Хотима ва китоб туганчисининг тақриби PDF Босма E-mail
21.06.2024 06:44

ХОТИМА: КИТОБНИНГ ЯКУНИЙ ХУЛОСАСИ

Манга бу нукталарким, бўлди таҳрир,
Қилай итмоми тақрибини тақрир.
Мен ушбу маъноларни ёзар эканман, энди унинг охирлаб қолганини ҳам айтай.

Агарчи хутбаву фиҳрастида бор,
Вале ул аҳддин гардуни даввор.

Басе ошуфталиғлар қилди ҳодис,
Ки итмомиға маъдум ўлди боис.
Асарнинг кириш ва мундарижасида айтилганидек, ўша пайтдан бери бу чархи фалак кўплаб безовталиклар солиб, буни тугаллашга сабаб қўймади.
Тўқиз юз бешда бир фархунда фарзанд,
Адаб бирла тавозуъдин баруманд.
Ки, мажлис ичра ҳозир эрди бир кун,
Масойил баҳси эрди тилга мақрун.
Тўққиз юз бешинчи йил (милодий 1499 1500), кунларнинг бирида одобу тавозудан баҳраманд бир киши мажлисда бор эди. Фиқҳий масалалар устида баҳс қилинаётган эди.

Чу анда қобилият зоҳир эрди,
Кўнгул бу назмға тартиб берди,
Унда қобилият кўриниб турар эди. Шунинг учун кўнгил бу назмни ёзди.

Ки шояд анга нафъе ҳосил ўлғай,
Кўп элга ҳам бу маъни восил ўлғай.
Шоядки, бундан унга фойда етса, шу баҳона бу маънолар кўпчиликка етиб қолса.

Сабаб бу ишни қилди даври айём,
Топарға бу китоб оғози анжом.
Тақдир бу китобнинг бошланиб, якунига етишига ўша ишни сабаб қилди.

Чу равшан айлар Ислом аҳли зотин:
«Сирожул-муслимин» қўймишмен отин.
Ислом аҳлини хушнуд қилсин, деган умидда бу асарга «Сирожул муслимин» («Мусулмонлар чироғи») деб ном қўйдим.

Умидим улки, ҳар кимким ўқуғай,
Мунунг нури била кўнгли ёруғай.
Умидим шуки, ўқиган кишининг кўнгли бунинг нури билан ёришса.

Дуо бирла мени ҳам айлабон ёд,
Равоним ул дуодин айлагай шод.
Кейин у мени ҳам дуода эсга олиб, руҳимни дуойи хайр билан шод қилса.

Асар тугади.
Аллоҳ таолодан камчилик ва нуқсонларимизни кечиришини сўраймиз! Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!