Аркони давлат йиғилиб, Худоёр тахтига минган, Мусулмонқул хон бўлмаса ҳам хонлиқдан-да юқори бир кучка молик бўлған сиёсат курсисига ўлтирган эди. Бошлаб оталиқ кириб хонға салом берди ва унинг ҳақиға узун дуо қилиб чиқди. Оталиқдан сўнг ўзга аъён бирма-бир кириб, дуо қилиб чиқа бошладилар. Дуохонларнинг энг сўнғида худайчи кўринди, салом ва дуодан кейин юзини Мусулмонқулға ўгириб: — Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбеги ҳузури олийлариға кириш учун изн сўрайдир! — деди. Ҳамма фикри зикри Ўтаббой устидагина қолған Мусулмонқул бу хабарни эшитиш билан кучлик бир тин олиб ҳудайчига қаради: — Ёлғиз ўзими ёки ёнида кишилари ҳам борми? — деб сўради. Ҳудайчи яна бир қуллиқ қилди: — Ўн чоғлиқ яроғлиқ йигитлари ҳам бор. — Тағин-чи? Яроғсиз яна бир йигит ҳам кўринди. — Ўтаббойнинг ўзини ҳузуримизга киргиз, — деди Мусулмонқул, қуллиқ қилиб чиқа бошлаған ҳудайчини яна тўхтатиб сўради: — Ўтаббойнинг йигитлари ўрда-нинг ташқарисидами, ичкарисида? — Тақсир, ичкарисида. — Яхши, қушбеги бизнинг ёнға киргандан сўнг ўрда йигитлари уларга ҳозир бўлсинлар! Ҳудайчи қуллиқ қилиб чиқди. Унинг кетидан Мусулмонқул товшиға музаффарият оҳанги бериб хонға деди: — Ўғриларнинг иккиси қопқонга тушди, хон! — Толеъимиз. Қушбеги кирди. Хонға икки букилиб таъзим қилғач, келиб унинг қўлини ўпди. Ўтаббойнинг мулоқоти учун Мусулмонқул ҳам гўё ҳеч нарса кўрмагандек ўрнидан туриб унинг билан қучоқлашиб кўришди. Ўтабой Мусулмонқулнинг кўрсатиши билан хоннинг чап томонидағи курсига ўлтурди. Ул Мусулмонқулнинг самимий мулоқотидан қўрқувлиқ юрагини бир қадар тўхтатиб олған эди. Курсидан яна туриб хонға қуллиқ қилиб боз ўлтурди. Мусулмонқул қушбегини ер тегидан кузатар экан сўради: — Юртларингиз тинчлиқми, ўзингиз ҳам соғ-мисиз? — Алҳамдуллиллоҳ, ёш шоҳимизнинг давлатлари ва ҳусни таважжуҳлари соясида юртимиз тинчлиқ, фуқаромиз жавоби олийнинг дуойи жонлари билан машғуллар. Худоёр озғина ишорат билан унга ташаккур бил-дирди. Бунга қарши қушбеги курсидан қўзғалиб қуллиқ қилди. Мусулмонқул муртини силаб ниманингдир мулоҳа-засида эди. Унинг бу ҳоли бирар дақиқаға чўзилғанлиқдан Худоёр билан қушбеги унинг оғзиға тикилган эдилар. — Сизнинг хабарингиз бўлдими, йўқми биз Тош-канд устига юборған Нормуҳаммад қушбегидан жуда ярамас бир хабар олдиқ, — деб Мусулмонқул Ўтаббойга қаради, ундан хабарсизлик жавобини олғач, сўзида давом этти; — Нормуҳаммад қушбеги уч минг сипоҳ билан етмиш кун Тошкандни қамаб ётиб, ниҳоят бир иш чиқара олмай одамлари билан қайтмоққа мажбур бўлибдир. Азизбек билан Юсуфбек ҳожиларнинг азтаҳидил қаршилиқлари бизнинг кишиларни қуруқ қайтаришға мажбур қилибдир. Мана шунинг учун мундан кейин бизнинг бошқа бир йўл билан иш кўрмагимиз тақозо қиладир... Кеча биз кимдандир Юсуфбек ҳожининг ўғли бўлған Отабек деганни сизнинг Марғилонда деб эшитдик. Мундан сўнгғи Тошканд тўғрисида кўрадирган тадбирларимиз учун унинг кераги бўлур, деб ўйлаб сиз билан бирга уни ҳузуримизга чақирған эдик... — Бу жойда қушбеги Мусулмонқулни тўхтатди-да, кулди, сўнгра Худоёрға деди: — Отабек устида анча можаролар бўлиб ўтди. Бунинг ҳикояси узун, алҳол мингбошининг раъйларини эшитайлик... давом қилингизчи. — Отабек ўзингиз билан биргами? — деб сўради Му-сулмонқул, биргалик жавобини олиб, тамом хотиржамъ бўлған ҳолда давом этди: — Юқорида айтканимдек минбаъд тадбир йўли билан Азизбекни йўқотишдан бошқа чорамиз йўқдир. Бизнинг бу кейинги режамиз йўлида иш берадирган киши бўлса ул ҳам менга қолса шу Отабек бўлур. Чунки бошқаларға қарағанда унинг Тошканд бориши ва Азизбекнинг яқин одами-нинг ўғли бўлғани учун унинг билан алоқада бўлиши, заҳар бериш ва ё бошқача бир йўл билан уни орадан кўтара олиши, унга энг қулай бир ишдир. Оғриқнинг тузаласи келса эмчи ўз оёғи билан келур, деганларидек, Отабекни Марғилонда бўлиш хабарини эшитиб хон билан мен жуда қувонишдиқ... мана сизни чақиришдан бўлған мақсадимиз шудир. Яна сизнинг бу ҳақдағи раъйингиз нима бўлса эшитамиз. Мусулмонқулнинг бу сўзларига Ўтаббой қушбеги тамом ишонған, аммо Худоёр эрса унинг илгариги мақсадини яхши билганликдан бу сўнгғи гаплар билан ниҳоятда тараддудга тушкан эди. Тўғриси ҳам Мусул-монқулнинг бу кейинги гапи кишини мутараддид қилмай қўймас эди. — Бу фикрингиз менимча ҳам маъқул, — деди қушбеги, — аммо бунда бир гап бор, ул ҳам: Отабек бу вазифани ўз бўйнига оладими, йўқми масаласидир. Чунки Отабекнинг Азизбек тарафдори бўлғанлиғига шу ўртада ўзим тегширган бир иш мени шубҳага тушурадир. Шундоғки, мундан йигирма беш кунлар илгари, қўрбошимнинг хабар бериши билан Азизбек тарафидан Марғилонда тўполон чиқарғали келгандир, деб ўйлаб, ёнидағи бир неча кишилари билан зиндонга солдирдим. Унинг Юсуфбек ҳожининг ўғли бўлиши ҳам ўша мулоҳазамнинг тўғрилиғига мени ишонтирар эди. Яна қўрбошиға Отабек устидан шикоят қилғучининг шаҳодати билан бу шубҳамга ишониб, мундан беш кун илгари Отабек билан унинг қайин отаси Мирзакарим деган марғилонликни ўлим жазосига ҳукм қилдим. Гуноҳ-корларни дор остиға олиб кетканларига бир мунча фурсат ўткан эди, маҳкамага бир хотин ҳозир бўлиб, қўлимга бир мактуб берди. Ўқуб қарасам, Азизбек Тошкандда Қўқонға қарши исён чиқармоғи бўлиб юрган фурсатда Юсуфбек ҳожи томонидан ўғли Отабекка ёзилған бир мактуб бўлиб маним қўл, оёғимни бўшашдирди. Чунки бу мактуб Юсуфбек ҳожининг Азизбекка тамомдан қарши бир киши бўлғанлиғини онглатар эди. Гуноҳкорларни дор остидан қайтаришға мажбур бўлдим. Мен фақат шу мактуб далолатига бовар қилиб, гуноҳкор-ларни бўшата бермай, қўлимдан келганча яна текшириб тергадим. Отабекнинг сўзлари кишини тамом ишонтирарлиқ даражада мактубга мувофиқ эди. Шундоғ бўлса ҳам фақат Мирзакаримни озод қилиб, кейинги тергашлар тамом бўлғунчалиқ Отабекни кафилга бердим. Ўзининг бирор адовати учун бундай гапларни қўзғатиб юрган бўлмасин, деб ҳалиги менга шаҳодат берганни ушлаб Отабек ва бошқалар билан юзлашдирмоқчи бўлганимда нима сабабдандир ул қочди. Шу кунгача уни топиб бўлмади. Мунинг қочиши гарчи бу шаҳодатнинг бирар адоват юзасидан бўлған сиъоят эканини онглатар эди эрса ҳам мен яна ҳануз Отабекни кафолатда сақлар эдимки, жаноби олийдан бу хабар етди. Дарҳол Отабекни йигитлардан ўратиб саодатхонаи шаҳаншоҳига жўнадим. Отабекнинг Марғилон можароси шундан иборат бўлиб, манимча Отабек устида ҳали шундай терговлар бораётқан бир вақтда унга бундоғ жавобгарлик вазифани топшириш қалай бўларикин, дейман... Мусулмонқулдек маккор тулкининг ўйлағанларини қушбегининг тўғри сўзлари ост-уст қилиб, унинг Ўтаббой тўғрисидағи суи занлари бир мунча озайиб тушди. Аммо Мусулмонқулнинг икки киши устига йўналган қаҳру ғазаби ўзининг борлиқ даҳшати билан фақат Ойбек устига тикилди ва Тошканд қўрғонлари остида қурбон бўлған сипоҳларининг қонини Азизбекнинг ўнг қўли бўлғаннинг ўғлидан олмоқчи бўлди. — Юсуфбек ҳожининг мактуби ёнингиздадир? — Тақсир, — деди қушбеги, мактубни олиб Мусул-монқулға узатди. Мусулмонқул ўнда- сўнда мактубга кўз югуртириб чиқди-да, заҳарханда ичида Ўтаббойға қаради: — Юсуфбек ҳожининг қурған ҳийлаларига тушун-магучи эҳтимол Марғилондан топилмағандур! У тулки ўз ўғлини Марғилонда тўполон чиқариш учун, деб юборишидаёқ ҳар бир эҳтимолга қарши бу мактубни ёзиб берган, бунга Марғилон калваклари тушунмасалар ҳам биз тушуна оламиз! — деди ва мағрур бир тусда Худоёрға қараб қўйди. Қушбеги унинг бу истеҳзосини ютишка мажбур эди. Чунки озғина тилдан тойса ўзи-нинг ҳам Отабек қаторига киритилишини яхши онглар эди. Сукут қилди: — Ҳудайчи! — Қулингиз! — Ҳалиги қушбеги билан бирга келган йигитни ҳузуримизға ҳозирла! Мусулмонқулнинг апти ортиқ даҳшатлик бир ҳолга кирган, тахт устига қўндирилған жонлик Худоёр ҳайкал ҳам сукутда, ўзининг нима бўлишиға тушунмаган Ўтаббой ҳам борлиқ, йўқлиқ ҳолатда... Отабек ҳудайчи орқасидан кириб хонға таъзим қилди ва қўл боғлаб тўхтади. Отабек Мусулмонқул отини, унинг йиртқичлиғини яхши билса ҳам, аммо шахсан ўзини кўрмаган, шунинг учун хоннинг ёнидағи хоқонға илтифот этмади. Унинг бу илтифотсизлиги Мусул- монқулға асарсиз қолмади-да, аччиғи устига аччиғ, кек устига кек қўшилди ва шулар ичида ясалиб чиқған бир истеҳзо илжайиши ва бир товуш билан: — Манга қаранг, бек йигит, — деди. Отабек ўзига қарағач: — Сиз ким бўласиз? — деб сўради. Ул ҳануз бояғи масхара ҳолатда эди. — Мен Отабек. — Дунёда Отабекдан кўпи борми, сиз қандай Отабек? — Отабек Юсуфбек ҳожи ўғли. — Ҳа-а-а, шундоғ денг-чи... Тошкандлик Юсуфбек ҳожиким, Азизбегимизнинг гумаштаси бўлған зоти шарифнинг ўғиллари? Отабек бу чўлтоғ супургини таниди ва унинг истеҳ-золарини пайқади. У бундан сўнгғи кўргулигини тамом маъноси билан онглаб, маъносиз бу саволларга жавоб бериб ўлтуришдан сукутни хайрлик топди. Гўё ўзининг бу сукути билан Мусулмонқулға маънолик бир жавобни ифода қилар эди. Чиндан ҳам Мусулмонқул бу сукутдан таҳқирланди, тутуни кўкка кўтарилар экан бақирди: — Нега жавоб бермайсан?! — Сиз мени қандай таниған бўлсангиз-бўлингиз, мен ўшандоғ кишининг ўғли, — деди бек. — Мен билан отам сиз билан қушбегига бир неча турлик бўлиб танилсақла, ўз виждонимиз олдида бир турликкинадирмиз! Шунинг учун сиз тилаган тарафингизга ҳукм қилингизда, буйруғингизни бераверингиз! Мусулмонқулнинг юзидаги бояғи аччиғлар ерини бир завқланиш вазияти олди. Кулимсираш ичида Отабекни кузатар экан: — Дав юрагинг бор экан, йигит... Ҳайфки, гуноҳинг бўйнингда, — деди ва чақирди: — Жаллод! Ешик ёнида кутиб турган ойболталиқлар ҳаракатландилар: — Ханжаримиз қонсираған! Жаллодларнинг олдида кирган ҳудайчи хонға арз қилди: — Тошканддан бир чопар бор, ҳузурингизга кириш учун изн сўрайдир! Худоёр Мусулмонқулға қаради. Мусулмонқул эрса Отабекни жаллодга топшириш учун ўнгланған тилини қисишға мажбур бўлди. — Кирсин! — деди ва ўзидан амр кутиб турган жаллодларга: — Бир оздан сўнг, — деди, чиқиб турмоққа ишорат қилди. Негаки, чопарнинг Тошканддан бўлиши бу ҳукмда бир оз шошмаслиқни истар, чопар воситаси билан ҳам бу ҳукм эҳтимол ҳақлик бир ҳукм бўлиб чиқар ва Мусулмонқул ҳам лоақал ўз умрида бир мартаба бўлса-да, ўринлиқ қон тўккан бўлар эди. Отабек гарангсигансумон деворга суянган, мундаги аллақандай маъноларни онглатқан тахт, тож, хон, бек каби лаш-лушлар унинг кўз ўнгида қора пуллик қадру қийматсиз... Тўғриси ул ажиб бир табиъатка кирган, унинг вужуди қуруқ ва ҳиссиз... Йўқ, ул сезса-да, билса-да, гўё оёғ, қўли боғланиб бўғизланишга ҳозир-ланган бир қўй каби қайралаётган пичоққа бутунлай парвосиз, қўрқувсиз томоша қилар эди. Бу турмиш, бу ҳокимият, чеки кўринмаган бу қоронғилиқ... унинг учур сира қизиқарлиқ эмаслар: ул йўқ эди — тинч эди, ул келди — тинчимади, ул яна йўқ бўлса эҳтимол яна тинчир эди. Мана шунинг учун ҳам ул безрайган эди. Фақат... фақат шу турмишдаги биравгина унинг кўнглидан тезроқ ювилмас ва ювилиши ҳам қийиндек... Ниҳоят, бундан ҳам қутилғандек бўлди. Аммо... аммо сўнг нафасида унинг билан видўлашса, бўғзиға ханжар ботар экан, унинг юзига қарабқина кўзи нурсиз-ланса... Унинг ҳамма орзуси шу эди ҳозир. Ҳудайчи чопарни бошлаб кирди. Чопар номани тиз букиб Худоёрға топширғач, орқасига қайтиб, кўзини девордаги безрайганга ташламасунми... Ул ўзининг хон ҳузурида бўлғанини ҳам унутди-да, ўзини Отабек устига ташлади, Тошканд чопарининг бу кутилмаган ҳаракати хонни, Мусулмонқулни, қушбеги ҳам ҳудайчини ва ол-динғи золда ўлтурган аъённи бир ҳайратда қолдирған эди. Отабекнинг тасалло бериши билан Ҳасанали ундан қўл тортди эрсада, бироқ ундан ҳаяжон, йиғи ҳали аримаган эди. — Адаб! — деб қичқирди Мусулмонқул, сўнгра ўзига қараб қўл боғлаған Ҳасаналидан сўради, — сен кимнинг чопари? — Нормуҳаммад қушбегининг. — Қаердан? — Тошканддан, тақсир. Мусулмонқул таажжуб ичида ўзига Худоёр томо-нидан узатилған номани олди. Очиб киши эшитарлик қилиб ўқуди: «Ёш хонимизға ва падари арус шаҳаншоҳи Мусулмонқул баҳодир ҳузурларига. Ёш шоҳимизнинг бахт ва толеълари руҳсиз танларимизга қайта бошдан руҳ, маъюс кўнгилларимизга қайтиб чиқмаслиқ умид бағишлади. Фақир қуллари мундан тўрт кунлар илгари Тошканддан сипоҳлар билан умидсиз қайтишга мажбур бўлиб, ул тўғрида ҳузурларига хабар ҳам юборған эдим. Шу ҳолда биз сипоҳлар билан Кировчи яқиниға еткан ҳам эдик, орқамиздан бир чопар Тошкандда Азизбекка қарши исён бошланғанини, бизни кўмак учун Юсуфбек ҳожи-нинг Тошкандга чақирғанлиғини сўзлаб, унинг исмидан бир мактуб берди. Мен дарҳол сипоҳларни Тошканд қайтишга буюрдим-да, хабар олғани иккинчи куни Тошкандга етдим. Биз Тошкандга кирганда Юсуфбек ҳожи бошлиқ оломон Азизбекни ўрда ичига қамаб ётар эканлар. Оломон, айниқса, Юсуфбек ҳожи бизни жуда яхши қаршиладилар. Биз борғандан кейин ўрдага босиб кирдик-да, Азизбекни ушлаб олдиқ. Бошда мен Юсуфбек ҳожини балки, Тошканд беклиги учун таъмаланур деб ўйлаған эдим. Аммо унинг бутун ўрда ва хазина, ашё ва яроқ-ларини маним қўлимға топшириши бу фикримни бўшка чиқарди. Юсуфбек ҳожи ниҳоятда таъмасиз, халқ манфаатини кузаткучи бир одам экан. Биноан алайҳи унинг тўрисидағи бизнинг суи занларимиз хато бўлиб чиқадир. Унинг Азизбекка қарши халқни оёқландириши ҳам бизнинг Тошканддан жўнашимизнинг иккинчи куни Азизбекнинг нечоғлиқ сиқилған халқ устига ўттуз икки тангадан чочкан солиғи бўлибдур. Тошканд халқи Азизбекнинг ҳийласига алданиб, бизга ёғийлиқ қилғани учун пушаймон ва унинг зулмидан қутилғани важдан хурсанддир. Мен Юсуфбек ҳожининг бунчалик катта хизмати эвазига хон ҳазратидан улуғ бир мартаба олиб беришка ваъда берган эдим. Ул бунга қарши узр айтиб, Тошкандга инсофлик бир бек белгуланса, маним учун кифоя, деди. Унинг хон жанобидан куткан бир марҳамати бор эканким, шу яқинда савдо била Марғилонда юрган ёлғиз ўғлини номалум бир сабаб ила Ўтаббой қушбегининг қамағанлиғини эшитибдир. Унинг бу хизматини бирар мукофотка арзигулик кўрсалар, ўшал қамоқда бўлған ўғлини озод этмас учун хон ҳазратларининг иладирған иноятлари ҳар бир нарсадан ҳам унга азизроқ бир мукофот бўлур. Фақат қулингизча ҳам Юсуфбек ҳожининг давлатимиз устига қўйған бу миннати кичкина гап эмасдир. Биноан алайҳи унинг ўғли гарчи ўлим жазосиға сазовор бўлса ҳам, марҳамати шоҳонанинг жўшға келтирилиши биз навқарларига ҳам мувофиқ кўриладир. Вақтинча Тошканд беклигига Қўшдодқони белгулаб, ёнига бир мунча сипоҳлар бердим. Ўзим Азизбекни олиб тезда хизматларига юрсам керак, Нормуҳаммад қушбеги, муҳр”. Мусулмонқул мактубни тугатди-да, уятсиз равишда Отабекка қараб илжайди ва ҳудайчига буюрди. — Иккита заррин тўн келтир! Отабекнинг мўжиза қабилидан сўнг дақиқаларида иккинчи қайта қутилишни кўрган Ўтаббой қушбеги беихтиёр ёқасини ушлади. Худоёрхон ҳам йиртқич қайинотасининг чангалидан қутилғанини табрик қил-ғандек Отабекка кулиб боқди. Мусулмонқул оқсоқланиб, ўз қўли билан Отабекка заррин тўн кийгузар экан: — Отангизнинг катта хизмати соясида ўлимдан қутилғанингиздек заррин тўнлиқ ҳам бўлдингиз, — деб яна бир қайта уятсизланди. Тағин бир неча кун туриб қайтмоқ учун Отабек Марғилонға, Ҳасанали ота Юсуфбек ҳожини тинчитиш учун Тошкандга жўнадилар.
Биринчи бўлимининг сўнгғи У з р
Рўмон деб сизга тақдим қилинган бу нарса дунёға келиши биланоқ бахтсизликка учрай бошлаған эди: беш йиллаб босила олмай ётди. Ниҳоят, бу кун босилиши муяссар бўлғанида ҳам турлик зарбаларга учради; имлоси уч-тўртта имлочиларимиз томонидан тузатилиб (!) ажойиб бир қуроқ ҳолига келди, мусаҳҳиҳларимизнинг мусоҳалалари орқасида техника жиҳати кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир йўсунда чиқди. Буларнинг сабаби босилиш чоғида ўзимнинг ҳозир бўла олмағанлиғим бўлди. Аммо бу ўринда ўзимнинг жаҳолатим тўғрисида айтиб туришни лозим кўрмайман-да, фақат ўқуғучиларнинг афвуларини сўрайман. Рўмоннинг иккинчи бўлимини бундай хатолардан соф бўла олишиға ваъда бера олмасам-да, аммо босилиш тақдири ношир қўлида бўлғанлиғини билдириб қўяман.
|