Қушлар Ҳудҳуддан ўзларининг Симурғга бўлган нисбатларини сўраганлари PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:44

Шундай қилиб, ҳар бир қуш Ҳудҳудга бир узр билан мурожаат этди ва Ҳудҳуд уларга тегишли жавобни қайтарди. Ҳудҳуд сўзлари қаршисида қушлар ожиз қолиб, бошқа узр айтишга уларда майл қолмади. Уларнинг барчаси Ҳудҳуд олдида бечораҳол бўлиб, унга шундай савол бердилар:
-    Эй зотига раислик гавҳари, бошига тўғри йўл кўрсатиш тожи лойиқ бўлган қуш! Сен неча биёбонларни кезиб чиққансан, маслак йўлида имкон борича эътиқодда маҳкам тургансан ва бу йўлнинг хавф-хатарини бошдан-оёқ биласан, хавфнинг олдини олишда юқори даражага эришгансан.
Биз эса зору забун ва ожиз бир тўдамиз, шўрпешоналигимиз сабабли қора бахтимиз ҳаммамизни хор айлади. Бу сир кўнглимизга равшан бўлмади, чунки жаҳолатимиз кўпдан-кўпу илмимиз оздан-оздир. Агар у камолот осмонидаги порлоқ қуёш бўлса, биз зарра каби саргаштаю сарсонрниз, аҳволимиз афсус чекарли бир ҳолатда. У олий чархдан ҳам юқорироқда ўрин тутади; унинг даргоҳи кенглик ичра Аршга қадар бўлган олис масофадан ҳам кенгроқдир! У тўққиз фалакдан ҳам ортиқ туради, биз эса оддий бир хасдан ҳам камроқмиз. Биз билан унинг ўртасидаги нисбат нимадан иборат? Ё бу нисбат ичра ҳикмат недир? У подшоҳ шоҳларнинг шоҳи бўлса-ю, биз йўлда ётган тупроқдек гадоларнинг гадойи бўлсак. Бизга бу ишлар жуда қоронғу: уларни бизга маълум эт, ақлимиз уни идрок этишдан ожизлик қилмоқда. Биз бир ҳақир бўлсагу у олий бир зот бўлса, айтгин-чи, қатранинг денгизга нисбати не бўлади?