Девонда расмий мирзо бўлишнинг учинчи йилида Анвар жуда катта эътибор қозонған эди. Айниқса, туркий таҳрирда мирзоларнинг ҳар бирисидан устун: чиройлик услуби, осон таркиб ва ифодаси бор эди. Буни мирзолардан бошлаб сарой шоирлари, сарой муфтилари, бош мунший Муҳаммад Ражаббек, ҳатто хоннинг ўзи ҳам эътироф қилар эдилар. Худоёр муҳр босиш асноси ёзилған ёрлиғ ва номаларни ўқутиб эшитар, муншийларнинг эшитилмаган араб ва форс сўзлари орқалиқ тўқуған ярим туркий жумлаларига аксар вақт тушунмас: “Эналаринг арапқа текканми?” деб мирзо, муфтиларни койир эди . Аммо, Анварнинг ёзған ҳар бир жумласини мусиқий каби роҳатланиб, тушуниб тинглар ва “шу бала бариларинғдан ҳам ўқуғанрақ чиқар!” деб, бошқа мирзоларнинг юрагига ўт ёқар эди. Муҳаммад Ражаб мунший кейинги кунларда муҳим тазкиралар таҳририни Анварга топширадирған бўлди. Ўзи бирар жойға кетадиган бўлса, девон идорасини Анвар қарамоғиға қолдирар, ҳар бир тўғрида ҳам бошқалардан кўра Анварга ишонар эди. Зеро, Анвар ҳар бир ишни тўғри ва холис адо қилар, вазифасидан ташқари ишларга киришмас, оладирған маошидан ортиқча тамаъга тушмас эди. Бу ўрунда Анварнинг бир хусусиятини атайноқ ёзиб ўтишка бурчлимиз: ўрус истибдод идораси ёнидағи мусулмон қозихоналари ва улардаги мирзоларни ҳар ким хотирлайдир. Ўша мирзоларнинг унар-унмаска “қалам учи” сўрашлари, кичкина ишни улуғлатиб мазана1 чиқариш ҳаракатлари ҳам бизга маълумдир. Шу қозихона мирзолари, баайни ҳикоямизнинг мавзуъи бўлған Худоёр саройи муншийларининг кичкина нусхалари эдилар. Хонға ёзиладирған арзи-додлар сарой мирзоларидан ташқарида таҳрир қилинған бўлса, аксар вақт ишка ошмас эди. Яъни четда ёзилған ариза қабул қилинса ҳам ариза эгаси қалам учини бегона қилғани учун аризани хонға ва сармуншийга кўрсатмай, йиртиб ташлар эдилар. Ариза эгаси натижа сўраса, “аризангизни саводсиз киши ёзған экан; жаноб илтифотсиз қолдирдилар” деб саводлиқ кишидан бошқа ариза ёздириб беришка маслаҳат кўрсатар эдилар. Ариза бергучи иккинчи мартаба ҳаражатланиб, сарой мирзоларининг ўзларидан ёздиришға мажбур бўлар эди. Мундан бошқа, бир-бирлари устидан хонға шикоят қилиш, ўз аро битмас адоват ҳам давом этиб, аксар бир-бирларининг тегига сув ҳам қуйиб турар эдилар. Яна аксарият мирзолар хоннинг хуфиялик хизматини ҳам адо қилиб, шахсий адоват ёки хонға яхши кўруниш учун фуқародан нечаларнинг гуноҳсиз қониға чўмилиб, мудҳиш фожиъаларға ҳам сабабчи бўлар эдилар. Шунинг учун халқ айниқса, камбағаллар сарой мирзолариға нафрат билар қарар, улар ёниға яқинлашишдан қўрқар, иложсизликдан икки букулиб салом берар эдилар. Лекин Анвар таъмани, шайтанатни, адоватни айниқса, хуфияликни билмас, девонда ўзига топширилған вазифанигина адо қилар, алахусус мазлумлар додномасини хонға эшитдиришка ва яхши натижалантиришка тиришар эди. Ул ўзининг шу тўғрилиғи соясида ҳамиша анови мирзоларнинг ишига билоқасд халал бериб, чиришни бузуб турар, ҳам шу ва бошқача сабаблардан уларнинг адоватига яхшиғина ҳадаф ҳам бўлған эди. Бироқ, Анварнинг ҳомийси - Муҳаммад Ражаббек катта эътибор ва нуфузга молик, ҳам хонға инобатлик, шунинг учун мирзолар Анварга қаршиҳеч нарса қилолмас эдилар. Мирзолар орасида Анварга тиш-тирноғи билан қарши бўлған Шаҳодат муфти каби кекса мирзолар яшағанларидек унинг истеъдод ва закосига холис мафтун бўлған Султонали каби мирзолар ҳам бор эдилар. Шу йўсун тажриба йилидан ташқари беш сана саройда ишлаб келар эдиким, мундан ўн беш кунлар муқаддам сармунший Муҳаммад Ражаб пойгачи бир ҳафтагина оғриб, вафот этди. Анвар ўзига самимий меҳрибон бўлған бир кишидан айрилди. Неча йиллардан бери Муҳаммад Ражаббекнинг ўлумини ёки бошқача бир фалокатини кутиб, ундан сўнг бош муншийликка ўзини чоғлаб юрған Шаҳодат муфти хизмат билан қишлоққа чиқиб кетканлиги учун, муваққат равишда бош муншийлик вазифасини Анвар адо қила бошлади. Ва шу бир неча кун ичида Анварнинг бош мунший бўлиш шойиъаси юриб қолдиким, ҳозирга бу тўғрида бир мулоҳаза айтиш қийиндир. Чунки бу мансабга интилгучи казо ва казолар, шоир ва фузалолар кўбдир.
|