Имомнинг таъби жуда сустланди. Шом ва хуфтан асноларида ҳам ҳеч ким билан сўзлашмади. Сафар бўзчининг “Бухоройи шарифда неча йил ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага имом бўлдингиз. Худой бермаса шундай бўлади, тақсир” деган сўзи заҳарли ханжар каби унинг юрагида янгидан-янги жароҳат очар эди. Дарҳақиқат, Сафарнинг бу сўзи имомнинг эски жароҳатини мудҳиш тузлаб ташлади. Бу жароҳат шу кунгача ичдангина фасодланиб юрған бўлса, бу кун Сафар бўзчи каби бир “бемаъни” бу ярани раҳмсиз суратда ёриб юборди. Самад бўқоқ ва Шукур сўфи каби бемазалар олдида имомнинг ўбрўсини тўкди. Бу бир ёқдан. Иккинчи тарафдан Сафарнинг “ул бўлса, мадраса кўрмасдан мирзоларнинг мирзоси бўлмоқчи...” жумласи яна дард устига чипқон. Яъни имомнинг ҳасад ўти тўрт томондан пуфланди, гўё ул икки олов ўртасида қолғандек бўлди. Анварнинг бош муншийликка ярамайдирғанлиғини, илмсиз, фазлсизлигини нега бунча исбот қилишға тиришди? Сафар бўзчи каби бир “аблаҳ” билан баҳслашиб, ўзига нега бунча хафалик орттирди? Гарчи, Анварга холис қиймат бермакчи бўлғанида ҳам буни Сафар каби илмсиз, нодон бир кишига тушундирмоқ учун қандай ҳожат бор эди? Бунинг сабабини сўзлашдан илгари имом афандининг ўткан тарихиға бир оз кўз ташлаб олишға мажбурмиз. Чунки бусиз ўқуғучимизни таъмин қилиш мумкин эмасдир. Ҳозирғи имомимиз - мулла Абдураҳмон мундан йигирма йиллар муқаддам, қисқағина, аҳамиятсизғина “Раҳмон” исми билан аталар эди. Абдураҳмоннинг отаси уламо наслидан, аммо бу шараф нима сабаб биландир, унинг отасиға насиб бўлмаған, бироқ Абдураҳмоннинг амаклари ота касбини ушлаб таҳсил кўрган жойлари Бухорода катта мударрислардан саналар эдилар. Абдураҳмон ёш бола экан, отаси ўлиб, онаси ва ота томонлари тарбиясида қолди. Ўн беш ёшларғача Солиҳ махдум мактабида савод ўқуғач, мударрис амакларидан Бухорои шарифка келиб таҳсил қилишға даъват хати олди. Хатда Абдураҳмоннинг бобо касблари уламолиқ эканини, шунинг учун бошқа касбларга уриниб умрини зоеъ қилиш абаслиги1, ўз тарбияларида таҳсил кўриш лузуми сўзланар эди. Бу даъват Абдураҳмоннинг онасиға ва бошқа яқинлариға жуда маъқул тушиб, уни Бухороға жўнатиш қарориға келдилар. Абдураҳмон ҳам истиқболдағи мударрис, муфтилик ширин хаёллари ичида Бухороға сафар қилди. Катта амак Бухоронинг “Хўжа Порсо” мадрасасининг мударриси бўлиб, Абдураҳмон шу кишининг тарбиясига келган эди. Абдураҳмон силлиққина бола, мадраса муллабаччалари албатта шундай силлиқ болаға ўч. Шунга биноан домла мударрис гарчи мадрасадан ҳужра бериш мумкин бўлса ҳам мазкур ишончсизлиқ мажбуриятида Абдураҳмонни ўз меҳмонхонасиға жойлаштирди. Шу ҳолда Абдураҳмон таҳсил бошлади. Домла мударрис “замона бузуқлиғини” назарга олғани учун Абдураҳмонни ҳалиги тўғрисида жуда қаттиғ назорат қилар эди. Бироқ, домлаларнинг бундай бузуқлиққа қарши бора олишлари мумкинми эди? Уларнинг ўзлари шу “маҳрам” балосиға гирифтор, яъни бузуқлиққа манбаъ бўла туриб ҳам яна “замона бузуқлиғи”дан шикоят қилишлари ўша вақтлардағи “мадраса мантиқи”ға ҳеч бир баҳссиз сиға олур эдиким, бу тўғрида менга осила кўрмангиз. Кишининг боласини бузиш ҳар бир салласи муаззам, илми “фавқалодда”, ўзи “варасатул- анбиё” саналған зотлар назарида ва виждонида маъфу, аммо ўз ўғлиға бошқалар ўшандоғ ҳайвонликни қиладирған бўлса: “Замона бузуқ, эҳтиёт шарт!” Шу йўсун домла мударрис буродарзодасини яхши эҳтиёт билан, ҳатто шомдан кейин дарбозага қулф солиб тарбия қилар, мадрасадаги оти ёмонға йиртилган хоҳ ёш, хоҳ кекса умуман, талабалар мажлисига яқинлашдирмас эди. Киши аввало моххов ёки пес бўлмасин: бўлдими, бетдан бўлмаса - елкадан, қўлдан сув очмаса - оёқсан, ҳар ҳолда оқаберадир. Шунга ўхшаш жамият ҳам бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа ёки синфига, яна тўғриси, фардига1 шу касал сироят қилмай қолмайдир. Домла мударрис буродарзодасини мадраса муллабаччаларидан ҳар қанча эҳтиёт қилса ҳам, яна амният остида эмас эди. Мадрасадан ташқарида ҳам Абдураҳмонни кўз остиға олғучи “муллабаччалар” йўқ эмас эдилар, масала четларнинг кўз олайтиришиға етканда, табиъий, домла мударриснинг қўлидан ҳеч иш келмай қолди. Домла назоратни эскича давом этдириб, хотиржамъ юрғанда бир неча жувонбоз савдогарлар Абдураҳмон билан алоқа қилиб қўйған эдилар. Домла мударрис эрта-кеч Абдураҳмонни кўз ўнгидан юбормас, хуфтандан кейин дарбозага қулф солар, Абдураҳмонни меҳмонхонада ётқузиб, сўнгра ўзи ичкарига ухлағали кирар; зиёфатка бориладирған бўлса, ўзи билан бирга олиб юрар эди. Яна шу ҳолда Абдураҳмонни қандай қилиб буза олсинлар? Тассуф, бузған эдилар. Баччабозлиққа махсус ҳунар ва найранглар ижод қилған омилкор савдогарлардан бир нечаси “Абдураҳмонча”ни йўлдан оздирған эдилар. Домла мударрис хотиржамъ ичкарига ухлағали киргандан кейин меҳмонхонанинг кўча томон даричасига кичкина бир кесак тиқ этиб тегар, гўё ешиниб ётқан Абдураҳмонча бу ишорадан сўнг туриб кийинар ва секингина даричани очар эшик очилған кўчадан бир ўрим арқон тўп этиб меҳмонхонаға ташланар эди. Абдураҳмонча арқоннинг бир учини меҳмонхонанинг дарчасига боғлаб, иккинчи учига ўзи осилиб кўчага тушар, арқонни бўй етарлик қилиб яширғач, нарида кутиб ўлтурган “одам ўғриси” билан бирга базм ўрниға жўнар эди. У ерда бўлса беш-ўн “ошиқлар” Абдураҳмончани келиши он билиттифоқ “Бухоро амирлиги”га кўтариб, амру фармониға итоат қилурлар: “Мулла Абдураҳмонжон, жаноби олий, гарам, аз сарашон гардам, балонгни олай! ” каби мадҳу саноларга “Абдураҳмонча” ҳар бир ишни ўз тилагича юритар: май учун соқий бўлар, заифона кўйлак, лозим ва бошиға кокил кийиб ўн олти ёшар қиз суратига кирар; чойға лабини тегизиб “табаррук” қилар; дутор, танбурга йўрғалаб ўюнчи бўлар; бошидағи кокил билан “ошиқлар”ни раҳмсиз чамчилаб ситамгар ва золимга айланар, энг охирда... Қисқаси бу бобдаги бор чорамиз учун ҳам ярарлиқ ҳолға келган ёки келтирилган эди. Уч йилгача шу йўсун “ошиқлар” кўнглини овлаб келиб, бир кун сир очилиб қолди. Домла мударрис бу номуска чидалмай Абдураҳмонни ўз уйидан қувлади. Абдураҳмон тавба қилиб, домла мударрисдан лоақал мадрасада туришни сўради. Восита-васоит билан изн ҳосил қилиб, мадрасада истиқомат қила бошлади. Энди ишрат навбати мадраса жигар сўхталарига . Икки йил чамаси мадраса афроди орасида чандир каби саккиз тарафдан тишланиб юрғандан кейин соқол-мурти чиқиб ҳусн сармояси заволга юз тутди ва кундан-кун “бозор касодланиб” харидор озайди. Абдураҳмон уч йил бўйи савдогарлар орасида “ахлоқ тузаткан” бўлса, яна икки йил мадрасада туриб тузалган ахлоқни “камолотка” эришдирди. Шунинг учун анвўи эркаликка, неча хил мукайифотка, ранг-баранг “иззат, ҳурматка” ўрганган кўнгли бу харидорсизлик балосиға туз сепкан ярадек ачир эди. Кўбни кўрган бу кичик бош баъзи уят найрангларга ҳам уриниб кўрар, масалан “вақтсиз чиққан” соқол-муртларини мўйчинак билан териб, ҳар кун ўн қайта ойнага қарар, янги харидор топиш мақсадида кун сайин бозор-раста, кўй-гузарлар сайрига чиқар эди... Маълумдирким, дўндиқчалар аввало оқчаси кўб, бел оғриғи кўрмаган бойларға насиб бўлурлар. Улар зерикиб ташлағач, ўрта ҳол “ташна”лар домиға тушарлар. Соқол-мурти чиқиб давангиликдан1 хабар келгач, усунчи табақа, яъни бўйи йўғон, ғўлабурлар истифодасига кечарлар. Шунга ўхшаш бизнинг Абдураҳмон ҳам мўйчинак ушлаган даврида шу учунчи табақа - чойхонанишин, тавкаргир ва бобойи банглар орасидан ўзига замин топди. Унинг бу учунчи давридаги аҳволини ёзишға қалам маъзурдир. Шу йўсун бу кейинги табақа орасида ҳам уч йил чамаси иш кўргач, ажойиб бир дунёдийда, мисли озшалоқ, ҳамма шароитлари билан мадрасалик бир безори ва чапан ҳолда баччалик даври билан видўлашди. Чунки, башара нонға чумоли ёпишқандек соқол-мурт билан тўлиб, мўйчинакка сўз берарлик бўлмади.
|