оғзиға ағраяр ва ҳар қачон маъюс эди. Кумушнинг бу ҳоли бечора онанинг юрагини узар, юз хил васвасаларга солар эди. — Кумуш, — деди Офтоб ойим тушлик чойдан ке-йин, — қайтаға тоғангникига бориб келмаймизми? — Нима қиламиз тоғамникида? — Нима қилар эдик. Ўйнаб куламиз, қайғуларингни кўчага ташлаймиз. Кумуш онасининг сўзига нима учундир кулди ва «майли» деди. — Тур бўлмаса, юз-қўлингни ювиб отлан, худо ўлим берсин уятсиз эрингга. Кумуш мулойимғина қилиб онасиға қараб олди. Ўрнидан туриб Тўйбека ҳозирлаб берган обдаста ёниға ювиниш учун ўлтурди. Улар тамоман йўлға ҳозирланған эдилар, йўлак томондан ўткан кун хат келтирган хотин кўринди. Кумушнинг кўзига бу хотин офат каби кўринса ҳам, аммо иккинчи тарафдан ул сўйинди. Онасини келгучи хотин билан танишдириб, ким бўлғанлиғини сўзлади. — Хи-хи, айланай бойвуччалардан... Шундоғ қи-зимникига ўткан эдим, қих... алваъддайн, деб йўл устидан бурилиб кирдим... деб пучуқ хотин сўзланиб келар эди. Она-бола қўлға олған паранжини ерга қўйишға мажбур бўлдилар. Хотин Кумуш билан кўришкач, ачинғансумон сўради: — Ҳа, айланай, пошша қиз, сизга нима бўлди, жуда ўзингизни олдириб қўйибсиз? Пучуққа жой кўрсатиб, Офтоб ойим жавоб берди: — Бир-икки кундан бери тоби йўқ. — Худой сақласин, худой сақласин, — деди хотин, — қих... бевақт келиб сизларни йўлдан тўхтатдимми... хайр, худо синглимни ёмон кўздан асрасин, — деб фотиҳа ўқуди. — Хуш келибсиз, — деди Офтоб ойим... — Хушвақт бўлинглар, айланай, қих... — деди хотин ва Кумушка қараб давом этди, — анув кунги сўзингиз билан йўлдан қайрилиб кирган эдим. Эртага ўғлим Тошканд жўнамоқчи, отангизнинг хат-патлари бўлса... қих. Кумуш жавоб бериш ўрнига онасиға қаради. Қизининг қарашидағи маънога тушунган Офтоб ойим «юборатурған хатимиз йўқдир», деб жавоб беди. Бу сўз билан пучуқ хотин ғилт этиб Кумушка қараб қўйди. Кумуш онасини унга хабарсиз кўрсатиб жавоб берди: — Отамнинг хатлари йўқ, меники бор, озғина кутишка вақтингиз бўлса, ёзиб берар эдим. Пучуқнинг келишидан мақсади фақат шу ёзиб бериладирган хатгина эди. Кумушнинг ўтинчи унга мой каби ёқиб тушди: — Ёзиб беринг айланай, пошша қиз, боратурған жойимдан кечиксам-да, савоби бор-ку, қих... — деди. Кумуш хотиндан миннатдор бўлиб уйига хат ёзиш учун кирди.
* * *
Юқорида Отабек томонидан олинған мактубнинг ҳақиқати мана шу йўсун хиёнатнинг натижаси эдиким, биз энди хиёнат қаҳрамонлари билан ўқуғучини танишдирамиз.
|