Ҳайрат йўли адосида муножот PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:32

Эй даргоҳингда ақл ҳайрон қолиб, ҳайрат водийсида саргардон бўлган! Нимаики сендан ўтган бўлса, у сенга ҳайрон, ҳайратобод ичра волаю саргардон. Сенинг зотинг бобида баркамол ақл ҳам ҳайратга тушади. Зотинггина эмас, балки ҳар бир сифатларинг бобида у лол қолади. Дастгоҳингдаги ҳар бир эшилган ип ақлнинг бўйнига ҳайрат арқони бўлиб боғланади. Илм ва ақл эгалари яратувчилик қудратингга лол, улардан ҳар бирининг ҳар дам ҳайрати ортади.
Ушбу ҳайрат маслагида қўлимдан тутиб, бу ҳайратланиш ичра йўлимни кўргазгил! Ҳайрат ичра мени саргардон қўймасдан, осонгина ўз васлинг сари тортгил!

Тамсил

Бир камтар ва хоксор ошиқ бор эди. У бир тошмеҳр ишқига мубтато бўлди. Бу ғамда қанчалик ўртанмасин, унга дийдор кўришмоқ давлати насиб этмас эди. Ўз вақтини ҳижрон ғамида васл ёдидан кўп армон чекиш билан ўтказар эди. Унинг ранж тортиши ва зорлиги ҳаддан ошиб, жисмига беморлик юзланди. Чунки унинг кўнгли энди севимли ёридан бутунлай умидини узган, шу туфайли жонида қайғу ўти маҳкам ўрнашиб олган эди. У ўзига ўзи шундай дер эди:
—    Ё Раб! Менинг муродим шуки, навниҳол ҳурсифатли сарвим қошимга келсаю мен унинг юзини бир кўрсам, унга кўнглимдаги ғамимдан бир-икки оғиз сўз айтсам!
Халқнинг ошиқ ҳолига раҳми келар, кишилар унинг меҳрсиз дилбарини зулм қилмасликка чорлаб, кўп насиҳат қилишар эди.
Ниҳоят маъшуқани ғамгин ошиқ ёнига келтирдилар, бу билан гўё унинг ҳузурига умрини бошлаб келгандек бўлдилар. Нозанин ошиқ кўнглини талон-торож қилганча кириб келди ва хастанинг ҳожатини чиқармоқчи бўлиб:
—    Кўнглингда қандай гапинг бўлса, айтгин,— деди.
Ошиқ унинг юзига ҳайрат билан кўз тикканча қолди. Унинг тилл ҳайронликдан лол бўлиб, тани заифликдан беҳолликка юзланди. Ҳайрат унинг ҳушини бошидан учириб юборди. Ўз дардини айтмоқчи бўлган ошиқ шу тарзда гунг бўлиб, хомуш қолди. Ҳушига келганда ёри аллақачон кетиб бўлган эди. Бундан ошиқнинг касалманд танига мушкил ҳолат юзланди. Ҳайратдан бу нотавон заиф бир сўз айта олмасдан жонини топширди.