Олижаноб хулқлар фазилати ва дунё улуғлари пушти паноҳининг саодатли туғилиши ҳақида PDF Босма E-mail
15.06.2024 07:34

Ўткир ақл эгаларининг оламни безовчи қарашлари ҳамда идрок ва сезгирлик соҳибларининг мушкулларни осон қилувчи кўнгилларига шу нарса маълум ва равшан бўладики, «кимга Аллоҳ яхшиликни истаса, унга яхши хулқ беради» сўзига мувофиқ қачонки хоҳлаган нарсасини яратишга қодир бўлган, ўхшаши йўқ Яратгувчининг иродаси бандаларидан бирини диний ва дунёвий давлатга етишишга ҳамда моддий ва маънавий саодатга эришишга муваффақ ва сазовор этишни истайдиган бўлса, бундай банда ўзининг гўзал сифатлари ва маъқул жиҳатлари билан ягона зот бўлган Худонинг даргоҳида мақбул деб топилиши ҳамда чексиз иноят ва меҳрибонликдан баҳраманд бўлиши учун аввал унинг маънавий чеҳрасини энг яхши сифатлар ва энг гўзал хулқлар билан безайди ҳамда унинг файзли қалби кўзгусидаги турли иллатлар ва ёмон одатларни лутф ва эҳсон сайқаллагичи билан тозалаб ташлайди.
Ҳеч қандай шубҳа йўқки, (6а) агар олижаноб хулқлар Худонинг суйган нарсаси бўлмаганида эди, мақтовга лойиқ мақом эгасини у билан мақтамаган бўларди. Аллоҳ ўзининг улуғ Китобида «Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз»(Қуръони карим, «Қалам» сураси, 4-оят.) деб айтган. Холис фикрлайдиган ва тафаккур шартларини керакли даражада бажарадиган ҳар бир донишманд шунга аминки, бир неча минг пайғамбарни юбориш ҳамда шариат қонунларини ўрнатишдан кўзда тутилган мақсад ҳам хулкдарни безаш ва сийратларни яхшилашдан бошқа нарса эмасди. Зеро Саййид ул-мурсалин ва Хотам ун-набиййин (у зотга ва аҳли байтларининг барчаларига Аллоҳнинг саломи бўлсин) шундай марҳамат қилади: «Мен олижаноб хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Ҳадис). Бунинг мазмуни қуйидагича: «Менинг рисолаим ва нубувватимдаги хикмат набийлар ва расуллар олижаноб хулқлар ва мақтовга сазовор одоблар борасида асос солган қоидаларни сўнгига ва такомилига етказиш ҳамда хулқ-атвор боғига экилган мақбул хислатлар ва яхши амаллар ниҳолини парваришлаб, ҳосилга киргизишдан иборатдир».
Тўғрисўзлик билан айтилган ушбу гапнинг мазмунидан шу нарса маълум ва равшан бўладики, олижаноб хулқларнинг фазилати ва гўзал одобларнинг манзилати икки учли қалам уни баён этишнинг уддасидан чиқа оладиган ва баён бармоғи фунинг заррача бир қисмини бўлса-да ёзишга қурби етадиган бир даражада эмасдир.

Рубоий:
Ҳали яна умр берса гапирадиган гап кўпдир,
Сўз санъати юртида паст-баландликлардан ўтиб бораман.
Улардан бирининг васфида маълум босқични босиб ўтиб,
Ахийри яна ожизлик қароргоҳига қайтиб келаман.

Барҳақ бўлмиш Яратгувчи ва оламдаги барча подшоҳликлар устидан мутлақ ҳоким бўлмиш қамрови кенг бўлган Қудратнинг тўла-тўкис ҳикмати шуни тақозо қиладики, ҳар неча замонда бир марта туғилиш уфқидан гўзал хулқи ярақлашидан таралган нурдан (66) олам сатҳи ёришиб, кенг илтифоти нурлари ёғдусидан инсониятнингтурли тоифалари кўкраги кенглиги мунаввар бўладиган бир қуёш чиқиб келади.
Байт:

Ёрқин юлдузнинг шараф буржидан толе бўлмиш
Қуёшфикру Зуҳраюзу Муштарийкўнгил.

Бундай ҳолатнинг далили ва ушбу сўзнинг тасдиғи шуки, дунёнинг барча томонлари ва гўшалари жаннат боғи каби адолат ва эзгулик файзидан гуллаб-яшнаган мартабаси улуғ хоқон, дунё ва диннинг таянчи Шоҳрух султон (Аллоҳ унга мурувват қилсин ва мағфиратига эриштирсин) салтанати замони ва халифалиги давронида иззат ва иқбол гулшанида орзу-умид УЛакррим ул-аҳлок(Қуръони карим, «Марям» сураси, 12-оят.) ва омонлик мевалари берадиган бир нихол униб чикди ҳамдаФЯ мартаба ва буюклик осмонида давлат ва саодат кўзининг нури бўлган бир юлдуз порлади.
Байт:
Кўнгил боғида бир ниҳол кўкарди, Жон осмонига янги бир ой чикди.
Яъни бошқаларни тўғри йўлга бошлаш қобилиятига эга бўлган, сифат ва пок ниятли, салтанатнинг устуни ва мамлакат таянчи, хоқонлик давлати суянчиғи ва Ҳазрати султоннинг яқин кишиси бўлган ул олий Ҳазрат товуқ йилига тўғри келувчи [ҳижрий-қамарий] саккиз юз қирқ тўртинчи йил рамазон ойининг ўн еттинчи куни йўқлик дунёсидан борлик оламига қадам қўйиб, ўзининг гўзал ва порлоқ чеҳраси улуғлиги билан ер юзига зеб-зийнат бағишлади.
Шеър:
Биргина ой билан оламни ёритадиган Осмонни бошдан-охир кезиб чиқиш керак. Оламнинг ўзи ҳеч качон ва ҳеч бир ҳолда Камолга эришган кишидан холи бўлмайди.
Лутфу карам белгилари бахтиёр чеҳрасида намоён бўлиб, гўзал хулқ-атвор аломатлари ярқироқ пешонасидан аниқ-равшан кўзга ташланиб турарди. Унинг қутлуғ сулоласи билан боғлиқ белгилар (7а) ҳол тили билан шундан хабар бердики, якин орада «Унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат [ва илм] ато этдик» оятининг ҳақиқатини одамларга маълум қилади ва унинг муборак чеҳраси нурлари барчанинг акл қулоғига шуни етказдики, тез орада фазл ва камол маснадини қутлуғ қадами билан безайди.
Байт:

Кимдаки олий тоифага мансубликнинг белгиси бўлса,
Бу нарса унинг чеҳрасида нур каби намоён бўлиб туради.

Эндигина дунёга келган олий мартабали зотнинг ота-онаси [бандаларига] ҳадялар ато килгувчи Зотга шукр қилиш ҳамда [эл-юртга] назр ва садақа бериш мақсадида зиёфат ва тўй маросимини ўтказишга ва [шу орқали одамларга] қувонч ва шодлик бағишлашга киришишди. Тарихнавислар ва ривоятчиларнинг нурли кўнгилларига номаълум колмасинки, ул хазрат таваллуди қуёшининг чиқиш вақтн бўлган рамазон ойининг ўн еттинчи куни чексиз шараф ва манзилатга эгадир. Чунки кўпчилик тафсирчиларнинг фикрича, Маннон мулкидан сўнгги пайғамбар алайҳи салавотга ваҳий ва Қуръоннинг туширилиши ҳам ана шу куни юз берган бўлиб, пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти ҳақида қисса ёзгувчи барча кишиларининг айтишларига қараганда, «Бадр [жанги]да [ҳарбий] кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку!»(Қуръони карим, «Оли Имрон» сураси, 123-оят.) ояти унинг юксак шаънидан ҳикоят қиладиган Бадр жанги ҳам ана шу куни юз берган. Бир гуруҳ тарихчиларнинг тахминларича, Шоҳимардоннинг(Шоҳимардон [мардлар шоҳи] Ўрта Осиё оддий халқ оммаси орасида Ҳазрати Алига (к.в.) берилган ном, лақаб.) (ул зотга салавотларнинг энг яхшиси бўлсин) муборак бошига ҳам худди ана шу куни қилич солиниб, ул зотнинг шаҳодатга етишишига сабаб бўлган. Шунингдек, айрим уламоларнинг фикрларича, қадр кечаси ҳам рамазон ойининг ўн еттинчи кечасига тўғри келади.
Байт:
Ўша қадр кечасини хилват аҳли бугун кечасига тўғри келади, деб айтадилар,
Ё раб, бу давлат қай бир юлдузнинг таъсири маҳсулидир?

Қисқача қилиб айтганда, ҳазрати султоннинг яқин кишисининг қомат ниҳоли (76) улуғлик ва бахтиёрлик ариғи ёқасида ўса бориб, кундан-кунга унинг қилган ишлари ва айтган гапларида фазилат ва камолот белгилари кўпроқ намоён бўлиб, лаҳза сайин юриш-туришларида амирлик ва иқбол аломатлари яққолроқ кўзга ташланиб борарди.

Шеър:
Оламни ёритувчи тонг отганда
Кундуз нури лаҳза сайин орта боради.

Болалик чоғларидаёқ ул Ҳазратнинг муборак тилларидан ўта ажойиб ва кутилмаган сўзлар чиқар ва [бу сўзларни] эшитганлар ҳайрат денгизига ғарқ бўлардилар. Соҳибқироннинг(Бу ерда Соҳибқирон деганда Султон Ҳусайн Мирзо кўзда тутилмоқда.) донғи таралган улуғ отаси Султон Ғиёсиддин Мансур (Аллоҳ унинг қабрини хурсандчилик қандиллари [нурлари] билан мунаввар этсин), саодатли подшоҳ Мирзо Султон Муҳаммад Бойқаро ҳамда унинг бошқа қариндошлари ва яқинлари ҳамиша ушбу буюклик гулбутаси ғунчасига меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўзи билан қарашар, унинг илҳом нишоналарига эга бўлган сўзларида унинг саодатли келажаги аломатларини кўриб, ул ҳазратга нисбатан ўта илтифот ва марҳамат ҳисси билан яшашарди.
Мисра:

Кўнгил аҳли унинг чеҳрасида раҳмат маъносини кўрмишлар.

Фазилат ва камолот аҳли йиғинларининг тўрида ўтирувчи бу зотнинг шарафли умридан тўрт йили ўтиб, такдирни белгиловчи Зот маҳкамасидан унга таълим ва тарбия бериш иши фалак мактаби ўқитувчиси бўлган кўнгли ёруғ бир кишига ишониб топширилганда ва ул зот улуғ мартабали Соҳибқиронга мулозим ва ҳамроҳ бўлиб (яъни, у билан биргаликда) мактабга бориб, таълим олишни бошлаганида ҳамда Худонинг мадади билан қисқа вақт ичида таълим олишда ўз тенгдошлари ва гуруҳдошларидан ўзиб кетганида унинг нозик табъининг соғломлиги ва тўла-тўкислиги овозаси дунёнинг барча томонларига ёйилди ва унинг муборак зеҳнининг ўткирлиги қиссаси (8а) халқ орасида тилдан тилга ўтиб, оғиздан оғизга кўчди. [Унинг] асарлари дурлари фалак варакларини безади ва шеърлари жавоҳирлари дунё садафини қимматбаҳо дур билан тўлдирди.
Байт:

Жаҳон лиммо-лим тўладир лолаюзларнинг оғзи сингари
Муборак сўзлари файзию сочилган дурдан.

Чуқур илтифотининг хушбўй ҳидлари давлат арбоблари ва иқбол эгалари руҳ димоғларини тўлдирди ҳамда гўзал хулқи шаббодаларидан илм ва камолот аҳлининг орзу-умид ниҳоллари кўм-кўк фалакка бўй чўзди.
Шеър:

Унинг саодатли ҳаёти мисолида ўз аксини топди
«Макорим ул-ахлоқ» иборасининг маъноси.

Ғиёсиддин Хондамирнинг
"Макорим ул-ахлоқ" китобидан