Таҳорат суннатлари шарҳи PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:55

ТАҲОРАТ СУННАТЛАРИНИНГ ШАРҲИ

Бу сарлавҳа аслда йўқ, қолган икки нусхада бор.

Вузуъда ўн ики иш келди суннат,
Бирисин тасмия бил, бирни ният.
Вузуъ, яъни таҳоратда ўн иккита иш суннатдир. Бирини тасмия («Бисмиллаҳ»), яна бирини ният деб бил.
«Суннат» луғатда «одат», «услуб», «маънавий йўл» деган маъноларни билдиради. Фиқҳий истилоҳда эса шариат жазм этмаган ҳолда талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал «суннат» дейилади. Суннат амални қилган одам савоб олади, тарк қилган иқоб қилинмайди. Ундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин. Мазмунан суннат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимо қилиб юрган, аҳёнда беузр ёки маълум сабабларга кўра тарк этган ишлари тушунилади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари ва у зот тасдиқ қилган сўз ва амаллар ҳам суннат дейилади.
«Тасмия» – «Бисмиллаҳ» («Аллоҳнинг номи билан») ёки «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим» («Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан») дейишдир. Ҳадисларда таҳорат олдидан асосоан «Бисмиллаҳ», дейиш таъкидланган.
«Ният» деганда айнан таҳорат амалини қилишни ният қилиш назарда тутилган. Бундан мўмин киши таҳоратни ният қилмаган ҳолда таҳоратда ювиладиган аъзоларни ювса, таҳоратли бўлаверса-да, бундай қилиш суннатга хилоф бўлиши тушунилади.  

Ю(в)моғ уч қатла қўл тирсакка тегру,
Яна бир мазмаза, уч қатла ҳам бу.
Яна қўлни бўғимлари билан уч марта ювиш, яна бири оғиз чайиш бўлиб, бу ҳам уч мартадир.
«Қўлни бўғимлари билан уч марта ювиш» деганда таҳоратни бошлашда қўлларни ювиб олиш назарда тутилади.
«Оғиз чайиш» деб ўгирилган сўз байтда «мазмаза» деб келган. Бу сўз араб тилида оғизга сув олиб, уни оғиз ичида айлантиришга айтилади. Шунчаки оғизга сув олиб-ташлаш мазмаза бўлмайди. Муаллиф ушбу маънони таъкидлаш учун айнан шу сўзнинг ўзини келтирган бўлса, ажаб эмас. Оғиз чайишда мисвок ишлатиш, мисвок топилмаганда бармоқлар билан тишларни ишқалаб тозалаш ҳам суннат ҳисобланади.
Чу бўлди мазмаза қилмоқ мукаррар,
Бил, истиншоқ ҳам мундоқ муқаррар.
Мазмаза такрор қилингани каби, бурунга сув олиб қоқиш ҳам худди шундай қарор топгандир.
Яъни истиншоқ – бурунга сув олиб қоқишни ҳам уч марта қилиш суннат.

Яна тахлил қилмоқ лиҳяға зам,
Оёғ бирла илик бармоғларин ҳам.
Яна соқолга ва қўл-оёқларнинг бармоқларини тахлил (хилол) қилишни ҳам қўш.
«Тахлил» – соқол ёки бармоқлар орасига бармоқни киргизиб юрғизиш. Соқоли узун кишилар учун соқолни таҳлил қилиш суннат. Бунинг учун аввал қўлни намлаб олиш шарт. Бармоқлар орасига сув етказиб, бармоқни киргизиб ишқалаш ҳам суннат амаллардандир.
«П»да: «бармоқлари ҳам».

Яна уч қатла аъзони ю(в)моқ бил,
Яна бошнинг тамомин масҳ қилғил.
Яна ҳар бир аъзони уч марта ювиш ҳамда бошнинг ҳаммасига масҳ тортишни ҳам суннат бил.
Таҳоратда ювиладиган ҳар бир аъзони уч мартадан ювиш суннат ҳисобланади. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш икки қўлни ҳўллаб, кафтнинг ярмини учта бармоқ билан қўшиб пешонадан бошнинг тепа қисми бўйлаб гардан томон, кейин бошмалдоқ ва кўрсаткич бармоқлар билан кафтнинг қолган қисмини бошнинг икки чеккасига юргизиб, қайтариш билан бажарилади.  

Яна тартиб, яъни улча таҳрир
Қилинди, бермамаклик анга тағйир.
Таҳоратнинг суннатларидан яна бири – тартиб, яъни қайси тартибда қилиниши кўрсатилган бўлса, унга ўзгартириш киритмасликдир.
Аъзоларни ювишдаги тартибни оят ва ҳадисларда келтирилган тарзда ушлаш ҳам суннат. Бу қуйидагича бўлади: аввал икки қўлни бўғимлари билан қўшиб уч бора ювиш; оғиз чайиш; бурун чайиш; юзни ювиш; икки қўлни тирсаклари билан ювиш; бошга масҳ тортиш; бўйинга масҳ тортиш; оёқларни тўпиқлари билан ювиш.

Бири ул жумладин келди муволот,
Ю(в)моқ, яъни паёпай узвни бот.
Улардан яна бири – муволот, яъни аъзоларни бирин-кетин, танаффуссиз ювишдир.