Бир водий бошига келиб қушларни ҳайрат лол этгани ва бир қушнинг Ҳудҳудга савол бергани PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:10

Шундай қилиб, Ҳудҳуд уларга бошлиқ бўлгач, улар йўлни босиб ўтиш учун осмонга кўтарилишди. Улар бир неча кун қанот қоқиб, бир ерга етиб келишди. Олдинда бир ниҳоясиз водий пайдо бўлди. Уни кўргач, қушлар жонларидан умидларини узишди. Бу водийда кулфат бениҳоя чексиз бўлиб, ўзи ҳажр шоми каби чексиз узун эди. Ҳатто унга қарашнинг ўзиёқ умр ва жонга офат етказар, аммо қушларнинг уни босиб ўтмоқликдан ўзга чораси йўқ эди. Ундаги ҳайбатли, қўрқинчли кўриниш сўз билан ифодалаб бўлмас даражада уқубатли бўлиб, қушлар бундан қўрқиб кетишди. Бу ер ҳали ҳеч ким бориб етмаган ва ҳеч бир қуш учиб ўтмаган номаълум бир водий эди. Буни кўрган қушларнинг жисми сусайиб, қанот-қуйруқлари шалпайиб қолди. Шунда бир қуш Ҳудҳудга савол берди:
Оё, бу йўл нима учун бўм-бўшдиф? Ҳудҳуд бир оз фикр юритиб, шундай жавоб қайтарди:
Бу йўл улус ғавғосидан ҳоли бўлиб, шоҳнинг иззати, мартабаси ва эҳтиёжсизлигини кўрсатиб туради.

Ҳикоят

Боязид бир тун ўз хилватидан чиқди. У вумшоқ табиатли киши эди. Ойдин бир кеча. Ҳаммаёқ ой нуридан равшан. Осмон юлдузлар чаманидан гулшан ясаган. Кўм-кўк денгиз каби мовий осмонда порлоқ юлдузлар чарақлар, уларнинг ҳар бири нур сочишда гўё пок инжуни эслатарди. Етти қават осмон бир олий қасрга ўхшар, коинот ўзининг бутун юксаклиги ва кенглигини унда намойиш қиларди. Унинг сайр этиб кезиб юриши ва бир ерда ором топиб туришига ҳам, тузилиши ва чиройига ҳам ақл ожизлик қилар эди.
Шундай олий даргоҳ ичида огоҳ пир биронта махлуқ жинсидан асар кўрмади. У қанча ҳаракат қилиб қидирмасин, шаҳар, тоғ ва дашт аро кезиб юрмасин, бирон-бир кимсанинг мутлақо нишонасини топмади, ўзидан ўзга нотавон кишини учратмади. У шундай деди: "Ё Аллоҳ! Нима учун бу манзил дард ва шавқ аҳлидан ҳолидир?"
Шунда унинг кўнглидан ҳушини элтувчи бу сирдан шундай воқиф этди: "Бу ер иззат ва улуғлик даргоҳи бўлиб, унга ҳар қандай кишининг йўл топиш эҳтимоли йўқ. Шоҳга аталган махсус жой иззати поёнсиз бўлиб, ҳар гадонинг унга маҳрам бўлиш имкони йўқ. Талаб аҳли бу йўлда умрлар мобайнида жон чекса-да, улардан биттасининг бу давлатга етмоғи амримаҳолдир".

Водий қийинчиликлари ҳақида қушларнинг Ҳудҳудга саволлар бергани ва унинг жавоб айтгани

Йўл билувчи бу хил сўзларни айтгач, саёҳатчи қушларни қўрқув босди. Улар чексиз балога йўлиқиб, ниҳояси йўқ оғир дардга мубтало бўлишди. Олдинда йўл кўриниб турар, аммо унинг поёни йўқ эди. Бу йўлнинг дарди ҳаддан ортиқ эдию, аммо дармон топилмас эди. Ранж ўти кўкка туғ чекарди, алангасидан арш ҳам, унинг курсиси ҳам куйиб кетгудек эди. Бу водийда истиғно ели шундай рақсга тушар эдики, бундан ҳатто юксак осмоннинг бели синиб кетгудек бўлар эди.
Бундай оғир йўлни жисм билан жонлари ғамга мубтало бўлган бечора қушлар қандай ҳам босиб ўта олар эди? Бундай бўлишини ҳатто хаёл қилиш ҳам маҳолдир. Қўр-қувдан уларда жондан асар ҳам қолмади. Бу қийин аҳволга таслим бўлган қушлар бир ерга йиғилиб, Ҳудҳудга кўпдан-кўп ожизлик ва ёлвориш изҳор этган ҳолда шундай дедилар.
—    Эй бошлиқ ва ҳаммадан улуғвор зот! Ҳақ сени бизга раҳбар этиб тайинлади. Бизнинг ожизлигимизни тингламоғинг сен учун фарздир. Чунки сен бу йўлдан яхши хабардорсан ва биз каби йўлсизларни йўлга бошловчисан.
Биз бу йўлда кўп мушкулларга дучор бўлмоқдамиз, улардан сени хабардор қилмоқчимиз. Ҳар биримиз сенга ўз сўзларимизни айтиб, ранжу қайғудан ўзимизни халос этишни хоҳлаймиз. Сен ҳаммамизнинг мушкулимизни ҳал этиб, уларни муфассал шарҳлаб бермоғинг керак. Ҳар бир сўзнинг тафсилоти боисин ва хотирда ўрнашиб қолсин. Улар хотиримиздаги шубҳаларни қувлаб, кўнглимиздаги чигалликларни ёзсин. Ҳаммамизнинг кўнглимиздаги ишкалликларни тугатиб, ҳар хил мушкул ҳолатлардан қутқарсин. Дилимизда қил учичалик иккиланишга ўрин қолмасин. Йўлни босиб ўтувчининг кўнгли тинч бўлмоғи лозим. Бирмунча вақт бир манзилга қўниб, гала кўнглини ҳар хил хатарлардан тинчлантир. Ҳар ким сенга ўз мушкули ҳақида гапирса, уни ҳал этмоқ учун жавоб айт. Кўнгилларда ҳеч бир хатар, хотирларда хавотирдан ҳеч бир асар қолмагандан сўнг тинчланиб йўлга тушайлик ва бу улуғ мақсадни амалга ошириш учун жазм этайлик. Акс ҳолда йўл бир кун-икки кунлик эмас, балки киши унинг поёнига етиши қийин. Бундай йўлни босиб ўтиш учун койнгил жам бўлмоғи лозим. Бу хил йўлга шубҳа билан кириш мушкулдир.
Бу гап пешвога маъқул тушиб, у: "Ҳамма савол берувчилар шу ерда жам болсин",-деди. Шу тарзда у галанинг илтимосини қабул қилиб, бир кенг манзилни топиб, унга қўнди. Бошқа қушларнинг ҳаммаси у билан бирга қўндилар. Билим паноҳи бўлган муршид улардан савол сўради.

Бир қушнинг саволи

Ҳудҳуд: "Кимда қандай мушкул бўлса, сўрасин", дегандан сўнг бир савол берувчи қуш шундай деди:
—    Эй қушлар ичида азиз бўлган! Сен ва биз барчамниз бир жинсданмиз. Ҳаммамизнинг қаноту патимиз бир-биримизникига тенгдир. Аммо, айт-чи, сен нима учун яширин сирлардан хабардорсан, биз эса бехабар қолганмиз. Ўртамиздаги бу тафовутни бошдан-оёқ шарҳ қилиб бер. Бунинг сабаби нимадан иборат эканлигини бизга тушунтир.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ўз қаршисида турганларга Ҳудҳуд жавоби шундай бўлди:
—    Чунки менга Сулаймоннинг кўзи тушган. Ҳақ таоло унга назар солиб, уни ҳам пайғамбар, ҳам тож эгаси этган, унга лужф кўрсатиб, оламдаги барча жинлар, инсонлар, ёввойи ҳайвонлар ва қушларга шоҳ этиб тайинлаган эди. Шунчалик давлат соҳиби ва тахт эгасининг илтифотига мен каби бир ҳақиру фақир сазовор бўлган эдим. Мендаги бу қадар юксак иззат, бошим устидаги баланд мартабалик тожи ана шу туфайлидир. Зероки, пок юракли кишилар кимгаким назар ташлар экан, бу назар тупроқни кимёга айлантиради.

Шайх Нажмиддин Кубронинг сўзи ва итга тушган кўзи ҳақида

Шайх Нажмиддин Кубро ўз замонасининг пешвоси ҳисобланар эди. Агар у бирон кишига ўз назаридин баҳра еткариб қараса, кўзи валилик нури билан ёришиб кетар ва шу ондаёқ ўзлигидан айрилар эди. Бу сифатда унинг иши шу даражага етдики, агар унинг кўзи кимга тушса, ўша киши вали бўлар эди.
Бир куни сукр вақтида унинг назари бир итга тушди. У ошнолик мазасини татиб кўргач, итлик сийратидан воз кечди. Шайх олдига ўз бошини қўйиб, умидворлик билдирди ва шу тариқа итлар орасида сарфароз бўлди. Бу ит шаҳарнинг қайси томонига қадам қўймасин, бошқа итлар унинг атрофини тўда-тўда бўлиб ўраб олишади. У қаерда ўтирса, итларга шоҳ бўлар, итлар эса унинг теварагида худди сипоҳлардек ҳалқа тортиб турардилар.
Кунлардан бир кун қазодан итнинг бошига ажал етиб, у вафот этди. Уни Шайх эшиги яқинида гўр қазиб, ўша ерга дафн қилдилар ва қабрини худди инсонларники каби белгилаб қўйдилар.
Итлар унинг мотамида кўп фиғон тортиб, қабри атрофида макон туттилар. Ҳозир ҳам унинг қабрига сиғинувчилар юз қўйиб, сидқ юзасидан ниёзмандлик қилишади. Унинг қабри шу кунларда ҳам ҳокими бахтиёр ҳисобланадиган Хоразм мамлакатида мавжуд.
Оламда бундан ҳам қизиқроқ сўз эшитилганми? Яъни саодат аҳли итга кўз ташласаю бу назар итга яхши натижа етказиб, унинг зотига кишилик асарини берса! Бу иноят унга фақат кишиликдан нишон берибгина қолмай, валилик нури нашъасидан ҳам дарак берган боисин!
Агар валидан итга шундай тарбият етган бўлса, қушга ҳам пайғамбардан шундай тарбият ета олишига ажабланмаса ҳам бўлади. Агар қушга ҳам пайғамбар лутф кўргузса, оламдаги барча қушлар унга тобеъ бўлса не ажаб?! Шу қабилдаги қисса қадимдан ҳам мавжуд, бунга "Ашоби каҳфъъ("Ғордаги биродарлар") воқеаси далил бўла олади. Чунки Аллоҳ иноят этса, бу иноят ит ёки қушга насиб этса нимаси ажабланарли, ахир!

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Яна бир савол берувчи фарёд билан шундай деди:
—    Эй барча қушларга етакчи ва амир! Йўл қаттиқ, мен эса заиф ва нотавонман. Пашша анқо томон йўлга равона бўла олмайди-ку. Ҳар нафас бу йўлда юз хил қайғу дучор бўлмоқда, ҳар дам унда юз туман азобу уқубат зоҳир бўлмоқда. Унда бало тоғидан сўқмоқлар бор. Йўлдаги гардлар кўзга ажал тупроғини сепади. Ундаги тоғ узра увиллаган шамоллар тошларни тупроқ каби совуради. Шер ҳам бу йўл азмига журъат эта олмайди-ю, заиф ва хаста бир чумоли бу йўлни қандай уддалай олсин?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
— Эй заиф ва муҳтож! Сенда ҳиммат пасту ўзинг разил ва хор экансан! Тана қанчалик мажруҳ ва заиф бўлмасин, ҳиммат юқори бўлса, бундан нега ғам чекиш керак?! Чунки бу иш бешак ишқ ишидир: кимки ошиқ бўлмаса, у инсон саналмайди. Бунда асосий нарса ишқ бўлиб, уни амалга ошириш ҳар қандай ҳавасманднинг қўлидан келавермайди. Нотавонлик, ошиқларнинг ишқдан бехонумонликлари ошиқлар учун далилдир. Ошиқ элга нотавонлик касби кор бўлиб, жонини тарк этиш унинг доимий фикридир. У бору йўқдан ўзини фориғ билиб, фақат ёр ишқини ўзига тириклик деб ўйламоғи шарт. Ҳар кишига ишқ ва ҳиммат ёр бўлса, унга тан соғлиғи ёки хасталикнинг нима дахли бор? У фақат ишқ ичра жон беришни ўзига мақсад қилиши керак, чунки ишқ туфайли барча мушкуллар ечилади. Агар унинг ишқда ўлмоқлик мақсади бўлса, жонига офат етишидан у наф кўради. Кимда ким бу дунёга кўнгил қўйса, бу хаёл билан дили хаста бўлган бўлса, у киши учун бу касаллик яхши эмас. Ишқ аҳли бу хил заифликни маъқулламайди. Агар ҳар бир кишига ишқ туфайли касаллик ва ожизлик этса, бу уни ўз муродига етказиш воситаси ҳисобланади. Чунки ишқдан асосий мурод ўлиш бўлар экан, касаллик ҳам ўлимга яқин бир ҳолат саналади. Зеро, касаллик кишининг жон тарк этишига сабаб бўлиб, ундан чекиниш ажабланарли бир ҳолдир. Ишқ аро жон тарк этиш талаб этилгач, унга нима бўис бўлса, ёқимлидир. Агар касалликнинг ниҳояси жон тарк этиш бўлса, бу хил ўлишгажону жаҳонни фидо қилса ҳам арзийди. Агар сен жаҳон мулкида минг йил умр кўрсанг ҳам охир-оқибатда бир кун дарду ҳасрат билан ўлиб кетасан. Демак, ўлимдан қочиб қутула олмас экансан, бира тўла бу истак билан ўлганинг яхшироқ эмасми?! Агар умид ёр йўлида ўлиш бўлса, шуни билгилки, бу абадий ҳаётнинг нақ ўзидир!

Шайх Абу Сайид Абулхайр ҳикояти

Бу йўлда сайр қилувчи меҳналик шайх Абу Сайид Абулхайр(хуросонлик шайх, 1408 й.в.е.), ёр васлидан хайрли насибага эришди.
Аввалида у ишққа жуда зор бўлиб, юз хил бало тиғидан азобда эди. Шу тарзда унга касаллик юзланиб: бутун вужудини қамраб олди. Бу касалликдан у доимо бетиним оҳу воҳ чекарди. Ишқ чақмоғидан унинг жонига ўт тушиб, унинг алангаси вайрон жисмини чирмаб олган эди. Тунлари у уйқу билмас, кундуз кунлари ҳам ором топмас, ишқ қайғусидан ўзга дарди йўқ эди. Кундуз унинг фикру зикри ёрда бўлар, ҳажрида ҳаддан зиёд зору фиғон тортишни одат қилган эди. Кечалари, шаҳар ва боғларда бўлмай, ўзини дашт ва тоғлар томонга урарди.
Бир ташландиқ жойда вайрона бор бўлиб, у худди бойқушлар қасридек бузуқ кулба эди. Унда беҳад чуқур бир қудуқ бўлиб, сувига хурсандчилик кишиси ғарқ бўлган эди. Шайх ана шу қудуқ ичида бошини паст томонга осилтириб ётар, ишқ туғёнидан зору афгор бўларди. Шу тахлитда кўзларидан қатра-қатра қон томгунча тонгга қадар иши оҳу фиғондан иборат эди. У ишқда ўлмоқни истар, аммо уни топа олмас, шундай бўлса-да, бу иштиёқдан кўз юммай, ўз аҳдидан воз кечмасди. Бу азоб унинг жисмини қилтириқ қилиб, нолалари эса жонини ёмон ҳолатга тушириб қўйган эди. У ҳижрон ичида бир неча йил шу ҳолатда кун кечирди ва ниҳоят унинг оғзига висол жоми етишди.
Ишқ аро ўзини эр деб санаганларнинг иши ана шундай бўлади. Киши оимай туриб, бу давлатни топа олмайди.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Бир қуш шундай деди:
—    Мен умримда кўп гуноҳ иш қилдим. Бу уятдан ҳолим жуда тангдир. Ифлос ишлар билан машғул бўлиш мени нобуд қилиб, бу ғам мени эзиб юборди, энди шулар йўл босишимга тўсқинлик қилмоқда. Чунки ахлат устига қўнган чивиннинг қанчалик жирканч эканлиги ҳаммага маълум. Унинг пок Симурғга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Симурғнинг пок васлига эришмоқ учун поклик керакдир. Булғанч жиноят ичида ҳаёсизлик қилиш билан унга етишиб бўлмайди. У пок бўлса, мендаги сифат нопокликдир. Унинг васлини исташимга уят монеълик қилмоқда.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
-    Сен ўзингнинг гуноҳга ботганлигингни бўйнингга олдинг. Шуни билгилки, бу дунё абадий туриш манзили эмас. Кимки майжуд бўлса, унинг ҳосили охир ўлим бўлади. Агар сен ўз гуноҳинг билан ўлмоқчи, халқ аҳволига кулмоқчи бўлсанг, жуда нодон ва ғофил, ақлли кишилар олдида жоҳил экансан.
Қилган гуноҳларингдан фориғ бўлишни орзу қилдинг, эй ҳавасманд, бу анча осон ишдир. Ундан қутулиш иложи фақат тавба қилишдир. Исён зулмати аро фақат угина чироқ бўлиб нур сочади.
Гуноҳ балчиғидан тоза киши топилмайди, бу хил бегуноҳ киши ҳали ҳеч кимга маълум бўлган эмас. Ҳақ Одам авлодини гуноҳсиз қилиб яратган эмас. Эй бехабар киши, агар сен гуноҳ иш қилмасанг, Аллоҳ афву раҳмат билан кимнинг гуноҳидан ўтади? Агар кимнинг юзи гуноҳдан сариқ бўлса, тавба уни бу сариқликдан халос этади. Раҳмат денгизи мавжланган пайтда сен ҳам худди мен каби юз минг марта пок бўласан.

Одам Сафий Алайҳиссалом ҳикояти

Дунёдаги барча инсонларнинг отаси бўлмиш Одам Атони одил ва мангу тирик ҳақ вужудга келтирди. Бошига тўғри йўл топиш тожини кийдириб, бу тожга пайғамбарлик гавҳарини тикди. Уни шу қадар юксак иззат ва мартаба эгаси қилдики, барча малоикалар учун унинг оёғи остидаги тупроқ саждагоҳ деб айтилди. Осмон чўққиси у юрадиган йўл тупроғи бўлиб, жаннат боғи унинг жилвагоҳи эди. У шу тариқа юксак шараф ва эътиборга сазовор бўлди. Ҳақдан унга "Сафий" - "пок" деган лақаб берилди.
Аммо қудратли Яратувчи тақдир этиб, унинг юзи гуноҳ ва исён билан қора бўлди. Ундаги шунча ҳурмат ва сажда этмоқлик қўлдан кетиб, иши номақбул ҳисобланди. Шунда унинг кўксига рад панжасини етказиб, жаннат боғидан ҳайдаб юбордилар. Унга бу хил юз қароликлар насиб қилиб, Ҳиндистон мулкига ғариб бир аҳволда келиб тушди. У йиллар давомида ҳижронда ёш тўкиб, атрофга оҳу ноладан ғавғо солиб юрди. Жони қилган гуноҳидан хас каби ўртанди. Азоб чекиб юрган маҳалда тавба қилиш уни бу қийин аҳволдан қутқарди. Раҳмат боғидан яна майин шабада эсди ва у юз минг азоб-уқубатдан халос бўлди. Тавбаси қабул этилиб, у ўзининг аввалги ҳурматли мавқеини эгаллади.
Шундай бир кишининг мушкули осон бўлгач, сен унинг олдида ким бўлибсан, эй, муродига етмаган заиф. Тавба қил ва ундан ўз нажотингга эриш, йўлга азм айлаб, мақсадингга ет!

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
-    Эй тож кўрки! Менинг табиатимда ўзгарувчанлик мижози майжуд. Таъб у ёки бу сифатда расо эмас. Баъзан фисқу фасод ишлар билан шуғулланаман: баъзан тақводорлик қиламан. Гоҳида эгри бўлсам, гоҳида тўғриман. Гоҳо майхона аҳли билан улфат бўлсам, гоҳо Аллоҳга муножот қилувчилар даврасига қўшиламан. Гоҳ Каъбани тавоф қилувчи Аллоҳ-парастман, гоҳ дайрда бут олдида сиғинаман. Ҳолатимда барқарорлик йўқ, шунга кўра ҳаддан зиёд изтироб чекаман. Бу ўзгарувчан шум мижозим ва бу хил нафратланарли одатим билан тўғри йўл топа олмасам керак, деб ўйлайман. Чунки бу йўлда якранг, яъни барқарор эътиқодли бўлмасам ўзимни тополмасман, дейман.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
—    Дарҳақиқат, бу хил бемаъни хислат барчанинг зотида мавжуд.
Уларнинг барчасига нафс ва руҳ сабабчидир. Агар буларнинг биридан бандлар боғланса, иккинчисидан очилади. Агар кимки нафсониятни инкор қилса, унинг зотида руҳоният ғолиблик қилади. Ҳар бир киши бундай шарафга эга бўлса, у киши пок саналиб, ўз вақтини хуш ўтказган бўлади.
Борди-ю кишининг мижози ўзгарувчанликка мойиллашса-ю, сен каби шармандаликка дучор бўлса, бундай киши риёзат чекиш туфайли ушбу касалликдан илож топади ва табиати барқарор бўлади. Агар нафс кишини шундай хатарга йўлиқтирса, унинг чораси муршид тадбири орқали топилади. Чунки муршид ҳар қандай иллатларга табиб бўлиб, халойиқ уни "пир" ҳам деб атайди, эй зийрак киши. Агар сўфийлик йўлидаги толибга нафс тўдасидан турли тубанликлар юзланса-ю, натижада феълида ёмонлик пайдо бўлса (талаб аҳллари гоҳида бунга мубтало бўладилар), пир уларнинг ҳар бирига турли даволар қилиб, иллатини даф этади ва толиб шифо топади. Сен айтган нарса ҳам шундай касалликлардан биридир. Бунинг тадбири эса риёзат чекмоқдан иборат. Сен ҳам бу ишга ўзингни чоғлаб, бу қаттиқликка белингни богиасанг, умид улдирким, бир олий марҳамат кўрсатилиб, сени бу хил номусга қолишдан халос этади. Шунда сен у қийинчиликлардан хурсанд бўлиб, ҳақ йўлида пок йўловчи бўла оласан.

Шайх Абу Туроб Нахшабий ҳикояти

Пок табиатли ҳақиқатни аниқловчилардан бири ҳаққа восил бўлган Абу Туроб Нахшабий бир муриднинг ҳолига назар солиб, унда зебу зийнат нишонасини кўрар эди. Чунки бу мурид киядиган хирқа тоза матодан болиб, у қизил, яшил ва сариқ нақшлар билан зийнатланган эди. Унинг нафси гўзалликка, кийинишда зеболикка кўпроғ майл кўрсатарди.
Пир бундан қутулиш учун унга кўпгина риёзатлар буюрди, аммо унинг сўзлари бефойда бўлиб қолаверди. Ундаги бу сифатнинг даф бўлмаганини кўрган пир охир-оқибатда шундай буюрди: "Уни ўзининг ёмон нафсини тугатгунга қадар ҳар кун мол сўйиладиган қушхонага олиб боринглар!"
Шундан сўнг бир саватга қўйнинг ичак-чавоғини барча ахлат ва нажосатлари билан бирга солиб, мурид бошига қўйди ва маҳкам ушлаб туришларини буюрди. Токи бу машаққат ва ранждан у кўп қон ютсин. Уни шу тахлитда салласидан ифлос томчилар томаётган ҳолда Насаф бозоридан ўтказиш ҳақида кўрсатма берди.
Унинг ўжар нафсини тузатувчи ушбу тадбир бир неча кунга чўзилди. Шундан кейин унинг хирқасида гўзалликдан асар ҳам қолмай, барча зеболиги бурнидан чиқди. Бу машаққат унинг нафсини ҳалок қилгандан сўнг комил муршид яхшилаб ювиниш лозимлигини буюрди. Шу тариқа уни бу касалликдан қутқариб, бу хатардан эсон-омон ўткарди. Турар жойини васл айвонига ҳамнишин қилгандан кейин нимаики истаган бўлса, ўшанга эришди.
Сен ҳам нафсингни бирор хил ранж чекишга қўй, бунинг эвазига хазинани қўлга киритасан. Акс ҳолда ўзингни ҳалок бўлдим деб ҳисобла ва ўзгарувчанлик дўзахида ўлдим деб санайвер.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Савол берувчи қуш шундай деди:
—    Эй қутлуғ табиатли! Нафс менга золимлик кўрсатиб, чексиз душманлик қилади. Нимаики буюрилган бўлса, у бунга хилоф йўл тутади, унинг ножўя ишларини ҳеч бир кечириб бўлмайди. Агар бу йўлда нафсим менга душманлик қилса, мен бу оғир йўлни қандай қилиб босиб ўта оламан?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Эй ҳирсга берилган нотавон! Нафс зулми кўнглингни жароҳатлабди. Туну кун нафснинг маҳкуми бўлиб, ўзингни шу бемаъни ҳангома билан овутасан. Нафс неки амр этган бўлса, унга бўйсунгансан. У сендан баланд келиб, сен унга мағлуб бўлгансан. У буюрмасдан туриб, бирор марта ўзингча нафас олмагансан. У нима ҳавас этган бўлса,сен ўшани бажариб келгансан. Умрингни унинг фармонига сарф этгансан. У қаерни орзу қилган бўлса, унинг орқасидан эргашгансан. Нафс сени худди эшак каби нўхталаб, орқангга миниб олган. У сени қаёққа етакласа, ўша ёққа кетасан, "юр" деса юрасан, "тўхта" деса тўхтайсан. Агар сен ёш болалик чоғингда унинг асири бўлиб, беҳуда ўйин-кулги билан ғафлатга чўмган бўлсанг, йигитлик чоғингда ҳам ундан айрилмадинг, бир лаҳза ўз ҳолингга боқиб, ўйлаб кўрмадинг. Мана энди қариликка қадам қўйдинг, аммо ўз одатингни ташламай, фисқу фужур ва исён қилиш билан шуғулланасан. Бутун умринг ана шу ғафлат ва итоатсизликда ўтди. Энди юз минг армон билан ўлиш маҳалинг етди. Умринг ўтиб кетса ҳамки, Аллоҳ амрини сира ёд этмадинг, адашиш ва ёмонликдан бошқа йўлни тутмадинг! Бутун оламни қидирса сен каби умрини беҳуда ўтказган ғалати бир зот топилмаса керак! Тириклик чоғингда бу хил ғафлатга ботдинг, ўлганингдан кейин, кўр, қандай ҳолатга тушар экансан.

Ҳикоят

Бир золим подшоҳ бўлиб, у доимо маст-аласт юрар, ниҳоятда беҳаё, босқинчи ва қонхўр эди. Ҳаром нафси уни ҳар хил ёмон ишларга буюрар, у эса ҳеч бир бўйин товламай, уларни бекаму кўст бажарарди.
Бир куни у айш жомидан нўш этаётиб, кўчадан ўтиб бораётган жанда кийган иккита дарвишни кўрди. Улар бир-бирларига ҳам дўст, ҳам ўртоқ, ҳам ҳамдам, ҳам сирдош, ҳам ғамхўр ва шафқатли эдилар. Шоҳ улардан бирини ўз ёнига чорлаб, шериги тўғрисида шундай савол берди:
—    Айт-чи, сенинг ўртоғингга бўлган муносабатинг нимадан иборат? Дарвиш шоҳга шундай жавоб қилди:
—    Бизнинг ўртамиздаги муносабат бир-биримизга дўстлик, ҳамдамлик кўрсатиш ва ҳамфеъл бўлиб, ўзаро ҳамкорлик қилмоқдан иборатдир.
Ғофилликдан маст бўлган подшо яна шундай савол берди:
—    Эй йўл соҳиби! Айтгин-чи, мен яхшиманми ёки сенинг ўртоғингми?
—    Менга иккингизнинг ҳолингиз ҳақида нимаики аён бўлса, ўшани баён қиламан. Ҳар иккаласидан хабардор бўлгач, эй тож эгаси, улардан ўзинг ҳукм чиқарасан.
Гарчи сен бир халққа шоҳ бўлсанг-да, лекин ҳақ йўлида гумроҳсан. Ҳақ нима буюрса, сен унга хилоф иш қилиб, кечаю кундуз умрингни ғафлатда ўтказмоқдасан.
Шеригим эса гарчи дарвиш ва гадо бўлса ҳам, Ҳақ амрини жойида бажо келтиради. У бирор марта тўғри йўлдан ташқари қадам қўймаган. Вақтини ҳақ амрини бажариш билан ўтказади.
Сен шоҳсан-у, аммо нафсингга магиуб ва хорсан, у гадо бўлса ҳам, нафсини ўзига асир этган. То тирик экансиз, ҳар иккингизнинг ҳолингиз шундай кечади. У гадо ва сен шоҳнинг яшаш тарзингиз шундайдир. Оиганингиздан кейин эса у - шоҳ, сен эса -гадо бўласан. Чунки сен маст эдинг, у эса тўғри йўлдан борувчидир.
Йўл пири бу сўзларни айтгач, шоҳ сесканиб, уйқусидан уйғонди. У аввал маст бўлган бўлса, энди унга ҳушёрлик етишди, уйқуси бедорлик билан алмашди. Шундан сўнг у шоҳликнинг зарбоф кийимларидан ор қилиб, уларни ечиб ташлади ва ўрнига жанда кийди. Ҳақдан кўнглига огоҳлик етиб, дарвишлик аслида шоҳлик эканини англаб етди.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи шундай деди:
—    Лаънати иблис ўз макр ва найранглари билан мени ўз домига туширмоқ учун қасд қилади. Мени бир зум ҳам ўз ҳолимга қўймай, кўнглимга турли оламларни келтиради. Ҳар лаҳза бошимга хилма-хил хаёллар солади, ундан қутулмоқликнинг ҳеч эҳтимоли йўқ. Ундан халос бўлишнинг иложи бўлмагани учун айтган ишларини бажаришга мажбурман. Унинг васвасаларидан шундай бир ночор аҳволга тушдимки, ақлим ундан қутулишга ожизлик қилмоқда.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Токи нафсинг мавжуд экан, унда иблис яшириниб, шогирдлик қилади. Нафс кўнглингга шунчалик ғурур соладики, ундан дилингга путур етади. Ҳатто уни кўрган шайтон ҳам ҳайрон қолиб, ҳайрат водийсида саргардон кезади. Қайси бир ишдан нафсинг ўз истагига эришса, ундан шайтон ҳам ўз мақсадига етади. Агар сен ўз нафсинг ҳукми билан бирон иш қилсанг, буни кўрган шайтон иржаяди. Сен ўзингни шайтонга хор бўлдим деб атама, балки у сенинг нафсингни ўзига вакил қилиб олгандир. Дунёга тааллуқли бўлган барча ишлар ва воқеаларнинг бошдан-оёқ шайтонга дахли бор. Ҳақ нафсингни шундай яратганки, унга юзта шайтон ҳунари жо бўлган. Нафсинг шунчалик макр-ҳийлалар кўрсатадики, ундан ҳатто юзта иблис ҳам шарманда бўлади. Сен бу янглиғ нафсга ошно бўла туриб, яна нима учун шайтондан гина қиласан?!

Ҳикоят

Харақоний (хуросонлик шайх, 1033-33) қошига ўз сулук ва тоатидан ноумид ҳолда бир мурид кириб келди ва унга шундай деди:
-    Иблис менга кўп ҳунарлар кўрсатиб, кўнглимга ҳар ишда йўлтўсарлик қилмоқда. Ундан намозимга қусур, қилган барча зикру тасбеҳларимга юз хил путур етмоқда.
Комил муршид унга шундай деди:
-    Эй зулмкор, жабринг тиғи билан шайтоннинг кўнгли яраланди! У ҳам сенинг
устингдан шикоят қилиб, жабру зулминг ҳақида ҳар хил сўзлар айтди. У айтдики: "Менга
ҳақ аввалдан макр билан кишилар ҳолини танг қилишни қисмат этган. Мен одамларни исён
сари бошлаб бораман, уларни нуқсон водийси томон етаклайман. Сен шундай бир мурид
тарбият қилибсанки, унда бу сифатлар мендагидан ҳам ортиқроқдир! Ҳар қачон
одамларнинг энг ёмони бўлган ушбу муриднинг олдига келиб, кўнглига бирон-бир
васваса    солай
десам, менга мақбул тушган ҳар қандай ёмон иш билан унинг кўнгли олдиндан
машғул эканлигини кўрардим. Ҳатто менинг хаёлимга келмаган ифлос ишлар ҳам унинг
хотирида маҳкам ўрнашиб олган бўларди".
Шайтон сенинг ҳақингда ушбу гапларни айтиб, бизга ҳам кўп "таҳсинлар" ўқиди. Ушбу макр ва ҳийла-найрангларинг учун сенга ҳам кўпдан-кўп раҳмат. Чунки шайтоннинг ўзи таълим берган пирингга раҳмат деб айтиб кетди.
Мурид:
-    Шайтон менга туҳмат қилибди, аслида унинг ози мени ёмон ишлар томон рағбатлантирар эди,- деди.
Шайх эса:
-    Жуда яхши ишлар қилиб, сен шайтон билан талашмоқдасан. Мен эса ораларингизда узрингизни эшитиб, ҳукм чиқарувчи ҳакам бўлдим. Сенга ҳам шайтондан юз марта уят боисин!!!- деди.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Савол берувчи деди:
-    Эй қутлуғ жамол эгаси! Молу дунё менинг кўнглимга чексиз муҳаббат солди. Унга эришмоқ хаёли жонимга қувонч бағишлайди, унинг жаранглаган товушини эшитсам,
кўнглим ҳузур топади. Қўлимда агар бир нафас олтин-кумуш бўлмаса, мени ўша заҳотиёқ ўлди деб ҳисоблайвер.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
-    Эй ҳақиқатдан йироқ! Жонингга пул фироқ доғини солиб қўйибди. Ҳирс жоми кўнглингни маст айлабди, сен бу мастликдан ер билан битта бўлибсан. Киши ҳам шундай сўзларни айтадими?! Ахир бу ҳақиқий инсонларнинг иши эмас-ку! Асл инсонлар бу ишдан ор қиладилар.
Бу хил тубан иш билан шуғулланиш фақат сичқонларга ярашади. У ниҳоятда тиришиб, ерни қазиш билан доимо тупроқ ичра хору зор умр ўтказади. Шум ҳирси туфайли ер тагидан турли тешиклар кавлаб, бу ёмон хислатидан ниҳоят кўп машаққат чекади. Шу тариқа доимо уй сари тешик очади. Аммо ногаҳон бурчакда писиб ётган бир мушук чиқиб, уни роҳат қилиб овлайди ва мазза қилиб иштаҳа билан этини еб, қонини симиради.
Ёки йиллар тупроқ ичида хазинани пойлаб ётган илонга ўхшайсан. Чарх бунинг эвазига унга лойиқ жазо беради, яъни у кишилар кўзига кўринган заҳотиёқ, бошини янчиб ташлайдилар.
Сенинг зотингда ҳам шундай хислат борки, эй ифлос, бу билан сен илон ёки сичқонни эсга келтирасан. Уларнинг оқибати нима бўлгани ўзингга маълум. Билгилким, сендаги бу сифат яхши эмас.
Симу зарни севган одам унга қуи бўлиб, унинг шавқидан ажойиб маст ҳолга тушади. Ёки фараз қилки, фақат жоҳил ва нодон, маст кишигина симу зарни ўзига бут ҳисоблаб, унга сиғинади. Бундай кишини жаҳолат билан исломни тарк этиб, дўзахга равона бўлган, деб айтиш мумкин. У бу жаҳон боғида токи тирик экан, ўз умрини шу янглиғ машаққат билан ўтказади. Олтин-кумуш учун юз хил ҳирс ва шайдолик кўрсатади, аммо охирида расволик билан ўлиб кетади.
Майли, мен сени сичқон деб атамай, балки Қорунга тенг деб ҳисоблай; илон демасдан, Фаридун деб ҳам атай. Аммо оқибати нима билан тугайди? Улар нима қилдилару сен нима қила олардинг?! Бари бир улар каби бутун бойлигингни қолдириб, нариги дунёга равона бўласан! Шунинг учун бу беҳуда хаёлни бошингдан чиқариб ташла! Миянгни эзиб ётган бу қаттиқ тошдан қутқар! Ҳақиқий эр бўлсанг, асл мақсадни кўзлагил, нимаики сўзласанг, ўшандан сўзлагил.
Бу номуносиб иш билан шуғулланма, чунки ундан сенга зарар етиб, охири жонингнинг заволи бўлади.

Ҳикоят

Басра шаҳрида бир очкўз киши бор эди. У нодонлик билан олтин-кумуш йиғишга муккасидан кетган эди. Ҳотам Той саҳоват ва карам кўрсатишда қанча ном қозонган бўлса, у динор ва дирҳам йиғишда ундан машҳурроқ эди. Ушбу хасис ва пасткаш киши кўп машаққат чекиб битта-битталаб кумуш йиғар эди. У катта бир хазина тўплагач, уларни ер тагига кўмди. Бу тубан- табиат яна шунга тенг келадиган бойликни тўнига гир айлантириб тикиб олган эди. Яширган беҳисоб олтинлари ўша шум ҳирсли кишининг кўзига ҳатто кундуз кунлари ҳам осмонда ярақлаган юлдузлар каби кўринар эди. У ўзича, танимга қувватгина эмас, балки жонимга сиҳат ҳам ана шу олтинларим туфайли, деб ўйларди.
Иттифоқо, бир куни у савдо-сотиқ қилиш учун дарё соҳилига келди. У ерда савдо қилган молидан тушган ҳаром пулларга таом олиб еди. Шундан сўнг, қолини ювмоқчи бўлиб дарё лабига энгашди. Аммо тўнига тиккан олтинлари оғирлик қилиб, уни сувга тортиб кетди. Хасис киши ана шу ёмон феъли туфайли дарёга чўка бошлади. У сувдан чиқмоқчи бўлиб, изтироб билан чунон талпинар, биров келиб қутқарар, деган умидда бақириб-чақирар эди. Аммо одамлар ёрдамга етиб келгунга қадар у дарё тубига чўкиб бўлди. Чунки унинг олтиндан бўлган лангари беҳад оғир эдики, шу сабабли у сув тубида садаф ичидаги гавҳардек қолиб кетди.
Унинг жонига офат етказган нарса, албатта, ўзи йиққан симу зар эди. Шунингдек, унинг яшириб қўйган хазинаси ҳам талон-торож бўлди. Олтин-кумуш йиғиш оқибатда ана шундай мудҳиш воқеа билан тугади. Сен бундай жирканч ишлардан қўлингни торт! Уларга зинҳор майл кўрсатма, чунки бу фано денгизи — дунё доимо даҳшатли тўлқин уриб туради.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Бир савол берувчи сўради:
-    Эй олий мартаба эгаси! Мен жаннат каби бир масканда истиқомат қиламан. У ердаги ҳар бир дарахт беҳишт тўбисига ўхшайди. У ернинг ҳар тарафида кавсар каби зилол чашмалар оқиб туради. У ернинг суви дилкаш, ҳавоси эса оромижондир; саҳнида жонга озуқ бўладиган мевалари кўп. Майдони жаннат боғи каби кенг бўлиб, ўртасида улкан бир қаср бунёд этилган. Қаср ичи ажойиб нақш берилиб зар билан ишланган, ташқариси эса гавҳарлар билан зийнатланган. Бу қасрда хушсурат, сийрати ёқимли бир подшо дам олади. Менинг манзилим ана шундай ажойиб гулшан ичидадир. Бу ерда мен шоҳ васлига
еришганман. Унинг суҳбатлари бир дақиқа ҳам менсиз ўтмайди. Туну кун мен унинг энг яқин улфати ва суҳбатдошиман. Бу хил хурсандчиликдан воз кечиб, Симурғни истаб йўлга чиқиш мақсадга мувофиқми?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
—    Эй хаёллари пуч! Сен айтган барча нарсалар аслида ҳеч нарсага арзимайди. Гарчанд гулшан зебо ва дилкаш бўлиб, унинг суви ва ҳавоси кўзга хуш кўринса-
да, шунингдек, у ерда тўбига ўхшаш дарахтлар жилва қилиб, гуллари юз хил ишва билан кишини ўзга мафтун этса-да, сен шуни билки, у ердаги оппоқ очиладиган насрин ва бошқа гуллар вафосиздир. У ернинг сарв билан сунбули мангу эмасдир. У ернинг баҳорига бир кун куз шикаст етказади ва гуллар қора тупроққа қоришадилар. Бу даврон чархи у ердаги қасрни ҳам худди хаста ошиқ кўнгли каби вайрон этиб ташлайди. Жафо келтирувчи рўзғор эса бу қаср шоҳини тахтдан қулатади. Унинг боғида гулчеҳралардаги сингари вафо йўқдир, шоҳи ҳам меҳри тош гўзаллар каби абадий эмасдир.
Бас, шундай экан, сен булар олдида ким болибсан, эй заиф киши. У боғдаги бирор гул тиканининг санчилишига ҳам чидай олмайсан-ку! Ҳақиқий эр бўлсанг, бақо Қофига йўл ол ва у тоғ чўққисида турувчи шоҳ васлига эриш! Чунки бу гулшан камолига ўша сабабчидир. Унинг хазонга юз тутиб, завол топиши ҳам ўшандан. Унинг жамоли шоҳга зеболик ва бахт ато этади. Шоҳнинг тахтдан ағдарилиши ва яксон бўлиши ҳам унинг улуғлиги туфайлидир. Шоҳ қасрининг обод бўлиши ҳам унинг ҳикматидандир, сўнгра вайрон бўлиши ҳам унинг қудратидандир.

Ҳикоят

Карахтликдан донг қотган бир қаландар бўлар эди. У эртаю кеч банг истеъмол қиларди. Кўринишдан бу оламдан этак силкиган дарвишларга ўхшар, аммо бутун сир-асрори ёнидаги банг идиши - журъадонида яширинган эди. Банг тортган дамларида ўзини қўярга жой топа олмай, ҳар доим айш қилмоқ ҳақида турли хаёллар сурарди.
Кунлардан бир куни у бир вайронага кириб, бангдан, одатдагидан кўпроқ тортди. Бузуқ деворга суянганча сирлар оламида сайр қила бошлади. Ўзини хаёлан гўзал гулшан ичра шод ҳолда кўрди. Атрофида айшу ишрат ашёлари муҳайё эди, гўё ётган маскани бир олий қаср бўлиб, бу қаср биноси машҳур мусаввир Моний суратхонасидек безатилган эмиш. Ўзи тахт узра Жамшиддек хуррам, ёнида офтоб жамолли бир гулчеҳра ҳам бор эмиш. У олиймақом подшо айшу ишрат билан машғул бўлиб, ҳар лаҳза гулчеҳра ёридан баҳра олаётган эмиш. Шу хаёллар билан у ўзини кошонада ҳис қилиб, вайрона ичида ётар эди.
Вайронада ниши устида ажал заҳрини сақлагувчи бир чаён бор эди. У вайронани айланиш учун чиқиб, нишини ҳар томонга санчган ҳолда у ёқ-бу ёққа юрар эди.
Хомхаёл қаландар алаҳсираган ҳолда хаёлий гулчеҳрасининг лабидан бўса олаётиб эди, шу пайт лабига чаённинг найзаси санчилди.
Қаландар беқарор ҳолда чинқирганча ўрнидан турди, изтироб ва алам ичра қараса, ёнида на гулшан, на қасру тахт ва на хушбахт соҳибжамол бор эди. Шу тарзда унинг беҳуда хаёллари барҳам топди, бироқ у лабидан ажал нишини еган эди. Қилган барча ишлари хато эканлигини англади, аммо бу пушаймонлик унга фойда келтирмади.
Сен ҳам ўшанга ўхшаш аҳволга тушгансан, миянгни бўлмағур хаёллар чулғаб олган. Аммо бир кун ажал нишжни еб, сесканганингча ғафлат уйқусидан уйғонасан. Бироқ у пайт қанча зору фиғон кўтарма, қилча наф етмайди. Ўшанда ўзингнинг кимдан йироқ тушганингни яхши англайсан, лекин жонингда айрилиқ доғи муҳрланиб қолади.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
-    Эй тенги йўқ! Кўнглимни бир ишқ асир этди. Агар маъшуқам рухсорини бир он кўрмасам, ўша заҳотиёқ олам кўзимга қоронғу болиб кетади. Усиз бир нафас ҳам қарорим йўқ, дард ва ғам чекмакдан бошқа иложим йўқ. Юзига наззора қилиш менинг мақсадимдир. Васлини кўргач, кўнглим ором топади. У билан шунчалик улфатманки, шу сабабли ундан айрилиш менга машаққат туғдиради. Агар унинг ёқимли овозини эшитмасам, руҳим қуши жисмим билан видолашади. Кўнглим ҳижронида хаста, ҳаётим васлига боғлиқдир. Ундан жудо бўлсам жонимга алам юзланади, туну кун кўнглим    иши фарёд чекмоқ бўлиб қолади. Бир дақиқа ҳам ундан айрила олмайман. Ундан айрилганим — ўлганим! У санам ишқин нечук тарк этай мен?.. Айрилиб ундан қаёнга
кетгаймен?!

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Эй ишинг ёниш ва куйишдан иборат бўлган! Кўнглингга мажозий ишқ ўт солибди. Сен ҳақиқий ишқдан йироқ тушибсан. Дилингни айрилиқ доғи ўртабди. Кўнглинг асл йўлдан чекиниб, сўқмоқдан юришни савоб деб билибди. Тириклик чашмасидан бебаҳра қолиб, ифлос кўлмакдан ташналикни қондирмоқчи бўлибсан. Кўнглинг порлоқ дурдан ғофил қолиб, оддий бир шудринг сари мойиллик кўрсатибди. Гсмонда чарақлаган қуёшдан юз ўгириб, шам ва машъал нурини қабул этибсан. Зоҳирий шаклдан фириб топиб, маъни жамолидан бенасиб қолибсан. Юз балғам ва қондан оройиш топгандан кейин, ташқи ҳусннинг иши нима ҳам бўлар эди?! Чигил ҳурининг юзини не учун васф этасан? Ундаги оқу қизиллик балғам ва қон туфайлику! Ташқи гўзалликнинг вафоси йўқдир, у доим бирдек ва абадий эмасдир. Шу сабабли у ошиқ ва шайдо .бўлишга, ишқидан расво бўлишга арзимайди. Агар кимда-ким боқий гўзалликка эга эмас экан, ундаги гўзаллик бировдан муваққат тилангандир. Агар бу кун чиройли кўриниб, эртасига хунук бўлса, бундай гўзаллик ёқимли ҳисобланмайди. Сен шундай баркамол ҳусн эгасини севгилки, унинг қуёши ҳеч қачон завол топмасин. Агар унинг сен каби юз туман минг ошиғи бўлса ҳам, улар унга ошиқликка лойиқ эмасдирлар. Унга ишқ аҳлининг ҳар бири юз жонини фидо қилса ҳам озлик қилади. Чунки унинг ҳусни бундайларнинг юз мингига арзийди.

Ҳикоят

Арастунинг бир шогирди болиб, устозининг ҳар бир дарсида ҳозир бўлар эди. Донишманд файласуф унга алоҳида эҳтиром кўрсатиб, барча шогирдларидан ортиқ ҳурматлар эди. Ёшлик чоғидан ёнида улғайтириб, унга ўзида бор махфий илмларни ўргатган эди. У олимнинг тўрт юз йирик донишманди орасида барчасидан ортиқ болиб, фақат Арастудан кам эди.
Донишманд ўзича мазкур шогирдини келажакда Искандарга яқин мулозим этишни хаёл қижарди. Ўзим бир ёққа кетсам, у лскандар ҳузурида фарзандим каби ўрнимни босади, деб ўйларди. Хуллас, бу шогирд ҳикмат бобида юксакликка эришиб, ҳатто йиғинларда Афлотун билан ҳам баҳслашадиган даражага етди.
Кунлардан бир куни у кўчадан ўтиб кетаётган эди, ногаҳон бировнинг ишқи унинг кўнгли томон йўл топди. Кофирлар ибодатхонасидан чиққан бу гўзал ой юзли ва кумушбадан, тошюрак кофирлар каби золим болиб, ноз билан юз динни талон-торож этувчи ва ҳикмат аҳлини зору шайдо қилгудек ниҳоятда чиройли қиз эди.
Файласуф шогирд унинг домига гирифтор бўлганидан сўнг, кўнгли унга ошиқи зор бўлди. Васлига етишмоққа бел боғлаб, орага кишилар қўйди. Ва ниҳоят, кўп молу маблағ сарфлаб, у дилрабони ўзига мойил қилди ҳамда ўз никоҳига олди. Бу бут (қиз) васли қўлига киргач, худди кофирлар каби бутпараст бўлди, яъни у гўзал қиз олдидан нари кетмади. Кечаю кундуз кўзини ундан олмасдан, унга мафтун бўлиб, китобга қарамай қўйди. У гўзал маҳвашга шу қадар мубтало бўлдики, ҳаттоки устозидан сабоқ олишни ҳам эсидан чиқарди.
Устоз унинг бу ҳолга тушганини кўриб, насиҳат йўли билан чорасини топмоқ истади. Кўп панд-насиҳатлар қилди, аммо бу насиҳатлар балонинг олдини олишда ёрдам бермади. Устоз қараса, илму ҳикматлари зоеъ бўлиб, неча йиллик чеккан заҳматлари бекор кетмоқда. Беназир файласуф ҳар қанча ўйлаб кўрмасин, бу дардни даволашнинг иложини топа олмади. Охири махфий чора қўллаб, у гўзалга кучли бир дори берди. Гўзал дорини ичгач, оҳу фиғон тортганча йиқилди, аҳволи вақт ўтган сайин тобора ёмонлаша бошлади.
Йигит уни тузатиш учун турли чоралар қўллаб кўрди, аммо улар ҳеч бир фойда бермади, санам касалликдан тузалмади. Бу мушкилотга мубтало бўлган йигит чора топмоққа ожиз қолгач, устози ҳузурига ғамгин бир ҳолда кириб борди. У бошини маломат билан қуйи солганча, кўп ҳижолат чекиб, ўз ҳолини баён қилди. Устоз шогирдининг бу хил эҳтиёжмандлигини кўриб, даволаш учун бемор қошига келди. У шогирдига деди:
— Тур, сен бугун хизматга бор. Искандарга қуллигингни бажо келтир. Мен беморингни даволаб, париваш ёрингни, тузатаман.
Шогирд устоз сўзларини қабул қилиб, йўлга равона бўлди.
Устоз касални даволашга киришди. У меъдани тозалайдиган беҳад кучли бир дори тайёрлаб, касалга берди. Хаста бу дорини ичди. Устод ўз маҳрамларига, касалнинг ҳолидан воқиф бўҳб, тоғора ушлаб, эшик тагида туринглар; у нимаики қайт қилса, тўкиб юбормасдан, бир хумчада асранглар, деб буюрди. У шу сўзларни айтиб, ташқарига чиққани замон дори ўз кучини кўрсатди. Қиз ичидан касаллик келтириб чиқарган балғамларни суриб чиқарди. Қиз узлуксиз қайт қила бошлади. Бу пайтда устоз ташқарида эди. Хастанинг на бир мадори, на жисмида бир қатра қони қолди. Ундаги балғам, сафро, савдо ва қон даф бўлгач, суманбар мажолсиз бир ҳолга тушди.
Кечқурун йигит уйига қайтди. Донишманд унга: "Кириб, ёрингга боқ!"- деди. Шогирд уйга кириб, ўзининг аввалги шўх ва дилкаш ёрини кўрмоқ истади. Аммо қараса, маҳбубаси ўрнида буришиб кетган бир нохуш жисм ётибди. Йигит уни таний олмай: "Менинг ёрим қани? Сарв бўйли лоларухсорим қани? - деб сўради. Ҳамма нарсани чуқур билувчи донишманд олим буни эшитиб: "Мен берган идишни келтиринглар, нозанинни ошиқига еткаринглар",- деди. Бу сўзни эшитганлар идишни олиб келдилар. Унинг ичи турли ахлат, макруҳ қусиқлар билан тўла бўлиб, сассиқ ҳид бурқсиб турарди. Шунда устоз шогирдига қараб:
-    Ма, ол, сенинг паризодинг шудир! Гул юзли сарвиқоматинг ҳам шу! Сен мубтало бўлган шундан бўлак нарса эмас, сен шунга ошиқ ва мафтун бўлган эдинг,— деди.
Бу сўзларни эшитган йигит устоди олдида ҳижолатда қолди. Устоз уни бу қийин аҳволда кўриб, шундай деди:
-    Эй фарзанд, эҳтиёж туфайли унга эмас, аслида сенга илож топдим. Сен яна ошиқсану у маҳбубангдир, у яна сени шайдо айлаган ёринг бўлиб қолади. Аммо бу хил ошиқлик, эй тушкунликка учраган киши, пок ишқ аҳли олдида уятлидир!

Яна бирқушнинг Ҳудҳуддан саволи Яна бир савол берувчи фиғон тортиб, деди:
-    Эй яширин сирларни билувчи! Мен бу йўлда ўлиб қолишдан қўрқмоқдаман. Манзилга етиб бормасдан бурун жон таслим этишим мумкин. Бу хил улкан хавф қаршисида қандай бардош бера оламан?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
-    Эй хаста дилли ожиз! Ўйлаб кўр, бу оламда абадул-абад қола олмайсан-ку. Кимки бу дунёга келган бўлса, оқибат этак силкиб кетади, кўкси ажал тиғидан ёрилади. Маърифат аҳли шуни исботлаганки, бу жонли ҳаёт охир ўлим билан тугайди. Фақат ориф бўлмаган беақл кишиларгина ҳар бир киши бошида муқаррар содир бўлувчи бу воқеадан бехабардир. Агар жаҳонда минг йил яшасанг ёки бир зум умр кўрсанг, барибир ажал сенга омонлик бермайди. Авлиё ҳам бу гирдобдан қочиб қутулмайди, пайғамбар ҳам бу айланишдан халос бўлмайди. Киши қанчалик ваҳимага тушмасин, қанчалик қайғурмасин, бан бир озод бўла олмайди. Унга чап бериб қутулиш йўқ; пора бериб ҳам халос бўла олмайсан, ажал тиғи ўз жаллодлигини қилади. Йиғласанг ҳам, ёлворсанг ҳам бу йўлдан бормасликдан ўзга иложинг йўқдир. Зоҳид ва ярамас киши ҳам, шоҳу гадо ҳам бу йўлни адо этади. Шунинг учун ундан қўрқиш кишига ҳеч бир фойда келтирмайди, балки ортиқча ташвиш чеккани қолади. Ўлмоқликдан бошқа илож йўқ экан, унинг фармонига қулоқ солмоқ яхшироқдир.

Ҳикоят

Нақл қиладиларки, юксаклик чўққисининг юлдузи, улуғ элчи Сулаймон пайғамбар кунлардан бир кун тахт устида дам олиб ўтирар эди. Дев ва парилар унинг фармонига мунтазир бўлиб туришар, оламдаги барча махлуқот: инсонлар, ёввойи ҳайвонлар ва қушлар унинг хизматида қўл қовуштириб турарди. Буларнинг барига унинг фармони нуфузли бўлиб, барчаси унинг эҳсонидан умидвор эдилар.
Олдида бир оқил одам хомуш жим турарди. Шундай ҳолатда пайғамбар қошига бир малак учиб келди. У осмон жаллоди - жон олувчи Азроил эди. У пайғамбарга таъзим ва салом бажо келтиргач, шундай арз қилди:
-    Эй карамли кишилар фахри! Илоҳиёт ҳикмати ниҳоятда махфий бўлиб, ундан ақл ҳайратга тушади. Олдингда турган мана бу азиз киши ўлишга ҳукм этилган. Умрининг ажал паймонаси тўлиб, юқоридан ҳукм келди, мен унинг ёнига шу соат қатл тиғини санчиб, Ҳинд иқлимида унинг жонини олишим керак. Ушбу ишдан бағоятда ҳайратдаман ҳам
дам-бадам ўзимдан ваҳимага тушмоқдаман.
Азроил шу сўзларни айтаверсин, пайғамбар олдида турган бояги нотавон киши келиб, ер ўпди ва кўз ёш тўккан ҳолда шундай деди:
-    Эй улуғ пайғамбар! Бугун ўз ҳолимга беҳад ҳайронман, ўлим ваҳимасидан бениҳоя паришонман.
Шундай бир чора қилки, мен бу мамлакатда бўлмайин, чунки кўзим ваҳимадан қоронғулашиб кетмоқда.
Шунда Сулаймон шамолга: "Уни ҳавас қилган жойига олиб бор! Қаерда тўхташни истаса, ўша ерга қўй ва кўнглидан хижилликни даф қил!" деб буюрди. Шамол уни барча аъзойи баданига ғавғо солганча тез учириб олиб кетди. Бояги киши шамолга Ҳиндистон томонга учишни ишорат қилди ва шу ерга етгач, ундан нарига ўтмади. Ва шундай деди: "Шу ерда менга дам бер, чунки бу эр менга ёқиб қолди". Шу сўзларни айтиб, сувори пастга тушди, унинг тез учувчи оти - шамол ўз йўлида давом этди. Шу пайт бу ерга Азроил этиб келди ва Аллоҳ қудратига кўп офаринлар айтиб, уни марҳумларга яқин қилди. Кимдаким шамол билан бирга елиб-югурса ҳам жонини олиш Азроилнинг ишидир.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
-    Эй зоти пок! Мен умрим борича тиришдим, аммо мақсадимга ета олмадим. Кўрган-кечирганим ғамдан иборат бўлди. Бу йўлдан борувчи дунё машаққатларини кам тортган хуррамдил одам бўлиши керак. Аммо мени тирикчилик ташвишлари ғамгин қилиб қўйган. Жоним ҳар доим бир ғам билан жароҳатланади. Қайси кўнгилхушлигим билан бу йўлни босиб ўтай, ахир? Кўнгли хушлар борадиган жойга мен бора оламанми?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
-    Эй ғамгин табиатли! Қисмат сенинг зотингга ғамни баҳона қилиб кўрсатишни ёзибди. Бу водийни босиб ўтиш учун, шубҳасиз, ҳақиқий эрлар ғамга йўл озиғи сифатида қарайдилар.
Йўл ғамини чекиш мард кишиларнинг ишидир. Йўлда ғамсиз кишини киши деб атамайдилар. Мардлар ғамгинликдан шод бўлади, бу хил тутқунлик улар учун озодлик билан тенг. Машаққат остида ётган бу жаҳон бошдан-оёқ ғам манзилидир, унда ҳар бир тоифадаги киши бирон-бир ғамга мубталодир. Олам аҳли кўнглида ғами бўлса, муҳими одамлар ғамидир. Аммо аҳли яқинлар йўл ғамидан доимо ҳазир бўладилар. Агар кишиларга аввалги ғам, яъни олам ғами манъ этилган бўлса, одамийлик учун кейинги ғам - одам ғамини ейиш мақсадга мувофиқдир. Бордию сен бурунги ғам қўлида хору зорлик тортган бўлсанг, эй ғамгин, бу йўлга кириб, ўзингни хурсанд қил. Сўнггисидан ғамгин бўлсанг, шод бўл, чунки кўнгил ундан обод бўлади. Муҳаббат аҳли ғамдан шод бўлади, негаки номурод бўлмоқлик улар учун айни муроднинг ўзидир. Мақсад муродга етишмоқ учун йўл ғамини чекиш керак, фақат шу ғамгина кўнгилга нажот бағишлайди. Кимда бу ғам йўқ экан, у эр киши эмасдир. Чунки ғам озуқаси билангина бу йўлни босиб ўтиш мумкин.

Ҳикоят

Мисрда бир олий ҳимматли киши бўлиб, у маъно оламининг соҳиб давлати эди. Унда айш-ишрат қиҳш учун жаъмики нарса тайёр эди. Бу борада нимани ўйлаган бўлсанг, унда бундан юз марта ортиқ бор эди. У жаннатмакон қаср ичида манзил тутган бўлиб. ҳурлар каби эўзал бир маҳбуба билан улфат эди. Лекин у олий сифатли пок зот буларнинг барчасига беилтифот қарарди. Ҳажр зиндонида қолган Юсуф каби унга ҳам доимо дард ва ғам чекиш ёр эди.
Ундан сўрадилар:
—    Эй кўнгли қайғуга шерик бўлган пок зот. Бизга бу яширин сирингни равшан эт! Сенда шунча кўнгил очувчи шодлик асбоблари муҳайё бўла туриб, нечун хотиринг хуррам эмас? Нечун ғамдан ўзга нарсани кўнглинг ҳамдам этмайди.
У шундай деди:
—    Йўл аҳли учун бу жаҳон зиндондир, чунки унинг истагани кўздан яширинган. Асосий иш шуки, инсон кўнгил истаганига етишга қадар барча йўлни босиб ўтиши лозлм. Зиндонда ҳам киши хуррам бўладими?! Киши ғамхонада беғам ўтира оладими? Мен ҳақиқий ёримдан айрилиқда армон чекаман, шунинг учун гарчанд Эрам боғида бўлсам-да, ўзимни зиндонда деб ҳисоблайман. Унинг васли гулзорига етишмагунимча ғам ташвишидан халос бўла олмайман.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
—    Эй беназир! Мен ҳақ амрини бажо келтирувчиман. Мен унинг фармонига доимо мунтазирман, бундан у қаҳр қиладими, эҳсон кўрсатадими, мен учун бан бир. У ҳар қандай иш буюрса, мен уни адо қиламан, рад этса ҳам, қабул қилса ҳам унинг ўзи билади. У нима буюрса, ёзу қиш ўшани бажараман, рад ёки қабул қилиши билан менинг ишим йўқ. Менинг одатим амрига итоат этиш бўлиб, уни адо қилсам, ўзимни бахтли деб биламан.

Ҳудҳуднинг жавоби
Ҳудҳуд унга деди:
—    Бу сўзларинг яхши, аммо бу ҳақда сенинг ўзинг айтмай, балки сен ҳақингда бошқалар сўзлаганида янада яхшироқ бўлар эди. Чунки доимо барҳаёт ҳақ кишилар учун бу йўлда камолотга эришмоқни насиб этган. Кимки унинг фармонига итоат қилиб, уни бажарса, бу йўлда унинг мартабаси улуғ бўлади. Кимки унинг амридан бўйин товласа, у рад этилиб, унинг иззатли қасридан узоқлаштирилади. Унинг фармонини бажарувчи эса келажаги қутлуғ, мақбул киши саналади. У амрига итоат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди ва бусиз бир сония ҳам ором бўлмайди.
Бироқ ҳар қанча итоат қилиб, унинг амру ҳукми билан тоат-ибодат қилса ва ўзининг бу иши билан фахрланиб мақтанса ҳамда кибру ҳавога берилса, бундан жонига офат етади. Унинг эртаю кеч қилган озу кўп барча тоат-ибодати, борию йўғи — ҳаммаси ҳеч бўлади.
Кимки ўзининг қилган ишларини рўкач қилмасдан, унинг олдида бору йўғини тенг тутса ва манманликка берилмаса ҳамда қилган тоатларини бир қора чақадек деб билса, у киши бахт-саодат кўчасига киради ва ўз тақво ҳамда ибодатларидан наф топади. Бундай киши ўз тоат ва тақводорлиги мевасини тотиб, бу иш маъносидан баҳраманд бўлади.

Ҳикоят

Аллоҳ Одамни яратмасдан илгари, унинг танасига руҳ шамини киритмасдан бурун барча малоикалар тоат ва тақвога мжуъ қилиб, унинг одоб ва русумларини бажо келтиришар эди. Уларнинг барчасига Азозил(Иблиснинг жаннатдан қувилмасдан аввалги исми) бошлиқ эди. У буларнинг мушкулларини осон қилувчи муршид эди. У ҳақ амрига итоат қилиб, неча минг йил тоат-ибодат билан машғул бўлди. Унинг бу борада қилган ишларини тавсифлашда нутқ лол қолади, ҳатто ақл билан тасаввур қилиш ҳам амримаҳол. Нақл қилишларича, бутун ер юзаси ва коинотдаги тўққизта олий фалакда у нотавонлик билан сажда қилиб юз қўймаган бирорта бўш жой қолтнаган эмиш.
Аллоҳ Одамни яратди ва уни ўзига маъшуқ этиб, ўзи унга ошиқ бўлди. Барча инсонлар ичида энг яхшиси ҳисобланган Одамга ҳамма малоикалар сажда қилсин деб буюрди. Малоикаларга шундай амр этилгач, улар ҳазрати Инсонга сажда қилдилар.
Бироқ неча минг йил ибодат қилиб, унинг амри билан тақво ва тоат айлаган Азозил ғурурланиб, Одамни писанд этмади ва унга сажда қилишдан бош тортди. Шу бўлсдан Аллоҳ малоикалар тўдаси ичидан уни рад этди. Кўнглидан ибодат завқини чиқариб олиб, бўйнига лаънат тасмасини боғлади. Унинг неча минг йил қилган ибодати зоеъ бўлиб, ўзи ҳақ даргоҳидан қувилди.
Шуни яхши англагилки, илоҳ бу йўлда фақат ўзини ўйлаб, манманликка берилишдан ҳам ортиқроқ гуноҳ йўқ деб ҳисоблайди. Ўзни кўрмоқ - тоатни кўрмўқ билан тенг бўлиб, қилган ишларини кўнглига келтириш - миннат қилиш демакдир.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи шундай деди:
-    Эй сарафроз! Кимки ҳақ йўлида пок ошиқ бўлса, унинг фойдаси нимадан иборат бўлади. Бу менга яширин қолмоқда, шуни шарҳ этиб берсанг. Чунки мен бу йўлда покликка эришдим. Ожизона сиғиниб, шунга муяссар бўлдим.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
-    Бу иш мушкул бўлиб, Аллоҳ кимнинг ёри бўлса, ўшанинг иши осон кўчади. Ҳар бир олий табиатли киши бу давлатни қўлга киритса, бу йўл учун ундан ортиқроқ озуқ йўқ. Яъни бу йўлнинг озуқаси беозуқаликдир. Киши ҳар қандай озуққа банди бўлишдан озод бўлмоғи лозим.
Лекин унинг шарти шуки, агар бу йўлга кирган киши бошдан-оёқ тоат ва зуҳдини, фойда ва зиёнини, бона йўғини - ҳамма-ҳаммасини жамъ этиб, ҳақ йўлида фано ўтида покласин ва ўзи завқ билан уларни куйдириб, кулга айлантирсин. Бу кулни бошдан-оёқ ҳавога совуриб, улардан ҳеч асар қолдирмасин.
Сўнгра кўнгилга афғон шамоли, балки бу чаман сари найсон шамолини эсдириб, қилган барча ишларини мутлақо кўнглидан чиқариб ташласин. Нимаики иш қилган бўлса, ҳаммаси кўнглидан чиқиб кетсин. У ўз вужудини шу тариқа йўқ қила олса, бу йўлга қадам қўйса бўлади.
Айтадиларки, агар у яхши воқиф бўлса, бу йўл бир қадам-дан иборатдир. Бу қадам йўқу борини ҳеч бир асар қолдирмасдан ёқиб юбориш демакдир. Бу қадам қўйилгач, у матлубга етишади, ҳижрон ўртадан кўтарилиб, маҳбубга қовушади.

Ҳикоят

Шоҳ Иброҳим ибн Адҳам (балхлик шоҳликдан воз кеҳcган шайх, 777-й.в.е.) деган киши бор эди. Унинг иши бу йўлда таслим бўлишдан иборат эди. У ҳақ йўлида дин муршиди бўлиб, садоқатли ошиқ ва покиза инсон эди. Бу йўлда у мулки, тахти ва мамлакатини тикиб, бошидаги тожини тарк этди. Юз минг илтижо билан эгнига жанда кийди.
Ҳалол ошиқ бўлган бу ринд сафарга чиқди. Балхдан Нишопур томон йўл олиб, у ерни вайрон, бу ерни обод айлади. Бу гавҳар ўша конда мақом тутиб, етти йил бир тоғни ўзига макон этди. Бу ерда у кундуз кунлари рўза тутар ва шомдан то азонгача ибодат қиларди. Кундузлари водийдаги ўтин ва хасларни бир қучоқ қилиб боғлар эди. Уларни елкалаб, бозорга олиб бориб сотар ва тушган пулга шом учун ифторлик олар эди. Шу тарзда кўп риёзат чекиш оқибатида, жисми қилтириқдай бир ҳолга келган эди.
Кунлардан бир кун у ўтин орқалаб, азоб-уқубат чек-канча шаҳарга бораётган пайтда бир гуруҳ руҳонийлар унинг сулукда нимага эришганини имтиҳон қилиш учун йўлини тўсдилар. Улардан бири уни бир мушт урди. Шунда фақирлик ва йўқлик йўлига кирган уларга шундай деди:
—    Сиз истаган нарса Балхдан бу ёққа йўл тутганрнгда ўша томонда қолиб кетди! Имтиҳон қилувчилар: "Ҳали у етилмаган экан, бу ўтин остида ҳануз хом экан. Чунки
Балх ҳали ҳам унинг ёдидан чиқмабди. У яна бир неча йил шундай машаққат чекиши зарур, шояд мулки ёди унинг хаёлидан кўтарилгай",— дейишди.
Орадан бир йил ўтди. Яна ўша икки-уч киши уни синамоқчи бўлиб, йўИда кетаётган ҳолда учратди. Улар имтиҳон шартини бажо келтириб, унга бир мушт туширдилар. Аммо бу сафар султондан ҳеч бир садо чиқмади.
Бу ҳолни кўрган имтиҳон қилувчилар унинг додига етиб "У энди ўз мақсадига эришибди, энди ўз мазҳабида камолга етибди", дедилар. Шукрлар изҳор қилиб, ўзларини султонга таништирдилар. Кейин улар бир-бирларига ҳамдаму ҳамкор бўлиб, Каъбани зиёрат қилишга жўнадилар. Шундан сўнг шоҳга чин шоҳлик етишди, йўловчилар ҳам бундан огоҳ бўлдилар. Унинг кўнглида ғайр (бошқа) ёди мавжуд бўлганда, илоҳий сирларни билишга парда тортиларди. Ғайр ёди кўнглидан батамом йўқолгач, парда кўтарилди, у уйнинг тўрига йўл топди. Кимки, ана шу хил йўқликка эришса, эй енгил-елпи ҳавас эгаси, билгилки, уни чин ошиқ деб атайдилар!

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
-    Эй ҳушёр! Мен беҳад баланд ҳиммат эгасирриан. Агар юқори ҳимматли бўлишликнинг кишиларга нафи бор экан, унда менга ҳам бирор фойда ошкор бўлмоғи керак. Мен ўзим заифману, аммо ҳимматим ниҳоятда улкан. Маъноларнинг мағзини чақувчи бу маънида қандай сўз айтади?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга шундай жавоб берди:
—    Агар бу даъвоинг чиндан ҳам рост бўлса, ундан ушбу йўИда кўп наф топасан. Агар камбағал кишиларнинг ҳиммати баланд бўлса, шунга яраша иззат ва мартабалик бўлади.
Агар ҳиммат бир гавҳар бўлса, инсонни садаф деб ҳисобла, бу садафга асл шараф ўша гавҳар туфайлидир. Агар кишида ҳиммат бор бўлса, унга тахт ва амалнинг кераги йўқдир, мулк ва мол-дунё ҳам унинг кўнглига ёқимли туюлмайди. Кимнинг нақд молу мулки бўлмаса ҳам, ҳиммати бўлса бас, шунинг ўзи унинг учун катта давлатдир. Зеро, ҳиммати баланд киши, ҳар қандай ишни бажара олади. Ҳиммат ҳақиқий эр кишини эътиборли қилади, бунга мансаб, мулк ва хазинанинг ҳеч бир дахли йўқ. Агар инсонда мол-дунё бўлса-ю, ҳиммат бўИмаса, у ақлли кишилар наздида ҳеч қандай обрў-еътибор топа олмайди. Кимки, олий ҳиммат эгаси бўлса, бу хислати унга иқбол ато этади. Агар шоҳга Аллоҳ паст ҳиммат ато қилган бўлса, ундай шоҳдан олий ҳимматли гадо яхшироқдир. Агар шоҳ ҳиммат бобида паст бўлса, у ҳимматли гадодан мағлуб бўлади.
Инсонлардаги гўзаллик ҳиммат туфайлидир, ёмон нафснинг жазоси ҳам ҳимматдандир.
Паст ҳимматли баланд бахт топса ҳам, у тоғлик толеъи паст кишидек қадрли бўла олмайди. Ёлланма чўпон мингта қўйни боққани учун маълум ҳақ олиб, қўйларга посбонлик қилади. Агар бўридан бу қўйларга хавф-хатар етишса, бундай ҳолда у чўпондан бир ит яхшироқдир! Хазинаси бона ҳиммати йўқ кишига ана шу чўпон ва қўй ҳодисаси мисол бўла олади. Унинг хазина қоровули ва қўйга қўйилган чўпондан фарқи йўқдир. Оқибатда бир ринд табиатли ҳимматли киши бу бойликни қоига киритиб, уларни бир гадога ҳадя қилиб юборади. Агар ринд ҳақиқий ҳиммат ва карам эгаси бўлса, унинг учун бутун бир хазинани ҳадя этиш бир пулни харж этишдек оддий бир ишдир.

Ҳикоят

Ҳикоят айтувчилар ўз асарларида ҳимматли кишилар ҳақида шундай нақл ёзиб қолдирганлар: қиёмат куни ҳар ким ўз қабридан бош кўтариб чиқар экан. Зоҳид ҳам, фосиқ ҳам, гадо ҳам, бой ҳам Маҳшар томон йўл олар экан.
Бунда олий мақоми муршид бўлган Жом Шайхи маст Зинда Пили Аҳмади Жом (форс-тожик мутасаввуф шоири (вафоти 1141-й.)) каби қадам ташлаб, дўзахда ётган кишиларга ибрат кўзи билан бир-бир назар солибди. Қараса, одамлар турли қийноқ ва азобларга дучор этилган экан, бундан унинг ҳиммат денгизига изтироб тушибди. У Аллоҳга кишиларни бу хил машаққатдан халос қилмоқ учун шундай муножот қилган экан:
-    Эй Аллоҳ! Барча дўзах аҳлини: хоҳ у кексаю ёш, хоҳ у юқори ёки қуйи табақа вакили боисин - барчанинг қилган гуноҳидан ўтгил! Уларни ёрлақаб, марҳамат кўрсат ва ҳаммасини дўзахдан озод қил! Бу ишни қилиш сен учун осон, уларнинг бору йўқлиги сенга барибир..
Бунга рози бўлмасанг, менга шундай жисм ато этгилки, у билан бутун дўзахни тўлдириб юборай. Агар мақсадинг одамларга азоб бериш бўлса, у ҳолда бу нотавонлар ўрнини, майли, мен эгаллай!
Юксак ҳиммат эгаси бўлган олижаноб ринд шафоат кунида ҳаққа шундай хитоб қилар экан.
Кимки бундай ҳиммат эгаси бўлса, унга бунинг эвазига шунга лойиқ мукофот ҳадя этилади. Ҳиммат ҳумойи ўз қанотларини ёйгач, ундан юз туман минг халқ нажот топади.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
-    Эй пок сайр этувчи, кишида инсоф бор бўлса, бунинг эҳсони нимадан иборат бўлади? Ҳақ менга инсофли бўлишни қисмат этиб, жонимга ана шундай неърҳатни озуқа қилди. Агар кишида шу хил сифат бўлса, у Аллоҳ ҳузурига етиша оладими?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
—    Бу яхши гап. Бу одат ҳамма кишилар олдида эъзозланади. Одам учун яхши сифатлар кўп, аммо улар ичида энг шарафлиси инсофдир. Кимнингки инсофи йўқ экан, у инсон саналмайди. Кишининг феъ1-атворида инсофсизликдан ортиқ нуқсон бўлмайди. Бу сифат ҳақиқий
мардларнинг ишидир, ҳар қандай киши ҳам унга етавермайди. Ноинсоф киши — одам эмас. Одам инсоф истамайди, аммо беради. Ҳақиқат аҳли кишилардан инсоф талаб қилмайди, чунки уларнинг ўзи инсоф эгасидир. Агар кимки ўзи инсофли бўлмасдан, ўзгадан инсоф талаб қилса, у ҳақиқий ноинсофнинг ўзгинасидир.

Ҳикоят

Хўжа Муҳаммад Порсо(Баҳоуддин Нақшбанд шогирди. Вафоти - 1419-й.) исмли олий насабли динпарвар Хожа Маккани зиёрат қилмоқ учун ислом Каъбаси томон йўлга чиқди. Хожа Абу Наср(вафоти - 1460-й.) унинг хизматкори, ходими, фарзанди ва энг яқин кишиси эди. Улар мақсадга мушарраф бўлгач, бунинг учун маъбудга шукрона билдирдилар. Ҳар нимаки фарз бўлса, ўшани адо этдилар, мақсад - халқнинг ҳажини дуо орқали қабул эттириш эди. Халқ ҳамжиҳатлик билан бу ишни қабул этишни Хожага топширишган эди. Олти юз минг ҳақни изловчи йўловчилар Хожага бу илтимосни тайин қилишди.
"Қудсия" ва "Фаслул-хитоб" каби асарларнинг соҳиби бўл-ган Хожа жамоатга қараб шундай жавоб берди:
—    Менга бу ишни бажаришни топшииган экансиз, мен айтганларингиздан ташқарига чиқмайман. Аммо бу ишни бажарувчи киши ҳеч шубҳасиз фазлу камолда юксак ва инсоф оламида яккаю ягона бўҳши керак, шунинг учун бу вазифа менга эмас, балки Абу Насрга муносибдир. Яхшиси, аср кишилари ҳақига у дуо қила қолсин.
Хожа Абу Насрни шу янглиғ таъриф билан элнинг дуосини ўқишни унга таклиф қилди. У кўрсатган бу инсоф ва эҳсонни кишилар бошдан-оёқ сидқидиллик билан қабул этишди.
Хожа Абу Наср минбарга чиқиб, эл ҳақига дуо ўқиди. Халқ ҳожатини чиқариш учун Аллоҳ олдида муножотлар қилди. Хожа эса минбар ёнида чин дилдан узлуксиз равишда "омин" деб турди.
Дуо охирига етгач, минбар устидаги киши шундай деди:
—    Эй қудратли Аллоҳ! Агар менинг дуоларим мустажоб бўлмаса, пастда турганнинг "омин"ини зоеъ қилмагил!
Бу сўзлами эшитган олти юз минг киши фарёд чекиб, каттаю кичик зор-зор йиғлади. Одамлар уларга офоринлар айтиб, ҳам отаси, ҳам ўғли инсофига қойил қолишди.
Шундай қилиб, инсон учун инсофдан яхшироқ сифат бўлмайди, буни фақат маърифатсиз кишиларгина англамайди.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
—    Йиғин орасида бандасига адабсизлик қилиш жоизми? Сидра дарахти устида ўтирган юксак мартабали қушга оддий бир қуш адабсизлик кўргизса ва бу хатти-ҳаракати билан бургут журъатини намоён этса, натижаси қандай бўлади? Йўқса, бу такаббурлик деб ҳисобланадими?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
—    Бу саволингга жавоб беришда икки ҳолатни кўзда тутмоқ керак: кимки шоҳга беадаблик қилар экан, у бу даргоҳнинг ўз махсус кишиси бўлмоғи лозим. У ўзлик бандидан халос бўлиб, "ўз"га "у"лик билан мансуб бўлмоғи керак. Шунда бу ҳар қандай сўз айтса у дегандек бўлади, яъни "бу"лик ва "у"лик ўртадан кўтарилади. Четдан қараганда бу гарчанд журъатдек туюлса-да, лекин маъно юзасидан у ваҳдат - бирликни билдиради. Ёки киши ишқ савдосида паст, ҳам ошиқ, ҳам ошуфта ва маст бир мажнун вақтида ўз ихтиёри бўлмасин. Аммо сўзларида саркашлик қилмасин: на кибр ва на ғаразга йўл қўйсин. Улар фақат муҳаббатдан иборат бўлса, унга лойиқ келадиган нарса йўқ. Бундай киши ҳақ билан мутжақликка эришади-да, ҳақдан ўзга калимани айтишга тили бормайди.

Ҳикоят

Бир олийсифат девона киши бор эди. Халқ унга "Мажнун ал-ҳақ" ("Ҳақ йўлидаги девона") деб лақаб қўйганди. Чунки ҳақ ёди унга маҳбуб, тун-кун бу ёд ила мағлуб эди. Бирор сўз айтмоқчи бўлса, доимо ҳаққа хитоб этар, жавобини ҳам ҳақ тилидан берар эди.
Бир баҳор айёмида у байтуллоҳ — Каъбани зиёрат қилиш ниятида Сафарга чиқди. Йўлда кўп машаққат тортди, бундан жисми озор топди. У минган улов ҳам ғоят заиф эди.
Атрофга қоронғулик тушиб, ёмғир ёға бошлади. Девона энди йўлни давом эттириш қийинлигини билди. Шу яқин ўртадаги бир вайрона жойни кўрди ва эшагидан тушди. Эшагини Аллоҳга толпшириб: "Эй Аллоҳм, эшакдан хабардор бўлиб тур!"— деди.
Уловини ташқарига қўйиб, ўзи вайрона ичига кирди. Бир оздан сўнг уйқу ғолиб келиб, боши остига бир кесак қўйганча кўзи уйқуга кетди. Эшак ташқарида қолди.
Девона уйқуга кетгач, баҳор булутлари шаррос қуя бошлади. Вайрона ичига ҳар ёндан томчи ўтиб, телбанинг уйқусини учириб юборди. У ўрнидан туриб, ёмғир тинишини вайронада кутди. Ниҳоят, ёмғир тиниб, телба ташқарига чиқди. Қараса, эшаги йўқ! Бундан у беҳад изтиробга тушиб, Аллоҳга ғазаб билан хитоб қила бошлади:
-    Мен сенга эшагимни топшириб эдим, сен эса менга бағоятда яхши карам кўрсатиб, уни қойил қилиб асрадинг! Эл сеҳинг меҳмонлигингга борса-ю, эшагини водийга қўйиб юбориб, сенинг ихтиёрингга топширса, сен эса бепарволик кўрсатиб, ғафлат ичра унга қарашни унутиб қўйсанг?! Эшагимни асрамоқни ўзингга ор билиб, қоронғу тунда уни кўринмайдиган қилиб қўйдинг!!!
Телба аччиғланганча ғўлдираб, йўқолган эшагини пасту баланддан қидирарди. Шу пайт жуда равшан бир чақмоқ чақилиб, бутун оламни нурга тўлдириб юборди. Қараса, эшаги хас-хашакка оғиз уриб ўтлаб юрган экан. Телба уни кўриб, қувониб кетди ва эшагига миниб яна йўлга равона бўлди. Қаҳридан тушиб, ҳаққа энди лутф билан меҳрибончилик кўрсата бошлади:
-    Эй менинг жисм аро жоним Аллоҳ, балки сенга юз жоним фидо боисин! Гарчи ўшанда эшагимга қарамай, кўздан яшириб, бўйнига арқон богламаган эдинг. Шу важдан менда беқарорлик юзланди, қаҳрим билан сенга олифталик қилдим. Чунки мен эшакни сенга топширган эдим-да, сен эса омонатни менга топширишда ҳаялладинг. Аммо мени ғамгин ҳолда кўриб, табдир ҳам топдинг. Чорасозлик қилиб, чақмоғингни чақиб, кўз ёритар машъалингни ёқдинг. Кўзимга эшагимни кўрсатиб, ўз лутфу иноятингни изҳор этдинг.
Гарчанд мен сенинг бу ишингдан ғазабланишга тўла ҳақли бўлсам ҳам, лекин сен қилиш мумкин бўлмаган ишларни қила оладиган, тушуниш қийин нарсаларни тушунадигансан; шунинг учун менга эътибор қилиб, йўқолган нарсамни топиб бердинг. Бу билан сен айтган гапларим учун мени мажолсиз бир ҳолга солдинг, шармандаи шармисор этдинг.
Сен нима иш қилган бўлсанг, мен тамом унутдим. Сен ҳам орадан кўнгилсизликни кўтар, лутфингни изҳор қил. Ўтган ишни унутиб, ҳозир мен қатъий бир фикрдаман, сен ҳам унутсанг яхшироқ бўларди. Ахир мен сени ҳеч қачон ҳижолатга солиб қўймайман. Сен ҳам мени уялтирмагин. Мен сени воқеада афв этдим, сен ҳам энди мендан кўнглингни соф тут!
Девона шу сўзларни айтиб, ҳар дам ўзини ўзи мақтар, Аллоҳга ҳам турли меҳрибончилик кўрсатар эди. Телба айтган бу сўзлар гарчанд номақбул бўлса-да, муҳаббат туфайли содир бўлгани учун мақбул эди.
Агар ҳар бир мажнун Аллоҳга шунингдек сир айтса, у беиболик ва эркалик қилмоғи мумкин. Чунки бундай кишилар Аллоҳга суюклидир. Суюкли кишининг эса ҳар бир қилган иши ёқимлидир.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
-    Эй йўл кезувчи! Мен ўзгадан бутунлай озод ва ҳоли бўлганман. Аллоҳ хаёли билан ўзимни доимо хуш тутаман, зора бир кун унинг висолига етсам, дейман. Мен ундан шу тариқа бир нафас ҳам айрилиқда бўлмаганим ҳолда, қани айт-чи, нима учун у томонга сафар қилишим керак.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга шундай деди:
—    Сенинг бу сўзларинг қуруқ даъводан иборатдир. Уларнинг маъно билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳеч бир киши ўзини мадҳ қилиб, бунчалик лоф урмаган эди. Сен шуни билки, ою йил машаққат чекиб, ўз-ўзингни муттасил мақтамоқдасан.
Сен, ҳақ билан бир бутунман, бу унинг учун маъқулми ё номаъқулми, дединг. Аммо сен бу гапларни айтганинг билан рост гапирган бўлмайсан. Унинг олдида қандай ҳолат бўлишини ҳам билмайсан. Сен бу хил қуруқ даъводан лоф ураверма. Тоинки унга бу сўровинг ҳали маъқул келиш-келмаслиги ҳам номаълум. Сен нима деган бўлсанг, у бунга эътибор қилмайди. У нимани лозим кўрган бўлса, шуни мўтабар тутмоқ керак. Агар у иноят қилиб сўзларингни қабул қилмаса ҳар қанча қуруқ гап айтганинг билан унга кифоя қилмайди. Бу хил бемаъни сўзларни айтгандан кўра, унинг лутф ва эҳсонига кўз тиккан авлодир.

Ҳикоят

Шайх Боязид Бистомий сирлар хазинасининг покдомони ва маъни аҳлига, мамлакати тахтига йирик аллома бўлиб танилган. У бу дунёни тарк этди ва нариги дунёнинг жаннатмакон ерида базм қурди. Бир кун бир муриди уни тушида кўриб, сўради:
—    Эй май аҳли ичида сархушликда ягона бўлган зот! Ҳаёт бағишлаб, адолат кўрсатувчи Аллоҳ сенга нима қилди? Бизга ҳолингдан хабар бер. Сендан айрилиқда кўп алам чекдик, ўз аҳволинг ҳақида гапириб, бизларни тинчлантир.
Комил муршид унга шундай деди:
—    Лаҳад қаъри макон бўлган замон савол берувчи малоикалар ҳозир бўлдилар. Улар мендан: "Сенинг яратувчинг ким ва абадий мураббийинг ким?" деб сўрадилар.
Мен дедим: "Бу сўзни мендан сўраманг, агар саволларингизга жавоб бермасам, айбга буюрманг. Яхшиси, унга бориб, сўраб кўринг-чи, у бандалик қилишимга йўл берармикан? Агар у мени ўз қуллигига қабул этса, шунинг ўзи сизлар учун жавоб ўрнида ўтади.
Чунки сиз мени даргоҳда банда деб англанг, иқбол ва юксаклик тахтининг қули деб билинг. Агар у мени қабул этиш бахтидан ноумид қилса, ҳажрида мудом овораман. Унда мени рад этилганлар қаторида деб билинг ва кўнглингиз нимани истаса, ўшани қилинг!
Улар мендан ўз саволларига шундай жавоб олгани ондаёқ юқоридан олий хитоб келди: "Эй, савол берувчилар! У масъулиятли сўзлар айтди ва бу билан бизнинг энг яхши, мақбул бандаларимиздан эканлигини исботлади".
Хуллас, унинг нурига кўз равшан бўлмагунча, ўз демоқлик билан рост сўз келмайди".

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
—    Эй рафиқ! Мен камолот денгизида ғарқ бўлдим. Нафсда камолотга эришиб, ундан дилим истаган мақсадга муяссар бўлдим. Бу ерда муродим ҳосил бўлган экан, йўл азобини тортмоқ мен учун мушкилдир.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Эй мақсади нафратланишга лойиқ! Кўнглингга ғафлат жаҳл ва ғурур солибди. Зеро, сен ўз хаёлингга мағрур бўлиб, асл ишдан узоқлашибсан. Сендаги бу хаёл самарасиз хаёлдир, балки мутлақ беҳуда хаёлдир.
Нуқсонли кишигина ўзини комил деб ҳисоблайди. Ўз нуқсонини исбот қила олган киши эса ҳақиқий комил саналади. Камолотга эришганлар ўз камолоти ҳақида мақтанмайди, аксинча, бу ҳолат нуқсонли кишиларда майжуд.
Сен нуқсон бобида юқори чўққига кўтарилгансан, ўзингни олим деб атаганинг билан аслида жоҳилсан.
Ўз камолоти ҳақида мақтаниш жаҳолатдан ўзга нарса эмас. Кимки ўзини комил деб ҳисоблар экан, у албатта нуқсонлидир. Чунки ундаги бу нуқсон унга камолотга эришиш учун йўл бермайди.
Зеро, қуёш ҳам туш пайтида ўзини баркамол кўриб, энг юксак нуқтага кўтарилдим, деб ўйлайди, аммо шу ондаёқ унга завол юзланади, яъни у пастга қараб бота бошлайди. Негаки, унинг чиндан ҳам камолоти бор эди, аммо уни кўрган заҳотиёқ заволга юз тутди.
Ўзини комил деб ҳисоблаган нуқсонли киши гўё ёмон одамнинг ўзини яхши кишига нисбат этганидек бир гап. Бундайларни тузатиш қийин иш ҳисобланади. Чунки уламинг биноси кибр билан ғурурдан қад кўтарган.
Эй нотавон, шуни билки, сен гумон қилган камолот соф нуқсоннинг ўзгинасидир.

Ҳикоят

Шайх Абу Бакр Нишопурий(Абдуллоҳ ибн Муҳаммад. 853— 935-й) маъно мулки сари йўл топганлардан эди. Бир кун у ўзининг обод маскани бўлган Нишопур шаҳридан саёҳат қилиш учун йўлга чиқди.
Унинг шайхлик мартабаси ниҳоятда баланд бўлиб, мухлис ва хизматкорлари ғоят кўп эди. Кажава ва туғ кўтариб юрувчилар ва олий насабли ходимлари тўда-тўда эди. Шайх уларга шукуҳ билан назар солди. Қараса олди ҳам, орқаси ҳам — бутун теварак-атрофи сон-саноқсиз кишилар билан ўралган. Бу хаёл унинг кўнглидан ўтиб, бир зум ўйга берилди. Худди шу маҳал бир эшак ҳанграб, ногаҳон орқасидан қаттиқ ел чиқиб кетди.
Бу рамз Шайхга хуш ёқиб, у шавққа тўлган ҳолда жазава билан рақсга туша бошлади ва ўзидан кетиб йиқилди. Унда содир бўлган бу ҳолатни кўрган яқин кишилари ва муридлари унинг бошига йиғилишди. У ўзига келгач, Шайхнинг бир маҳрами густохлик билан "Бу не ҳои эди?" дея кайфият сўради.
Шайх айтди:
-    Эй сир изловчи ўртоқ! Меинга шум нафсим ҳужум қилиб, атрофимдаги халқни ўзимга тобеъ деб ўйладим. Кўнглимга келдики, тўғри йўл кўрсатувчилардан, толиблар ва солиҳларга
мадад берувчилардан на Жунайд, на Шиблий(ўратепалик шайх, 945-йилда Бағдодда в.е.), на Боязид, на Убайд, на Нурий(Шайх Аҳмад ибн Маҳмуд. 907-й.в.е.) ва на Абу Саид - улардан қайси бири бу хил обрў-еътибор топиб, фақр йўлида бунчалик кўп одамлар гуруҳига эга бўлган экан?!
Нафс менинг кўнглимга шу хаёлни солган маҳалда ўша эшак тўғри жавоб берди. Мен ундан керакли жавобни топдим. Завқ-шавққа берилиб, ўзимдан кетишимнинг боиси ҳам ана шу эшак эди.
Қизиғи шундаки, Шайхга эшак ҳанграб, бу хил танбеҳ билан унга тўғри йўл кўрсатса-ю, у бундан жазавага тушиб, беҳуда хаёллари бошидан ел каби чиқиб кетса! Бу иш фақат инсофли кишилар қўлидан келади. Кимки инсоф эгаси бўлса, бу ишнинг маъносига тушунади. Бироқ ҳар қандай мағрур, пасткаш ва разил кишилар бундай улуғ давлатга ета олмайдилар.

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи

Яна бир савол берувчи деди:
—    Эй муҳтарам зот! Бу йўлга қадам қўйганимда, ўзимни не машғулот билан шод этай? Агар ғам етса, ундан қандай қутулай? Не қилсам, кўнглимга шодлик етиб, ундан мен ҳар қачон ҳузур топа оламан?

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд унга деди:
—    Агар ўзингни шод кўришни истасанг ва ҳар қандай қайғудан озод бўлишни хоҳласанг, ўзингни унинг ёди билан яшашга одатлантир. Агар шодлик истар бўлсанг, уни ёд қил. Унинг ёдидан ташқаридаги шодлик ақлга мувофиқ келмайди. Ундан айрилиқдаги айшу ишратдан ғам яхшироқдир, бундай тўйдан аза юз марта яхши саналади. Ундан ғам келса ҳам шодлик ўрнида кўргил, бу сени ҳар қандай бало кишанидан халос қилади.

Ҳикоят

Хожа Абдуллоҳ Ансорийки (хиротлик шайх, 1005 -1088-й.й.), ақл у қилган ишларнинг мингдан бирини ҳам шарҳ эта олмайди, шундай деган эди: "Кўнглихушлиги ва унинг фақр йўлида ҳурматга сазовор бўлиши дилда ундан ўзга, ёдда жонондан ўзга нарса бўлмаслигидир. Ҳар бир кўнгил шундай сифатга эга бўлса, уни кўнгил деб билгил. Йўқса, денгиз ёки кон бўлса-да, ундан воз кечгил. Унга маскан бўлган кўнгил - кўнгилдир, йўқса, гулшан бўлса ҳам гулхандир".

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
—    Эй бахтиёр зот! Мен унинг ишқини ихтиёр этиб, ногаҳон унинг васли билан сарфароз бўлсам, ундан ёлвориб нима сўрай? Унинг васлига етган замон аввал ундан нимани сўрашни билмоқчиман.

Ҳудҳуднинг жавоби
Ҳудҳуд шундай деди:
—    Эй шиори хомлик, ҳуш водийсида беоромлик бўлиб, ақлингдан айрилибсан-да! Чунки у сенга мақсаду мақсуддир, ундан ўзга бору йўқ нобуддир. Талаб қилганинг муяссар бўлса, севикли ёринг оғушингга кирди, деб бил. То йироқ экансан, кўнглинг уни ҳавас қилади, жонингга ундан ўзга сўров йўқ. Орадан фироқ кўтарилиб, унинг висолига эришсанг, бундан яхшироқ нимани истайсан?! У-ку тан ва жондан мурод, ундан ўзга яна қанақа мурод бўлиши мумкин? Уни топгудек бўлсанг, бошқа тилаклардан кўнглингни уз, бору йўғингни унинг ишқи учун сарф қил!

Ҳикоят

Абу Саид (Аҳмад бинни Исо, 899-й.в.е.)висол дарёсига ғарқ бўлган кишилардан эди. Уни васф этишда ақл ожизлик қилади. Унинг номига Харроз — маҳсидўз лақаби нисбат берилган, кеча-кундуз қиладиган иши матлуб билан сирдош бўлиш эди.
Бир кун Маккада дуо вақтида бир гуруҳ кишилар ҳақдан мурод истамоққа майл қилдилар. Ўша авлиёсифат кишилар ҳақ сирларидан огоҳ бўлиб, тақво ва тоат-ибодатлар билан ҳақни истаб муножот қилишар, барчалари у даргоҳга ошно бўлмоқ учун юзларини Каъбага суртар эдилар.
Лекин ҳақиқат хазинасининг сири ва васл боғи гулларининг гулшани бўлган Абу Саид бу пайтда талаб аҳли ичра хомуш, кўнгли бирлик жомидан беҳуш эди. Эл дуо ўқиётган пайтда ногоҳ уларга қараб, оғзига шу сўзлар келар эди:
-    Аллоҳ! Халқ ҳар ниманики талаб қилаётган бўлса, мен машаққат чекмасдан топишга эришдим. Эл сени бизига матлуб деб, сенга етишмоқни истайди, мен эса сени аллақачон топганман. Бу ҳолатим билан гўё сени қидиришдан кўз юмган кишига ўхшайман. Мен сендан бир нафас ҳам айрилиқда эмасман, зероки, топилган нарсани орзу этиш бемаъниликдир. Мен-ку васлинг ила мақсадимга эришганман, бу талаб аҳлини муродига етказгил!

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи деди:
—    Эй билимдон! Бу сафар кўнглимизни жароҳатлади. Энди йўл юриб шоҳ базмига ошно бўлсак, айтгандек, унга беҳад нафис бир совға ҳам олиб боришимиз шарт. Шоҳга қандай совға маъқул келаркин, шундан бизни огоҳлантирсанг.

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд деди:
-    Сенинг бу саволинг жуда ҳам ўринли. Дарҳақиқат шоҳнинг олдига бирон совға билан борилса, кўнгилдагидек иш бўлади. Совға қилиш учун шундай бир нарса топиш керакки, у ниҳоятда ноёб, балки лаъл билан безалган тоза дурдан ҳам қимрнатбаҳо боисин.
Аммо у хазинада қимматбаҳо нарсалар шунчалик беҳисобки, уларнинг олдида бу дуру гавҳарларга йўл боисин? Қимматбаҳо нарсалар, деганимиз бу малакларнинг тоату тақволари, ўзини пок тутувчиларнинг шарофатли нафасларидир. У ерда зоҳид кишиларнинг ибодати кўплаб топилади. Тақвою тоат жавҳарлари у ерда бисёрдир. Пайғамбарлар чеккан риёзатлар ҳам, авлиёлар қилган ибодатлар ҳам у ерда беҳисоб. Бу ерда шарафга лойиқ бўлган нарсалар у ерда тупроқ билан тенг туради.
Лекин у ерда энг яхши совға фақат ёниш ва дард чекишдир! Бир зумлик ғамли оҳ чекишдан ортиқ совға бўлмайди. Чунки у жой иззат ва эҳтиёжсизлик кошонаси бўлиб, юз туман минг аршдан ҳам аъло туради. Унда юксаклик, истиғно ва ноз ҳаддан ташқари кўпдир. Фақат ожизлик кўрсатиш ва заифлик билан ёлвориш у ерда топилмайди.
Сен ўзинг билан бирга ёлвориш ва дард олиб бор, зор жисрнингни ва ғамли жонингни элт; чунки бу совғалар у даргоҳда йўқдир. Бечоралик ва нотавонлик билан шоҳдан уларни қабул этишини сўра. Агар сен ўзингни унга ошно қилмоқ истасанг, унинг ҳузурига ёниш, дард ва фано билан бор.

Ҳикоят

Шоҳларнинг шоҳи бўлган бир буюк подшо бор эди. У гўё олам аҳли бошида Аллоҳ сояси каби эди. У қуёшдек порлоқ тож эгаси бўлиб, ундаги гавҳарлар юлдузлардек порлар, мулки ҳам кунчиқишдан кунботишга қадар чўзилган эди.
Унинг бир ўгии бор эди. Бу кўҳна олам унинг каби азамат ўғлонни ҳанузгача кўрмаган эди. У ҳусн осмонининг ёруғ юлдузи, дейилса ҳам, латофат қутичасининг порлоқ гавҳари дейилса ҳам кам. У гўзаллик тунини безагувчи шам ва малоҳат гулшанидаги сарвиноз эди.
Шоҳ унинг ҳуснидан оламга ўт тушмасин деб, уни бир қаср ичида яширин сақларди. Ундан оламга офат тушишини билиб, у отланиб чиқадиган йўлни тўсиб қўйган эди. У бир гулшанда мақом тутган бўлиб, боғ аро худди товусдек хиромон юрарди. Шоҳ унинг ташқарига чиқишини ман этганидан шу чаманда ўз вақтини айшда ўтказиш билан қаноатланарди.
Ногаҳон шоҳ тахтини шаҳзодага қолдириб, ажал жомини сипқарди. Давлат хутбаси шаҳзода номига ўқилди, унинг юк-сак оти билан танга пуллар зарб қилинди.
Кунлардан бир кун кўнгил очиш учун мулкини томоша қилмоққа отланди. От билан жавлон уриб, майдонга офет солгани кирди. От чопиб майдонда чавгон ўйнади, халқ бошини гўй этиб, жон ўйнади. Тулпорини қайси тарафга сурган бўлса, ўша шаҳар ва мулк аҳлида ғавғо-тўполонлар бошланди. Уни кўрган эл девонаю зор бўлди, ишқ домига гирифтор бўлди.
Шоҳ уларга шундай улуғ офатларни солиб, худди шамол каби тезликда ўз гулшанига қайтиб кетди. Шаҳар халқи унинг орқасидан ғавғо чекиб, "Ё Раб!" деб, ишқидан оҳу фарёдларини кўкка етказишарди. Улар шаҳарда қолмай, унинг орқасидан эргашдилар, ҳаммалари унинг қаср ва боғига етиб келишди.
Золим шоҳ ўз мулкини хароб қилиб, қасридан пастга тушганча, халойиққа шундай буйруқ қилди: "Бу ғавғо кўтарганларни ҳар томонга тарқатиб юборинглар. Кетмаганларни эса жазоланг!"
Шоҳ мулозимлари кишиларни тарқатишга қанчалик ҳаракат қилмасинлар, одамлар бари бир кетишмади. Уларнинг одамларни тарқатиш учун қилган барча ҳаракат ва интилишлари фойда бермади. Шаҳар халқи бошдан-оёқ телба бўлиб, балки телбадан ҳам ортиқроқ аҳволга тушиб, кечаю кундуз ошуфта ва девонавор ҳолда шоҳ боғи атрофида қарор тутдилар. Қари ва ёш, ринд ва зоҳид, олий ва паст табақадаги барча оломон ишқ ва телбалик кўчасига кирди.
Шоҳ элнинг бу қийин аҳволга тушганини кўргач, ўз ҳолига ҳайрати орта бошлади. Бу ғавғонинг поёни йўқ эканлигини кўриб, унга чора топиш мумкин эмаслигини ҳам билди. Халойиқ томон бир элчи юбориб, унга ушбу хабарни етказишни буюрди: "Менинг ишқимга асир бўлган кишиларнинг ҳаммаси бирон касб эгасидирлар. Ҳар ким ўз соҳасида маҳорат кўрсатиб, ўз ҳунаридан бир ишни бунёд этсин. Ҳамма шу иш билан шуғуллансин. Агар кимнинг иши менинг кўнглимга хуш келса, у кишини ўз мулозимим қилай. Уни базмларимда улфатим этиб, суҳбатларимда ҳамдардим ва ҳамроҳим қилай. Агар қилган иши кўнглимга ёқмаса бўйнини узиб, кўп азоб-уқубатлар билан ўлдирай!" Касби кори зулм бўлган шоҳ шундай ҳукм этди.
Ошиқлар олдида катта имтиҳон кўндаланг бўлди. Эл унинг ваъдасидан умидвор бўлиб, ўз ишларини бажаришга киришдилар. Ҳамма фозиллар, илму ҳунар аҳллари барча ишдан воз кечган ҳолда кеча-кундуз тинмай ҳаракат қилиб, шоҳ буюрган ишга машғул бўлдилар. Олим китоб ёзмоқ ниятида, бастакор янги куй яратиш истагида бўлди. Шоир замона шоҳи назар қиҳшга арзирли мадҳия ёзишга уринди. Мунший мен ёзган номани шоҳ писанд этармикан, деган ўй билан хат ёзишга қалам олиб, шоҳни васф этишга киришди. Заргар ўз ҳунарини ишга солиб, шоҳга лойиқ олтин камар ясамоқчи бўлди. Кийим тикувчи ўз устахонасига бориб, шоҳ кийиши учун зарбоф тўн тикмоққа иш бошлади. Дурадгор, шундай бир тахт ясайки, бу тахтга саодатли шоҳ чиқиб ўтирсин, деган ўй билан тахт ҳозирлади. Камон ясовчи ёйим зора шоҳга ёқиб тушса, деб ўз санъатига банд бўлди. Ўқчи ҳам кўп машаққатлар ила эҳтимол бу шоҳ кўнглига хуш ёқармикан, деб ўқ ясашга киришди.
Хуллас, шаҳардаги каттаю кичик - барча кишиларнинг ҳар бири ўз ишига берилиб, қилган ишим зора шоҳга маъқул тушиб, у мени ўз мулозимлигига чорласа, деган ниятда ўз ишига зўр берди. Улар ўзлари чеккан шунча машаққат-лари натижасида қилган ишларининг шоҳга ёқиб, бундан мурод-мақсадларига эришмоқчи бўлдилар.
Бир кеча шоҳ халқ қилган ишларни кўздан кечириш учун ўз даргоҳидан чиқди. Бир-икки хизматкор маҳрами билан худди ўғрилар каби яширинча шаҳар томон йўл олди. Шу тарзда у эл қилган ишларни бирма-бир кўздан ўтказиб, ҳамма ишни кўриб чиқди. У олийсифатли шоҳ қайси бир ишга назар ташламасин, ўзига-ўзи: "Бундан бизнинг хазинамизда ҳам бор, балки у ерда бундан яхшироғи ҳам бисёр!" деб айтар эди.
Юра-юра охири у бир ғариб — бечора турган жойга етишди. Бу киши ошиқ бўлиб, ниҳоятда озор чеккан, афтода бир ҳолатда эди. Ишқ уни жонидан ноумид қилган, ҳажр бедоди севган кишисидан умидсиз бир кўйга туширган эди. Бу нотавон ҳар замон бағридан томаётган қонларни кўз йўллари орқали ҳар томонга оқизарди. Кўздан оққан қон ёшлари билан туфроққа беланганча ётар, бу мушкул ҳолатда қийналган кўнгли гўё ярим сўйилган қушдек изтироб чекарди. Ҳар дам ўзгача бир нолаю афғон қилар, у чеккан оҳу нола ва фарёддан эл кўнгли бузиларди. Ишқ тиғи унинг хаста кўнглини чок этган, кўнглидан ўзлигини сиқиб чиқарган эди. Ишқ жавридан у шунчалик уқубат чеккан эдики, бундан унинг вужуди йўқ бўлаёзган эди. Бу фано уни тупроққа оғушта қилиб, ҳатто баданидаги ҳар битта тукка юз шикаст етказган эди.
У шу ҳолатда ўзига-ўзи шундай дерди:
— Ҳар кимса ўз соҳасида ошуфтаҳоллик билан маҳорати камолотини кўрсатади. Эртага улар шоҳ базмида қатнашиб; шоҳ уларнинг ҳар бирига лутфу марҳаматлар изҳор этади. Менда эса оҳу дард чекишдан бўлак ўзга туҳфа йўқ. Мен уларга қандай қилиб шерик бўла оламан?!
Шоҳда ё лутф бўлади, ё сиёсат. Мен бечорага ҳам у ўз даргоҳига бориш учун рухсат берса. Аммо мен унинг лутфу эҳсонига лойиқ эмасман, ҳаттоки сиёсат қилишга ҳам арзимайман. Кошки эди у сиёсат тиғини суриб, ўз қиличини бўйнимга еткарса, менга шу шарафнинг ўзи кифоя! Бундан ўзга мақсадим ҳам йўқ...
Лекин мен шунчалик эътиборсизманки, ҳатто унинг мени қатл қилишига ҳам ишончим комил эмас. Э воҳ, мендаги дарду алам кучайиб, ҳалокатли тус олмоқда, бундан ўз ҳолимга мотам тутмоқдаман!
Шоҳ бу ғариб аҳволни кўриб, ғариби зордаги бу ҳолни билгач, бу ҳолат унинг кўнглига қаттиқ таъсир қилди ва меҳри тобланиб, бу вайронага худди қуёш каби кириб келди. Унга лутф кўргизиб, кўнглини овлади, балки руҳини жисмининг уйидан қувлагандек бўлди. Бечора ошиқ бу аҳволни кўргач, чексиз ҳайратдан гунг ва лол бўлиб қолди. Кўнгли бу қувончга тоб бера олмай, меҳмон ҳузурида ўз жонини тортиқ қилди.
Билгилки, бу хил ўлмоқ жондан ҳам яхшироқдир. Жон нима деган нарса, балки минг тирик ҳаётдан ҳам афзалроқдир. Агар кишига бу хил ўлмоқлик насиб этсаю у ўз жонидан воз кеча олмаса, у одам саналмайди. Ишқ аро бу ёниш ва куйиш унинг руҳ шамини порлаган машъалга айлантиради!
Кўрки, кўз ёш тўкиб куйгани туфайли шам қоронғу кечаларда қуёшнинг ўрнини босади!
Эй Фоний! Агар мақсадга йўл топмоқчи бўлсанг, оҳ чекиш, ёниш ва дард билан Ўзингни хурсанд қил!

Яна бир қушнинг Ҳудҳудга саволи Яна бир савол берувчи сўради:
-    Эй поклик, раҳбарликбобида чечан қуш. Бу йўл шиддати ҳаддан кўп бўлди, охири ҳам ниҳоясиз экан. Айт-чи, бу бало даштини қачон босиб ўтамиз? Асл манзилга қай тарзда етамиз? Бизни бу ишдан хабардор айла, йўлнинг суръат ва оромини изҳор қил. Унинг қандай бошланиб, нима билан тугашини бизга тушунтириб бер. Аввал биз чекадиган машаққатлар, сўнгра етишадиган айш ва мақсадлар ҳақида гапир!

Ҳудҳуднинг жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Эй бу йўлда ҳамроҳ бўлган ўртоқ! Бу саволинг нозик савол бўлди. Сен мендан бу сафар кайфиятини, ундаги манзил ва водийларда дуч келинадиган қийинчилик ва шодликлар ҳақида сўрадинг.
Билгилки, бу йўл бир неча водий ва манзиллардан иборатдир. Энди мен уларни сенга бирма-бир шарҳ қилиб берай, сен воқиф бўл.
Олдимизда еттита катта водий турибди. Уларнинг ҳар бирида хавфу хатар ҳаддан ташқари кўпдир. Бу водийларнинг ҳар қайсисида сон-саноқсиз манзиллар бўлиб, ақл уларни санаб чиқишга улгура олмайди. Лекин бу манзилларнинг ҳаммаси аслида еттита катта водийга бирлашади. Мен ана шу водийлар шарҳини баён қиламан.
Аввалги водий Талаб водийсидир, унга шарофатли тўғри йўл кўрсатувчигина бошлаб олиб боради.
Кейинги водий - Ишқ водийси. Сен бу ерда ишқ ўти ичра бору йўғингни ўрташинг лозим.
Ишқ сенинг вужудингни йўқотгач, Маърифат водийсига қадам қўясан.
Сўнгра Истиғно (Еҳтиёжсизлик) водийси келади. Бу водий бениҳоя кенг бўлиб, юксак осмон ҳам унинг олдида паст туради.
Ундан кейинги Тавҳид (Ягоналик) водийсидир. Ундан ўтиш учун киши ёлғиз бўлмоғи зарур.
Ундан ўтсанг, Ҳайрат водийсига дуч келасан, бу ерда сенга кўп шиддатлар юзланади.
Ҳаммадан сўнг Фақру Фано (Фақирлик ва йўқлик) водийси келади. Сайр қилаётган солик шу билан йўлни ниҳоясига етказади. Бунда сулук аҳли ўз мақсадига эришиб, иш ўзгача бир ҳолат билан тамом бўлади.
Лекин бу водийлардаги манзиллардан ҳеч ким хабар беиган эмас. Бу йўлдан кетганлардан ҳеч ким қайтмаган. Ҳатто бу етти водий ҳам ниҳоятда мухтасар бўлиб, уни тавсифлашда кўп чалкашликларга йўл қўйилган.