Китоб назмининг сабаби PDF Босма E-mail
21.06.2024 05:36

УШБУ КИТОБНИ ТУЗИШНИНГ САБАБИ

Қилур арз ушбу водий раҳнамойи,
Ғариби бенаво, яъни Навоий.
Ушбу назм водийсининг раҳнамоси, ғарибу бенаво Навоий арзи дил қилади,

Ки, чун офоқ шоҳи давлатидин,
Анинг ҳам тарбият, ҳам ҳимматидин.

Не шаҳ, Султон Ҳусайн, ул шоҳи Ғозий,
Мамолик шаҳларининг сарфарози.
Подшоҳи олам, яъни мамлакатлар подшоҳларининг бахтиёри, энг омадлиси шоҳи Ғозий Султон Ҳусайннинг ёрдами, тарбияси ва ҳиммати билан

Ки, минг йил олам ичра жоҳи бўлсун,
Салотин бандаи даргоҳи бўлсун.
– Унинг мансаб-мартабаси дунёда минг йиллар турсин, султонлар унинг даргоҳининг бандалари, яъни қуллари бўлсин. –

Менинг назмим ёйилди олам ичра,
Кўп офат солди хайли одам ичра.
Менинг назмларим дунёга ёйилди ва одамлар ўртасига кўп офатлар солди.

Биров бир кун деди айлаб нишоте
Ким, ул қилмиш бино олий работе.
Бир куни биров хурсанд бўлиб, дебди: «У баланд бир работ қурибди,

Мусофирға ҳар уй бир турфа манзил
Ки, ҳам орому ҳам ком анда ҳосил.
ундаги ҳар бир хона мусофир учун ажойиб бир манзил экан, у ерда орому мақсади ҳосил бўлар экан».

Эшиттим, базмининг бир нуктадони,
Шаҳи соҳибқирон жон дармиёни.
Эшитишимча, шунда подшоҳ Соҳибқироннинг яқин одами бўлган ўша ўтиришдаги бир доно киши

Демиш: «Не суд гар бир уйни тузмиш
Ки, назми шайнидин кўп уйни бузмиш,
дебдики: «Битта бино қурган бўлса нима бўпти?! Ахир у назмларининг касофатидан кўп уйни – нарсаларни бузиб юборди-ку?!

Ўқуғон эл анинг шеърини пайваст,
Тилар бўлғай ҳамиша ошиқу маст.
Унинг шеърини доим ўқиб юрган киши ҳамиша ошиқу маст бўлишни истаб қолади.

Солиб Ислому дин уйига ошуб,
Бинойи хайр буткармак не маҳсуб?!»
Ислом, дин-диёнат уйини вайрон қилиб қўйиб, хайрия биноларни қурдириши инобатга ўтармикин?!»

Тушуб бу нуктадин жисмим аро печ,
Чу билдим, чин эмиш, дам урмадим ҳеч.
Бу сўздан ичимга ўт тушди, аммо билдимки, гапи тўғри, лом-мим демадим.
«С»да: «чин демиш».

Дедимким, айлайин бир нусха мастур
Ки, бўлғай дину Ислом уйи маъмур.
Кўнглимда дедимки: «Энди мен шундай бир нарса қоралайки, у сабабли дини Ислом биноси таъмир топсин – обод бўлсин,
Неким, дин аҳлиға бўлғай зарурат,
Бари тутқай ани билганга сурат.
дин аҳлига нима зарурат бўлса, ҳаммаси ўша асарда акс этсин».
Бу ерда «Неким, дин аҳлиға бўлғай зарурат» деганда дин аҳлига зарур бўлган маълумотлар, яъни Ислом рукнларига оид энг муҳим масалалар назарда тутилган.

Ҳам эткаймен бурун шарҳи ақойид
Ки, Ислом аҳлиға бергай фавойид.
Унда аввал ақоидни шарҳлайман, токи у Ислом аҳлига фойдалар етказсин.

Яна ҳам фарзу, ҳам вожиб, суннан ҳам,
Неким ориз бўлур, яхши-ёмон ҳам.
Яна фарз, вожиб, суннатларни ҳамда нимаики учрайдиган яхшию ёмон нарсаларни ҳам.

Ки, дин аҳлининг ўлғай дилпазири,
Мусулмонлиғ ишида ногузири.
Токи у дин аҳлининг дилпазири – кўнглига хуш келадиган нарсаси бўлсин, мусулмончиликда зарурурий эҳтиёжига айлансин.
«П»да: «бўлғай дилпазири».

Баён қилғаймен андоқ равшану пок.
Ки, идрок эткай они хайли атрок.
Мен уни шундай бир равшан, тиниқ баён қилайки, уни туркий халқлар бемалол тушуниб, англай олсин.

Ва лекин гоҳи ашғол эрди монеъ,
Гаҳи ҳар мухталиф ҳол эрди монеъ.
Лекин гоҳида машғулликлар тўсқинлик қилар, гоҳида турли ҳолатлар монелик қилар эди.
Анга тегруки, бу фурсатда ногоҳ,
Бировким, эрди кўп маънидин огоҳ.
Мақому мавлиди онинг Самарқанд4
Ки, нузҳат ичрадур Фирдавс монанд.
Шу ўртада кутилмаганда, кўп маъноларни, яъни илмларни яхши биладиган, туғилган ва турар жойи Самарқанд – бу шаҳар худди оромгоҳ масканлар, яъни жаннатлар ичидаги Фирдавсдек ажраб туради – бўлган бир киши

Буён ул пок кишвардин етишти,
Суруше чархи ахзардин етишти.
бу ерга, яъни Ҳиротга ўша қутлуғ шаҳардан келди, гўё мовий осмондан бир фаришта келгандек бўлди.

Кўнгул майл айлаб онинг хидматиға,
Мушарраф қилдим ўзни суҳбатиға.

Кўнгил унинг хизматига мойил бўлиб, ўзимни унинг суҳбатига мушарраф қилдим.

Бўлур эрди маъонийдин гуҳарпош,
Сўз асносида бу навъ айлади фош:

У маънолар хазинасидан гавҳарларни сочар экан, сўз асносида қуйидагиларни изҳор қилди:

«Ки, бир кун Хожаеким  чархи оли(й)
Ҳилолин истар онинг оти наъли.

«Бир куни отининг туёғи юксак осмоннинг ҳилоли бўлишга даъвогар бўлмиш Хожа,

«С» ва «П»да: «чархи аъло». Бунда ҳам маъно ўша бўлса-да, қофия бузилиши эътиборидан хато ҳисобланади.
Равишда Шиблию  Зуннунға  фойиқ,
Убайдуллоҳ деб отин халойиқ.
йўл тутишда Шиблий ва Зуннундан устун зот, унинг исмини одамлар Убайдуллоҳ дерлар.
Шайх Шиблий ва Зуннун Мисрийлар тасаввуфнинг энг йирик намояндаларидан ҳисобланади. Шоир бу ерда Хожа Аҳрор Валийни ўша улуғ зотларга тенглаштирмоқда.

Ким, улдур пешвойи аҳли иршод,
Бу иршод этти сендин айлабон ёд:
У – иршод аҳлининг пешвоси сени эсга олиб, ушбу иршодни қилди:

«С»да: «этти мендин».

«Ким, ул кўп назм дерга бўлди роғиб,
Бу янглиғ назм ҳам эрди муносиб».
«Унинг назм айтишга рағбати баланд, энди бу тарзда (яъни шаръий аҳкомларда) ҳам  назм битса, муносиб иш бўларди».

Чу қилди Хожанинг амрини тақрир
Ул эрдиким, бурунроқ бўлди таҳрир.
Шундай қилиб, бурунроқ режалаштирилган иш Хожанинг буйруғини амалга оширди.

Ки, мен дер эрдим, айтай улча мақдур,
Вале монеъдин эрдим анда маъзур.
Мен қудратим етганича ёзай дердим-у, аммо монеликлар сабабли маъзур эдим.

Чу сўрди Ийсо анфоси бу дамни,
Ҳам ул дам азмиға йўндум қаламни.
Унинг Ийсо нафаслари бу ишни илтимос қилар экан, мен шу заҳоти буни ёзишга қаламни йўндим.

Бу сўзнинг сидқу кизби ков-кови
Адаб эрмас, чу содиқ эрди ровий.
Бу сўзнинг рост-ёлғонини суриштириб, кавлаштириш одобдан эмас эди, чунки ровий содиқ – ростгўй эди.

Чу лобуд нукталар малҳуз бўлғай,
Умид улким, улус маҳзуз бўлғай.
Токи зурурий нукталар – ноёб фикр ва сўзлар ўртага ташлансин. Умид шуки, халқ насибадор бўлсин.

Навоийдин чу топқайлар навое,
Анинг руҳиға ҳам етгай дуое.
Натижада Навоийдан наво – баҳра топгайлар ва унинг руҳига дуо ҳам етгай.