Ғуслға мужиб нималар PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:58

ҒУСЛНИ ВОЖИБ ҚИЛУВЧИ САБАБЛАР

«Ғусл» – луғатда бирор нарса устидан сув оқизишни билдиради. Шариатда эса баданнинг ҳаммасини, яъни ташқи аъзоларни тўлиқ ювиш ғусл дейилади.

Эрур ғусл амриға мужиб неча ҳол,
Бири шаҳват юзидин бўлмоқ инзол.

Ки, сакраб чиққай олат бошидин су.
Яқин бил ғуслға мужиб бўлур бу.
Бир неча ҳолат борки, улар ғуслни вожиб қилади: бири шаҳват билан инзол – маний тўкилиб, олатнинг бошидан сакраб чиқишидир. Аниқ билки, бу ғуслни вожиб қилади.

Муайян узв ҳирс ўлғонда ғолиб
Яна бир узв ичинда бўлса ғойиб.

Керакдур ғусл қилмоғлиғ ҳамул дам
Ки инзол бўлса ёхуд бўлмаса ҳам.
Муайян узв – олат ҳирс ғолиб бўлиб, яна бир аъзо – фарж ёки махраж ичига ғойиб бўлса, бундай пайтда инзол бўлса ҳам, бўлмаса ҳам ғусл қилиш лозим.
Эр ва хотиннинг жинсий аъзолари бир-бири билан қовушганда маний тўкилса ҳам, тўкилмаса ҳам ғусл вожиб бўлади.
Бироқ агар маний шаҳват билан эмас, сакраш, зарба ва бошқа шу каби сабаблар билан чиқса, ғусл вожиб бўлмайди, аммо таҳорат синади.
«С»да: «Керактур».

Яна уйқудин очқон чоғда кўзни
Маний ё мазй ила нам топмоқ ўзни.
Яна бири – уйқудан турганда ўзида маний ёки мазийнинг намлигини кўришдир.

Яна баъзиғаким, ориб матоъи,
Бўлур ҳайзу нифоси инқитоъи.
Яна матоси – фаржи тоза бўлиб, ҳайз ёки нифосдан покланган баъзилар, яъни аёлларга ҳам ғусл вожибдир.

Бу ҳолатлар замони, аҳли идрок,
Керак ғусл айлаб ўзни айламак пок.
Эй аҳли идрок! Мазкур ҳолатлар юз берган заҳоти ғусл қилиб, ўзни поклаш лозимдир.