Аввал Қуръони карим, суннатда тасаввуф PDF Босма E-mail
17.06.2013 13:16

Икки олам Яратувчиси бутун яралмишлар ичида «гуҳари шарифи» сифатида инсонни яратди. Унга дунёни билиш, ўзлигини англаш салоҳиятини инъом этди. Ҳақни таниш сифати билан зийнатлади. Моддий олам гўзалликларини кўриш учун кўз берди, очиқ кўз билан кўриб бўлмас жиҳатларни ҳис қилиш қалб ато қилди. Яна шунда ҳам бандайи ожиз Ҳақ йўлидан тоймаслиги учун ўз элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (с.а.в.) орқали Сўз (Қуръони карим) нозил қилди ва бу Сўз мутолаасида ҳам инсон ноқис қолмаслиги учун бир гуруҳ саҳобайи икром ва валийлар юбордики, улар Ҳақни таниш баробарида бани одамга иноят этсин, кўмак берсинлар. Зеро, «Сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи Ҳақ сўзга) эргашадиган зотларга хабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир! Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидирлар!» дейилади Каломуллоҳда (39:18).

Аҳли тасаввуф орасида «Аввал Қуръони карим, суннатда тасаввуф» деган ақида тасодифий айтилган луқма ёки дунёни руҳоний кўришнинг натижасигина эмас, балки тасаввуф илми ва амалиётида ҳам тасдиқланган ҳолатдир. Чунки аввали илм Қуръони каримдадир, амал пайғамбарнинг суннатларини давом эттирмоқ, ихлоснинг боши эса иймондир. Аллоҳнинг ягоналигига, биру борлигига иймон келтириш – калимаи шаҳодат (“Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммаду-р-расулуллоҳ”, яъни «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад унинг элчиси»)ни билиш ва англашдан бошланади.

Қуръони каримда Аллоҳнинг «олим» (ҳамма нарсани биладиган), «басир»ўрувчи) ва «сомиъ» (эшитувчи) каби сифатлари айтилади. Аллоҳнинг зотига ва сифатига иймон келтирилиш билан Унинг барча улуғ хислатлари тан олинади. Шундай экан, тасаввуфга даъватҳалолликка, ҳақиқатга даъват экани ойдинлашади. Қалб Аллоҳнинг, илоҳий ишқнинг ватани бўлса, уни зоҳиран оммага етказувчилар пайғамбарлардир. Ботинда Аллоҳ бўлса, зоҳирда пайғамбар. Тасаввуфдан мақсад комил инсон ахлоқи каби ахлоқланиш бўлса, дунёда тан олинган комил инсон тимсоли Одам сафийуллоҳдан тортиб Муҳаммад (с.а.в.)гача ўтган пайғамбарлардир. Шундан келиб чиқадики, суннати набавий ҳам тасаввуфнинг юзага чиқарувчи омиллардандир. Шунингдек, тасаввуфда байъат – моҳир мураббий, улуғ устозга эргашиш эҳтиёжи туғилади. Тасаввуфда байъат Расулуллоҳнинг суннатларини маҳкам боғлаган ҳаким суҳбатида бўлиш, унинг тавсия ва насиҳатларини қабул қилиш ва ўз ҳаётига татбиқ этишдир. Бу ҳақда “Фақрнома”да айтилади: “Шундай пирга қўл берки, у шариатда орифи биллоҳ бўлса, тариқатда воқифи асрор бўлса, ҳақиқатда комилу мукаммал бўлса, маърифатда дарёи уммон бўлса... саодат бўлғай”[1].

Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарийнинг «Тасаввуф сирлари» асарида тасаввуф ҳақида шундай таъриф келган эди: «Инсоннинг маънавий оламини ислоҳ этадиган, бузилган қалбларнинг муолажаси учун энг таъсирли бўлган, инсонни ҳақиқатлар атрофига тўплайдиган ўта фойдали ва мустақил илмдир”[2]. Демак, тасаввуф покланиш илми бўлса, уни иккига ажратиб ўрганиш мумкин: мақбул кўрилган тазкия ва рад этилган тазкия. Тасаввуф мақбул кўрилган тазкия (айбдан оқлаш, оқланиш) ва тасвия (поклаш, тарбиялаш)дир.

Зоҳирдаги амал ва феълларнинг бузилиши қалб фаолиятига боғлиқ экан, қалб қандай тузатилади, ислоҳ қилинади, деган саволга «Аллоҳ зикри билан безаб сақлаш ва касаллигини даъволашдан бошқа нарса эмас» деган жавоб топамиз. Имом Жаъфар Содиқ (ваф. 762) айтган эканларки, «Мен Қуръон оятларини қалбимда акс-садо берса ҳам такрорлашдан тоймайман». Шунга кўра Аллоҳ зикригина улуғ душманимиз бўлган нафс ва шайтондан қўриқлаши мумкин, бунда «тақво – иймон қўрғони» каби хизмат қилади. Тасаввуф покланиш илми экан, унда бош амал қалбни оқлаш, руҳни поклаш ва нафс тарбиясидир. Бу ҳақда Қуръони каримнинг «Ваш-Шамс» сурасида айтилади: «Дарҳақиқат, уни (ўз нафсини – жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (91:9-10). Ёки «Шуаро» сурасида «магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина фойда берур» (26:89) дейилган.

Тасаввуфшунослик тарихида айрим ғарб олимлари билан ислом мутасаввифларининг қарашлари ўртасида зиддиятлар бор. Тасаввуф исломдан ташқарида деювчилар уни исломга қарши қўйиш йўлидан борадилар ва мустақил таълимот сифатида тушунтирмоқчи бўладилар. Мумтоз тасаввуфшунослик эса тасаввуф исломнинг ичида пайдо бўлган, унинг «ватани» Қуръони каримдир, чунки у зоҳирий илм (илми қол) эмас, балки илми ҳолдир, деб тушунтиради. Шунинг учун унинг бош омили фарз амалларини талаб этувчи шариатнинг бош китоби Каломуллоҳдир. Мутасаввиф ўз ибодатига, Аллоҳга бўлган севгисига тескари келмаган дунёдан юз ўгирмайди. У ибодат пайти ибодатини адо этади, аврод пайти дуолар ўқиш билан машғул бўлади, иш пайтида ишлайди. Ишлашдан мақсад шон-шуҳрат, мансаб, мавқе, бойлик эмас, балки инсонларга хизмат этиш, оммага фойда келтиришдир. Зеро, Ҳадиси шарифда айтилганидек, «Инсонларнинг яхшиси инсонларга нафъ келтирувчилардир». Чунки омма манфаатини ўйлаш ҳам ибодатга киради: «Дунёни кўр, сайр қил, ичига кир, аммо дунё сенинг ичингга кирмасин».

Исломнинг асоси – беш рукн (иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж)дадирки, Аллоҳ таоло Қуръони карим орқали, аввало, мана шу рукнларни бажармоқни талаб қилса, бу шариат талабигина эмас, балки тариқатга кириш йўли, яъни сўфийликнинг муқаддимаси ҳамдир. Шариат зоҳирий илмгина эмас, балки инсон ички оламига ҳам дохилий илм бўлиб, шариатнинг зоҳири – илми фиқҳ (илми қол), унинг ботини тасаввуф (илми ҳол)дир.

Иймондан сўнг намоз фарзини ҳам тасаввуф билан боғлаш учун Қуръони каримнинг «Тоҳа» сурасида айтилган: “Мени эслаш учун намоз ўқи!” (14-оят) сўзларидан асос топамиз. Зеро, Ҳадиси шарифдаги “Намоз мўъминнинг меърожидир” сўзлари бунинг далилидир. Намоздан кейинги фарз рўзадир: “Эй мўъминлар, сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди” (2:183) ва яна айтилади: “Намозни текис адо қилинг ва закотни беринг” (2:43). Демак, тасаввуф исломнинг беш асосини сидқ билан адо этишдан бошланади. Тасаввуфнинг “покланиш йўли” эканини эътироф қилган инглиз олими Ж.Тримингэм “Биз тасаввуфни сўфийлар изидан бориб, “исломнинг ички таълимоти (доктринаси) ва унинг сирлари Қуръондадир деган мақсад билан кўриб чиқамиз”[3] деган хулосага келган экан, биз ҳам тасаввуф таълимотини ўрганганда унинг исломий асосларини билиш ва тараққиёт омилларини англаш йўлини тутишимиз лозим.

Ислом дунёсида тасаввуф сингари мураккаб жараённинг вужудга келиш сабабларини тушуниш учун у туғилган жамият ҳолатини ўрганиш зарур. Хулафои рошидин (тўрт асил халифа)лардан Абу Бакр (р.а.), Умар (р.а.)дан сўнг Усмон(р.а.) даврига келиб, халифалик табиати ўзгара бошлади. Халифа Ҳазрат Усмон виждон, диёнат (хайаъ) рамзига айланган эди, бироқ унинг даврида ҳам зиддиятлар кучайди. Усмон (р.а.) ва Ҳазрат Алининг ўлдирилиши вазиятни кескин ўзгартирди ва ҳукумат тепасига умавий Муовия ибн Абу Суфён (661 йил, куз) келди. Бу даврдан халифалик динийгина эмас, таълимий характер касб эта бошлади. Айниқса, Ҳазрат Али ва унинг авлодларига бўлган шафқатсиз муносабат (Имом Ҳасан, Имом Ҳусайннинг ўлдирилиши ва бу воқеаларни акс эттирган Жаҳонотин Увайсий достонларини эслаш мумкин) вазиятни яна ҳам кескинлаштирди.

Халифа Усмон (р.а.) давридаёқ саҳобалар томонидан Ҳадислар тўплана бошлади, чунки ҳадисларда ҳам тасаввуфий мазмун акс этган эди. Қуръони каримни ёзиб олишга ҳаракат бўлди, Каломуллоҳнинг кўфий ёзуви билан терига ёзилиши шундан келиб чиқди. Ҳофизлар (Қуръонни қироат билан тажвидга амал қилган ҳолда ўқувчилар) ва қорилар (Қуръонни ёддан билувчилар)нинг камайиши воқеаларнинг тезлашишига сабаб бўлди. Иккинчидан, нафақат Халифа Али авлодлари, балки Пайғамбаримиз саҳобалари (у зот билан суҳбатда бўлган кишилар)нинг ҳам дунёдан ўтиши бу жараёнга ўз таъсирини ўтказди. Ҳадисларнинг йиғилиши ва иснод йўли билан (ҳадиснинг ким томонидан айтилганига қараб, масалан, мадиналик Ибн Абу Яҳъё, ундан боғдодлик ал-Вакидий, ундан хуросонлик Муқотил ибн Сулаймон, ундан суриялик Муҳаммад ибн Саид эшитган тарзида) уларнинг саҳиҳлигини аниқлаш одат тусига кирди[4]. Ибн Халдуннинг ёзишича, “Абу Ҳанифа фақат 170 ҳадисни, Малик 300, Абу Абдуллоҳ Исмоил Бухорий 9200 ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал 50.000 ҳадисни саҳиҳўғри) деб билганлар”[5]. Имом Бухорийнинг ўз сўзларига кўра, юз минг саҳиҳ (ишончли) ва икки юз минг ғайри саҳиҳ (ишончсиз) ҳадисни ёд билар экан. Унинг шогирдларидан Амир ибн Фаллос: “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийга маълум бўлмаган ҳадис, албатта, ишончли ҳадис эмасдир” деган. Устозларидан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Марвазий (780–855)нинг айтишича, “Бутун Хуросондан Муҳаммад ибн Исмоил каби олим чиққан эмас”. 20 ёшидаёқ бир неча китоблар муаллифи сифатида машҳур бўлган муҳаддис “Ал-адаб ал-муфрад” («Адаб дурдоналари»), “АлЖомеъ ас-Саҳиҳ”дан ташқари яна йигирмага яқин китоблар муаллифидир, таассуфки, уларнинг кўплари бизгача етиб келмаган.

Жаҳон борлиғининг сифати ва мағзи жамланган Қуръони каримнинг маъносини англаш осон кечмаган. Гарчи ҳадислар орқали бу машаққатли йўлни енгиллаштиришга ҳаракат қилинган бўлса-да, Аллоҳ каломини изоҳ ва шарҳлашда, ундаги илоҳий маъно сирларидан бани одамни огоҳ қилишда минглаб уламо ва муфассирларнинг беназир хизматлари тайин. Ҳазрат Навоий қуйидаги муфассирлар ва уларнинг асарларини ҳурмат билан тилга олган: Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад Ғаззолий «Жавоҳиру-луръон», Абул Қосим Маҳмуд бин Умар бин Муҳаммад Замахшарий (ваф. 1143-44) «Ал-кашшоф фи тафсир алуръон», Рўзбеҳон Бақлий (ваф. 1209-10) «Аройису-л-баён фи ҳақойиқи-луръон», Нажмуддин Розий (ваф. 1256) «Баҳру-лақойиқ» («Ҳақиқатлар денгизи»), Садриддин Қўнавий (ваф. 1274-75) «Эъжозу-л-баён» (Қуръони каримнинг «Фотиҳа» сураси тафсирига бағишлангани учун «Тафсири фотиҳа» деб ҳам аталади), Шайх Саъдиддин Ҳамавий «Сажанжалу-л-арвоҳ ва нуқушу-л-алвоҳ» («Руҳлар кўзгуси ва лавҳалар нақши»), Абдираҳмон Жомий «Тафсир» (тугалланмаган), Ҳусайн Воиз Кошифий (ваф. 1505) «Жавоҳиру-т-тафсир ат-туҳфату-л-амир»[6] ва бошқалар.

Турк дунёси исломий удумларни қабул қилиш ва ўзига илоҳий йўл топиш баробарида юзлаб тафсирлар, шарҳлар ва луғатлар тузганлар, бу билан башар зотининг Аллоҳ сўзини англашдек масъулиятини енгиллаштиришга урунганлар. Турк олими Фуод Кўпрулунинг аниқланишича, Қуръони каримни турк тилида тафсир қилиш ҳижрий III (милодий X) асрлардан («шарҳ ва тафсирлар йиғиндиси сифатидаги наср диний туйғу ва фикрлар ифодаси бўлгани учун учқур шеъриятга нисбатан кенгроқ тарқала бошлади» деб ёзган) бошланган[7]. А. Эртўғон, Абдуқодир Инон каби олимлар туркий тафсирчилик тарихи билан шуғулланганлар[8]. Турк дунёсида барча муфассир ва исломшунослар томонидан тан олинган дастлабки Тафсир ҳақида филология илми фаннинг бошқа соҳаларидан аввалроқ хабар берди. XII-XIII асрларда номаълум муаллиф томонидан амалга оширилган Қуръони каримнинг тафсири 1914 йилда Қаршида топилган ва Бухорога келтирилган. 1920 йили Бухорода шўролар ҳукумати ўрнатилгач, «Туркий тафсир» Санкт-Петербург шаҳрига олиб кетилган. Ҳозир Русия ФАШИ Санкт-Петербург бўлимида (197-рақам остида) сақланаётган бу Тафсирни, табиийки, дастлаб рус мусташриқлари томонидан ўрганилишига рухсат бўлган. В.В. Бартольд, С.Е. Малов, А.Н. Кононов, А.М. Шчербак унинг тил жиҳатларини ўрганган бўлса, А.К. Боровков[9] Тафсирни махсус тадқиқ қилиб, унга луғат ҳам тузган. Проф. Қ. Маҳмудов «Туркий тафсир»нинг факсимиле нусхасини нашр қилдириш[10] билан ушбу манбага илмий жамоатчилик эътиборини қайта қаратди. Демак, Ислом тасаввуфининг асоси ва тараққиёт манбалари сифатида Қуръони каримдаги ояти карималарни, Ҳадис ҳикматларини ва Тафсир сифатларини ўрганиш маълум маънода тасаввуф илми ҳам амалиётининг ривожланишига сабаб бўлади.

Тасаввуф тарихида милодий VIII асрларга келиб, Саодат асрини қўмсаш, пайғамбарлик сифатларини тарғиб қилиш, бора-бора зуҳд ва тақвони кучайтириш лозим кўрилди. Ҳали “сўфий” сўзи урф бўлмай туриб, зоҳид ва обидларда дастлабки сўфийлик белгилари зоҳир бўлди. Обид ибодат қилишга, тақвога берилган бўлса, зоҳид дунё лаззатларидан ўзини парҳез қилиши билан тасаввуф аҳлига яқин туради. Улардаги фарқ ҳалол ва ҳаромга муносабатда кўринади. Обид фикрича, Қуръонда ҳалолланган нарсаларгина ҳалол, зоҳид фикрига кўра эса, Қуръони каримда тилга олинган нарсалар билан бирга Пайғамбаримиз ўз ҳаётлари даврида ҳалол деб билган нарсалар ҳам ҳалолдир. Кейинроқ бунинг қаторига меҳнат туфайли яратилган ва эришилган нарсалар ҳалоллик белгиси сифатида қўшилган. Иброҳим Адҳам тарихи шуни кўрсатадики, саҳродаги ўтин ёки дарёдаги сув ҳеч кимники (ёлғиз Аллоҳга тегишли) эмас, уни олиб келиб бозорда сотса, ўз меҳнатинигина бозорда сотган саналади, бунинг эвазига келган таом ҳалолдир. Аҳмад ибн Ҳанбал зоҳиднинг уч мартабасини белгилайди: 1) авом зуҳди – ҳаромни тарк қилмоқ; 2) хаввос-хослар зуҳди: ҳалолдан бошқасини тарк қилмоқ; 3) сиддиқлар зуҳди – Аллоҳдан бошқа нарсаларнинг ҳаммасини тарк қилмоқ. Демак, зоҳид дунёни эмас, балки ҳаромни тарк қилувчи сифатида майдонга чиққан. Имом Ғаззолийнинг ёзишича, зуҳд мақоми ҳам илм, ҳам ҳол ва амалдан келур[11].

Ибодат мақоми ҳақида “Ибодати исломия” китобида, Муҳаммад Зоҳид Қутқунинг “Иймон қушининг икки қаноти” асарларида ҳам фикрлар бор. Қуръони каримда айтилишича, “Аллоҳ халқни севади ва уни ўз муҳаббати сари етаклайди». Ғарблик тасаввуфшунос олимлар бетаъма ибодат ҳақида сўз кетганда, илк сўфийлардан Робиа Адавия (713/718-801)нинг тафсилини талқин қиладилар. Унинг ягона тилаги Аллоҳ васлига восил бўлиш, зуҳду ибодат таъма учун эмас, балки қалбдан “фи сафийуллоҳ” (Аллоҳ йўлида) бўлишидир. Тасаввуфшунос олима Аннамария Шиммел китобида Робиа (р.а.) ҳақидаги машҳур ривоят келтирилади: Робиани бир қўлида ўт ва бир қўлида сув (идишда) билан кўрдилар, сабабини сўраганларида, сув билан дўзах ўтини ўчирмоққа қарор қилганини, олов билан жаннатга ўт қўймоқчи бўлганини айтди. Халқ уни эсдан оғган деб ўйлаб, тавба қилишликни ва бу ширкдан воз кечишликни талаб қилди. Робиа айтди: Токи инсонлар дўзах ўтидан қўрқиб ёки жаннатга таъма қилиб ибодат қилмасинлар, ибодат қалб зийнатига айлансин[12]. Мумтоз адабиётдаги муножот (Аллоҳга илтижо) жанри ҳам Робианинг илоҳий қўшиқларидан бошланган. У қалбида Аллоҳдан бошқага муҳаббат ўрин ололмаслигини куйлайди. Аллоҳ васлига восил бўлиш умиди, ўз жисмини тарк қилиб, Тавҳид руҳи билан яшаш ҳақидаги фикрларни мутасаввифлар илк бор Робиа асарларида кўрадилар.

Ҳижрий II асрда мазҳаб айирмалари ҳақидаги қарашлар кучая бошлади. Шиа ва сунний мазҳаби ўртасидаги нифоқлар ҳам шу даврда шиддатли кечган. Пайғамбаримизнинг куёвлари Ҳазрат Алининг издошлари “шиа” тарафдорлари сифатида кўринди, дастлаб уларга қарши ўлароқ Ўмайн ибн Абу-с-Салта, яъни хаворижийлар (халифаликка ҳеч бир шахсни лозим билмаганлар) кузатилди. Улар гуноҳи кабир ҳақидаги қарашларини эълон қилдилар, азракитларнинг айтишича, гуноҳ қилган мўъмин мусулмон эмас. Сифриййа қарашидагилар гуноҳ қилганнинг авлоди эмас, балки фақат ўзи ўлимга маҳкум эканлигини айтадилар. Ибодиййа тарафдорлари гуноҳкор ибодат билан ўз гуноҳларидан фориғ бўлиши мумкинлигини эътироф этадилар. 670-770 йилларда муржиййа тарафдорлари Аллоҳнинг карами ва марҳаматига умид (ражаъ) билан яшашни талқин қилдилар. Шундай қилиб, мазҳабчилик кучайди. Бироқ тасаввуфий илм тарафдорлари мазҳаблараро курашлардан ҳам ўзини парҳез тутдилар. Хориждаги исломшунослар тан олиб ёзганидек, «Сунний уламолар тўрт имом (Абу Ҳанифа, Малик ибн Анас, Шофий ва Ибн Ҳанбал)нинг улуғворлигини тез орада тан олди ва ҳижрий учинчи асрнинг охирларидан сўнг бирор мактаб вакили бўлган уламонинг бошқа мактаб тамойилларига риоя этганини камдан-кам кўрамиз... Айнан ўша пайтда мактаблар ўртасидаги ўзаро бағрикенглик ва яхши фикр муносабатларини ҳамма бирдай қабул қиладиган бўлди»[13]. Жалолиддин Румийнинг «мен 72 мазҳаб эгалари билан биргаман» деган сўзлари ҳам бунга далилдир. Демак, диндаги мазҳабчилик билан тасаввуфдаги тариқатланиш бир ҳодиса эмас. Чунки мазҳаблараро курашда маълум маънода сиёсий даъво – халифатга интилиш мавжуд, тасаввуфда эса таъма ва мансаб учун кураш ҳаром саналган. Унинг учун бирдан-бир кураш нафси амморага қарши бўлиши мумкин.

Тариқат сўзи луғавий жиҳатдан йўл маъносини англатади. Истилоҳий жиҳатдан эса сўфийнинг ўзини поклаш ва Аллоҳга яқинлашиш учун танлаган йўли ҳисобланади. Тасаввуфда шариатсиз тариқатга кириб бўлмагани каби тариқатнинг бирор йўлини қабул қилмай ҳам ўз мақсадига эришиб бўлмайди. Шунинг учун тасаввуфда сулук ат-тариқўлни ўташ) деган тушунча бор. Тариқат йўлини ўтаб, унинг манзилларига эришиб, мақомларига етишиш орқалигина тасаввуфда ҳақиқий покланишга эришиш мумкин. Муайян бир тариқатнинг ичида тоифа ва силсила муносабатлари шаклланган бўлиши мумкин. Аллоҳга бўлган буюк муҳаббат унинг биру борлигига иймон келтирган мўъминларнинг жамоалашув истагини туғдирди. Тариқат эса мана шу покиза илм ва ахлоқ йўлида бирликка интилишнинг натижаси ўлароқ вужудга келди. Демак, сўфийларнинг тариқатлашув жараёни айрим ғарбдаги мутахассислар айтганидек, ажралиш ёки бўлиниш истаги билан эмас, балки ахлоқий покланиш йўлида бирликка интилувнинг натижаси ўлароқ майдонга чиққан.

Тариқат истилоҳининг муқобили сифатида Ғарб олимлари “орден”, “братство” атамаларини ўз асарларида қўллайдилар. Лекин бу тушунчалар тасаввуф тариқатлари моҳиятини тўла англатмайди. Айрим ҳолларда эса улар мазҳаб тушунчасига яқин келиши мумкин, холос.

Илк тасаввуф тариқатларидан жабариййа (улуғлик, Аллоҳнинг улуғлиги) тарафдорлари инсон эркини чеклаб, ҳамма нарса Аллоҳ томонидан берилган фикрини илгари сурди, қадариййа тариқати вакиллари эса инсон эркини ёқлади ва шу билан бирга банда ўз гуноҳлари учун Аллоҳ олдида масъулдир, деган фикрда қолди. Шу даврда ботиниййа, хаммариййа каби тариқатлар ҳам вужудга келган[14].

Тариқат назарияси милодий XI асрдан бошлаб шакллaниш даврига кирган ва секин-аста тариқатланиш тамойиллари ишлаб чиқилган. Тасаввуф олимлари орасида нисбатан биринчи бўлиб тариқатланиш илми ва тамойилларига юзланган аллома Абул Ҳасан Хужвирий (ваф. 1074) бўлган. Унинг “Кашфу-л-маҳжуб” (“Покланиш йўлларининг кашфиёти”) асари (1073)да мухосибийлик, кассарийлик - маломатийлик, тайфурийлик, жунайдийлик, нурийлик, саҳлийлик, ҳакимийлик, харразийлик, хафифийлик, сайарийлик сингари ўн тариқат зикр қилинган[15]. Мардуд (рад қилинган) тариқатлар сифатида хулумийлик ва халложийлик келтирилган. Ал-Воситийнинг “Тиряқу-л-муҳибин” (“Муҳиблар тариқатлари”) асари (1320)да Хужвирийнинг таснифи, асосан, қабул қилиниши билан бирга қатор янги тариқатлар, яъни XI асрдан бошлаб шакллана бошлаган билолийлик ва увайсийлик ҳақида маълумотлар бор. Муҳаммад Шерозийнинг “Таройиқу-лақойиқ” асари асосида тариқатланиш жараёнини ўрганган олим М.Ҳазратқулов китобида қуйидаги тасаввуф силсилалари - қодирийлик, мухосибийлик, маломатийлик, қаландарийлик, тайфурийлик, жунайдийлик, рафоийлик, саҳлийлик, сухравардийлик, мавлавийлик, сафавийлик, нақшбандийлик, неъматуллоҳийлик, қубравийлик, шозилийлик, бектошийлик, нурийлик, исавийлик ва б. кўрсатилган[16].

Ғарб олимлари тасаввуф тариқатларига муносабатда ҳудудий, миллий ва мазҳабий таснифларни илгари сурганлар. Инглиз олими Жорж Тремингэм кўпроқ ҳудудий таснифнинг ҳимоячиси сифатида кўринади. Унингча, тасаввуф тариқатланишида Боғдод мактаби - Ироқ (Месопотамия)ни алоҳида кўрсатилади. Миср ва Мағриб (Андалузия) мактабларидан бири сифатида шазалийлик англатилади. Ундан кейин эса, Эрон ва Ҳинд ҳамда Туркистон мактаблари тавсифи берилиб, уларнинг энг машҳурлари кубровийлик, яссавийлик, мавлавийлик, хожагон-нақшбандийлик, чиштийлик, Ҳиндистон сухровардийлиги деб талқин қилинади. Булардан ташқари олим «Исломдаги тасаввуф тариқатлари» китобида ҳосила тариқатлар сифатида рўзбехонийлик, кизонийлик ва бошқаларни тилга олади. Ж.Тримингэм талқинича, Месопотамиядаги тариқатлар орасида машҳурларидан бири сухравардийлик бўлиб, Абу Нажиб Сухравардий (1097-1168) номи билан боғланган, асосан, Кичик Осиё ва Хуросонда машҳур бўлган. Сухравардийнинг “Адабу-л-муридин” номли асари хонақоҳ ва мадрасаларда ўқув қўлланмаси сифатида қўлланилган. Қодирийлик айрим манбаларда илк тасаввуф тариқати сифатида қабул қилинади. Бу тариқат машҳур шайх Абдулқодир Гилоний (1077-1134) номи билан боғлиқ. Хуросон, Турк ва Ҳинд ҳудудларида вужудга келган тариқатлар эса Абу Ҳасан Ҳарақоний, Абу Язид Бистомий ва Юсуф Ҳамадоний номи билан боғлиқ экани айтилади. Ж.Тримингэм талқинида тасаввуф тариқатларининг ҳудудлараро таснифи билан бирга тариқат ва силсила муносабатлари фарқли тушунчалар сифатида англатилади[17].

Айрим ғарб мутахассислари тасаввуф тараққиётини муътазила таълимоти билан боғлашади. Муътазила (кетиш, узоқлашиш) тарафдорлари (Восил ибн Аъта) жабарийликка муносабатда улардан ажралиб кетади ва шу воқеадан муътазилийлик зоҳир бўлади. Демак, Восил (700-749), унинг шогирди Амр ибн Убайд (ваф. 769) даврида бу қараш кучайган. Улар ҳокимиятдаги умавийлардан узоқлашганлар ва зоҳидлик машғули билан машҳурдирлар. Муътазилийлик Восилнинг “Фи-т-тавҳид ва-л-адл” (“Аллоҳнинг бирлиги ва адолат”) китоби орқали ҳам тарқалган, бироқ бу асар бизгача етиб келмаган. Бу қараш басралик Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Саййар Низом (ваф. 845) томонидан давом эттирилган. Бишр ал-Муътамир (ваф. 840), Абу Худайл Аллаф (ваф. 849) ушбу таълимот билан чекланмай, уни кенгайтирганлар. Айниқса, халифа Маъмун томонидан (824) бу таълимотни давлат дини даражасида қабул қилиниши уни аббосийлар салтанатида кенг қўлланишига сабаб бўлган. Кейинроқ халифа Мутаваккил (847-861) бу қарашлардан воз кечган[18]. Муътазилийлик даврида юнон манбаларига кўпроқ ўрин берилган, таржима адабиёти кучайган. Бу соҳада халифалик табиби Бихтйишу ва Хунайн оиласи кўп хизмат қилган. Бихтйишу Мансур (754-755) даврида, Жиржис ибн Бихтйишу ва унинг ўғли Бихтйишу II ибн Жиржис Хорун ар-Рашид (786-809) даврида фаолият кўрсатган. Иккинчи оила бошлиғи Ҳунайн ибн Исҳоқ Ибоди (810 туғ.) халифа Маъмун томонидан бош мутаржим этиб тайинланган. Х асрда Басрада беш олим фаолияти билан “Ихвану-с-сафа” (“Мусаффо биродарлар”) гуруҳи машҳур бўлган ва улар ҳам юнонлар йўлидан юрганлар[19]. Айни шу даврда Оврўпа олимлари талқинича, неоплотинизм кучайган. Плотин (204 туғ.) “Энеида” (“Тўққизликлар”) китобида дунёни беш босқич (асос)да тушунтиради: 1) бирлик: 2) руҳ; 3) қалб: 4) материя; 5) моддий дунё кўриниши. Инсоннинг мақсади руҳни жисмоний жасад (жон)дан озод қилиб, илоҳий ҳаётга йўллашдир. Сўфийликни неоплотинизмдан озиқланган деювчилар ҳар икки таълимот ўртасидаги мана шу яқинликни назарда тутадилар[20].

Тасаввуф тарихида инсоннинг ўзи устидан назорати кучайди ва бу йўналишда Абу Абдуллоҳ Харис Мухосибий (ваф. 857)нинг “Ар-риойа ли ҳуқуқ Аллоҳ” (“Аллоҳнинг ҳуқуқларига амал қилиш”) китобида 61 боб орқали мухосаба (ўзини кузатиш) усуллари баён қилинган. Худди шу даврда мухосиблик таълимотини ёйганлардан бири Абул Фаил ибн Иброҳим Зуннун Мисрий (ваф. 860) бўлган. Нийа ва рийа (содиқлик ва мунофиқлик) ҳақида баҳс кучайган.

Тасаввуфнинг Хуросонда тарқалиши ва таълимот ҳолига келиши Иброҳим Адҳам (ваф. 776) номи билан боғлиқ. Унинг мажлислари самовий тус олган ва шогирди Шақиқ Балхий фаолиятида ҳам бу таълимот кенгайтирилган. IX асрга келиб Нишопурда маломатийлик ривожланган ва унинг Абу Хафс Умар Хаддод (ваф. 881), Абу Усмон Саъид Ҳирий (ваф. 910) каби вакиллари фаолиятда бўлганлар. Абул Қосим Жунайд Хаззоз (ваф. 911)нинг “Саййиду-т-тоифа” (“Ҳамма тоифалар хўжаси”), “Товусу-л-фуқаро” (“Фуқаролар товуси”) китобларида тасаввуф мантиқан асосланган. Демак, тасаввуф исломнинг мантиқий давомидир деб таълим беради Жунайд Бағдодий. Абу Язид (Боязид) Тайфур Бистомий (ваф. 875) тасаввуфни мантиқангина эмас, балки илмий (Қуръоний) асослашга интилган. Фано ва тариқат тушунчалари илк бор Қуръони карим асосида Боязид Бистомий томонидан унга нисбат берилган «Шатхийят» (луғавий маъноси «соҳилга чиқиш») китобида шарҳланган. Асарда жазба ҳолатидаги нидо, муножот ва мулоқотлар жамланган бўлиб, «Илоҳий мулоқот» номи билан машҳур асари ҳам «Шатхийят» таркибига кирган, самовий мажлисларда эҳтирос билан ўқилган. Боязид Бистомийнинг покланиш йўли (тариқи) барча сўфийлар томонидан баравар маъқул деб қабул қилинмагани учун у тавҳид, яъни ягоналикка даъво қилишликда айбланган ва ҳукмдорлар томонидан «кофир» деб эълон қилинган.

Фано ва тавҳидга муносабатда Мансур Халлож (858 туғ.) таълимоти эътиборли. Абу-л-Мугис алусайн ибн Мансур Халлож таълимотида азал ва сурат ҳақидаги таълимот, тажалли ривожланган. Чунки азал сурати моддий дунёда тажалли топади. Ҳува-ҳува (У удир), ҳулул (инсоннинг қисман илоҳийлик касб этиши), валий (яъни муқаддаслашуви), лоҳут (илоҳий инсон) ҳақидаги қарашлар унинг номи билан боғланади. Халлож ўлдирилган ва унинг китоблари йўқотилган бўлса ҳам бизгача “Китобу-т-тавосин” асари етиб келган бўлиб, китобда 27 ривоят ва 400 насрий парча (зимра)лар орқали фикр баён қилинган[21]. Мансур Халложга нисбат берилган форсий шеърлар ҳам талайгина, улар асрлардан асрларга, оғиздан оғизга кўчиб юради.

Тасаввуф давомли суратда ривожланиб борди ва тасаввуф тарихида Ирфон босқичи (X-XIII аср) мумтоз давр сифатида қабул қилинди. Ибн Сино (980-1037) ва ирфоний ишқ фалсафаси ҳақида тасаввуфшунос олим Н.Комиловнинг асарларида изчил илмий талқинлар мавжуд[22]. Абу Али ибн Сино буюк табобат олими, файласуф, тилшунос бўлиш билан бирга, забардаст тасаввуф олими ҳам эди. “Ал-ишорот ва-т-танбиҳот” («Кўрсатма ва танбеҳлар») асарида сўфийлик амалиётининг руҳоний асосларини очиб берди[23]. «Тайр қиссаси», “Соломон ва Ибсол”, “Юсуф” каби насрий асарлари Х–ХII асрларда нафақат тасаввуфий адабиётнинг, балки бадиий насрнинг юксак намуналари сифатида тан олинади.

Мана шу даврдан тасаввуфнинг руҳий (руҳоний), илмий-таълимий ва амалий асослари шаклланган. Руҳоний назария бўйича шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларига эришиш етти мақом: тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр, таваккул ва ризо орқали юз беради. Сўфий қилган гуноҳлари учун тавба қилгандан сўнг у вараъ, яъни ҳаром билан ҳалолни фарқлаши лозим. Кейин зуҳд ва фақр мақомига қадам қўяди. Сабр ва таваккулдан кейин ризо, яъни қалбнинг тозалангани ва у илоҳийлик касб этиши, Аллоҳга қўшилишга тайёрлиги айтилади. Тасаввуфда бу мақомлардан ташқари ҳол (аҳвол), яъни бир қанча ҳолатлар ҳам фарқланади: қурбқинлик), маҳабба (севги), хавф (хатар), ражаъ (умид), шавқҳтирос), унсўстлик), итмаъинна (қалб осойишталиги), мушоҳида (идрок) ва яқин (ишонч)[24].

Таълимий жиҳатдан қараганда Аллоҳни билиш маърифати уч босқичда фарқланади: 1) илму-л-яқин; 2) айну-л-яқин; 3) ҳаққу-л-яқин. Илму-л-яқинда энг ишончли кишилар, яъни пир-муршид воситасида Аллоҳнинг биру борлиги эшитиб билинади. Солик муршид раҳнамолигида илоҳий моҳиятни ўрганиб унга ишонади. Илму-л-яқинга шариат талабларини бажариш орқали эришилади[25]. Иккинчи босқичда у фикрлаш орқали Ҳақиқат нурининг мавжудлигини англаб етади, яъни маърифатга эришади. Ҳаққу-л-яқин сўнгги босқич бўлиб, унда эшитиб билиш, фикрлаб билишдан сўнг билиш - кўриб билиш даражасига етилади. Демак, инсоннинг илоҳий руҳга яқинлашув ҳолати содир бўлади. Мансур Халлож таълимоти ана шунинг учун ҳам “Анал ҳақ”, яъни инсон руҳининг илоҳиётга қовушиши тарзида кечади.
Аллоҳни билишда юқоридаги уч маърифий босқич Имом Ғаззолий (1059-1111)нинг «Мукошафату-л-қулуб» асарида фарқлаб кўрсатилган
[26] бўлса, «ҳужжату-л-ислом»нинг «Иҳйа ал-улум ад-дин» («Диний илмларни жонлантириш») асарида маданият тарихида илк бор диний ва дунёвий илмларнинг таснифи берилган. «Кимиёи саодат» («Чаҳор китоб») асарининг зоҳирий таржимаси "Дил ҳақиқати" бўлиб, дил ва руҳ тушунчалари, уларнинг тасаввуфий талқинларига оид фикрлар баён қилинган: «Билгилки, ҳазрати Ҳақ субҳанаҳу ва таолони танимоқни(нг) калиди ўз нафсини танимоқдир. Ушбу маънида айтибдирларки, «Ман ъарофа нафсаҳу фа қод ъарофа роббаҳу», яъни ҳар киши ўз нафсини таниса, батаҳқиқ Парвардигорини танигайдир... Икки нимарсадин бири зоҳир бадандирки, ани тан атабдирлар, муни зоҳир кўз бирла кўргали бўлур. Яна бири маънии ботиндирки, ани нафс дерлар, жон атарлар ва дил ҳам дерлар. Бу маънии ботинни (яширин маънони) ботин (ички) кўз бирла танигани бўлур. Зоҳир кўз бирла кўргали бўлмас. Ва сенинг ҳақиқатинг - ушбу маънии ботиндир...[27]»

Марказий Осиёда тасаввуфнинг тарқалиши ва тараққиётида Юсуф Ҳамадоний (1048-1141) барпо этган тасаввуф мактаби эътиборлидир. Алишер Навоийнинг «Насойиму-л-муҳаббат»ида у зот «...имом, олим, орифи раббоний, гўзал ҳоллари, кўп эҳсонлари, юксак каромот ва мақомотлари бор эди» дея таърифланган. Шайх Юсуф Ҳамадоний хожагон тариқатидаги «хуш дар дам», «назар бар қадам», «сафар дар ватан», «хилват дар анжуман» қоидаларини ишлаб чиққан. Унинг савол-жавоб тарзидаги «Рутбату-лаёт» асарида Шайхга берилган ўн тўрт савол ва уларнинг жавоблари акс этган бўлиб, «ҳалол ва ҳаром, моддийлик ва руҳоният, дунё ва охират, тубанлик ва юксаклик» каби зидликлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида фикр юритилади. Замонасининг етук шайхлари Абдулқодир Гилоний (Ғавсу-л-аъзам), Шайх Ҳамидуддин Мултоний Имом Ғаззолий билан мулоқотда бўлганлар. Одамлар орасида юриб, уларни иршод қилиш, муридлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш йўлини танлагани учун Шайхнинг хонақоҳи «Хуросон каъбаси» номини олган. Шайх Ҳамадонийнинг тасаввуф тарихидаги улуғ хизматларидан бири Хожа Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Туркистон пири Хожа Аҳмад Яссавий ва Хожаи жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувонийни тарбиялаб камолга етказганидир. Хожа Аҳмад Яссавий (ваф. 1166–67) яссавийлик (жаҳрийлик) тариқатининг асосчиси ва илк турк мутасаввифи сифатида машҳурдир. Аҳмад Яссавий ибодат (хонақоҳ) адабиётининг бошловчиси сифатида илк адабий мактабга асос солган[28]. Яссавийликнинг асоси, йўналиши ва таъсири масалалари «Маслаку-л-орифин», «Ламаъот», «Самарату-л-машойих», «Жавоҳиру-л-аброр» каби манқаба ва рисолаларда баён қилинган. “Девони ҳикмат”да илоҳий ишқ ғояси ва маърифий мазмун етакчилик қилади. Шу боисдан ҳам Яссавий ҳикматлари маъно ва моҳият эътибори билан Қуръони карим ва Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларига чуқур боғланган. Яссавийлик тариқатининг асослари юқоридаги манбалардан ташқари «Фақрнома» номли рисолада (айрим мутахассислар уни Хожа Аҳмад Яссавийга нисбат беришади) ҳам акс этганки, яссавийлик тариқатидаги шайхлар учун бу мўътабар манба ахлоқий кодекс вазифасини ўтаган.

Хожаи жаҳон номи билан машҳур Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний (1103 туғ.) манбаларда Юсуф Ҳамадонийнинг «тўртинчи халфаси» сифатида тилга олинади. Айрим тадқиқотчилар хожагон тариқати Юсуф Ҳамадонийдан бошланган (В.В. Бартольд) десалар, айримлари уни кейинчалик «нақшбандийлик» номи билан машҳур бўлган тариқатнинг яратувчиси сифатида (Ж.Тримингэм) тилга оладилар. Фитрат ҳали нақшбандийлик номи билан шаклланиб улгурмаган силсилани «абдулхолиқчилар» деб атаган[29]. Бундай эҳтиромнинг сабаби тасаввуфдаги саккиз манзил бевосита Абдулхолиқ Ғиждувоний номи билан боғланганлигидадир. Фахруддин Али Сафийнинг «Рашаҳоту айни-лаёт» асарида Шайх шахсига ихлос билан махсус мақола бағишланади. Хожа Муҳаммад Порсо «Фаслу-л-хитоб» асарида «Ҳазрати Хожа Абдулхолиқнинг йўллари тариқатда ҳужжат ҳисобланади» деб ёзган эканлар[30]. Эҳтимол, шунинг учун бу йўлни ҳужжат тутганлар кейинроқ нақшбандийлик номи билан мустақил тариқат сифатида шуҳрат топдилар.

Кубровийлик Хивада таваллуд топган Шайх Нажмиддин Кубро (1145-1221) номи билан боғлиқ. Мисрда Рўзбеҳон Ваззонга ҳам мурид, ҳам куёв бўлган. Сўнгра Табризга бориб, Абу Мансур Хафддан «шарҳу-с-сунна»ни ўрганади, Исмоил Касрий қўлидан хирқа кияди. Мисрга қайтгач, Рўзбеҳоннинг тавсияси билан Хоразмга келиб, хонақоҳ қуради. Кубровийлик (ёки захабийлик) тариқатига асос солади. Ҳожи Халифанинг «Туҳфату-л-фуқаро», Камолиддин Ҳусайн Гозургоҳий (Фаноий)нинг «Мажолису-л-ушшоқ», Лутф Алибек Озарнинг «Оташкада», Ризоқулихон Ҳидоятнинг «Риёзу-л-орифин», Азизиддин Насафийнинг “Зубдату-лақойиқ” асарларида улуғланган шайхи Кубро Туркистонда яратилган илк тафсирлардан бирининг ҳам муаллифидир, «Усули ашара», «Фавотиҳу-л-жамол» каби рисолалар, ўнлаб тасаввуфий рубоийлар яратган. Унинг рисолаларида тўрт мавжудлик ҳақиқати: Вужуд, Қалб, Руҳ ва Виждон тўғрисида баҳс юритилади[31]. Кубровий шайхлари Эрон, Хуросон, Кичик Осиёда кенг тарқалган. Мажидиддин Боғдодий (Фаридиддин Атторнинг пири), Саъдиддин Ҳамавий, Бобо Камол Жандий, Сайфиддин Бохарзий, Нажмиддин Розий Доя, Жамолиддин Аҳмад Журфоний, ва б. машҳур шогирдлар етиштирган. Ж.Тримингэмнинг ёзишича, тасаввуф тарихида кейинчалик вужудга келган ўнлаб тариқатлар, жумладан, фирдавсийлик, рукнийлик, нурбахшийлик ва бошқа тариқатлар кубравийликдан илдиз отган. Проф. Н.Комилов «Кубравиядан фирдавсия, нурия, рукния, ҳамадония, иғтишошия, нурбахшия каби тоифалар ўсиб чиққан»ини қайд этиб, «хоразмлик буюк шайхнинг тариқати бутун Шарққа тарқалди, унинг истеъдодли муридлари донишмандлик, ҳикмат ва инсоний поклик, илоҳий маърифат ғояларини турли миллат ва элатлар орасида ёйдилар, исломнинг шуҳратига шуҳрат қўшдилар» деб ёзганида тариқат куброси ҳақидаги айни ҳақиқатни баён қилган эди[32].

Сўфийлар руҳнинг покланиши (дил ҳақиқатини англаш)да кўнгил, дил феноменига алоҳида эътибор берганлари каби бадиий ижоднинг моҳиятида ҳам кўнгил ётиши айни ҳақиқатдир. Тасаввуф билан адабиётнинг ватани кўнгил экан, улар ўртасига зидлик белгиси қўйиб бўлмайди. Тасаввуф адабиётининг шаклланишида Абу Саййид ибн Абулхайр (967-1049) ва унинг “Самовий мажлислар”и алоҳида амалий аҳамиятга эга. Форс рубоийнавислигига тасаввуфий талқин олиб кирган шоир Бобо Кўҳий Шерозий (XI аср) ҳисобланади. Сўфий достончиликнинг шаклланишида Абдуллоҳ Ансорий (1006-1088) ва унинг “Табоқоту-с-сўфиййа” (“Сўфийликнинг мақомлари”), “Анису-л-муридин” (“Муридлар дўсти”) асарлари алоҳида эҳтиромга эга. «Табақоту-с-сўфиййа» ва араб тилида ёзилган «Манозилу-с-саъирин» (“Сулук мазиллари”) номли асарларида тасаввуфга нафақат илм ва ахлоқий йўналиш, балки буюк бир маънавий қудрат, адабий қиммат берди. Қуръоний мазмундаги «Қиссаи Юсуф» сюжетини янгича талқин қилиб, «Анису-л-муридин» достонини яратди. «Мусажжат» номи билан машҳур қофияли наср - сажъда ёзилган асарида «Манозилу-с-саъирин»даги тасаввуфий талқинларни бадиий тарзда оммага етиб борадиган мақбул шаклларда қайта ифодалади[33].

Жалолиддин Румийнинг тасаввуф адабиётидаги ўрнини белгилашда унинг тариқати ва фаолиятини Ҳаким Санойи ва Фаридиддин Атторнинг давомчиси сифатида тушуниш бор. Акад. Е.Э. Бертельс Мавлононинг

«Аттор руҳ буд ва Санойи ду чашми у,

Мо аз бе Санойи ва Аттор омадим»

(Аттор руҳ, Санойи унинг икки кўзи эди,

Биз Санойи ва Аттордан кейин келдик)

сўзларидан келиб чиқиб иш кўради[34]. Ҳаким Санойи (ваф. 1141) нафақат Румий ҳазратларининг муршидларидан бири, балки форс тасаввуф адабиётида «Хадиқату-лақойиқ», «Сайру-л-ибод» ва б. (жами етти достон) билан самовий достонлар туркумига асос солган буюк мутасаввиф ҳамдир. Ҳаким Санойи бундай ёзганди:

«...з-онки гил мазлумаст ва дил равшан,

Гили ту гулханаст ва дил гулшан».

Яъни: тупроқ — зулмат, дил эса равшан; сенинг тупроғинг ўт-олов, дилинг эса — гулшандир.

Асл исми Абу Ҳамид Муҳаммад бўлган Фаридиддин (диннинг ягонаси) Аттор (1136-1229) Шайх Мажидиддин Боғдодий, Шайх Рукниддин сингари сўфийлардан таълим олган. Давлатшоҳ Самарқандий "Тазкирату-ш-шуаро" асарида Шайх Аттор шеърий асарларининг ҳажми 250 минг байтга яқин деб кўрсатган. Асосий илмий-фалсафий ва тасаввуфий руҳдаги асарлари "Асрорнома", "Мусибатнома", "Ҳайдарнома", "Ҳайлож", "Мухторнома", "Уштурнома" ва бошқалардир. Булардан ташқари Атторнинг "Тазкирату-л-авлиё"сида 96 нафар сўфий ҳаёти ва ҳолоти зикр қилинган. "Мазҳару-л-ажойиб" («Мўъжизаларнинг кўриниши») номли асарида Ҳазрат Али тимсоли яратилган. «Илоҳийнома»да Руҳ ва ситтаи қувва (олти асос) талқини берилган. «Мантиқу-т-тайр»да Аттор фалсафасидаги Тавҳид асрори (Н.Комилов) англатилган бўлса, Ваҳдати вужуд ва ваҳдати мавжуд талқинлари «Жавҳару-з-зот» асаридан ўрин олган.

Муҳаммад ибн Али ибн Арабий Тоий Андалусий (560-638/1164-1240) Испаниянинг Мурсия шаҳрида туғилган. Абдуллоҳ Бадру-л-Ҳабаший, Исмоил ибн Савдакин Нурий каби cўфийларни тарбиялаб етиштирган. “Футуҳоту-л-Маккийя” (12 жилд), “Фусусу-л-ҳикам” (“Ҳикматларнинг асли“), “Мафотиҳу-л-ғайб” (“Ғайб [илми]нинг калитлари”, “Таржуману-л-ашвақ” (“Шавқлар таржимони”), “Жомиъу-л-аҳком” (“Ҳукмлар тўплами”), “Муҳазарату-л-аброр ва мусамарату-л-ахйор” (“ “), “Шарҳу асма илаҳи-л-ҳусна” (“Гўзал илоҳий исмларнинг шарҳи”), «Ақидату аҳли-с-сунна” (“Суннат аҳлининг ақидалари”), “Асрору-л-хилва” (“Хилват сирлари”), “Шуъабу-л-ийман” (“Иймон “), “Таназзулоту Мусулиййа” (“Мусулликларнинг тааззули”) каби ўнлаб асарлар битган.

Мавлоно Жалолиддин Румий (1207-1273) ҳазратлари тавсифида сўз кетаркан, Абдураҳмон Жомийнинг аниқ ва қисқа таърифи ёдга келади:

Ман чи гўйам васфи он олийжаноб,

Нист пайғамбар вале дорад китоб

(Мен улуғ жаноб васфида не дей,

Пайғамбар эмас, лекин китоби бор).

Мавлоно Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини унинг илк тафсирчиларидан Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача ўтган шориҳлар бир овоздан тасдиқлайдилар[35].

Аҳмад Афлокийнинг «Маноқибу-л-орифин» (“Орифларнинг сифатлари”) асарида зикр қилинишича, Дамашқда шаклланган Муҳйиддин ибн Арабий мактабининг давомчиси сифатида фаолиятда бўлган.

«Форсий тафсир» номи билан ҳам улуғланган «Маснавийи шариф» ўн йиллар чамаси муддат оралиғида яратилиб, Мавлоно вафотидан тўрт йил аввал 1269 йилда ёзиб тамомланди. Араб-форс эпик достончилиги усули бўлган маснавий шаклида ёзилган бу асарни олимлар дидактик достон (Е.Э. Бертельс), ҳамосий (эпик) шеърлар мажмуаси (Т.Пурномдориён), ирфоний китоб (Р.Никольсон), тасаввуф қомуси (А.Шиммел) каби сифатлар билан атаб, унинг жанрий ўзига хослигини белгиламоқчи бўлдилар. «Маснавий»нинг мушарриҳларидан бири Обиддин Пошо «бу китоб дин усуллари усулининг усули, Ҳақ таолога ва Ҳақиқатга етишиш сирларининг кашшофи. Бу буюк фиқҳ, Аллоҳ таоло динининг очиқ-ошкор далили, бурҳони ва тақво китобидир» деб баҳо берган[36].

Румийнинг илмий-адабий мероси орасида унинг шеърий асарлари "Девони кабир" («Улуғ девон»)га жамланган бўлиб, унда ғазал, рубоий ва маснавий шаклларида ёзилган уч мингдан ортиқ шеърлар бор. "Мактубот", "Фиҳи ма фиҳи" («Нимаики Ундадир Ундандир») каби асарлари ҳам сақланган. Ўзбек тилига туркча орқали "Ичиндаги ичиндадир» деб таржима қилинган "Фиҳи мо фиҳи" асарини "Муйиниддин Парвона китоби" ҳам дейишади. Чунки унинг номи бир неча марта тилга олиниши билан бирга, ушбу китоб, асосан, Мавлононинг муҳиблари Ҳисомиддин Чалабий, Соҳиб Фаҳриддин, Амир Бадриддин Гуҳартош, Отабек Султон Алоиддин, Тожидин Муътаз Хуросоний ва ўғли Султон Валад билан бўлган суҳбатларида айтилган фикрлардан иборатдир.

“Буюк жаҳонгир Амир Темурнинг пири ким бўлган?» деган саволга жавобан «Темурнома»нинг муаллифи Мулла Салоҳиддин Тошкандийнинг ёзишича, «дерларким: аввал Амир Темур соҳибқиронни Шайху-л-аълам тарбият қилдилар, иккинчиси Шайх Шамсиддин Кулол тарбият қилдилар. Учинчи шайх Ҳасан Бахурзий тарбият қилдилар. Тўртинчи Нақшбанд пирим тарбият қилдилар. Оламдан интиқол қилгунларича тўрт валий тарбият қилур эрдилар»[37]. Рўйхатнинг бошида келган Шайху-л-аълам нисбаси билан Абубакр Зайнуддин Тойибодий ҳазратлари назарда тутилгани мутахассисларга маълум. Буюк соҳибқирон номига нисбат берилган «Темур тузуклари» асарида: «Пирим Зайнуддин Абубакр Тойибодий менга ёзмишларким...» сўзлари билан бу улуғ асарнинг бошланиши Амир Темур ҳаётида Абубакр Тойибодий пирлигининг ўрни ҳақида тасаввур уйғотади. «Мавлоно Абубакр Тойибодийнинг қисқа ҳаётномаси ва Тойибодда ўтган ҳамсуҳбатлари билан учрашувларининг зикри» номли рисолада (1347/1979) Шайх Зайнуддин ҳақида маълумот берувчи мўътабар манбалар сифатида «Нафаҳоту-л-унс...», «Ҳибибу-с-сийар», «Риёзу-л-сайёҳ», «Мунтаҳобу-т-таворих», «Равзату-л-жанон...», «Нафойиъу-л-ахбор» каби асарлар тилга олинган. Улар исломий уламолардан замона орифи Хожа Баҳоуддин Нақшбанд билан Бухорода, шоири замон Хожа Ҳофиз Шерозий билан Шерозда учрашганлар[38].

Темурийлар даврида тасаввуф таълимотининг ривожи буюк соҳибқирон Амир Темурнинг пирларидан бири сифатида тилга олинган валийлардан бири Саййид Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд (1318-1389) номи ва фаолияти билан боғлиқ. Алишер Навоийнинг далолатича, Баҳоуддиннинг камолга етишишида Хожа али Ромитоний, Хожа Муҳаммад Бобои Самосий ва Саййид Амир Кулолнинг таъсири бўлган. Баҳоуддин Марвда Юсуф Ҳамадонийнинг қабрини зиёрат қилароқ унинг таълимотини чуқурлаштирди. Юсуф Ҳамадонийнинг халфаларидан Абдухолиқ Ғиждувоний кашф этган саккизта манзил (калимати қудсия)га Хожа Баҳоуддин яна уч манзил қўшган: 1) вуқуфи замоний; 2) вуқуфи аъдодий; 3) вуқуфи қалбий. Нақшбанд таълимотининг ихчам ифодаси “Дил ба ёру даст ба кор” ҳикматида англатилган. Хожа Муҳаммад Порсо Баҳоуддин Нақшбанднинг барча ваъзларини тўплаб, “Рисолаи қудсия” китобини таълиф этган. Баҳоуддин Нақшбанд ҳақида Мавлоно Яқуб Чархийнинг “Рисолаи унсия”, Абул Муҳсин Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд”, Фахруддин Али Сафийнинг ”Рашаҳоту айни-лаёт” каби ўнлаб рисолалар мавжуд. Ушбу манбаларда Хожа Баҳоуддиннинг тарихий ва манқабавий ҳаёти, тариқати, таълимоти, таъсири ва сулуки ҳақида маълумотлар келтирилган. «Рашаҳот...» асарида нақшбандийлик тариқатининг тарқалиши ва қарор топишида беназир хизматда бўлган шайхлар қаторида Хожа Баҳоуддин Нақшбанддан кейин Хожа Муҳаммал Порсо, Мавлоно Муҳаммад Фағоназий, Мавлоно Яқуб Чархий, Хожа Алоиддин Ғиждувоний, Шайх Сирожиддин Кулол, Хожа Алоиддин Аттор, Мавлоно Ҳисомиддин Порсо Балхий, Сайййид Шариф Журжоний, Мавлоно Низомиддин Хомуш, Мавлоно Саъдуддин Кошғарий, Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий, ва ниҳоят, Ҳазрати Хожа Аҳрор Валий ва бошқалар келтирилади[39].

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (1404-1490) Хожа Низомиддин Хомуш ва Саъдиддин Кошғарий билан бир тариқату илмда боғланганлар. 29 ёшида Яъқуб Чархийдан иршод олиб, муршиди комиллик мақоми билан Тошкентга қайтган аллома қатор диний-тасаввуфий асарлар муаллифидир. Унинг «Фиқроти Аҳрория», «Рисолаи волидия», «Рисолаи ҳавория», «Рисолаи анфоси нафиса», «Руқаъот» асарлари шундай китоблар сирасига киради. Нуриддин Абдираҳмон Жомий (1414-1491) ҳазратлари улуғ тасаввуф шайхларидан бўлиб, Ҳазрати Махдумнинг йигирмадан ортиқ рисола ва тазкиралари, мақомот ва манқабаларида нақшбандийликнинг тариқат усуллари баён қилинган. Бу ҳақда «Рашаҳот...»да қисқа қилиб, «Тариқи хожагон аларни тез ўзига олди» деб маълумот берилади[40].

Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Мир Алишер Навоий (1441-1501) Ҳазрати Жомий воситаси билан нақшбанд тариқатига боғлангани маълум. Навоийнинг тасаввуфий қарашлари деярли барча асарларининг руҳига сингган бўлса-да, «Лисону-т-тайр» сўфийлик достони бўлиб, Шайх Фаридиддин Аттор анъаналари руҳида ёзилган. Асарда борлиқ ва илоҳиёт ҳақидаги қарашлар, инсон, табиат ва ҳаёт ҳақидаги фикрлари қушлар тили (қуш тасаввуфда қалб рамзи, қушлар нутқи эса қалб хитоби) ва саргузаштлари орқали баён қилинган. «Насойиму-л-муҳаббат» манқабаси Ҳазрат Жомийнинг «Нафаҳоту-л-унс мин ҳазароти-лудс» тазкираси йўлида ёзилиб, Жомий илгари сўз юритган 618 та шайхлар ва сўфийлар сони 770 тага етказилган ва улар ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган «Тазкирату-л-авлиё»дир. Тасаввуфий қарашлар «Назму-л-жавоҳир», «Арбаин», «Муножот», «Маҳбубу-лулуб» сингари асарларида ҳам акс этган[41]. Улуғ адиб ўзигача мавжуд барча илмий-илоҳий-адабий илмларни изчил ўрганиб, уларни ўз асарларида мукаммал бир суратда тартиблай олган. Алишер Навоий асарларидаги фикр теранлиги, озод руҳ, мустаҳкам иймон, туйғулар нафосати ва, ниҳоят, мукаррам ва улуғвор турк (ўзбек) сўзининг қудратини унинг тасаввуфий руҳдаги асарларида ҳам кўриш мумкин. Навоий даврига қадар ҳам, ундан кейин ҳам юзлаб “Тарихи Набавий”лар, минглаб “Қисасу-л-анбиё” ва “Каъбу-л-ахбор”лар яратилган. Лекин улар орасида Ҳазрат Навоий яратган «Тарихи анбиё...» номли пайғамбарлик тарихи нимаси билан эъзозли, ҳаммага кундай равшан бўлган тарихи Набавийнинг қайси сифатларини Ҳазрат устивор билиб таъриф қилган, деган саволга ҳам асарнинг мутолаасидан батафсил жавоб топамиз[42].

Н.Комилов Ҳазрат Навоий талқинида “комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, руҳи Мутлақ руҳга туташ, файзу кароматдан сероб, сурату сийрати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим покиза зот, Ҳазрат Навоий тили билан айтганда:

Фонийвашеки, ҳам сўзидир пок, ҳам ўзи,

Хуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи

дейдиларки, унда тўрт малак – Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроилнинг хислати, Хизирнинг пайғамбарлиги, офтобнинг саховати мавжуд. Унинг кўҳи жоми гетинамодай етти фалак, ўн саккиз минг оламни акс эттириб, ғайб асроридан хабар бериб туради. Уни яна Одил, Оқил, Фозил ва Фақр хазинаси... Комил инсон мутлақ илоҳ билан инсоният ўртасида восита бўлувчи муқаддас хилқат»[43] деб ёзган. Асарда инсони комилликнинг сифатлари ҳам айни ўша пайғамбарлар сифати ва ҳакимлар таърифи билан баробар баён қилинади.

Мусулмон шарқида тарих китобларининг аввали Одам алайҳиссалом ва пайғамбарлар тарихи, сўнгра салотин насаби ҳақида бўлганини “Тарихи Табарий”, “Тарихи Банокатий”, “Тарихи Дамаскатий” ёки Навоийдан кейин “Шажарайи турк”да кўриш мумкин. Шунинг учун ҳам “Тарихи анбиё...”да Одам сафийуллоҳ., Шис а.с., Идрис а.с., Нуҳ баҳиуллоҳ, Иброҳим халилуллоҳ, Исмоил а.с., Исҳоқ а.с., Яъқуб а.с., Юсуф а.с., Хизир а.с., Айюб а.с., Сабур а.с., Шуъайб а.с., Мусо а.с., Илёс а.с., Юнус а.с., Довуд бинни Ийшо а.с. (Довуд а.с. бобида малоика тилидан “Қазо ар-ражулу ало нафсиҳи” ояти каримаси келади, яъни Киши ўз нафси туфайли ҳалокатга учрайди), Сулаймон бинни Довуд а.с., Зикриё а.с., Яҳё а.с., Исо бинни Марям салавотуллоҳи алайҳи каби пайғамбарлар тарихи берилган. Асар шундай жумлалар билан якунланади: “...анбиё алайҳиссалом сўзи ва уббод ва ҳукамо тарихи алал ижмол мазкур бўлди”. Сезиладики, Ҳазрат Навоий Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) тарихини ҳам алоҳида китобат қилишни ният қилган бўлишлари мумкин. Шунинг учун ҳам Ҳазрат Навоий Одам сафийуллоҳдан бошланган пайғамбарлик тарихи Исо алайиссалом тарихи билан якунланади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳ (1483-1530) тасаввуф талқинида қатор асарлар яратган, нақшбандийлик тариқати вакилларидан Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор таълимотига яқин турган, замонининг уламоси Аҳмад Хожагий Косоний Махдуми Аъзам (ваф. 1542)[44] ҳазратларига қўл берган. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори Валийнинг "Волидиййа" асарини шеърий таржима қилган, "Мубаййин" исмида диний-тасаввуфий асар яратган. "Мубаййин" исломнинг беш рукни ҳақида бўлиб, унинг бошланғичи «Эътиқодиййа» деб номланган. Асарда Ҳақ субҳанаҳунинг субутий сифатлари – ҳаёт, илм, иродат, қудрат, самъ ва басарўриш ва эшитиш), камол ва тақдири азалга ишорат қилинади. Пайғамбаримизнинг фазилатлари, саҳобаларнинг ғайратлари, охират куни, номаъи аъмол, мезон, аросат, мавоқиъ, шафоат, сирот ҳамда бош мавзу иймоннинг шароити ва натижаси ҳақида англатма берилади.

Марказий Осиёда темурийлар даврининг таназзулидан кейин янги сулола Муҳаммад Шайбоний (1451-1510) номи билан боғлиқ бўлиб, унинг давлат арбоби бўлишидан ташқари «ҳазрати имому-з-замон халифату-р-раҳмон» (замона имоми ва халифаси) унвони билан қадрлаганлар. Биноийнинг «Шайбонийнома», Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккири аҳбоб» асарлари соҳиби девон шоир бўлганидан гувоҳлик беради. «Инглиз олими А.Бодроглигети 1982 йилда Шайбонийнинг «Баҳру-л-ҳидо» қасидасини чоп эттириш билан уни «тақводор, мусулмон ва дин ҳақида ғамхўрлик қилувчи» мутасаввиф сифатида кўрсатди»[45]. Шайбонийхоннинг жияни Қул Убайдий (1702-1747) ҳам таниқли шоир, давлат арбоби бўлиши билан бирга тасаввуф адабиётининг намояндаси сифатида яссавиййа – жаҳриййа тариқатига кирган. Яссавийга эргашиб ҳикматлар, Навоийга эргашиб ғазаллар ёзган. «Девон»идаги тасаввуфий руҳдаги шеърларидан ташқари «Ғайратнома», «Шавқнома», «Китобу-с-салот» («Намоз китоби») каби асарлари маълум[46].

Бухоро хонлигида тасаввуфнинг икки тариқати яссавийлик билан нақшбандийлик ўзаро рақобатда тараққий этгани АҚШ олими Девин Ди Уис томонидан қайд қилинган[47]. Ушбу олимнинг талқинича, қайта қад ростлаган яссавийлик билан рақобатда нақшбандийлик тариқати XVII асрдан янгиланиш (мужаддидийлик) даврига кирган ва мужаддидийликнинг назарий манбаларидан бири сифатида Сўфи Аллоҳёрнинг «Маслаку-л-муттақин» («Тақводорлар маслаги») асари кўрсатилган[48]. Сўфи Аллоҳёр (1644-1721) тасаввуф адабиётининг йирик намояндаси сифатида «Саботу-л-ожизин», «Муроду-л-орифин», «Сирожу-л-ожизин», «Нажоту-л-толибин» ва «Махзану-л-мутеъин» («Мутеълар хазинаси») асарларини ҳам ёзган. Унинг асарларига бир неча шарҳлар ёзилган. «Маслаку-л-муттақийн»да сулук одоби, мурид ва муршид муносабатлари янгича талқинда баён қилинган. Ушбу асар ҳақида рисола ёзган С.Сайфуллоҳнинг қайд этишича, Аллоҳнинг саккиз субутий сифати: ҳаёт, илм, қудрат, басар, самъ, ирода, калом, таквин ҳамда яна икки сифати: унинг якка-ягоналиги, яратувчи ва ризқ берувчилиги ҳамда барча айбу нуқсонлардан пок ва муназзаҳлиги тушунтирилади»[49]. Сўфи Аллоҳёр билан Қободиёнда учрашган Бобoраҳим Машраб (1653-1711) тасаввуф адабиётининг етук намояндаси бўлиш билан бирга «Шоҳ Машраб» манқабасининг хабарига кўра Сўфи Аллоҳёр билан мунозарада келиша олмаган. Буни Исҳоқ Боғистоний “Тазкираи қаландарон” асарида тариқат айирмалиги билан изоҳлайди. Демак, нақшбандийлик шайхларидан ҳисобланган Эшон Сўфининг қарашлари Туркистон қаландарийларининг валийси томонидан хуш қабул қилинмаган.

Марказий Осиёдаги тариқатлар орасида алоҳида ўрин эгаллаган қаландарийлик ҳақидаги илк маълумотлар Жомийнинг «Нафаҳоту-л-унс» асарида учрайди. Бу тариқатнинг назарий асослари Абдураҳим Бухорийнинг «Рисолаи одоби тариқ» асарида, Исҳоқ Боғистонийнинг «Тазкираи қаландарон», Мажзуб Намангонийнинг «Тазкирату-л-авлиё» ҳамда ХIX асрга нисбат берилган номаълум муаллифнинг «Рисолайи қаландарий» асарларида акс этган. Машраб тўғрисида Малиҳо Самарқандийнинг “Музаккири асҳоб” тазкирасида айрим маълумотлар бор. Шоир ҳақида мукаммалроқ тасаввур ҳосил қилувчи манба “Қиссайи Машраб” («Шоҳ Машраб», «Девонаи Машраб» номлари билан юритилган)дир. “Мабдайи нур” ва “Кимё” асарлари муаллифлиги борасида мунозаралар мавжуд. 1997 йили “Мабдайи нур” Бобораҳим Машрабнинг асари сифатида чоп этилди[50]. Бу асар Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий”си (олти дафтардан иборат)нинг дастлабки уч дафтарига шарҳ сифатида битилган.

Фарғона заминининг яна бир эътиборли уламоси ва шоири Хўжаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдо (1704-1780) тасаввуф адабиётининг йирик намояндаси бўлиб, бизгача Ҳувайдонинг етиб келган девони (унга ғазал, рубоий, тўртлик, мухаммас, мусаддас, мусамман, мустазод, маснавий каби шеърий жанрларда яратган асарлари киритилган) ва «Роҳати дил» достони унинг ижодида мутасаввифлик бош мавзу эканини тасдиқлайди. Илоҳий ва мажозий ишқ талқинида шоирнинг

Муҳаббатдан муҳаббат бўлди пайдо,

Муҳаббатсиз одамдан қоч, Ҳувайдо

байти эл орасида машҳур. «Роҳати дил» достони 30 бобдан ва Иброҳим Адҳам қиссасидан иборат. «Роҳати дил»да ислом ва тасаввуф таълимотининг умуминсоний ғоялари ибратли ҳикоятлар воситасида баён этилади[51].

Тасаввуф таълимоти ва тасаввуф адабиёти ўлкамизда шўролар тизимига қадар давом этганини тасдиқловчи манбалар сифатида Сайқалий ёки Ҳазиний ижодини, Муҳаммад Али ибн Муҳаммад Собирнинг «Ибрату-лофилин» рисоласи ёки Азим Хожа Эшон ҳикматларини эсга олишнинг ўзи кифоя қилади. Бундай манба ва бадиият обидалари минглаб яратилганини қайд этишдан мақсад уларнинг мутолаасига ўзбек зиёлиларини рағбат қилишдан иборатдир.

Қуйида тавсия этилаётган тасаввуфий манбалар нафақат тасаввуф аҳли ёки шу соҳа билан шуғулланувчилар учун, балки ҳар бир иймонли ўзбек учун маънавиятини бойитиш берилган имкониятлардан биридир. Бу ишни қай даражада уддалаш эса сайъаракатларимизга боғлиқ.

Ҳамидулла Болтабоев,

проофессор



[1] Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат (нашрга тайёр. А. Абдушукуров). – Т.,1992. – Б. 8-9.

[2] Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий. Тасаввуф сирлари. – Т.: Мовароуннаҳр, 2000. - Б.4.

[3] Тримингэм Ж.С. Суфийские ордены в Исламе (под ред., предисл. и примеч. О.Ф.Акимушкина). – М.: Наука, 1989. – С. 16.

[4] Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. – М.: Наука, 1965. – С.14-15.

[5] Ибн Халдун. Шифа ас-саил ли тахзиб ал-масаил (нашр. Муҳаммад б. Тавит ал-Танджт). – Анкара, 1958. - Б.369-371.

[6] Навоий Алишер. Насойиму-л-муҳаббат / Мукаммал асарлар тўплами. 17-жилд. – Т.: Фан, 2001.

[7] M. Fuad Koprulu. Turk Edebiyati Tarihi. – Istanbul: Oteken, 1980. S.106.

[8] Еrdogan A. Kuran Tercumelerinin bakimindan degerlеri. – S.47-48.

[9] Боровков А.К. Лексика среднеазиатского тефсира XII-XIII вв. М., 1963.

[10] Туркий Тафсир (Тузувчи Қ.Маҳмудов). – Т., 2000.

[11] Ҳаққулов И. Тасаввуф сабоқлари. – Бухоро, 2000. - Б.39-40.

[12] Шиммел А. Жонон менинг жонимда. – Т., 1999. - Б.12.

[13] Уинтер Ж.Т. (Абдулҳаким Мурод) XXI асрда ислом. Постмодерн дунёда қиблани топиш (инглизчадан Фаҳриёр таржимаси). – Т.: Шарқ НМАК, 2005. – Б.346-347.

[14] Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. – М.: Наука, 1965. – С.20-21.

[15] Абул Хасан Джуллаби Али ал-Худжвири. Кашф ал-махджуб. – Л.: 1926; Караматов Х.С. Аскетические и суфийские течения в Хорасане. В кн.: Из истории суфизма: Источники и социальная практика. – Т.: Фан, 1991. – С.27-47.

[16] Ҳазратқулов М. Тасаввуф. – Душанбе: Маориф, 1988. – С.86-100.

[17] Тримингэм Ж.С. Суфийские ордены в Исламе (под ред., предисл. и примеч. О.Ф.Акимушкина). – М.: Наука, 1989.

[18] Eraydin Salcuk. Tasavvuf ve Tarikatlar. – Istanbul, 1981; Tarikatlar Ansiklopediyasi. – Istanbul, 1991.

[19] Косим Ғани. Тарихи тасаввуф дар ислом. – Теҳрон, 1974.

[20] Mehmet Ali Ayni. Islam Tasavvufi tarihi. – Istanbul: 1985. – S.41-45.

[21] Али Мир Фитрус. Халлож. – Теҳрон, 1966.

[22] Комилов Н. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи. 1-китоб. – Т., 1999. – Б. 57.

[23] Нарзикулова Ф. Психологическая концепция Ибн Сино и практика суфизма // Филология масалалари. 2004. 1-сон. – Б.88-90.

[24] Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. М., 1965. - С.38.

[25] Абдуқодиров А. Тасаввуф истилоҳлари луғати. – Т., 2000. - Б.32-33.

[26] Абу Ҳомид Ғаззолий. Мукошафату-лулуб (Қалблар кашфиёти). – Т.: Адолат, 2002. - Б. 239-242.

[27] Зайниддин Муҳаммад Ғаззолий. Кимиёи саодат. – Т.: Камалак, 1995. – Б. 5,7.

[28] Ko’prulu M. F. Turk Edebiyatinda ilk Mutasavviflar. Ankara, 1991. – S. 112.

[29] Фитрат. Аҳмад Яссавий // Маориф ва ўқитғучи. – 1927. 6-сон. – Б.29-35. Қайта нашри: Абдирауф Фитрат. Танланган асарлар. 2-жилд. – Т.: Маънавият, 2000. – Б.16-31.

[30] Қаранг: Ҳасаний М., Раззоқова М. Хожагон тариқати ва Хожа Ҳасан Андоқий. – Т., 2003. – Б.13.

[31] Ҳаққул И. Шайхлар ва шаҳидлар куброси / Шайх Нажмиддин Кубро. Тасаввуфий ҳаёт. – Т.: Моварауннаҳр, 2004. –Б.11.

[32] Комилов Н. Нажмиддин Кубро. Рисола. – Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1995. – Б.29.

[33] Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. – С.69.

[34] Бертельс Е. Э. Суфизм и суфийская литература. - С.79-80.

[35] Бадиъуззамон Фурўзонфар. Рисола дар таҳқиқи аҳвол ва зиндаги Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад. – Теҳрон, 1315.

[36] Mesnevi Mevlana. Зevэren Veled Izbudak. Gцzden geзэren Abdьlbakэ Gцlpэnarlэ. - Istanbul: 1995. – S. B-D.

[37] Мулла Салоҳиддин Тошкандий. Темурнома. – Т.: Чўлпон, 1990. – Б.95.

[38] Зиндагиномаи мухтасари Мавлоно Абубакр Тойибодий ва ошнои жамоли бозоҳгоҳи Тойибод. Чоп рисолат Тойибод. Масжиди жомеъи Ахноф. Таълифи 1347. – 24 саҳ.

[39] Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айни-л-ҳаёт / Таржимон Домла Худойберган ибн Бекмуҳаммад (Нашрга тайёрловчилар: Маҳмуд Ҳасаний, Баҳриддин Умрзоқ). – Т.: Абу Али ибн Сино, 2004. - Б.85-265.

[40] Юқоридаги асар. – Б.181.

[41] «Муножот» талқинида проф. А.Аъзамовнинг «Муножотнома» (Наманган, 1997; Тошкент, 2001) рисоласи, «Маҳбубу-лулуб»даги сўфийлар ахлоқи талқини Н.Комиловнинг «Дарвеш ахлоқи таърифида» мақоласи (Филология масалалари, 2004, 1-сон, Б. 4-9)да акс этган.

[42] Қаюмов А. Нодир саҳифалар. – Т.: Фан, 1991. – Б.40-92.

[43] Комилов Н. Тасаввуф. 1-китоб. – Т., 1996. – Б.143.

[44] Ўзбек олимлари томонидан мероси деярли ўрганилмаган ушбу буюк шайхнинг 80 дан ортиқ асарининг қўлёзмаси ЎзРФАШИ да сақланади. Қаранг: Нақшбандиййа тариқатига оид қўлёзмалар фиҳристи. – Т.: Моварауннаҳр, 1993. – Б. 45-59.

[45] Шарипова М. Муҳаммад Шайбонийхон. – Т.: Шарқ НМК, 2004. – Б.11.

[46] Қул Убайдий. Вафо қилсанг... - Т.: 1994 (нашрга тайёрл. А.Ҳайитметов). – Б.4.

[47] Девин Ди Уис. Маша’их-и турк и Хваджаган: переосмысление связей между суфийскими традициями Йасавийа и Накшбандийа / Суфизм в Центральной Азии. М.: Наука, 2002. - С. 211-224.

[48] D. De Weese. The Masha’ikh-i Turk and the Khojagan: Rethinking the Links Between the Yasavi and Naqshbandi Sufi traditions. Journal of Islamic Studies.vol.7 Number 2 july 1996. - Р.187.

[49] Сайфуллоҳ С. Фатво ва тақво китоби. – Т.: Фан, 2005. – Б.16.

[50] Машраб. Мабдайи нур. – Т., 1997.

[51] Хўжаназар Ҳувайдо. Роҳати дил. – Т., 1994.