Хўроз узри PDF Босма E-mail
19.06.2024 20:29

Хўроз ўз узрини шу тарзда ошкор этди:
—    Эй қушлар ичра раис ва тож эгаси! лккаламизга ҳам ҳақ тож насиб этган бўлса-да, лекин ҳар биримизга бошқа-бошқа ишни белгилаган. Сенга у раҳбарликни ато қилиб, қушларга раису пешво қилди. Менга эса элни тонг ва оқшомда муттасил тоат қилишга чорлаш учун дилкаш куй берди. Бутун ёввойи ҳайвонлар ва қушларни яратувчи мени бир ерда муқим турадиган, сени эса сайр қилиб юрадиган қилди. Чунки хўрознинг эрликда омади юришиб, бу соҳада илғор бўлганидан ҳақ унга бир неча гўзал келин ато этди ҳамда унинг учун ҳар томонга кезиб юришни тақиқлаб қўйди. Шундай бўлгач, у киму Симурғни излаб Қоф тоғига бориш нима?!

Ҳудҳуднинг Хўрозга жавоби

Ҳудҳуд шундай деди:
-    Агар киши ўз ҳолидан баён қилиб, бир сўз айтса, бу бесабаб бўлмайди. Дарҳақиқат, шундай қуш ҳам борки, у қанот қоқиб учмасдан туриб, еттинчи
осмондаги сидра дарахтининг шохи устида макон тутади. У анжуманни ўзига хилватгоҳ этади, лекин сайр этадиган ери доим ўз ватани бўлади. Гарчи у зимдан Аршга парвоз этиб, сидра дарахтига қўнса-да, ўзининг бу парвозини элга ошкор этмайди. У Симурғдан бир нафас ҳам айрилиққа эмас, унинг васлидан кўнглида ўзга олам жилваланади. Унинг ҳажридан жонига шикаст етмайди, шакли эса унинг васлида доим нақшланиб туради. Боши узра эҳсонли тожу ўзи васл меърожида жилва қилади. Васлдан мамнун бўлади, аммо дамини ичига ютади ва ўзгалардан ҳолини яширин сақлайди. Васлнинг юз минг дурридан кўнглида жўшқинлик содир бўлса-да, оғзи садаф янглиғ ёпиқ туради.
Аммо лекин, сен, эй овози ёқимсиз қуш, ундай қуш эмассан! Балки ҳар хил ёлғон ва беҳаё сўзлами сўзлагувчисан! Кеча-кундуз ҳаддан ташқари фисқу фужурга берилиб, асоссиз ғавғо ва қичқиришлар билан вақтингни ўтказасан. Юз хил ёмонликлар кўрсатасану яна ўзингни яхшиларга нисбат берасан. Бугун эса шунчалик сусткашлик аён этдингки, бу ишинг билан, сен, эй макиён, ўзингни хўроз деб атама!