Қушларнинг пешволикка қуръа ташлаганлари ва қуръа Ҳудҳуд номига тушгани PDF Босма E-mail
19.06.2024 21:03

Қушлар бу ажиб сўзларни эшитгач, ҳаётдаги барча ҳориб-чарчашлари ёдларидан кўтарилди. Ишқ уларнинг қўлларидан ихтиёрларини тортиб олиб, барчаси шавқ ўтидан беқарор бўлдилар. Улар яшин каби тезлик бииан йўлни босиб ўтишар эди. Ғарбдан Шарққа бориш улар учун ҳеч гап эмас эди. Барча ошиқиб, шошилинч равишда ҳаракат қилар, уларга ҳар дамда бир хавфли водий рўпара келарди.
Аммо улардан баъзилари бу қаттиқ йўлни босиб ўтишга қодир бўлсалар, баъзилари зор ва заиф, ожиз эдилар. Бундайлари пўдадан айрилиб, йўлда қолжб кетар, баъзилари эса адашиб, ўзларини турли томонга уришарди.
Қавм орасида сардор бўлмоғи шарт. У қавм ҳолидан хабардор бўлиб туради. Агар бундай бошлиқ бўлмаса, қавмнинг ҳоли паришон бўлиб, барча ўз ҳолига ҳайрон қолиши турган гап. Агар чўпон қўйни ўт ва сувга йўллаб турмаса, бу сурувни ҳалок бўлди деб гумон қилавер. Ҳар бир жамоатда пешво йўқ экан, унинг йўлга қадам қўймоғи мумкин эмасдир.
Йўл ниҳоятда оғир ва йироқ бўлгани сабабли қушларнинг ҳаммаси иттифоқлик билан шундай дедилар:
—    Бизга бир ақлли, ҳушли бошлиқ керак. У барча қушлар ҳокими боисин. Чунки биз заифмиз, йўл эса жуда машаққатлидир. Тўдага ҳам раҳбар, ҳам ҳамроҳ бўладиган бир бошлиқ лозим.
Сайрга чиққан қушларнинг паст ва олий табақаси бир овоздан бу ишни Ҳудҳудга юклади. Уни бу вазифани бажаришга ундадилар, аммо унинг табъи амалдор бўлишдан ибо қилиб, қушларга шундай деди:
—    Майли, мен тўдани йўлга бошқариб, қавмни ўз билганимча олиб борайин. Бундан ўзга таклиф этсангиз, қабул этардим, аммо бу ишни ўз бўйнимга ололмайман. Агар бажара олмасам, орамизга фироқ тушади деб қўрқаман.
Шундай деб Ҳудҳуд бу ишни қабул қилмади. Ундан ўзга қушларнинг барчаси эса жоҳилдилар.
Қушлар кўрдиларки, барча иш расво бўлмоқда. Шунда қуръа ташлаш муқаррар бўлиб қолди. Улар ҳар бир қуш зотига қуръа ташладилар. Қуръа Ҳудҳуд отига тушди. Шундан сўнг унга энди узр айтиш учун уйдирма тўқиш, йўқ демоқликка баҳона топиш учун ҳеч бир асос қолмади. Чунки унинг илми ҳамма қушларникидан кўп эди. Унинг бошлиқ эканлиги ва унга бўйсунишликка аҳду паймон қилиб барчаси қўл ташлашди. Ҳудҳуд пешволикни қабул қилгач, қушларнинг ҳаммаси ўз муддаосига эришиб, шундай дейишди:
—    Биз энди сенга тобемиз: сен бизнинг бошлиғимизсан. Қандай мақсадинг бўлса, биз уни раво қилайлик. Сен бизга бош қўмондонсан, бизлар эса сенга қўшинмиз. Сен бизни қаерга бошласанг, ўша ёққа орқангдан эргашиб борамиз.