Хотин-қизлар жинсидан иродаси кучлик, ҳатто эрлардан ҳам жассурроқ шахсларни кўб учратамиз. Шунинг билан бирга, уларни нақадар кучлик иродага молик бўлмасинлар, яна ҳиссиётларига мағлуб кўрамиз. Масалан: ҳикоямиз қаҳрамони Раънонинг жасорати, хонға қарши исёни, ҳатто маъюс қолған Анварни йўлға солиши — ўз замонаси учунгина эмас, бизнинг ҳозирги асримиз учун ҳам лойиқи таҳсин ва Раъно ёшлиқ қизларимизға ибратдир. Лекин иродаси кучлик шу Раъно ҳозир яна ҳиссиёти қўлида мағлуб эди. Бу кеча Анвар оғаси билан кенгашиб, шу кунлар миёнасида Тошканд кетишни ўзига жазм қилди. Раънога ҳам Қўқон билан видоълашиш оғир сезилмади. Аммо, масала қатьий ҳал қилинғач, Раънода бир тарафдан қўрқунч, иккинчи тарафдан қизиқ яна бир жасорат туғулди; кампир билан биргалашиб ота маҳалласига борар эмиш; ўзи би-равнинг йўлагида туриб, кампир орқали онасини айтдириб чиқар эмиш. Туни билан шуни ўйлаб чиққан Раъно, эрталабдан бери Анварни хафа қилар, ўз сўзида исрор этар эди. Кичкина ҳужранинг сандалида қаршима-қарши ўлтурғучи Анвар ва Раъно бир- бирисидан ўпкалик қиёфатда эдилар. — Ҳиссиётка қаттиғ берилибсан, Раъно... Ҳар қадаминг-да сени бир фалокат кутадир, менга қолса аямга ҳам ишониб бўлмас. — Паранжи ичида борған Раънони таниш учун ҳеч кимда каромат йўқ; аямга нега ишониб бўлмасин? — Сен қочқан, аянгнинг обрўсини тўккан қизсан... — Ҳеч, ҳеч... Аямнинг кўнглини мен яхши биламан, аям сиз ўйлаған хотинлардан эмас, ҳеч. — Яхши, йўлда ҳам сени ҳеч ким танимасин, кампир ҳам аянгни алдаб олиб чиқсин, аянгнинг ўзига ҳам ишонайлиқ; яна ҳар ҳолда меним учун шу қасдингдан кечсанг нима бўлади, Раъно? Биз Тошкандга бориб еткан кунимизоқ, соғлиғимизни ва узримизни айтиб, хат ёзармиз- ку, жоним. Раъно жавоб бериш ўрниға бирдан йиғлади, анча вақт кўз ёшисини юзи орқалиқ тўкиб турди. — Балки мен... аям билан абадий кўришмасман. — Ҳай Раъно, Раъно, — деди Анвар. — Худоёр юз йил яшайди, биз Тошкандда ўламиз, деб ўйлайсанми? Хайр, кўб бўлса Худоёр яна беш йил яшасин, ваҳоланки, унинг зулми шу йўсун давом этканда, биз чамалаған бу фурсат ҳам кўб; зеро, зулм неқадар кучайса, унинг умри шунча қисқа бўлиши тажрибалар билан собитдир. Агар шунгача ҳам сабринг етмаса, бошқа чораси топилар, Раъно, масалан, аянгаи Тошкандга чақирармиз ёки гапни бир оз эскиткандан сўнг Қўқонға ўзимиз келсак ҳам бўлади. Раъно жавобсиз яна кўз ёшисини тўка берди, бу ҳолдан сиқилган Анвар, Раънога бир оз қараб турди: — Хўб, йиғлама. Ҳали бир-икки кунсиз йўлға чиқолмасмиз, бу кун кечаси акам келса, эрта бозорға чиқиб йўл ҳозирлигини кўрса, ҳар ҳолда бириси кун кечқурун жўнашимиз ҳам аниқ эмас. Бинобарин сен ошиқмасанг ҳам бўлади. Ундан сўнг, сенинг ўйлаған йўлинг жуда қалтис, бу тўғрида бошқачароқ тадбир топармиз... Раъно индамади, бир энтикиб ором ҳавосини ютди ва рўймоли билан кўз ёшисини қуритди. Анвар ўпкалик ил-жайиб Раънони янди. Улар шу ҳолда экан, ҳужра девори кўча тарафдан уч- тўрт қайта гурс-гурс урилди. Иккисининг ҳам қулоқлари тиккайиб бир-бирисига савол назари юбордилар... — Бегона киши эмас, — деди бир оздан кейин Анвар. — Мен Сафар ака билан кундузи учун девор уришни шарт қилған эдим... Сен чиқиб кампирга айт, эшикни очсин. Раъно ҳужрадан чиқди. Бирар дақиқадан кейин ҳавли саҳнига бир неча оёқлар кирди. Бемаҳал йўқлашдан Анварнинг кўнгли ғаш тортиб, келгучини Сафар ака бўлар деб ўйлади. Ҳужра эшиги очилиб, ичкарига бири орқасидан бири — Қобилбой билан Сафарбой кирдилар. Анвар яна онглашилмовчилиқ ичида қолди, Сафар аканинг тинчсиз — ҳаяжонли кўзи Анварнинг илгаридан кўриб қўйған бир неча эҳтимолларини хотирлатиб, уларга жой кўрсатди. — Вақтсиз йўқлашларингаз сабабсиз бўлмас, — деди товшини секинроқ чиқариб Анвар. — Биздан хабар топқанларми? Сафар ҳамроҳига қараб, икки қўлини қовуштириб енглари ичига олди. — Йўқ... — Султоналини қамағанларми? — деб яна сўради Анвар. — Қамағанлардир? Сафар ва Қобил бир-бирларига қарашдилар. — Шундай, мирзам, шундай... Бизлар жуда ҳайрон бўлиб қолдиқ-да. Анварда қонсизланиш ва кипрак остларида ҳаракат кўрилди. — Зарари йўқ, қутқарамиз... Қачон қамағанлар? — Кеча кечқурун... Боя бизнинг уйга Султоналининг хотини келган эди, мен шундан эшитдим. Унинг устига акангиз бориб қолди... — Сиз кимдан эшитдингиз, ака? Жарчи хабарини ва бу тўғрида ўртоқлари билан берган қарорини Қобилбой сўзлади. Анвар оғасининг сўзини жиддий эшитиб, бир неча вақт ўйлаб ўлтурди. — Сиз ва ўртоқларингизнинг ҳамиятларингизга раҳмат... Лекин бу йўл билан Султоналини қутқариш қийинроқ, балки мумкин ҳам бўлмас, деб ўйлайман. — Агар биз унинг қамалған жойини билсак, нима учун мумкин бўлмасин, Анвар? Ўртоқларим юраксиз йигитлар эмас, бу ёғидан хотиржамъ бўлингиз. — Раҳмат. Албатта, бу жасоратни юраксиз кишилар қилолмас. Меним бу жасоратка умидсиз қарашим сабаби шунинг учунки, бундай шартлик ва нозик ҳабслар аксар ўрданинг ўзидаги овоққа қамалғучи эди. — Ўрдаға кириш қийинми? Анвар бош чайқади. — Ҳеч мумкин эмас, тун бўйи элли нафар йигит ўрда қўргони остидан айланиб турадир. Қобилбой маъюс Сафар бўзчиға қаради. Сафар бўзчи зўр бериб мўйлабини тишлаб, узар эди. — Зиндонға қамаған бўлсалар, эби бор экан-да, тақсир. — Эби... Зиндонға қамашлари эҳтимолдан узоқ, Сафар ака. Яна бир неча фурсат сукутда қолдилар. Қобилбой ҳар он тўпписини қайириб, бошини қашир эди. Анвар сандал кўрпасидаги бир ипни узиб олмоқчи бўлғандек қўлини силтар эди. — Зиндондан хабар олдиришимиз керак экан-да, Анвар? — Хабар олинса... бўлади. Қобилбой Анвардан шу жавобни олиб, Сафар бўзчиға юз ўгирди: — Мирзонинг уйига бир киши юборсақ-да, унинг хотини эрига таом келтирган бўлиб зиндонға борса... Шу қандай бўлар экан, Сафар ака? — Маъқул, ука, маъқул. — Сизга-чи, Анвар? Анвар тўғри ишорасини берди. — Бояғи андишамизни ҳам айтиб ўтайлик, — деди Қобилбой — Биз йўлда бу тўғрини мулоҳаза қилиб келдик, Анвар. Сўзнинг рости шуки... Сиз бу уйдан ҳозир кетсангиз маъқул. Ҳарчи одам боласи-да. Ҳалигидек жони кўзига кўриниб иқрор бўлиб қўйса... Анвар бош чайқаб, кулимсиди. — Султонали ундай одам эмас, бундан хотиржамъ, — деди Анвар қаноат билан ва бир оз ўйлаб турди... — Аммо Султоналининг хотини, тўғриси, бир оз хавфлироқ; хотин киши эримни қутқараман, деб нодонлиқ қилса, иш расво... Сафар бўзчи боя Султоналининг хотини келганда, Қобилбойнинг ниятини эшитиб хотиржамъ бўлғанини сўзлади. — Жуда яхши қилинған, раҳмат... Ҳали унинг уйига киши юборсангиз, яна уқдириш, хотиржамъ қилиш керак, шундай ишонтирилсинки, эрта пешингача эрининг озод бўлишиға шубҳаси қолмасин, ҳатто уни бу йўсун алданса ҳам бўладир. Эрта билангача қутқарилса, хўб, қутқарилмаса Анварнинг ўзи бориб қутқарар эмиш, агар сен шунгача сабр қилмасанг, эрингнинг яна жазо тортишиға сабаб бўласан, дейилсин. — Хўб, мирзам, хўб. — Сизга яна бир хизмат, Сафар ака, — деди Анвар, Сафар ҳозирлик ишорасини қилиб, энгташиб олди. — Хизмат шуки, синглингиз мен билан бирга турмаса, сиз олиб кетсангиз... — Хўб, хўб. Анвар ўрнидан турди ва ҳозир қайтиб киришини сўзлаб ҳужрадан чиқди. Кўр киши зўр бериб ғўза суғурар, кампир чиғириқ чиқарар, Раъно эса, кўзини бир нуқтаға тикиб, сандал ёнида ўлтурар эди. Анвар ҳавлига тушиб, Раънони ўз тарафига имлади. Иккиси ҳавлининг чеккароғиға бордилар. — Эшитдингми, Раъно? — Нимани? — Уларнинг сўзини? — Йўқ. — Бизнинг бу ердалиғимизни сезиш эҳтимоллари бор экан, Султонали қамалған, иқрор қилса эҳтимол эмиш... Раънонинг кўзи қавариб кетди. — Аҳ? — Қўрқма... Сен ҳозир Сафар ака билан кетасан, мен ҳам бошқа жойға бораман. Йўл ҳозирлиғини кўриб битиргунча бир неча кун айрилишиб турмасак бўлмас... Сен бориб кийин. — Ростданми? — Ростдан, сен қўрқма, фақат бу бир эҳтиёт, ҳозир Султоналининг қамалишидан бошқа гап йўқ. — Кийимларим ҳужрада... — Ҳужрада бўлса улар чиққандан кейин кириб кийинарсан. Иккиси айвонга қайтиб, Анвар ҳужрага кирди. — Синглингиз ҳозир кийинади, — деди Анвар. — Бирга юриш яхши, бўлмас, икавингиз бир оз илгарида, Раъно орқада борсин. — Хўб. — Ундан кейин сиз зиндон хабарини билиб, хуфтан чоғи меним олдимға келингиз, Қобил ака. Қобил ваъда ишоратини бериб, Сафар ака билан ҳужрадан чиқди. Раъно кириб кийина бошлади. Анвар маъюс эди, бир оз шошинқираб кийинган Раънонинг латиф юзига қаттиғ тикилган эди. — Сиз кимникига борасиз? — Менми, мен... мен шу яқиндағи биравникига. — Мен ҳам сиз билан турсам бўлмасмиди? — Йўқ, хавф бор. Раъно айрилғуси келмагандек уфлади. Кийиниб бўлиб паранжисини ҳам қўлиға олди, Анвар ҳужранинг бурчагига ўтиб, Раънони ўз ёниға имлади. Раъно келгач, Анвар уни қаттиғ қучоғлаб ўпди. — Акам сенинг ёнингға мендан хабар етказиб турар, сенга бошқа ёрдамлар ҳам қилар, Раъно. — Тошкандга тезроқ кетайлик, мен... уч кундан ортиққа кўнмайман. — Хўб... яна бир ўпай, Раъно. Раъно табассум ичида яна юзини тутиб берди. Анвар бир неча вақт унинг юзидан ажралолмай турди. — Бўлди... Улар кутишиб қолғандирлар. Анвар уни бўшатди... — Пулни сен олиб кет, Раъно, меним эсим йўқ, йўқотиб қўярман. Раъно бурчакдаги кийиз тахидан бир ҳамён олтунни олди. — Сизга бир-икки тилло бериб кетайми, балки керак бўлар? Анвар керак эмас, деб бош чайқади. Яна шу ҳолда Раъно ҳамёндан икки тилло олиб, Анварга кўрсатди: — Шу икки тиллони холам билан отамға биттадан бе-риб кетаман? — Бер, бер... Хайр энди, Раъно! Раъно ҳам, хайр, дегандек бош ирғади ва шошиб ҳужрадан чиқди. Раъно айвондагилар билан хайрлашар экан, ҳужрада қолған Анварнинг икки кўзи жиқ ёшқа тўлиб, кўкраги кучлик- кучлик силкинди ва гавдаси ўзига оғирлиқ қилғандек деворға бориб суявди...
|