Саййид Ут-Тоифа Жунайд Бағдодий |
|
|
|
Адаб муаллими Бағдод халифаси Руваймга айтди: - Эй беадаб! Рувайм деди: - Мен ярим кун Жунайд билан суҳбат тутганман, нечук мени беадаб дегайлар?! Яъни, ҳар кишиким ярим кун Жунайд билан суҳбат тутган бўлса, ундан одоб тарки келмагай. Мўминнинг фаросати Жунайд дебдурки, Сарий Сақатий менга доим мажлис тутмоқ ва одамларга ваъз айтишни тарғиб қиларди. Мен бу ишга ўзимни ҳаққим йўқ деб ҳисоблардим. Бир жума кечаси Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.)ни тушда кўрдим. Ул Ҳазрат амр қилдиларки: «Инсонлар билан сўзлаш!» Эрта тонг Сарий ҳузурига бордим ва эшигини қоқдим. Сарий чиқиб айтди: - Мен айтган сўзга ишонмадинг, охир сенга амр қилдилар. Уша кундан бошлаб мажлис қурдим ва ваъзни бошладим. Атрофга хабар тарқалдики, Жунайд сўз айтадур. Бир куни мажлиснинг бир чеккасида ўтирган бир йигит менга деди: - Эй Шайх, Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг «Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинг, чунки у Аллоҳ нури билан назар қилади» ҳадисининг маъноси нима? Бир лаҳза бошимни қуйи солдим ва бош кўтардим. Дедим: - Эй йигит, имон келтирки, исломнинг вақти келибди. Йигит насроний экан. Ўша заҳоти исломни қабул қилди.
|