Секкиз сифотуллоҳким, ақойид дохилидур PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:48

АЛЛОҲНИНГ САККИЗ СИФАТИ ҲАҚИДА,
УЛАР ҲАМ АҚИЙДАГА ДОХИЛДИР

Яна секкиз сифатқа муътақид бўл,
Алардин ҳар бирига кўргузай йўл.
Сен яна саккиз сифатга эътиқод қил, мен уларнинг ҳар бири томон сенга йўл кўрсатай.

Ким, ул секкиз эрур Ҳақнинг сифоти,
Ки, боридин муназзаҳ келди зоти.
У саккиз нарса Ҳақ таолонинг сифатлари бўлиб, У Зот уларнинг барчасида ўхшашлардан муназзаҳ – покдир.
Муаллиф бу ерда Аллоҳ таолонинг сифатларини имом Мотуридий таълимоти асосида саккизтага бўлган. Айрим уламолар бу сифатларни бир оз бошқачароқ ҳам тақсимлаганлар. Масалан, кўпчилик йигирмата сифатга ажратган. Бироқ булар тақсимдаги фарқлар бўлиб, натижаси бирдир.

Эрур Ҳаййу Алиму ёна Қодир,
Муриду ҳам Самиъ ўлди-ю, Нозир.
У Зот Ҳайй, Алим, Қодир, Мурид, Самиъ ва Нозирдир (Басирдир).
Бу байтда мазкур саккиз сифатдан олтитаси келтирилган. Улар қуйидагилар:
1. Ҳайй – барҳаёт. Ҳа, Аллоҳ барҳаётдир, шунинг учун ҳам У махлуқотларга ҳаёт бахш эта олади. Аллоҳнинг ҳаёт сифати махлуқотларнинг ҳаёти каби нималаргадир боғлиқ эмас.  У Зот азалдан барҳаёт ва абадул-абад барҳаётдир.
2. Алим – билувчи. Аллоҳ барча нарсани билади ва билиб туради. Аллоҳнинг илмидан ташқари нарса йўқ.
3. Қодир – қудратли. Аллоҳ ҳар нарсага қодир Зот. Аллоҳнинг қудрати чексиз ва қайд билмасдир.
4. Мурид – ирода қилувчи. Аллоҳ ирода қилмаган, истамаган нарса бўлмайди. Барча нарса У Зотнинг иродасига боғлиқдир.
5. Самиъ – эшитувчи. Аллоҳ барча нарсани эшитади, ҳатто чумолининг оёқ товушини ҳам эшитади, аммо бирор аъзо ёки бошқа бир восита билан эмас, балки Ўзига хос сифатда эшитади.
6. Нозир – кўриб турувчидир. Аллоҳ барча нарсани кўриб туради, ҳеч нарса У Зотга махфий эмас. Бу сифат аслида «Басир» сўзи билан ифодаланади. Бироқ муаллиф қофия учун унинг маънодоши – «нозир» сўзини қўллаган.

Такаллум васфиға доғи мувофиқ,
Яна уббод афъолиға Холиқ.
У Зот яна такаллум – сўзлаш сифатига ҳам эга. Бандаларнинг феълларини ҳам У Зотнинг Ўзи яратади.
Бу байтда Аллоҳ таолонинг саккиз сифатидан қолган иккитаси айтилмоқда:
7. Такаллум – сўзлаш сифати, яъни калом сифати. Аллоҳ таоло сўзлайди ва Ўз сўзларидан Ўзи ирода қилганларини фаришталари орқали бандаларига етказади. Аммо У Зотнинг сўзлаши Ўзига хос бўлиб, жисм ёки бирор восита билан эмас.
8. Бандаларнинг феълларини ҳам У Зотнинг Ўзи яратади. Бу жуда ҳам катта мавзу бўлиб, ақийда илмида энг кўп баҳс қилинган масалалардан бири ҳисобланади. Аҳли Сунна ва жамоа, бошқача қилиб айтганда, соф Ислом ақийдасига кўра банданинг феълини ҳам Аллоҳ яратади, банда эса қилган ихтиёри учун жавобгар бўлади.
«Уббод» сўзи кўпроқ «обидлар» маъносида ишлатилади, аммо луғавий маъносидан келиб чиқиб, уни «бандалар» деб тушуниш ҳам мумкин. Муаллиф шуни назарда тутган бўлса керак. Бу сўзни «ибод» шаклида ҳам ўқиш мумкин, аммо бунда вазнга тўғрилаш учун сўзни одатга хилоф тарзда «и»ни чўзиб ўқишга тўғри келади. Биз «С»да «ба» ҳарфига шадда қўйилганига асосан уни «уббод» шаклида бердик.

Не бор Онинг шарики, не вазири,
Не бор Онинг саҳими, не назири.
Унинг на шериги, на вазири бор. Унинг на улушдоши ва на назири – ўхшаши бор.
Яъни У Зотнинг ишларидан маълум қисмига биров шерик эмас ва У Зот ҳеч бир жиҳатдан бирор махлуқотга ўхшамайди.

Не жавҳар, не араздур, не маконда,
Не воқеъдур жиҳатда, не замонда.
У жавҳар ҳам, араз ҳам эмас. У маконда ҳам, жиҳатда ҳам, бирор замонда ҳам эмас.
Жавҳар – нарсанинг ўзи, асли. Араз – Унинг бўлиши ҳам, бўлмаслиги ҳам мумкин сифатлари. Аллоҳ махлуқотлар муҳтож бўлган макон, жиҳат ва вақт каби нарсалардан беҳожатдир, устундир. Маконни ҳам, замонни ҳам У Зотнинг Ўзи яратган.

Чу эрмас анга ҳеч ашё мушобиҳ,
Анинг шаънидадур: «Лайсака мислиҳ».
Зотан, Унга ҳеч нарса ўхшамайди. «Унинг ўхшаши йўқдир» ибораси Унинг ҳақидадир.
Хулоса шу – Аллоҳ ҳеч нарсага, ҳеч бир нарса Аллоҳга ўхшамайди. Аллоҳнинг Ўзи Қуръоннинг Шуро сурасида:  «У Зотнинг ҳеч бир ўхшаши йўқдир», дея марҳамат этган (11-оят). Аллоҳ ҳеч бир сифатида махлуқотларга ўхшамайди. Бинобарин, У Зотни банда ақли етганича, У Зот Ўзини танитганича танийди. Ортиғига ақли етмайди, англай олмайди. Зотан, инсоннинг ақли ўзи билган маълумотлар асосида ишлайди, у ўша қобиғидан чиқа олмайди. Ўзини ҳали тўлиқ англай олмаган инсонга Буюк Яратувчини тўла англашга йўл бўлсин!  Аллоҳнинг борлиги, бирлиги ва буюклигини инсон ақли билан идрок этади ва қалби билан ҳис қилади, аммо тасаввури билан тўлиқ қамрай олмайди.

Қадим ўлди каломи доғи, олам
Эрур ҳодис, дедим бу сўзни, фафҳам.
У Зотнинг каломи ҳам қадимдир, олам эса ҳодисдир. Мен ушбу сўзларни сенга айтдим, сен уларни яхши тушуниб, англаб ол.
Аллоҳ таолонинг Ўзи қадим бўлгани каби, У Зотнинг каломи ҳам қадимдир. Олам, яъни  Аллоҳдан ўзга барча нарса ҳодисдир, пайдо қилингандир. Бу билан муаллиф оламни қадим дейдиган файласуфларга раддия бермоқда.