Шариатда аҳком шарҳи ва ақойид қавоидининг адоси PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:39

ШАРИАТДАГИ ҲУКМЛАРНИНГ ШАРҲИ ҲАМДА АҚИЙДА ҚОИДАЛАРИНИНГ БАЁНИ

«Ақийда» сўзи асли луғатда «боғлаш» маъносидаги «ъақд» калимасидан олинган бўлиб, шаръий тушунчада инсоннинг қалбига ўрнашиб қолган, қалби боғланган билим-тушунчага айтилади. «Эътиқод» сўзи ҳам шу калимадан олинган. Кишидаги маълум ишонч, тушунча унинг ҳаётига таъсир қилиб, амалга ундаса, уни «ақийда» ёки «эътиқод» дейилади.
Бу ерда муаллиф Ислом ақийдалари ҳақида сўз юритади ва аввал иймоннинг рукнларини – асос бўлакларини айтиб ўтиб, кейин яна бир қатор ақийда масалалари ҳақида тўхталади.

Бурун билким, эрур шаръ ичра аҳком
Ки, билмак они бўлмиш элга ноком.
Аввало шуни билгинки, шариатда бир қатор ҳукмлар бор бўлиб, одамларга уларни билишдан бошқа чора йўқ, яъни уларни албатта билишлари керак.

Ул аҳком икки янглиғ бўлди мавжуд,
Ки, бордур ҳар бирига ўзга мақсуд.
Бу ҳукмлар икки турга бўлинади, уларнинг ҳар бирида ўзига хос мақсадлар бор.
Бирисидин адо ўлди ақийда,
Амал матлуб бўлди ул бирида.
Бирида ақийда – эътиқод масалалари назарда тутилади, яна бирида маълум амаллар талаб қилинади.

Ақойид дедилар аввалғиға исм,
Иккинч аҳкоми фаръидин топиб қисм.
Биринчисига «ақоид» деб ном қўйдилар, иккинчиси эса «фаръий аҳкомлар» деб тақсимланган.
«Фаръ» бирор асл асосдан келиб чиққан, иккиламчи ўриндаги нарсаларга айтилади. Ислом шариатида эътиқод масалалари асос деб эътибор қилиниб, улар асосида амалга ошириладиган ҳукмлар уларга нисбатан «фаръий ҳукмлар» деб юритилади.

Амалдин чун бурун келди ақойид,
Бас, андин еткурай аввал фавойид.
Амалдан олдин ақийда келган экан, мен ҳам аввал ўшандан фойдаларни тақдим қилай.