Талаб водийсининг сифати PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:11

Талаб водийсига қадам қўйсанг, олдингга ҳар дам юз минг дарду алам дуч келади. Ҳар дам унда юз малоллик, ҳар нафас минг ўзга ҳолат юзланади. Истамоқлик азоби кўнгулни зор этади, лекин топа олмаслик руҳни абгор этади.
Бунда жонни куйдириш маҳрумлик, васлга эришиш номаълумлик бўлади. Машаққат ва кулфатлар жисмингга ниш санчиб, беҳад улкан дард жисмингни пора-пора қилади. Сен ноёб дурни қўлга киритишни хоҳлайсан, аммо уни топа олмайсан. Бунинг учун дунё асбобларини тарк этмоқ зарурдир.
Солик ўз йўлида ғов бўладиган молу мулкъва бошқа нарсалардан воз кечиб, фонийликнинг тўрт йўлини баланд овозда улуғламоғи керак. Бу йўлда унга бўлган иштиёқдан бошқа ҳамма нарсани ташлаб, ўзни мақсад манзили томон бошлаши лозим. Агар олам матосидан бирон ашё қолмаса, сенда у дам ўзгача сифатлар пайдо бўлади. У хазинадан вайронингга ободлик келиб, зоти нуридан жонингга ёруғлик етишади. Бу ёруғлик сендаги шавқ ўтини тобора алангалатиб, талаб отингни учқур қилади. Бунда ўзингда бир талаб ўрнида юз талаб топасан. Бу пайт тоғлар сенинг кўзингга оддий даладек бўлиб кўринади. Жонингга талаб роҳати етади, машаққат чекиш шиддати сендан фориғ бўлади. Кўнглинг дур топишга қанчалик муҳаббат қўйса, сен учун ғаввослик қилиш шунчалик осон бўлади. Висол қуёши жамолини кўрсатгач, шоминг тонгга уланиб кетади. Агар бу пайт олдингга маст фил келса ҳам сен уни пашша каби назар-писанд қилмайсан. Агар йўлингни юз шер ёки арслон тўсса, уларни сен чўлоқ чумолидек кўрасан. У хазинага эришсанг, кўнглингга аждаҳодан хавф етмайди.
Куфр ва имондан қўл ювасан, шундан сўнг олдингда бир эшик очилади. Эшик очилиб, ичкари кирганингда, унда на куфр, на дин қолади, уларнинг барчасидан қутуласан.
Чунки куфр ёки имон бу йўлга кирган киши учун маслак эмас. Булар асл йўлдаги тўсиқдан бошқа нарса эмасдир.

Ҳикоят

Бир қудратли подшо ўтган эди. Унинг хазина ва бойликлари аскарлари каби сон-саноқсиз эди. Бу шоҳнинг бир зебо ўғли бор бўлиб, унинг гўзаллиги олдида ҳатто Юсуф ҳам қуи бўларли даражада эди. Шарқ қуёши унинг ҳуснидан шарманда бўлгани учун оёғи остига бош қўярди. Сарв унинг навниҳол қаддига соя каби, ой эса унинг юзи қуёшига безак бўлгудек эди. У ҳам қуёшдек ҳусн билан оламни забт қилувчи, ҳам ой каби чеҳра билан осмон бахтида жилваланувчи шоҳ эди. Кўзи ҳар боқишда оламни бузар, ишқ аҳлига ўзга олам кўргузар эди. Агар лаъли сўз бошласа, жон олар, табассум қилса, жон киргизарди.
Бутун олам унга ошиқу шайдо бўлган, агар у қатл этмоқчи бўлса ҳам кишилар бундан ғам чекишмас эди. Кофир ва маст кўзи дин ва имон аҳлига доим қирғин келтирар эди. Чақмоқдек учқур отини ҳар томонга чоптирар, бу чақин билан жаҳонни куйдирарди. Олам аҳли унга мафтуну шайдо бўлган, лекин у кишиларга ҳаддан ортиқ нозу истиғнолар қилар эди. У халқ сари кўзининг учи билан бир қиё боқса, зулми тиғидан туман минг кишининг қони оқарди. Жаҳон элининг ўлмоғига у парво қилмас, балки зулму истиғно билан дарҳол қатл қилиб қўя қоларди. Унинг кўчасига боришдан ҳатто шамол ҳам жон ҳовучлар, у томонга эсмоқдан жонига қўрқув тушар эди. Шамол унинг гулшанига эса олмагани сабабли у ердагж гулбарглар гуллардан танбеҳ оларди.
Бир куни у саҳро кенгликларини айланиб қайтиш учун от сурди. Дашт узра юз туман мажнун зор ётар, уларнинг барчаси унинг ишқи шиддатидан беқарор эди. Лекин унинг юзига боқиш учун уларда имкон йўқ, у томонга қарашдан улар баҳраманд бўла олмас эдилар. Ҳамма яхши-ёмон унинг васлига эришмоқни истар, лекин бунга етишмоқ мумкин эмас эди.
Ногаҳон саодатли шаҳзода саҳрода турган элга назар солди. Кўзи улар орасидаги ишқ занжирига мубтало бўлган икки хаста ошиқи зорга тушди. Шаҳзода ўз мулозимларига буйруқ қилиб, бу икки девонасифатни ҳузуримга олиб келинг, деди. Улар икки мубталони ушлаб, подшо қасри томон от солдилар. Шоҳ улардан бирини зиндонга маҳбус қилиб, иккинчисини ўзига итбоқарлик хизматига тайинлади. Униси зиндонда ётган бандилар билан ҳаммакон бўлса, буниси занжирланган итларга гирифтор бўлди. Улар шу қийин аҳволда бир қанча вақт ўтказиб, кулфат тортдилар.
Бир дардманд киши уларнинг биридан:
-    Азоб-уқубат ичра сизнинг ҳолингиз қандай кечмоқда? — деб сўради. У деди:
-    Шу ҳам азоб бўлдими? Турган-битгани роҳат-ку! Машаққат чекиш қаёқда дейсан? Ишқидан кўнглим тўлган ҳолда унинг кўчасида ит бўлишга ҳам рози эдим. Гарчи мен унинг итларига хизматкор эсам-да, унинг итларига бошлиқман.
Униси деди:
-    Унинг ишқи кўнглимга зўр келиб, бундан агар менинг турар жойим гўр бўлса ҳам рози эдим. Гарчи ҳозир зиндонда кишанланган ҳолда ётган бўлсам ҳам, лекин унинг васлидан кўнглим умидвор.
Ой чеҳрали шоҳ уларнинг бу сўзларини пана жойдан руриб эшитмоқда эди. Улар шу тарзда ўз истакларига содиқ ва ишқ йўсинига мувофиқ эдилар. Бу сўзларни эшитган қуёш каби шоҳ чексиз хурсанд бўлиб, бу сўзлар унинг кўнглига бағоят хуш ёқди. Уларга катта ихлос кўрсатиб, иккаласини ўзининг энг яқин маҳрамларига айлантирди. Улар ўз талабларида садоқатли бўлганликлари учун оқибатда ана шундай самарага эришдилар.