013. ЎН УЧИНЧИ СЎЗ PDF Босма E-mail

Иймон дегани – Аллоҳ таборак ва таолонинг шериксиз бирлиги, борлиги ва бизга Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи вассалам орқали юборган ҳар турли ёрлиғига, билдирганига бўйинсиниб инонмоқдир.
Энди бу иймон деган инончга икки хил нарса керак.
Аввали – нимага иймон келтирилса, унинг ҳақлигига ўз ақли билан далил юргизарлик бўлиб, ақли далил-исбот қиларга яраса, буни иймони яқин деймиз.
Иккинчи – китобдан ўқиш билан ёки муллалардан эшитув билан иймон келтириб, шу иймон келтирган нарсасига қаттиқ ишонган бўлуви керак. Биров ўлдираман деб қўрқитса-да, минг киши минг турли иш кўрсатса-да, ундан айниб, кўнгли бўлинмайдиган даражада маҳкам бўлиши керак. Бу иймонни тақлидий иймон деймиз.
Энди бундай иймонни бут сақлашга қўрқмас юрак, айнимас кўнгил, бўшанмас бўғин керак бўлади. Иймони яқини бор дейишга билими йўқ, тақлидий иймони бор дейишга саботи йўқ, ё алдаганга, ё озғирганга, ё бир фойдаланганга қараб, оқни қора деб, ё қорани оқ деб, ўтирикни чин деб онт ичадиган кишини не дейиш мумкин? Бундайлардан Худой таолонинг ўзи сақласин. Ва ҳар нечук билмоқ керакки, юқорида ёзилмиш икки турлидан бошқа иймон йўқ.
Иймонга қарши борган ҳеч бир банда Худо таоло кенгчилиги билан гуноҳимдан кечади деб ўйламасин. Чунки у ҳол Худо таолонинг авфига ёки Пайғамбаримизнинг шафоатига тўғри келмайди, тўғри келиши мумкин ҳам эмас. «Қилич устида шарт йўқ» деган, «Худо таоло кечирмас гуноҳ йўқ» деган ёлғон мақолларга таянган бундай банданинг юзи қурсин!

1892