Қутидорнинг ташқарисиға эр меҳмонлар, ичкарисига хотин меҳмонлар тўлғанлар, улар қуюқ, суюқ ошлар, ҳолва, нишолдалар билан иззатланадирлар. Ташқарида бир қўша созандалар дутор, танбур, ғижжак, рубоб, най ва амсоли созлар билан дунёга жон суви сепиб шаҳарнинг машҳур ҳофизлари ашула айтадирлар. Тўй жуда ҳам руҳлик... Ичкарида хотинлар мажлиси: оналарча айтканда, улар қум-тупроқдек кўб, бироқ мажлиснинг боришида тартиб йўқ, ҳавли юзи ва уйлар хотинлар билан тўлған, қайси ҳавли юзида бир товоқ ошни еб ўлтурадир, ким йиғлаған боласини овитиш билан овора, бирав ёр-ёр ўқуб, тағин биттасининг қувончи ичига сиғмай хахолаб дунёни бузади, хуллас бағ-буғ етти қат кўкдан ошадир... Офтоб ойим қайғулироқ, туси бир оз синиққансумон... Меҳмон кутиб чарчағаниданми, нимадан бўлса ҳам жуда калавлаган, баъзан қиладирған ишидан ҳам янглишиб кеткани, масалан, уйга кирмакчи бўлиб таванхо-нага кириб қолғани кўриладир. Тўйга келган хотинларнинг «Тўйлар муборак, куяв ўғул муборак!» деб сўрашлариға ҳам ишончсиз бир оҳангда «Қутлуғ бўлсин», дейдир. Офтоб ойим донхонанинг эшигидан туриб хотинлар орасидан кимнидир ўз ёниға чақирди. Ёши эллидан ошқан, кулгуси ичига тўлиб тошқан бир хотинни дувурданчиқиб, ўзига қараб юрганини кўргандан кейин донхонаға кирди. Хотин ҳам ичкарига киргач, Офтоб ойим эшикни қия беклади-да, қайғулиқ бир боқиш билан хотинға қаради. — Нега қайғулиқ кўринасан, Офтоб? Офтоб ойим узоқ тин олиб эшикка қаради ва ярим товуш билан: — Шу чоқда ичимга чароғ ёқсалар ҳам ёримайдирда, эгачи, — деди ва кўзига жиқ ёш олди. — Нега? — Қизим тўғрисидан... — Қизингга нима бўлди? — Унашилғаниға бу кун еттинчи кун, — деди Офтоб ойим, — шундан бери Кумушингиз тун ҳам йиғлайди, кун ҳам, сабабини сўрасам сира жавоб бермайдир-да, дўлонадек кўз ёшисини оқиза берадир. Бу кун тағин йиғиси ошиб тушди. Ҳайтовур ялиниб, ялпоғланиб аранг ҳаммомга юбордиқ. Хотин Офтоб ойимнинг бу гапидан ҳайрон бўлди ва ўйлаб сўради: — Нимабало, куявинг кўрксизми? — Ўзим кўрмадим, — деди Офтоб ойим, — аммо кўргучиларнинг сўзларига қарағанда ўхшашсиз кўркам, тенгсиз ақлли бир йигит эмиш... Отасининг ўзи йигитни яхши кўриб куяв қилған эди. — Кумушнинг ўзи йигит тўғрисидан ҳеч нарса билмайдирми? — Биладир, — деди ойим, унинг олдида биз жўрттага куявни махташамиз, лекин бу махтовларни эшитгуси келмай, қайтаға йиғисиниғина ортдирадир. Хотиннинг ҳам бу гапдан ҳайрати ортди ва бундан қандай сир борлиғига ақли етмади. Офтоб ойимни юпатиш учун ўткан-кеткандан ва бошда йиғлаб эрга теккан қизларнинг чимилдиқда йигит билан апоқ-чапоқ бўли-шиб кетканларидан ҳикоя қилди: — Қайғирма, Офтоб, — деди, — куявинг бунчалик сулув бўлса, гап-сўзда тенгги бўлмаса, ҳали чимилдиқда қизингнинг печак гулдек бўлиб эрига чирмашқанини кўрармиз. — Оҳ, опажон, — деди умидсизча ойим, — маним бунга кўнглим чопмайдир. — Чопсин, Офтоб. Мен бундай йиғлоқ қизларнинг кўпини кўрдим, шундай қизларнинг уялмай-суялмай чимилдиқда ҳатто йигитдан ҳам ортдириб ҳаракат қилганларини ҳам кўрдим, сенинг қизинг ҳам шуларнинг биттаси, қайғирма Офтоб. — Илоҳи шундай бўлсин-да. — Бўлади-бўлади, — деди кулиб хотин, — шошмачи, Офтоб. Агар қизинг мен айткандек ўзгариб кетса менга нима берар эдинг? — Сизга бош-оёғ кийим. — Сўзингдан қайтма, Офтоб. Печак гулдек бўлиб эрига чирмашқанини кўрармиз ҳали, худо кўрсатса, бор, ўйнаб-кулиб меҳмонларингни кут!.. Шундан кейин икави донхонадан чиқиб хотинлар орасиға кирди. * * * Қизлар мажлиси — гуллар, лолалар, тўтилар, қумрилар мажлиси! Бу уйда — Кумушбибининг тоғасининг уйида қизлар мажлиси, гуллар мажлиси! Бу уйга ўттуз-қирқ чамалиқ қизлар йиғилғанлар, йиғилишдан мақсад: қизлар ўзларининг энг латиф, энг гўзал бир аъзоларини бу кун хотинлиқ оламига узатмоқ-чидирлар. Бу узатиш мажлисини жонлик, руҳлик ўтказмак учун барча қизлар ўзларининг энг асил, энг нафис ки- йимларини кийиб, фавқулодда ясаниб, ҳусн оламини яна бир қат, яна бир қайта бежабдирлар. Агар бу уйга кириб, бу мажлис аъзоларини бир мартаба кўздан кечирсангиз, ҳозирданоқ айтиб қўйиш мумкин-ки, албатта эсингиз чиқиб кетар: — Бу гулми, кўҳлик? Йўқ наригиси! Ундан кўра буниси! Барисидан ҳам ўттаси!.. Ана шундай қилиб эсдан ҳам ажрарсиз, гул танлашда бир қарорға келалмай эл ичида кулгига ҳам қолурсиз, расво ҳам бўлурсиз. Мана, мажлис аъзолари шунақангғи бир-биравидан ўтоқ малаклар, парилар эдилар. Мажлиснинг шоирлари, ўйинчилари, чилдирма ва дуторчилари — барчаси ҳам ҳозир бўлиб фақат Кумушбибигина ҳаммомдан қайтмаған эди. Шунинг учун мажлис очилмаған, очилса ҳам руҳсизроқ, Кумуш келгач, мажлиска руҳ киришига барча ишонадир ва уни тўзимсизланиб кутадир. Кимдир, орадан биттаси «келишди!» деб юборди. Барча қизлар уйнинг даричаси ёниға уймалашиб ҳавлиға қарадилар. Чиндан ҳам ул ёнида икки янгаси билан келган эди. Шу чоқда бизга Отабек керак эди! Нега десангиз, ул келсин эди-да, суйганини бир кўрсин эди: ҳаммом билан ул... фақат жонғина сўрайдир, мажруҳ кўксларга ўққина отадир... Бошдағи оқ шоҳи рўймол, ичдаги оқ шоҳи кўйнак, устдаги оқ кумуш заррин сирил-ган пўстин, бақбақаларни ўраб ўпиб турған ёқа қундузларининг келишкани, солиниб тушкан қора жинггила сочларнинг бўйин теварагига чирмашқани, хом нуқра юзларнинг бўғриққани... Янгалар Кумушни ҳавлидан туриб қизларға топширдилар: — Мана Кумушбиби — сизларга, қизлар! Кумушнинг кўнглини яхшилаб очинглар, қизлар! Икки-уч қиз чопиб ҳавлиға тушдилар-да, Кумушбибидан паранжини олиб уйга бошладилар. Янгалар Кумушни қизларға топшириб кетдилар. Ҳавли эр ва хотиндан бўш, ёлғиз қизларғагина хосланиб қолди. Кумушбиби бошлағучи қизлар билан уйга кирди, ундан онгқан атир ислари билан уй тўлди. Қизлар ўзлари-нинг бир турликкина сўзлашишлари билан Кумуш ила кўриша бошладилар: — Эсонмисиз, саруполар муборак? Кумушбибининг қизларға берган жавоби эшитилар-ешитилмаслик эди: — Қутлуғ... Кумушбиби уйнинг тўрига ўтқузилди. Қизлар уйнинг теварагига ўлтуришиб олғандан кейин ораға нима учундир бир жимжитлик кирди. Қизлар маънолик қилиб ер остидан Кумушка қарайдирлар. Мажлисда бир хил маъюси-ят. Қизлар нимани ўйлайдирлар ва нима тўғрисида маъюсланадирлар, бу эрса қизларнинг бизга номаълум бўлған ички сирларидир. Қизлар ипка чизилған гулдек уй теварагини олғанлар, бунинг устига ёвошлиқ, ўйчанлиқ уларнинг тусларига маънавий бир ҳусн ва жиддият бериб, бирга юз ҳусн қўшқан эди. Агар биз шу кезда заршунослиқ учун енг шимарсак, яъни гулни гулдан ажратадурған бўлсақ бояғидек эсанкираб, мутараддид қолмаймиз, чунки Кумушбиби лолалар исидаги бир гул ва ё юлдузлар орасидағи тўлған ой эди. Орада ҳамон бояғи жимжитлик ҳукм сурар эди. Ҳар бир мажлиснинг жонландирғучи, идора қилғучи бир-икки қаҳрамони бор бўлганидек, бу қизлар мажлиси ҳам шундай қаҳрамонлардан ҳоли эмас эди. Мажлисни бунчалик руҳсизланиб, маъюсият ичида қолишиға Гулсинбиби чидаб туролмади: — Биз нима учун йиғилдиқ-да, нимага ер чизишиб ўлтурамиз! — деди. — Биз бу ерга аза очқали келдикми? Гулсиннинг ёниға Хонимбиби қўшилишди: — Кўб ўйлашманг, ўртоқлар! — деди, — барибир бу гап ҳаммамизнинг ҳам бошимизда бор! Тур Савра! Ҳавлиға олов ёқиб чилдирмангни қизит! Аноргул, сен дуторингни ол! Кумушбиби, сиз унча хаёл сурманг кулиб ўлтуринг. Барибир эртага жойсиз чеккан қайғин-гиздан ўкинарсиз! — деди-да, мажлисни ост-уст кулдириб юборди. Кумушбиби ҳам ихтиёрлик, ихтиёрсиз бу кулгуликка тортилиб, унинг ёвошқина илжайишидан ёқутдек лаблари остидаги садаф каби оқ тишлари бир оз кўриниб қўйдилар. Шу гапдан кейин мажлиска кутилмаган бир руҳ кирди. Аноргулнинг қўлидағи дутор «Ўртоқлар» куйини танларга ларза бериб, тарона қилди. Хонимбиби қизларға қистатиб ўлтурмай ўрнидан сакраб турди-да, ўйнаб ҳам кетди. Дутор ёниға чилдирманинг чертмаги келиб қўшилғандан кейин базм тағин ҳам жонланди. Чапаклар ҳам кўтарилди. Ўйин қизиб борар эди, унинг дарича эшиклари бекланиб тоқчаларға шамъ ёқил-ғандан сўнг, базмнинг руҳи яна ошди. Ел билан ўйнашиб ёнған шамъ нури қизларни аллақандай ажиб ҳолатка қўймоқда, мажлис эрса «Алиф лайло» ҳикояла-ридаги «парилар» базмини хотирлатмоқда эди. Дутор «Ифор» куйини чалиб, чилдирма ҳам нозик йўл билан унга қўшилиша борди. Ўйин ҳам бир турлик назокат касб этиб, Гулсинбиби йўрғалай кетди. Дутор кўнгилнинг аллақандай ингичка жойини қитиқлайдир, чилдирма юракни нимагадир ошиқдириб, Гулсин қизнинг йўрғалаши борлиқ аъзони зириллатадир. Базм жуда қизиқ, жуда кўнгиллик эди. Кумушбибини ҳам бу қизиқ базмдан бошқалардек ҳисса оладир, сўйиниб қувонадир, деб ўйланмасин, чунки вужуди қизлар базми ичида бўлса ҳам хаёли аллақа-ёқларда учиб юргандек, кўзлари ўйнағучи қизларда бўлса ҳам, аммо ҳақиқатда бошқа бир нарсани кўргандек... Кўринишдан натижа чиқариб айтканда, бу қизиқ мажлис унинг учун базм ўрнини эмас, аза жойини тутқандек... Икки соатлик қизиқ бир базмдан сўнг қизлар чарчадилар-да, ўйинни тўхтатдилар. Гулсин билан Хонимбиби энди дутор билан қўшиққа ўлтурдилар. Гулсин ўзининг қўнғуроқдек товши билан «Йиғларман» куйидан бошлади: Ўртоқларим, қўлға олсам торимни, Беихтиёр ёдлайдирман ёримни! Иккинчи қайтариб айтишда унга Хонимбиби қўшилишди. Бир турлик, бир оҳанглик нафис, мусиқавий товушлар кишининг борлиқ вужудига, қон томирлариға ажойиб бир ўзгариш берган эдилар. Шу чоққача мўлтайиб, хаёл ичида шўнғиб ўлтурған Кумушбиби бир сесканди-да, қўшиқчи қизларға қаради. Қизлар иккинчи байтка ўтдилар: Бир кўриниб яғмо қилған кўнглимни, Қайтиб яна кўралмадим норимни! Шу вақт кутилмаган жойда Кумушнинг икки кўзи жиқ ёшга тўлған эди. Учунчига ўтдилар: Агар кўрсам эди яна ёримни, Бағишлардим ҳама йўқу боримни! Тўртинчи: Билурмикин, билмасмикин у золим: Кунлар-тунлар тортқан оҳу зоримни! Кумуш тоқатсизланған эди... Бешинчи: Чиндин айтинг ўртоқларим менга сиз, Қайта бошдан кўрарманми ёримни? Кейинги: Кетди тоқат, кетди сабрим... кетдилар... Синдирарман уриб ерга торимни! Бу кейинги байтка қулоқ солғучи қолмади. Чунки ёнидаги қизға осилиб йиғлай бошлаған Кумушбибига ҳар ким таажжубда, ҳар кимнинг кўзи, қулоғи шунда эди. — Нима бўлди, Кумуш? — Нега йиғлайсиз, Кумуш опа? — Бирар жойинг оғрийдирми, Кумуш? Кумушбиби ўз устига дув йиғилған қизларга кўзини очиб қаради-да, ҳушёр тортқанлардек бир ҳаракат қилиб қўйди ва тез-тез чўнтагидан рўймолини олиб кўзёшисини қуритди. — Нега йиғладинг-а? Бу саволни бергучи Гулсинга Кумуш куч билан илжайиб қаради-да: — Ўзим... — деди. — Вой шўргинангга шўрва тўкилсин, Кумуш! — деди Гулсин, — мен шундай эрни топиб тексам бошим кўкка етар эди! Гулсиннинг гапига қизлар кулишдилар. Кумуш жуда хафа кўринганликдан унинг кўнглини очмоққа тўғри келар эди. Шунинг учун бошқа ўйинларни қўятуриб мажлиснинг энг қизиқ тарафи бўлиб саналған лапар айтишка кўчдилар. Гулсин куяв рўлини ўйнар, Хонимбиби Кумуш рўлида, иккисининг бир-бирисига қараб ўқишқан лапарлари барчани кулдириб, ичакларни узар даражада. Бироқ Кумушнинг тишининг оқини кўриш жуда қийин, унинг ҳамма иши фақат мунгғайиб хаёлланишқина... Қизларға тўйхонадан ошлар, таванлар келиб тортилди. Ошдан кейин янгалар келиб, қизлардан Кумушни сўрадилар. Қизларнинг, «Йўқ, биз Кумушбибини сизларга бермаймиз!» деб ўйнаб айткан сўзлари Кумушбибига чиндек бўлиб эшитилар, янгалар билан уйдан чиқар экан, кўмак сўрағандек қизларға термулиб қарар эди. Шу йўсун қизлар ўзларининг бир ўртоқларини хотинлиқ дунёсига узатиб, мажлисдан тарқалишдилар.
|